«У умримни хазон қилди…»

0
1982
Foto: Breakup Wallpapers

Хизмат юзасидан турфа хил одамлар ва воқеаларга гувоҳ бўламан. Турли одамлар, турфа йўллар… Хулласи ҳаётнинг ҳар кўчасида кутилмаган ҳикояларнинг шоҳиди бўлар экансан.

Анча вақт олдин бир аёл билан суҳбатлашишга тўғри келди. Хизматчилик… Бир қарашда ҳеч қандай камчилиги ёки бирон хасталиги йўқдек туюлган ўша аёлнинг ҳикояси, бир томондан мени чуқур қайғуга солганди. Ўшанда дунёда инсон номига иснод бўлгулик номардларнинг борлигидан ҳам жирканиб кетгандим.

– Мен турмуш ўртоғим билан интернетда танишганман. Аввалига анча гаплашиб юрдик, кейин учраша бошладик, – дейди нигоҳларини тик кўтаролмаётган қиз. – Мен бир-биримизни вақт синовидан ўтқаздик, деб ўйлабман. Икки йилдан ошиқроқ вақт ўтгач, йигит уйга совчиларини юборди. Оиласи ота-онамга маъқул бўлди… Тўй куни белгиланди. Гўё осмонларда учардим – бахтимга ишонгим келмасди… Никоҳни қайд этиш идорасига боришга тўғри келганда илк муоммога дуч келдик – бўлажак турмуш ўртоғим паспортини йўқотиб қўйганини, ФҲДЁдан кейинроқ ўтишимизни айтди. Эътибор бермадим. Аммо ҳеч нарса тотимас, кўзимга ҳеч нима кўринмасди.

Тўй ўтди – шаръий никоҳ ва карнай-сурнай садолари остида келин бўлдим. Бошида ҳаммаси эртаклардагидек кўринарди. Бахтдан сармаст эдим гўё… Аммо, уч-тўрт ой ўтгач ўз ўзидан мазам қочадиган, ҳушимдан кетадиган бўлиб қолдим. Баъзи кунлари аъзойи баданим шунчалик қаттиқ оғрирдики, тургани ҳолим бўлмасди. Касал келин кимга ёқарди-ки, менинг бу аҳволим қайнонамни хурсанд қилса? Ўзимча дори ичиб юрдим, оиламизда майда-чуйда жанжаллар бўла бошлади. Эрим мен тараф эди, кўнглимга қарар, онасидан ҳимоя қилишга урунарди. Янги муҳит, ҳам куз фасли – иммунитетим тушгандир, деб витамин ичдим. Лекин, ҳеч аҳволим ўнгланай демасди. Шу орада эрим Москвага кетайлик, деб қолди. Барибир онам билан келишолмаяпсизлар, иккаламиз бориб ишлаб келамиз, ҳам сен ҳаво алмашган бўласан, деди. Кўндим. Ҳатто, хурсанд бўлдим. Майда-чуйда гаплар жуда жонимдан тўйғизган эди…

Ҳаммаси мана шундан бошланди. ФҲДЁдан ўтиб, кейин кетишимиз керак эди. Тиббий текширувдан ўтадиган вақтимиз шифокор менга бир қоғоз узатди, имзолаб беринг деди. Ҳайрон бўлдим – нима экан деб. Қарасам, турмуш ўртоғимнинг ОИТС билан оғриганини била туриб, ўз ихтиёрим билан унга турмушга чиқияпман, мазмунидаги тилхат. Эсдан оғай дедим. Қанчадир вақт нима бўлаётганини англолмадим ҳам…

Эримга айтдим. Ичимдагиларни барини бақириб-бақириб, тўкиб солдим. Касал эканингни билганинг учун ҳам ФҲДЁдан ўтмаймиз деган экансан-да, кўра била туриб бедаво касални юқтирдингми менга, дедим. Нуқул кўзини олиб қочди. Стомотологда юқтирдим, дейди. Қани, сўзларига заррача бўлсин ишонган бўлсам…

Қандай қилиб тилхатга имзо қўйдим, билмайман… Ақлдан озай дердим, лекин бировга миқ этиб оғиз очолмадим…

Биз Москвага кетдик. Энди эримга аввалгидек қаролмас, шундай номард билан ҳаётимни боғлаганимга ишонолмасдим. Лекин одам ҳамма нарсага кўникаркан… Вақт ўтиб, бироз тинчлангандек бўлдим. Шифокорга кўриндим. Улар ёзиб берган доирларни ичиб юрдим. Дори қабул қилган кунларим аҳволим яхши бўлар, ҳеч қаерим оғримасди. Аммо ўзимдан ўзим ҳазар қилардим. Бора-бора дорига тобе бўлиб қолдим… Аммо, бу чекишим лозим бўлган сўнгги изтироб эмас экан.

Ажабланарлиси эрим менга хиёнат қила бошлади… Ёшгина умримни хазон қилган, ўз ихтиёри ва онгли равишда менга шу «тавқи лаънат»ни юқтирган эрим, ўйлаб-нетмай, заррача виждон азобисиз мени бошқа бир аёлга алмаштирди… Ундан изоҳ талаб қилдим. У эса, бунга жавобан ажрашмоқчи эканини айтди… Тасаввур қиляпсизми?! – шу жойига келганда аёл ҳўнграб йиғлаб юборди. Бошқа бир калима ҳам сўз айтолмади…

Кундалик ташвишлар билан бўлиб, бошқа у аёлни учратмаган бўлсам ҳам, ҳикояси аҳён-аҳён ёдимга тушиб, юрагимда киши билмас санчиқ уйғонарди. Одамлар шунчалик Худодан ҳам қўрқмайдиган бўлиб қолганми? Қандай қилиб, кўра-била туриб бунчалар тубанликка бориш мумкин? Наҳот бировнинг ёшгина умрини хазон қилиш осон бўлса?

Биргина хато, биргина янглиш қадам одамни қаёқларга олиб бормас экан… Ҳеч ким ўзига ўзи бахтсизлик тиламайди, лекин ҳар ким ҳам бахтга олиб борувчи тўғри йўлни танлай олмас экан. Машҳур бир фильмдаги қуйидаги жумлалар эсимда қолган: «Хатонинг катта-кичиклиги унинг оқибати билан ўлчанади». Ҳақ гап. Баъзи хатоларнинг бадали умримиз бўлиши мумкин…

Яқинда ўша аёл ҳақида эшитиб қолдим. Касалхонада вафот этибди…

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг