Американинг Марказий Осиёга қаратилган 3.0 сиёсати

0
2655
Фото: carnegieendowment.org

Замонавий дунёдаги катта геосиёсий силжишлар бугун АҚШни Марказий Осиёдаги «катта ўйин» дан четлаштириб, мазкур минтақани Россия ва Хитой манфаатлари кесишган нуқтага айлантириб қўйди. Шу нуқтаи назардан расмий Вашингтон ўзининг чекланган манфаатлари ва воситаларини мавжуд вазиятга мувофиқлаштириши ҳамда ўзгаришларни имкон қадар тезроқ қабул қилиши лозим. Чунки, улуғвор, аммо амалда реалликдан узоқ амбициялар энди фақат Қўшма Штатлар зарарига ишлаши мумкин. Шундай экан, Америка томонидан реал дунё талабларига мослашган ҳолда режалар ишлаб чиқиши ҳамма учун манфаатли бўлиши турган гап.

Маълумки, Марказий Осиё давлатлари мустақилликни қўлга киритган дастлабки паллаларда Ғарбга қаратилган геосиёсий амбицияларга мурожаат қилдилар. Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёнинг беш мамлакатига уларнинг мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашда ёрдам берди ва ушбу ҳал қилувчи босқичда шериклик ҳақидаги ваъдаларини бажарди.

Аммо, замонавий Марказий Осиёда вазият бошқача. Бу минтақа Евро-Атлантика ҳамжамияти билан алоқалар сусайиб, Хитойнинг таъсири ошиб бораётган янги давр остонасида турибди. Тахмин қилиш мумкинки, яқин келажакда Пекин ва Москва Хитойнинг минтақадаги иқтисодий қудрати ва Россиянинг минтақадаги ҳукмрон ўтмиши туфайли Марказий Осиёдаги асосий иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик бўйича шерикларига айланади.

Ушбу янги муҳитда энди Вашингтон устуворликларини сақлаб қолиш АҚШ дан жиддий ўзгаришларни талаб қилиши аниқ.

Бунинг учун эса биринчи навбатда АҚШдан 1) Қозоғистон ва Ўзбекистон билан минтақавий ҳамкорлигига устуворлик бериши, 2) Россия ва Хитой билан якдил манфаатларга эга эканлигини тан олиб, ўз манфаатларини илгари суриш учун Россия ва Хитойнинг ҳаракатларидан фойдаланишга ҳаракат қилиши, 3) АҚШ ислоҳотлари дастурини демократияни ривожлантиришга эмас, балки ижтимоий ва иқтисодий шароитларни яхшилашга қаратилиши, 4) Хавфсизлик соҳасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни шарт қилмаслиги, 5) ҳарбийлашган сиёсатдан сақланиши талаб этилади.

Тарихан олиб қарайдиган бўлсак, АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсати минтақани ўз ичига олган бешта мамлакат – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон 1991 йилда мустақилликка эришгандан бери икки босқичдан ўтди ва яқинда яна бир босқич бошланди. Совет Иттифоқининг парчаланишидан 2001 йил 11 сентябрдаги террор хуружларигача бўлган биринчи даврда АҚШ нинг Марказий Осиёга қаратилган сиёсати уч устувор йўналишда амалга оширилган эди: Марказий Осиё мамлакатларида янги суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлигини мустаҳкамлаш, минтақани рус неоимпериализмининг эҳтимолий қайта тикланишидан ҳимоя қилиш ва МО нинг Россиядан мустақиллигини таъминлаш учун минтақа нефть ва газ қувурлари ҳамда транзит йўллари устидан расмий Москва монополиясига барҳам бериш.

Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёга нисбатан геосиёсий ёндашувни рад этиб, бунинг ўрнига демократик бошқарув, бозор иқтисодиёти ва минтақавий иқтисодий интеграцияни яратишни қўллаб-қувватлашга қаратилган узоқ муддатли саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Баландпарвоз нутқларга қарамай, АҚШ сиёсатчилари минтақани нисбатан устувор деб ҳисоблашмаган ва барқарорлик, хавфсизлик ва фаровонликка эришиш ҳамда бошқарувни яхшилаш бўйича тор доирадаги ёндашувлар билан чекланиб қолишган. Ушбу ёндашувни АҚШнинг Марказий Осиё га нисбатан 1.0 сиёсати сифатида тавсифлаш мумкин.

Вашингтоннинг минтақадаги иштироки 9/11 воқеалари ва АҚШнинг Марказий Осиё 2.0 га нисбатан сиёсати шакллана бошлагандан кейин кескин ўзгариб кетди. Албатта бу даврда ҳам узоқ муддатли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга қизиқиш давом этган, аммо ҳарбий ва хавфсизлик масалалари энди АҚШ сиёсати учун ҳаракатлантирувчи омилларга айланган эди. Афғонистондаги кенг кўламли ҳарбий операцияларини қўллаб-қувватлашнинг логистик талаблари АҚШ учун энди инсон ҳуқуқлари олдидаги мажбуриятлардан устун келди.

Замонавий даврга келиб, Москва ва Пекиннинг Марказий Осиёда ўз таъсирини кенгайтириш бўйича узоқ муддатли мақсади, ушбу икки куч ўртасидаги, шунингдек, минтақавий давлатлар ўртасидаги тангликни кучайтириши мумкин. Икки держава ўртасидаги рақобат Марказий Осиё давлатларининг Ғарбнинг доимий иштирокига бўлган қизиқишини оширмоқда. Мазкур ҳолат ўз навбатида АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан 3.0 сиёсатининг асосини яратиб беради.

АҚШнинг Марказий Осиёга қаратилган стратегиясини шакллантириш учун бир нечта муҳим жиҳатлар мавжуд:

Марказий Осиёда АҚШнинг манфаатлари ва мақсадлари нималардан иборат ва улар АҚШ учун қанчалик муҳим?

Айримлари ўртасидаги зиддиятни ҳисобга олган ҳолда, АҚШ ушбу мақсадларга қанчалик устуворлик бериши керак?

АҚШ учун бу йўлда энг самарали ва барқарор стратегия нимадан иборат?

АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари сиёсатига таъсири манбалари қандай? Қўшма Штатлар ўз таъсир воситаларини кучайтириш ва ундан унумли фойдаланиш учун қандай чораларни кўриши мумкин?

Ушбу жиҳатлар энг аввало Американинг сўнгги чорак аср давомида минтақа билан ўрнатган муносабатлари ва Америка сиёсатидаги муваффақиятлар ҳамда муваффақиятсизликлар фонида кўриб чиқилиши керак. Шуниям назардан қочирмаслик керакки, келажакда ўз манфаатларини илгари суриш учун Американинг имкониятлари чекланган ва бу АҚШнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларини мураккаблаштирувчи фактор ҳисобланади.

Марказий Осиё давлатларини ўзаро бирлаштириб турадиган бир қатор омиллар мавжуд: иқтисодий муаммолар, коррупция ва бошқарувнинг сустлиги, сиёсий қатағон ва ислом экстремизми таҳдиди.

Шунингдек, бугун Евроосиё марказида янги кучлар мувозанати шаклланмоқда. Марказий Осиё бугун Хитой, Европа, Эрон, Россия, Жанубий Осиё ва АҚШ билан янги муносабатлар ва туб геосиёсий ўзгаришларни бошидан кечирмоқда. Бир вақтнинг ўзида бу ўзгаришлар Марказий Осиёнинг геосиёсий йўналишини Европа ва АҚШдан узоқлаштирмоқда. Энди Хитой минтақанинг энг муҳим геосиёсий ва иқтисодий иштирокчиси сифатида пайдо бўлди. Замонавий даврга келиб ХХР нинг Марказий Осиёда иқтисодий роли сезиларли даражада ошиб бормоқда.

Савдо, мазкур янги муносабатларнинг асосий омили ҳисобланади. Хитой ва Марказий Осиёнинг минерал бойликлари билан жуғрофий яқинлик икки табиий шерикни ташкил этади. 1990 йилларда Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо ҳажми йилига 350 миллиондан 750 миллион долларгача бўлган эди. 2013 йилда бу кўратгич 50 миллиард доллардан ошди.

Энергия экспорти Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда муҳим омил бўлди. 1990 йилларнинг ўрталаридан бошлаб, Пекин энергия билан боғлиқ инфратузилма лойиҳаларига ва минтақанинг энергетика соҳасидаги ўзлаштиришларига миллиардлаб доллар сармоя киритди. 2015 йиллнинг сўнгги чорагига келиб Марказий Осиё Хитойнинг газ истеъмолининг 20 фоизини таъминлай бошлади.

Хитойнинг хавфсизлик фаолияти асосан Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) орқали олиб борилади, унинг таркибига Хитой, Россия ва Марказий Осиёнинг Туркманистондан ташқари барча давлатлари киради.

Тўғри, Россия Марказий Осиё учун муҳим савдо шериги бўлиб қолмоқда, аммо Хитойнинг минтақа билан савдо-сотиғи сўнгги ўн йилликда Россияга қиёслаганда анча тезроқ ўсганлигини ҳам рад этиб бўлмайди.

Шунга қарамай, Россиянинг Марказий Осиёга киритган сармояси минтақанинг иқтисодий ривожланишида муҳим рол ўйнайди. Аммо, таққослаганда, Хитойнинг Марказий Осиёдаги кўп миллиардли схемалари, Москванинг минтақадаги иқтисодий муносабатларда лидерлик қилишига тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, Пекиннинг иқтисодий соҳадаги устунлиги Россиянинг Украинага қарши тажовузи туфайли Ғарб мамлакатларига нисбатан жорий этган санкциялари натижасида Хитой билан яқин иқтисодий алоқаларни ўрнатиш истагининг кучайиши билан боғлиқ. Москванинг Осиёга йўналганлиги ва Хитой билан иқтисодий шерикликнинг ўрнатилиши, унинг Марказий Осиёда геосиёсий маневр қилиш имкониятини чекламоқда.

Россия ўзининг сўнгги иқтисодий ва геосиёсий қурилиши – Евроосиё Иқтисодий иттифоқи (ЕИИ) орқали Марказий Осиёда ўзини намоён этишда бир қатор муваффақиятларга эришди. Собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида Россиянинг таъсирини кучайтириш мақсадида уюшма ҳозирги пайтда Арманистон, Белорусия, Қозоғистон ва Қирғизистонни аъзоликка қўшиб олди. Тожикистон ҳукумати ушбу иттифоққа илиқ қизиқиш билдирган. Туркманистон ва Ўзбекистон мазкур ташкилотга аъзо бўлишдан манфаатдор эмас.

Шунингдек, Марказий Осиё минтақаси ҳақида гап борар экан, афғон муоммосини четлаб ўтиб бўлмайди. Афғонистондаги ўн ярим йиллик уруш минтақа хавфсизлигига ўчмас из қолдирди. Давом этаётган можаро, Марказий Осиё раҳбарлари учун ташқи хавфсизликка оид энг муҳим ташвишлигича қолмоқда. Марказий Осиё ҳукуматлари узоқ вақтдан бери Афғонистоннинг ўзини ўзгартира олиш қобилиятига бепарволик билан қарашади ва Марказий Осиёнинг жанубий чегараси бўйлаб беқарорлик пайдо бўлишидан қўрқишади. Шунингдек, Америка Қўшма Штатлари ва Хавфсизликка кўмаклашиш халқаро кучлари (ИСАФ) томонидан олиб борилаётган стратегияга ишончсизлик билан қаралади. Ушбу стратегия Толибоннинг таянчлари ва мамлакат жанубида тўпланган кучларга қаратилиб, шимолни нисбатан қаровсиз қолдирди.

Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти (НАТО) Афғонистондаги фаол жанговар миссияси камайганидан бери Марказий Осиёга қизиқиш йўқолаётганга ўхшайди. НАТОнинг «Тинчлик йўлида ҳамкорлик» дастури (ТЙҲ) доирасида НАТО ва Қозоғистон ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик мавжуд. Бироқ, минтақанинг тинчликсеварлик дастурида иштирок этиш доираси анча чекланган. Бугун ташкилот ўз эътиборини Афғонистондан уйга яқин бўлган бошқа муаммоларга, шу жумладан Россия ва Яқин Шарққа қаратмоқда. Бундан ташқари, НАТО-Россия таранглиги кучайган бир шароитда, ташкилот билан яқин алоқалар Москванинг салбий реакциясини қўзғатиш орқали Марказий Осиёнинг баъзи давлатлари учун қўшимча муаммолар туғдириши мумкин.

Қўшма Штатлар Афғонистон, Жанубий Осиё, Европа ва Шарқий Осиё билан боғланган Марказий Осиё учун минтақавий энергия бозорини қуришдан манфаатдор ва бу йўлдаги саъй ҳаракатларини давом эттирмоқда. Бугунги кунга келиб АҚШ саъй-ҳаракатлари Туркманистондан Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонга борадиган (ТАПИ) табиий газ қувурини қуриш режасига қаратилган. 2015 йил декабрь ойида тўрт давлат раҳбарлари Туркманистонда ТАПИ газ қувурининг пойдеворини қўйиш маросимида иштирок этишди. Бироқ, лойиҳа борасидаги мунозаралар ва муоммолар ўз ечимини топганича йўқ.

Умуман олганда, Марказий Осиё давлатлари ўртасида минтақавий интеграциялашув АҚШ сиёсатининг узоқ муддатли мақсади бўлиб келган. Бироқ, ўзаро ҳамкорлик ҳамда интеграциялашув борасида, бу йўналишдаги лойиҳалар масаласида ҳамон муоммолар мавжуд. Жумладан, Туркманистондан ташқари, Марказий Осиёнинг барча давлатлари минтақавий иқтисодий интеграцияга ёки минтақани Жанубий Осиёдаги қўшнилари билан боғлайдиган шимолий-жануб транспорт тармоғига содиқ эмаслар.

Марказий Осиё ҳукуматлари Ҳиндистон ва Покистон билан алоқаларни яхшилашни хоҳлашлари мумкин, аммо ҳеч ким Афғонистон билан яқинроқ алоқаларни изламаган ва улар Марказий Осиёнинг иқтисодий ёки хавфсизлик манфаатларидан кўра, Вашингтоннинг Афғонистонни қўллаб-қувватлашига шубҳа билан қарашган.

Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси Марказий Осиёга яхши муқобилликни таклиф қилади. Чунки, ташаббусдаги иштирок- бу 46 миллиард долларлик фонд ва Осиё инфратузилма инвестиция банки томонидан молиялаштирилиш демакдир.

Совет Иттифоқидан кейинги дастлабки даврда Қўшма Штатлар Марказий Осиёнинг бешта янги давлатига суверенитетни мустахкамлашга ёрдам берди. Америка ушбу ҳал қилувчи босқичда шериклик ҳақидаги ваъдасини бажарди. Аммо ҳозирда Марказий Осиё Хитойнинг минтақанинг етакчи иқтисодий қудрати сифатида пайдо бўлиши, Россиянинг иқтисодий инқирози ва қўшничиликка нисбатан сиёсатини кескин ўзгартириши ва Ғарбнинг минтақа иқтисодиётига алоқадорлиги ва қизиқишининг пасайиши натижасида минтақа ўзи учун янги шерикларни кашф этди. Бу барча воқеалар Америка ва Ғарбнинг Марказий Осиёдаги таъсирини пасайишини англатади, чунки минтақа тобора Хитойнинг сиёсий ва иқтисодий таъсири остига тушиб қолмоқда.

Аммо, мазкур вазият АҚШнинг Марказий Осиёни бутунлай тарк этиши учун сигнал бўлолмайди. Аксинча, бу эҳтиёткорлик ва реализм учун даъват бўлиб, Қўшма Штатлар энди ўз стратегиясини ишлаб чиқар экан, минтақанинг каттароқ ва таъсирчан қўшниларини ҳисобга олишига тўғри келади.

Манба

Таҳририятдан: Ушбу таҳлилий мақола 2016 йилнинг  25 январида эълон қилинган бўлсада, бугунги кунда долзарблигини йўқотмаган масалалар кўтарилганлиги боис таржима қилиб, эътиборингизга ҳавол этилмоқда.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг