Тошкентдаги Рим-католик черкови

0
1552
Фото: Скриншот/И.Алимов

Диний бағрикенглик, толерантлик ва диний конфессиялар фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи туркум материалларнинг бу галги мавзуси Ўзбекистон апостоль администратураси ҳақида бўлади. Тошкентдаги Рим-католик черкови (костел) раҳбари епископ Ежи Мацулевич бу ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Скриншот/И.Алимов

Маълумотларга кўра, Ўрта Осиёга дастлабки католик миссиялар ХII асрда келган бўлиб, кейинги уч аср давомида улар асосида босқичма-босқич католик жамоалар шакилланиб, черковлар вужудга келган. Ҳозирги Ўзбекистон худудидаги дастлабки мустақил католик епархияси 1340 йили Урганч шаҳрида ташкил этилган. ХIХ аср охирларида Туркистонга поляклар,  чехлар, литваликларнинг кўчиб келиши ҳамда биринчи жаҳон уруши даврида асир тушган немис, поляк ва австрияликларнинг мазкур ҳудудга сургун қилиниши натижасида католиклар сафи кенгайиб борган.

1997 йили Қозоғистон апостоллик администратурасида Ўзбекистон миссияси очилган. 2000 йили октябрь ойида Тошкентдаги Рим-католик черкови (костел) қайта тикланиб, расман фаолият юрита бошлади.

2005 йили миссия Ўзбекистон апостоллик администратурасига айлантирилган. Раҳбар (ординарий) этиб Польша фуқароси, епископ Ежи Мацулевич тайинланган. Рим-католик черковларининг раҳбарлари Ватикан давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистон худудида 5 та католик диний ташкилоти  -1 та марказ (Тошкент ш.) ва 4 та черков (Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Урганч шаҳарларида) расмий фаолият кўрсатмоқда.

Католик черковлари биринчи галда республикадаги хорижий давлатлар фуқаролари, Ўзбекистонда истиқомат қиладиган поляк, немис ва Болтиқбўйи миллатлари вакилларига хизмат қилади. Костеллардаги ибодат поляк, инглиз, рус ва корейс тилларида олиб борилмоқда.

Бошқа диний конфессиялар билан алоқалар ҳақида

Ежи Мацулевич: Биз, турли конфессия вакиллари, бир-биримиз билан мулоқат қилишни ўрганишимиз ва шу билан бирга, энг аввало, бир-биримизни тушунишимиз жуда муҳим. Дарҳақиқат, ким қайси диний жамоадан бўлишидан қатъий назар, агар мен у билан яхши инсоний муносабатларга эга бўлсам, менимча, биз дўст бўлиб, одатий муаммоларимиз, масалан, саломатлигимиз ҳақида гаплашишимизни ўзи ҳам жуда муҳим.

Айниқса, пандемия пайтида баъзиларимиз касал бўлиб қолишганда ҳамма у киши учун дуо қилди. Бу ҳам бизни нафақат баъзан учрашиб туришимиз, балки қандайдир оғир дамларда бир-биримизни ўйлаб, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз билан қанчалик бирлашганимизни кўрсатади.

Ҳозир ҳам конфессиялараро йиғилишлар сабаб учрашиб турасизларми?

Ежи Мацулевич: Пандемия туфайли ўзаро учрашувларимиз камайиб кетганди. Эндигина аста-секинлик билан тикланаяпти. Турли насронийлар черковлари бир-бири билан мулоқат қилишганини кўриш мен учун жуда мамнуният бахш этади. Қачонки, янги дўстона муносабатлар юзага келаётганлигини ва бир-бирини қандайдир тадбирларга таклиф этаётганлигини кўрсам доим кўнглим яйрайди. Айтмоқчиманки, шундай муносабат мусулмонларга нисбатан ҳам, насронийларга ҳам нисбатан мавжуд.

Ноябрь ойида биз вафот этганлар хаққига дуо қиламиз. Буни энг аввало Польшанинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташкил этади. Бизнинг ибодатхонамиз олдида шундай бир хотира мажмуаси бўлиб, генерал Андрес аскарларининг хотирасига атаб бунёд этилган. Бу Ўзбекистон ҳудудида шакллантирилган поляк армияси ҳисобланади. Бу ерга мендан ташқари масжид имоми ҳам келади ва у ҳам ўша инсонлар ҳаққига дуо қилиб кетади. Бу ҳам биз қайси динга мансублигимиздан қатъий назар, муҳими вафот этиб кетганларни хотирасини ёдга олиш каби умумий қадриятларимиздандир. Имом ҳам ўзининг маърузаларида, ушбу армия таркибида насронийлар билан бир сафда мусулмонлар бўлганлигини айтади. Энг муҳими улар қайси миллат ёки динга мансублигидан қатъий назар биз ўтганларнинг ҳаққига ҳайирли дуо қилишимиздир.

Тошкентдаги кўркам католик черкови тарихи ҳақида қисқача маълумот беролмайсизми?

Ежи Мацулевич: Ҳақиқатдан ҳам, Тошкент вокзалида чиқишда шаҳарнинг энг томошабоп жойлари кўрсатилган харита бўлар эди. Бу харита орқали туристлар ўзлари учун қизиқарли бўлган жойлар кўрсатилган. Ўша харитада 20 тага яқин жой белгилаб кўрсатилган бўлиб, уларнинг орасида бизнинг католик черковимиз ҳам бор.

Тарихан черковмиз 100 йилдан ошиқ вақтдан буён мавжуд. Ибодатхонанинг қурилиши 1912 йилда бошланган. Ўшанда Юстин Бонавентура Пранайтис исмли руҳоний ушбу ер майдонини сотиб олади ва шу ерда ибодатхонани қуришни бошлайди.

Фото: Скриншот/И.Алимов

Бу ерни сотиб олишига сабаб, Салар бўйида илгари поляклар яшашган. Менимча, шунинг учун ҳам айнан шу ерни черков учун танлашган. Чунки, ўша пайтларда бу ер шаҳар маркази саналмаган. Ҳозирги эски шаҳар бу ердан бошқа жойда эди. Афсуски, 1917 йилда руҳоний вафот этиб қолади. Кейин эса инқилоб бошланиб кетади. Замон ўзгара бошлайди ва улар бу ибодатхонани қурилишини охирига етказолмай қолишади. Асосий корпуси қуриб битказилган бўлса-да, аммо ичкарида ҳеч нарса бўлмайди. Ички қисми жиҳозланмай қолиб кетади. 1925 йилда эса бу ибодатхонани умуман ёпиб ташлашади. Чунки, ҳокимият тепасига коммунистлар келган ва улар нафақат черковлар, балки масжидлар фаолиятини ҳам тақиқлаб қўйишади. Черков шу ҳолатда узоқ вақт қолиб кетади. Ўша пайтда бу черковнинг иккинчи қаввати ҳам бўлган. Бир пайтни ўзида бу ердан турли касалхоналар учун тиббиёт ускуналарини сақлайдиган омбор сифатида фойдаланиб келинади. Кейинчалик эса, унинг ичида ҳеч нарса бўлмаган. Шунингдек, бу бинони қайта янгилаш учун ҳам маблағ бўлмаган.

1993 йил бизнинг католик черковимизни қайта таъмирлаш учун рухсат берилади. Бино ҳар доим Маданият ишлари вазирлиги тасарруфида бўлиб келган. Чунки Ўзбекистон тарихи учун бу бино муҳим тарихий ёдгорлик сифатида қайд этилган.

2000 йилда таъмирланганидан сўнг, биз бу ибодатхонадан фойдаланиб келамиз. Алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, бу ерга ташриф буюрган кўплаб европаликлар Ўрта Осиёда, Ўзбекистонда шундай католик черкови борлигидан ҳайратланишади. Агар очиғини айтсам, ўзим ҳам илк бор Ўзбекистонга келганимда бундай бино бўлиши мумкинлигидан ҳайрон қолган эдим. Энг қизиқарлиси эса, Ўзбекистонда бундай тарихий черковлардан 3 таси мавжуд. Биттаси 1916 йилда қурилган бўлиб, Самарқандда жойлашган. Иккинчиси эса энг қадимгиси ҳисобланиб, 1905 йилда қурилган, у Фарғонада жойлашган. Ҳозирда Фарғонадаги черковни ҳам бизга фойдаланиш учун бериш масаласи расмийлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Шунинг учун биз ҳам бу янгиликни интизорлик билан кутмоқдамиз.

Бундай ҳашаматли бино ва унинг атрофини сақлаб туриш учун аввало меҳнат ва албатта маблағ талаб этилади. Бу масала қандай ҳал этилмоқда?

Ежи Мацулевич: Ҳа, бино муҳташам. Дастлаб, ўзим илк бор кўрганимда бундай бинони қуриш учун қанча маблағ кетганилигини ўйлаб, ҳайрон қолган эдим. Демак, ўша пайтларда ўзига яраша бой бўлган католиклар бўлган экан, деб ўйлаш мумкин. Лекин, уни қайта таъмирлаш ишларига дунёдаги турли черковлар томонидан ёрдамлар кўрсатилган. Хусусан,  АҚШ дан, Европадан, Ватикандан ушбу бинони таъмирлаш учун маблағлар келган.

Албатта, ҳозир унчалик катта бўлмаган маблағ билан сақлаб туриш мумкин. Шунингдек, бу ердаги католиклардан ташқари, асосан Тошкентга келаётган туристлар, турли расмий делегациялар черковни сақлаб туриш билан боғлиқ хайрия ишларида иштирок этиб туришади. Шу ўринда яна ёқимли лаҳзалардан бирини эслаб ўтиш керак, бу ерга Литва ТИВ ташриф буюрганида, ушбу ибодатхонани литвалик руҳоний қурганлигини билиб қолгач, “… биз албатта бу ерга қандайдир ҳиссамизни қўшишимиз шарт” , деганди.

Фото: Скриншот/И.Алимов

Хуллас, мана шунақа йўллар билан ибодатхонанинг таъминоти тўлдириб борилади. Тепада турган катта орган ҳам Германия католик черкови томонидан тортиқ қилинган. Улар ўзларига янги орган ўрнатишмоқчи бўлишганда, фойдаланиб келишаётганини бизларга бериб юборишга қарор қилишган. Худо турли инсонлар орқали етказиб туради.

Черковнинг ўзи Ўзбекистонда қандай хайрия тадбирларда иштирок этиб келади?

Ежи Мацулевич: Одатда бизга шахсий ёрдам сўраб мурожаат қилганларга кўмак беришга ҳаракат қиламиз. Асосан бундай ёрдамлар болаларни даволаш билан боғлиқ бўлади. Умуман, диний эътиқодидан қатъий назар касалманд кишиларга кўмак бериб келамиз.

Энг асосий хайрия ўтказувчи “кучларимиз” сифатида бизнинг Калькутталик “Она Тереза роҳибалари” жамоати бутун дунё бўйлаб фаолият олиб боради. Айнан улар қашшоқ, уйсизларга ёрдам бериб келишади. Тошкентда аҳоли тилида “Панельний” деб аталадиган жой бор. У ерда асосан алкоголизмга чалинган уйсизлар сақланади. “Она Тереза” роҳибаларимиз мана шу ерга ҳар ҳафтада бир маротаба тўпланиб, кимгадир ярасини боғлашга, кимгадир яна бошқа ёрдамни кўрсатишга ҳаракат қилиб келишади. Гоҳида кийим-кечак, чойшаблар, умуман ўша ердаги инсонларга керакли бўлган нарсаларни ҳарид қилиб беришади.

Юқорида айтиб ўтганимдай биз хайрияларни фақат ўзимизни динимиздагиларга қилмаймиз. Биз, у мусулмон бўладими, насроний бўладими, қатъий назар, муҳтож бўлганларга ёрдам кўрсатамиз.

“Она Тереза” роҳибалари кимлардан иборат?

Ежи Мацулевич: Ўзбекистонда турли миллатларга мансуб инсонлар яшайди. 100-120 тадан иборат миллат вакиллари яшаб келиши айтилади. Аммо бизни католик черковимиз ҳам халқаро миқёсдаги черков ҳисобланади. Гарчи “Она Тереза” жамоати асосан ҳиндистонликлардан таркиб топган бўлса-да, уларнинг орасида Африка, Европа қитъаларидан ҳам аъзолар бор. Улар, инсон қайси миллат ва ирққа мансуб бўлишидан қатъий назар, одамлар биргаликда яшаши мумкин, деган ғоя билан ўзаро ёрдам кўрсатиши мумкин деб биладилар. Албатта, кўпчилик улар қандай қилиб, бу ерларда пайдо бўлиб қолишганидан ҳайрон бўлишади. Роҳибалар, қаерда ёрдамга муҳтожлар бўлса, ўша ерларга жўнатилади. Биз шундай тарзда дунё кезамиз.

Ўзим ҳам илк бор Ўзбекистонга жўнатишларини билганимда ва ўзим польшалик бўлганим учун, бу ерда 20 йилдан ошиқ яшашим кераклигини ўйлаганимда, қайсидир маънода юрагим бироз торайганлигини ҳис этгандим. Мана, бу ердалигимга 16 йил бўлса-да, энди ўзимни худди уйимдай ҳис этаман.

Менимча, кўпчилик ўз юртидан ҳижрат қилганида дастлабки туйғуси шундай бўлса керак. Қачонки Ўзбекистонга ташриф буюришиб, бу ердаги ўзбек халқининг очиқ, меҳмондўстлигини кузатишганида кўнгиллари таскин топади. Бу ердаги халқ ҳақида бизнинг роҳибаларимиз ҳам кўп илиқ фикрларни айтишади. Гоҳида роҳибаларга ўз ёрдамини таклиф этадиган инсонлар тез-тез учраб туриши ҳақида айтишади. Буларни орасида мусулмонлар ҳам бўлиб, биргаликда қандайдир хайрия ишларида қатнашишни таклиф этишади.

Черков хизматига қандай келиб қолгансиз?

Ежи Мацулевич: Биласизми, аввало менинг отам поляк бўлганлигини айтиб ўтишим керак. Иккинчи жаҳон урушига қадар у Вильнюсда яшаган. Онам эса Сибирда бўлган. У рус бўлган. Отам ўзига тўқ бўлган оилада яшаган. Бобом Вильнюсда судья бўлиб, ҳурматли оилалардан саналган. Афсуски, Россия давлати тепасига Қизил Армия келганида, кўпчилик ўзига тўқ бўлган поляк оилалари Сибирга сургун қилинган. Менинг отам 8 йил Норильскда, Сибирдаги лагерларда ўтириб чиққан. Сталин ўлганидан кейин уни қўйиб юборишган ва отам ўша ерда онам билан танишиб қолган. Онам ўша ерда, Норильскда яшаб, ишлаб юрган бўлган. Мен туғилганимдан сўнг 2 йил айнан ўша ерда – Норильскда яшаганман ва илк бор ўша ердаги лагерларда 15 йил ўтирган руҳоний томонидан чўқинтирилган эканман. Буни менинг илк руҳонийлик сари қадамим деса ҳам бўлади. Кейин эса биз Польшага кўчиб келдик. Ўша пайтда мен 2 ёшда бўлганман ва католик бўлган отам туфайли шу дин билан вояга етдим. Аммо ҳеч қачон черковга хизмат қиладиган руҳоний бўламан деб ўйламаганман. Мендан нима учун роҳиб бўлишни истамаётганлигим ҳақида сўрашганида, мен аввало ўз оиламни қуршим кераклигини айтганман. Ўзингиз билсангиз керак, католик роҳиблари уйланишмайди, оиласи эса бўлмайди. Бироқ, афсуски ўзим истаган қиз сўраб қилган дуои-илтижоларим рўёбга чиқмади. Мен шундай бир суюкли аёл билан бир умр яшаб ўтмоқчи эдим. Чунки, бизнинг католик черковимизда ажралиш йўқ. Агар уйланишга қарор қилсанг, демак бу умрбод бўлади. Хуллас шундай аёл учрамаганидан сўнг, вақт ўтиб, балки Худо мендан бошқа нарсани истаётгандир, деган хаёлга бордим. Шундан сўнг, руҳоний бўлиш ҳақида ўйлай бошладим. Тасаввур қилиб кўринг-а, мен 34 ёш тўлганимда руҳонийлик йўлини танлашга қарор қилдим. Мен унгача 10 йил меҳнат қилдим, 2 йил армияда хизмат қилиб келдим. Балки ўша вақтлар ҳам менга шундай қарорга келишим учун ёрдам бергандир? Бошқа тарафдан турли муаммолар билан яшаб, меҳнат қилиб келаётан инсонлар хаётини кўпроқ тушинишим учун муҳим бўлгандир. Уларни тушуниш менга осонроқ бўлар, балки.

Бу ерга турли ҳил инсонлар келишади. Гоҳида маслаҳат сўраб, ўз муаммоларини айтиб келишади. Бундай инсонлар орасида турли динга мансуб инсонлар бўлишади. Кўпроғини  католик бўлмаганлар ташкил этади. Билмадим, лекин улар билан қандайдир умумий бир фикрга келамиз. Мени ҳайратлантиргани эса, бу инсонлар мени эндигина бир ёки икки марта кўриб турган бўлса-да, ичидаги дардини айтганидир. Балки буни Худо қилаётгандир.

Ўзбек жамоатчилиги билан алоқаларингиз.

Ежи Мацулевич: Афусуски, менинг отам тарафидан бирор бир яқин қариндошларим қолмаган. Онам россиялик бўлган, биз эса Польшада яшаганимиз учун, улар анча олисда бўлишган. Шу сабабли мен ўзимга яқин бўлган бошқа инсонларни излаб келганман. Менинг оилам ва яқин қариндошларим бўлмагани учун дўстларим даврасида катта бўлганман. Ўзингиз ўйлаб кўрингга, мана 20 йилдирки Польшадан ташқарида яшаб келаман. Ҳар икки, уч йилда бир марта мен Польшага бораман. Бир кунни белгилаб, барча дўстларим билан учрашиши учун тўпланамиз. Худди шунингдек, бу ерда ҳам кимдир мени қаергадир таклиф қилса, албатта боришга ҳаракат қиламан. Агар имкониятим бўлса, ўзим ҳам шу ерга бошқаларни таклиф қилиб, уларни кўришдан хурсанд бўламан.

Ўз навбатида,  бу католик черковимизда биз инглиз, поляк, корейс, рус тилларида ибодат хизматларини бажаришга ҳаракат қиламиз. Бизда турли мамлакатлардан келган инсонлар бор. Улар қаерлик бўлишидан қатъий назар, мен уларни орасида ўзимни жуда яхши ҳис қиламан. Балки шунинг учун бўлса керак, Худо мени Ўзбекистонга йўллади. Бу ерда айтиб ўтганимдай турли миллатга мансуб инсонлар бор.

Эсимда қолгани, Фарғонада ёш йигитдан қайси миллатга мансублигини сўраганимда, у менга нима деб жавоб беришга қийналган эди. Ниҳоят, “мен Ўзбекистонда туғилганман” деб қўя қолганди. Кейин билсам, бу йигитнинг бобоси бошқа миллат, бувиси яна бошқа миллат, онаси эса учинчи, отаси тўртинчи миллат экан. Унга эса асли қайси миллатдан эканлигини аниқлаб олиш қийин эди.

Турли тўй ва зиёфатларга таклиф этишадими?

Ежи Мацулевич: Гоҳида мени тўйларга таклиф этиб туришади. Мен ҳар доим ҳам тўйнинг охиригача қололмайман. Асосан расмий қисмида иштирок этаман холос. Уларни табриклаб қайтаман. Ўйин-кулгу қисмида қолмайман. Балки, буни менинг роҳиблик хаётим, эътиқодим билан боғлаш мумкиндир. Биз кўпроқ дафн маросимларида иштирок этишимизга тўғри келади. Мен ўйлайманки, бундай вазиятда биз инсонларни қўллаб-қувватлашни билишимиз керак.

Албатта тўйлар кўп бўлади. Дўстларим орасида мусулмон бўлганлар ҳам бор. Улар менга телефон қилиб туришади. Бизларни бирлаштирадиган умумий мавзулар бор. Бу эса ёқимли ҳисобланиб, мени қиёфамда қандайдир душманни кўрмаётганлиги ёки рақобатчи сифатида билмаётганлиги, инсон билан ҳамсуҳбат бўлиши, бирга ўтириб чой ичиш, паловхўрлик қилиш нақадар яхши.

Ўзбекистон, ўзбек халқига тилакларингиз.

Ежи Мацулевич: Охирида нима дейишни ҳам билмайман. Менинг фикримча, муҳими, бу мамлакатда доимо тинчлик ва меҳр-оқибат ҳукмронлик қилишини тилашим мумкин. Яна эса, бу халқнинг орасида мавжуд бўлган, айниқса, ўрта ёшли инсонларда толерантлик – бағрикенглик ҳислатлари янада барқарор бўлиши истайман. Азалдан сақланиб келинаётган бундай қадриятларни келажак авлодларга бериб боришлари тарафдориман. Чунки, ёшлар гоҳида қизиққон, эҳтирослари жўш урган бўлишади ва гоҳида радикал қарашли бўлишади. Уларни эса, дунё нафақат оқ ва қорадан иборат, балки ҳилма-хилликлар ҳам борлигини ўрганишларини истайман.

Бошқаларга яхши муносабатда бўлиши лозим деб ҳисоблайман. Албатта Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшанаши учун ибодат қилиб қолиб, бу ер ҳар доим маданияти, миллатидан қатъий назар барча инсонлар учун бағрикенг, оқибатли диёр бўлиб қолиши тарафдориман.

Муаллиф: Илҳомиддин Алимов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг