Блогер мулоҳазаси туркумидан. Facebook ва Youtube

0
1941

Блогер мулоҳазаси туркумидан бериб борилаётган бугунги блог пост муаллифи Muhammad Temur A’zam, айни пайтда мамлакатимиздаги ижтимоий тармоқлардаги муаммолар юзасидан ўз фикр-мулоҳазасини қуйидаги тарзда ифодаламоқда. 


Фейсбук нормал ишламаётганига икки ярим ой бўлди. Бир ярим ойдан бери Youtube орқали видео кўришда муаммолар бор. 
VPNнинг ҳар туридан фойдаланаяпмиз, чунки борларига қарши чоралар кўрилаяпти.

ОАВ орқали мамлакатимизда бўлаётган демократик ислоҳотларга дунё тан бераяпти дейишни қойиллатамиз. Бизни мақташларини хоҳлаймиз. 

Шу ўринда савол туғилади: Facebook ва Youtube фаолиятини чеклаш ҳам демократик ислоҳотларнинг бир қисмига кирадими? Демократияда чеклаш деган тушунча борми?

Диний ҳуқуқ ва эркинликларимиз чекланганига шу қадар ўрганиб қолдикки, ҳатто бунинг учун раҳмат айтмоқдамиз. Энди дунёвий ҳуқуқларимиз ҳам чекланмоқда. Бунинг учун ҳам раҳмат айтайликми? Айтаверамиз, шунга ўрганиб қолганмиз.

Мен ўз Ватанимни яхши кўраман. Шу ерда туғилдим, улғайдим. Шу ерда яшагим келади. Лекин, ўпкам тўлиб нафас ололмаяпман. Шавкат Раҳмон айтганидек, «Осмон тўла ҳаволар, фақат менга етмайди».

Facebook ва Youtube ни блоклаган мутасаддилар, бу бўйича бирор бир жўяли тушунтириш берганлари йўқ. Бу ҳам ғалати. 

Мен уларга бир гапни айтмоқчиман: бу «ислоҳот»дан кўзлаган мақсадингиз бўлса, очиқ айтинг. Қачон тугашини ҳам билдиринг, одамлар шунга қараб чорасини кўради. 

Бу ҳаракатларингиз орқали давлатга, ҳукуматга ишончи қайта уйғонган одамларнинг ишончини поймол қилмоқдасизлар. Кимдир учун бу ҳолат оғриқли эмасдир, аммо менга алам қилаяпти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар уялмасанг хоҳлаганингни қил!»

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг