«Ёш Туркистон» журнали

0
2895
Фото: wikipedia.org

Туркистонда Октябрь тўнтаришидан сўнг большевиклар босқини ва зулмидан қочиб кетган Шарқий Бухоро ҳукумати ва Туркистон Мухториятининг бир канча арбоблари ва таниқли зиёлилар хорижда советлар зулми ва истибдодига қарши ўз халқларининг миллий истиқлоли йўлида матбуотда кураш олиб бордилар.

1927-1932 йилларда Усмонхўжа муҳаррирлигида Истанбулда турк тилида, 1929-1939 йилларда эса Парижда Мустафо Чўқаев муқаррирлигида нашр этилган «Янги Туркистон» ва «Ёш Туркистон» журналлари шундай нашрлардан бўлди.

Бу ҳар иккала журнал саҳифаларида туркистонлик сиёсий муҳожирлар билан бирга Германия ва Туркияда ўқиб, ватанларига қайтмаган ватандошларимиздан Тоҳир Чиғатой, Абдуваҳоб Ўктой ва бошқалар ўз мақолалари билан фаол иштирок этдилар.

Улар қаламига мансуб мақолаларда Туркистонда 20-30-йилларда, шунингдек, кейинги даврларда совет мустамлакачилик сиёсатининг фожиали оқибатлари, бу сиёсатга қарши Туркистон халқлари томонидан турли даврларда олиб борилган сиёсий кураш, она-ватан тарихи, адабиёти ва тилига оид муҳим масалалар мунтазам равишда ёритилиб борди.

20 – 30-йилларда Туркия, Германия, Франция ва бошқа мамлакатларда тарқалиб, ўша йиллардаёқ элимизнинг, юртимизнинг миллий истиқлоли йўлида кураш олиб бориб, Туркистондаги коммунистик режим кирдикорларини халқаро миқёсда фош қилиб борган мазкур журналлар ва бу журналларда ўз мақолалари билан қатнашган Германияда ўқиган талабаларимизнинг публицистик фаолияти ҳанузгача ўрганилмай келинади.

Биз шу ҳолни ҳисобга олиб, 30-йилларда Туркистонда сталинча қирғин ва қатағон кучайган бир даврда ташқарида туриб, у қирғинга қарши муносабат билдирган ва умуман, Туркистоннинг миллий истиқлоли учун кураш олиб борган «Ёш Туркистон» журналининг ва унда фаол иштирок этган талабаларимизнинг фаолиятига бир назар ташлаймиз.

«Ёш Туркистон» журнали 1929 йил декабрида Парижда нашр этила бошлади ва 1939 йилгача, роса ўн йил давомида фаолият кўрсатди. Тўғри, ундан аввал, 1927 йилда Истанбулда «Янги Туркистон» номли журнал чоп этила бошлаган эди. Лекин у совет-турк муносабатларининг йўлга қўйилиши билан ва айниқса, Москванинг тазйиқи остида 1932 йилда ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади ва 20- йиллар охирида туркистонлик зиёлилар «Ёш Туркистон» номли янги журнални чиқаришга қарор қиладилар.

Бу журнал ўзининг биринчи сонидан бошлабоқ асосий шиорини Туркистон миллий истиқлоли мафкурасига хизмат этувчи ойлик мажмуадир, деб белгилайди. «Ёш Туркистон» 1929 йил декабрда чиққан биринчи сонидан бошлаб, то ўзининг 1939 йилдаги сўнгги, 117-сонигача шу ғояга хизмат қилди ва унга содиқ қолди.

Бу ғоя – унинг биринчи сонида босилган «Бизнинг йўл» номли бош мақоласида бундай баён қилинган эди:

«Биз, Туркистон истиқлолчилари, элимизнинг эрки ва юртимиз Туркистоннинг қутулиши учун курашамиз. Туркистонликларга шундан бошқа йўл йўқ, бўлолмас ва бўлмас. Биз бу тарафда юртимиздаги Москва совет ҳукмронлиги зулми остида миллий истиқлол учун интилувчи миллионларча Туркистон ўғилларининг озгина бир тўдасимиз. Бизнинг товушимиз юртимиздаги қувватли фиғоннинг кучсизгина бир оҳидир. Халқимизнинг миллий истиқлол талабларини, маъноларини бузмасдан… «Ёш Туркистон» бетларида англата билсак, бизнинг ҳаммамиз учун муқаддас бўлган оғир маъсулиятли вазифанинг бир қисмини адо этган бўламиз. «Ёш Туркистон» ҳажм эътибори билан кичик бўлса ҳам, озод ва мустақил Туркистон байроғини кўтариш каби вазифани устига олиш ва у йўлда хизмат этиш билан буюкдир!

«Ёш Туркистон» бошқармаси»

1. Журнални варақлар эканмиз, унинг ўн йиллик фаолияти давомида Туркистоннинг миллий истиқлоли учун кураш ғоясига изчил хизмат қилганини кўрамиз. Бунда Германияда ўқиб, Ўзбекистонга қайтмай, хорижда қолиб кетган ва кейинчалик «Ёш Туркистон» журналида масъул ходим ва муаллиф сифатида иштирок этган Тоҳир Чиғатой, Абдуваҳоб Уктой ва бошқаларнинг фаолияти, айниқса, муқим бўлди.

Улар долзарб мавзудаги мақолаларини чоп этибгина қолмай, Туркистонда етишган Фитрат, Чўлпон, Мағжан Жумабой каби миллий истиқлолчи шоирларнинг (Чўлпоннинг «Япроқлар», Фитратнинг «Миррих юлдузига», Элбекнинг «Қуролга», Мағжан Жумабойнинг «Туркистон» ва бошқа) шеърларини ҳамда улар ҳақидаги мақолаларни ҳам бериб бордилар.

«Ёш Туркистон»нинг 1929 йил биринчи (декабрь) сонида берилган «Туркистон шоирларидан» номли кичик бир мақолада бу ҳақда тўхталиб:

«Биз «Ёш Туркистон» бетларида, Туркистон шоирлари ва ёзувчиларидан намуна бўларлик баъзи парчаларни босиб турмоқчимиз. Бу бош номеримизда машҳур қозоқ шоирларидан Мағжан Жумабой ўғлининг «Туркистон» отли шеърини бир неча парчалари билан, атоқли ўзбек шоири Чўлпоннинг «Япроқлар» сарлавҳали шеърини нашр этамиз. Мағжаннинг бу шеъри 1923 йилда, Тошкентда, Туркистон давлат нашриёти томонидан босилиб чиққан «Мағжан Жумабой ўғли ўланлари» китобида бордир. «Туркистон» юртимизнинг ҳар бурчагинда ёшлар тарафидан гимн ҳолинда ўқилиб юрган шеърдир. Қўлдан-қўлга кўчиб юрган «Япроқлар» 27-йилги «мафкура майдонида курашлар»да кўпгина шов-шувларга сабаб бўлган ва замон матбуот бетларинда ҳам қисман кўринуб қолган эди», деб ёзадилар.

Булар ичида, айниқса, Чўлпоннинг «Япроқлар» шеъри муҳим бўлиб, ундаги миллий истиқлол учун кураш ғояси журналининг ғоявий йўналишига айнан ҳамоҳангдир.

Журналда шеърнинг қуйидаги тўла матни шундай берилади:

Куз чоғи тупроҳлар гезариб қолдилар,

Гезариб қолдилар куз чоғи тупроқлар.

Сўнг дамда япроқлар қизариб олдилар,

Қизариб олдилар сўнг дамда япроқлар.

Қарғалар боғларда қағлашиб қолдилар,

Билмадим, кимларнинг қисмати узилур.

Ёнғоққа ёпишиб бир чангал солдилар,

Билмадим, кимларнинг умиди йўқ бўлур?

Эй совуқ эллардан муз кийиб келганлар,

У қўпол товшингиз қирларда йўқ бўлсун!

Эй мени боғимда мевани терганлар,

Қоп-қора бошингиз ерларга кўмулсун!

Журнал, мазкур биринчи сонидан бошлаб советларнинг мустамлакачилик сиёсати оқибатида Туркистондаги миллий истиқлолчилик ҳаракатининг бостирилишидан тортиб, то бу ерда ўрнатилган большевиклар ҳокимияти ва унинг зўравонлиги билан амалга оширилган «қулоқлаштириш», коллективлаштириш ва индустрлаштириш компаниялари, шунингдек, маҳаллий ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқа халкларнинг иқтисодий-сиёсий ҳаёти, маданияти, тили ва адабиётига нисбатан кўрсатилган зуғумлар ҳақида материаллар бериб боради. (Масалан, Тоҳир Чиғатойнинг «Большевик жинояти қурбонлари», «Миллий туйғу ва миллий руҳ ўлдирилмас», «Қизил империализм ва саноат» (1932), «Туркистон миллий адабиёти ва адиблари фожиасига» (1936), «Туркистонда сиёсий прағром» (1937), Абдуваҳоб Ўктойнинг «Сургундаги ўртоғимдан» (1929), «Истанбулда Туркистон куни» (1930), «Туркистон адиблари вазияти» (1931), «Синфий душманлар муҳокамаси» (1932), «Нашриётда зиёнчилик ва зиёнчи муҳаррирлар» (1937) ва бошқалар).

Жумладан, Тоҳир Чиғатойнинг «Қизил империализм ва саноат» мақоласида (1932) Туркистондаги янги маҳаллий саноатнинг миллий халқ манфаатидан кўра советлар манфаатига хизмат қилаётганлиги фош этиб ташланади.

Тоҳир Чиғатой шу масала хусусида тўхталиб, бундай ёзади:

«Бир қанча завод, фабрика, комбинатларнинг солинганлиги тўғри. Буни Ленин миллий сиёсатининг айнан тадбиқ этилмоқда бўлганлигини кўрсатишимда тўғри. Фақат буларнинг ҳаммасида, Туркистонда, Туркистон халқининг манфаати билан уйғун, тўғри бир миллий сиёсат юритилмоқда бўлганини кўрсата олмайдур. Иш бир неча фабрик солган бўлиши билан битмайдур. Унинг иқтисодий, сиёсий моҳияти, унинг Туркистон халқи иқтисодий турмуши нуқтаи назаридан нима демак бўлганлиги, Туркистон халқининг миллий иқтисодий манфаати билан қандай муносабатда турғонлиғи текширилиши керак. Туркистон халқи ўз муҳитинда ўзига ҳаёт ва миллий инкишоф имконини бера турган бир саноат талаб этадурки, буни яратажак бир сиёсат ёлғиз миллий мустақил Туркистондагина бўла оладур. Бизда мана шу Туркистон халқининг ўз юртинда сарбаст яшаб, унуб-ўсиш имконини ҳозирлай турган бир сиёсат, тўғри миллий сиёсат ва бу сиёсат орқасинда Туркистон халқининг ўз моли бўлиб етишган саноатига миллий саноат оти берамиз».

Мазкур муаллиф «Пахта атрофида» (1932) мақоласида бу фикрларини яна ҳам ривожлантириб, Ўзбекистондаги пахта* учун курашнинг республика миллий манфаатларига зид ўлароқ, бу ердаги маҳаллий меҳнаткаш халқнинг ўсиши ва ривожига эмас, балки қашшоқланиши, хонавайрон бўлишига қаратилганлигини ёзади.

«Совет ҳукуматининг буйруғи бўйинча, — дейди муаллиф «қулоқлаштириш» даври фожиаларини назарда тутиб, — кўрсатилган миқдорда пахта экиладики, ўз қаёти учун лозим бўлган моддаларни қозирламоқ истадиги учун мол ва мулкиндан мақрум этулуб, зиндонларга отилган, сургунга юборилган, отуб ўлдирулган туркистонлиларнинг сони минглар, ўн мингларни кечадир.Пахта экилганлиги учун Сибириянинг музли тундираларида, Русия ва Украинанинг ёт элларинда сурунуб юрган ўн мингларча Туркистон(нинг) йўқсул деҳқони бор. Утган йилларда совет ҳукумати уйларда тинтувлар ҳилиб, уйинда бир неча килограмм пахта топилгани учун пахтасини топширмаган, деб қоралаб қанча Туркистон деҳҳонларини жазолантирди? Туркистон халқи ва деҳҳонига ўз миллий эҳгиёжи, ҳатто эскидан ҳолган кўрпа-тўшакларини-да олиб кегди»*.

Абдуваҳоб Ўктойнинг Истанбулда «Туркистон куни» (1930) мақоласида хорижда яшаётган муҳожир ватандошлар ва талабаларнинг Истанбулда ўз ватанлари бўлган Ўзбекистонни соғиниб, унинг истиқлолини орзу қилиб, ватан муҳаббати, соғинчи ва истиқлолига бағишлаб ўтказилган бир миллий кеча ҳақида хабар беради. Унда ёзилишича:

«10 октябрь, жума куни Истанбулда «Туркистон Турк ганжлари (ёшлари) бирлиги»нинг 3-нчи йилни битириб, 4 ёшга кириши муносабати-ла «Бирлик» салонида тантанали кун» бўлиб ўтган ва бу тантанали кунга Истанбулдаги барча туркистонлилар чақирилган. Аҳмад Наимбек Германиядаги Туркистон ёшлари номидан бир нутқ сўйлаб, Германияга келган талабаларнинг «тарихи»сини ва уларга қарши большевикларнинг тутган сиёсатларини бирин-бирин санаб, ниҳоят, деган: «Туркистон миллий истиқлолини олмагунча ўз болаларини ўз пули ила тарбия қилолмас. Ўз менлигини олатурган куни кўп узоқ эмас. Яшасун миллатпарвар ёшлар! Нутқлардан кейин туркистонлик қиз талабалардан Розияхоним «Ғозия» унвонли манзума ўқуди ва кўп олқишланди. Қиз ва эркак ўқувчиларимиз «Ўртоқлар!» ашуласини айтиб салонга кирдилар. Иккинчи қисм чой ва истироҳат эди. Аҳмад Наимбек бухоролик ўзбеклардан, Берлин университети иқтисод факультетинн битириб, Истанбул университетинда дарс берган. Чойдан кейин учинчи қисм мусмира қисми эди. Мусмира қисминда туркистонли талабаларимиздан Маъмурахоним «Туркистонни танимаганлар!» деган бир шеър ўқиди. Бу шеърнинг алалхсус бу қисми кўп олқишланди:

Юриши-ла тўфон каби ҳоқонларни титратган,
Бу Масковни бир замони танг қолинда ўйнатган,
Араб султонини бир ҳамлала юртидан отган
У Темур ўғилларининг муқаддас Каъбасидир.

Маъмура ва Хайрихонимлар «Ўйнанг, ёр» ва «Азизимжон» ашулаларини бошқа қиз ва эркак болалар билан айтишиб, Туркистоннинг миллий ўйинини ўйнадилар. Ўйнар эканлар, туркистонча кийинган эдилар. Миллий шеърлар, достонлар, қизиқчиликлар бўлди. У кун учун махсус бир девор газетаси чиқарилди. Бу девор газетаси бошдан-бошга Туркистон турмушига оиддир…»

Ўқтойнинг «Туркистон қўрбошиларига» (1930) шеъри Ўрта Осиёдаги миллий истиқлол йўлида кураш олиб борган баҳодир йигитлар тилидан айтилади. Шеърда уларнинг ўз юртларини большевиклар қўлидан озод этмагунча курашажаклари, босқинчиларнинг темир занжирлари ҳам уларнинг иродаларини асло буколмасликлари ғояси илгари сурилади.

«Сургундаги ўртоғимдан» (1930) шеърида Сибирияга сургун қилинган туркистонлик ватандошларининг оғир аҳволлари, оҳу зорлари уларнинг ўз тилларидан баён қилинса, «Сургундаги ўртоғимга» (1930) шеърида улар тилидан баён қилинган мазкур аҳволларига жавобан уларнинг ҳақиқатан ҳам ўз юртларининг истиқлоли йўлида курашаётган «олмос эрлар» ва фидойи кишилар эканликлари айтилади.

Бу шеър А.С.Пушкиннинг чор самодержавиясига қарши курашда иштирок этиб, Сибирга сургун қилинган декабристларга бағишланган «Сибирга мактуб» шеърини беихтиёр ёдингизга солади.

Ушбу ҳар иккала шеър ҳақидаги тасаввур тўла бўлсин учун қуйида улар матнини айнан келтирамиз:

С у р гу н (д а ги ) у р т о ғи м д а н

Кафанга ўролғон Сибирия чўлида!
Кишанлар, занжирлар қўл-оёғимизда,
Тепки, от туёғи доим бошимизда,
Ҳамда қонли қамчин, аччиғ изғиринлар!
Туганмак билмаган бу қийнов йўлида:
Гала-гала қузғун теварагимизда,
Йиғилмоқда қорлар босган изимизда,
Суягимизнинг-да мақбари бу қорлар!
Сургун(даги) ўртоғимга
Кафанга ўралган у Сибирия чўли,
Ҳаққимизнинг эмас, унинг ўлим йўли!
Қўл-оёғингизнинг кишанин занжири
Билмай чегара бўлур юртимизга!
Эрк курашимизнинг олмос эрлари!
Яшамаймиз олмоққа интиқомингизни,
Тўфонлар кўмолмас босган изингизни!
Шаҳидлар мақбари – бу имонимиз-да!

Бундан ташқари, уларнинг мақолаларида Туркистоннинг ўтмиш буюк адиблари ва шоирларидан Алишер Навоий, Мирзо Бобур ва сўнгги асрларда етишган буюк жадид маърифатпарварлари ва истиқлолчилари бўлган Мунаввар қори Абдурашидхонов, Мақмудхўжа Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон ва бошқалар ҳамда уларнинг туркий халқлар адабий-маданий ва маърифий тараққиётидаги, истиқлолчилик ҳаракати тарихидаги муҳим ўринлари катта ҳурмат билан тилга олинади (Масалан, Тоҳир Чиғатойнинг «Турк мафкураси ва Алишер Навоий» (1938), «Султон Бобур ва Туркистон турк ватанпарварлиги» (1939), «Туркистон миллий адабиёти ва адибларининг фожиаси» (1935), «Устозимиз Мунаввар қори» (1934) ва бошқалар).

Бу мақолалар ичида Тоҳир Чиғатойнинг Алишер Навоий, Бобур ва Мунаввар қори ҳақидаги мақолалари, айниқса, характерлидир. Тоҳир Чиғатой ўзининг «Султон Бобур ва Туркистонда турк ватанпарварлиги» мақоласида «Туркистонда турк миллий мафкураси ва Алишер Навоий» мақоласида олға сурилган миллатпарварлик ва ватанпарварлик ғояларини янада кенгроқ ёритишга уринади.

Тоҳир Чиғатой Мирзо Бобурнинг севимли ватани Андижонни ташлаб, «Ҳинд сори» кетиши қанчалик оғир бўлганлиги ҳақида, ундаги ватанга бўлган буюк муқаббат туйғуси ҳақида сўзлар экан, ўзининг севимли ватани Туркистонга бўлган соғинчини, уни қўмсашини, ватан йўлидаги тўсиқларни кўриб, чеккан надоматларини ҳам кўнглидан ўтказади.

Шунинг учун ҳам мақолада Бобурнинг султон сифатидаги ишларидан кўра, унинг ватанпарвар шоир сифатидаги фазилатларига кўпроқ эътибор беради ва бу фикримизнинг исботи сифатида Бобурнинг ватан соғинчи ҳақидаги қуйидаги машҳур мисраларини келтиради:

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши,
Шод этмас эмиш кўнглини меҳнатда киши.
Кўнгил бу ғарибликдан шод ўлмади, оҳ,
Ғурбатда севинмас эмиш, албатта, киши.

Тоҳир Чиғатойнинг «Устозимиз Мунаввар қори» мақоласида (1934) Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг Туркистондаги маърифатчилик ва миллий истиқлолчилик – ҳаракати тарихидаги улкан роли алоҳида қайд этилади. 1

917 йили Февраль инқилобидан сўнг вужудга келган Туркистон Миллий мухторияти ва Алаш Ўрда ҳукуматининг барпо этилишида, бошқа ўзбек ва қозоқ мухториятчилари қатори, унинг ҳам фаол иштирок этгани айтилади.

У ҳар иккала мухторият ҳукуматлари большевиклар томонидан йиқитилгандан сўнг, Мунаввар қори ва маслакдошларининг бошига тушган аччиқ қисматларни кўрсатиб ёзади:

«1917 йил инқилоби билан ташкил топган «Шўрои исломия» жамиятининг асосчиси Мунаввар қоридир. Большевик инқилобидан сўнг Туркистон миллий бойлигини танитиш, ташвиш қилиш йўлида босилган дастлабки қадамлар ва бажарилган бутун ишлар бошида Мунаввар қори турганлигини кўрамиз. У бошлаган ишларини умрининг охиригача муваффақият билан давом эттирди. Биз Мунаввар қорини сўнгги ўттиз йиллик миллий ҳаракатимизнинг жонли ҳайкали, дея қадрламоқдамиз».

 

Муаллиф: Шерали Турдиев

Манба

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг