Афғонистон ҳукумати АҚШ ва Толибон ўртасидаги тинчлик битимидан хавотирда

0
1423
Манба: Reuters

Афғонистон ҳукумати АҚШ ва Толибон ўртасида тузилган тинчлик битими лойиҳасидан хавотирга тушмоқда. Ҳукумат битим имзолаган томонлардан бу ҳақида батафсил маълумот беришларини сўради.

«Афғонистон ҳукумати бундан хавотирда ва шунинг учун биз ушбу ҳужжат тўғрисида янада аниқроқ маълумот олишни, салбий оқибатларини тўлиқ таҳлил қилишни ва эҳтимолий хавф-хатарларнинг олдини олишни истаймиз»,  деб ёзди президент Ашраф Ғанининг вакили Седиқ Седиқи твиттерда.

Битимга кўра, АҚШ 5000 га яқин ҳарбийларини Афғонистондан  олиб чиқиб кетиши ва у ердаги бешта ҳарбий базани ёпиши керак. Бунинг эвазига Толибон Афғонистонни Америкага ҳужум қилиш учун база сифатида ишлатилмаслиги кафолатини бериши лозим. Бу ҳақда Ашраф Ғанига АҚШнинг Афғонистондаги тинчлик бўйича махсус вакили Залмай Халилзод маълумот берган.

Бироқ, Толибоннинг пойтахт Қобул ва мамлакатнинг вилоят марказларига ҳужумлари сабаб  АҚШнинг бир қатор собиқ амалдорлари ва сиёсатчилари келишув амалга ошишига шубҳа билан қарашмоқда.

Сўнгги кунларда Толибоннинг катта гуруҳлари шимолий Қундуз ва Пули Хумри шаҳарларига ҳужум қилишди. Улар,  шунингдек,  душанба оқшомида Қобулда  содир этилган йирик бомба ҳужуми учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Бир неча ой давом этган музокаралардан сўнг эришилган ушбу келишувдан мақсад Афғонистонда урушни тўхтатиш ва тўлиқ сиёсий барқароликка эришишдир. Бироқ,  Толибон Афғонистон ҳукумати билан тўлиқ музокараларга рози бўлиши сўроқ остида қолмоқда.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг