ЯНГИ ТЕРИМ МАШИНАЛАРИ – ҚЎЛ МЕҲНАТИГА БАРҲАМ БЕРИШИ МУМКИН

0
2303

“Биз АҚШнинг етакчи компаниялари Ўзбекистонда, аввало, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича юқори технологик қувватлар яратишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда янада кенг иштирок этишидан манфаатдормиз.

Инвестициялар ҳақида сўз юритганда, биз, биринчи навбатда, молиявий ресурслар жалб қилишга эмас, балки ташқи бозорда харидоргир бўладиган рақобатбардош товар ва брендлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган илғор технологияларни, бошқарувнинг замонавий ва корпоратив усулларини жорий этишга интилмоқдамиз”, дея таъкидлаган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун 2017 йил 18-20 сентябрь кунлари АҚШга ташрифи доирасида Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм билан ўтказган музокаралари чоғида. 

Дарҳақиқат, Президентимизнинг АҚШга қилган сафарлари самараси ўлароқ, мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорлик янги поғонага кўтарилди. Хусусан, мамлакатимиздаги қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш билан шуғулланувчи “Landtech” компанияси ҳам америкалик ҳамкорлари билан алоқаларини муваффақиятли давом эттириб келмоқда. Ушбу ташкилот Америка Қўшма Штатларининг қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчи “John Deere” компаниясининг юртимиздаги расмий дилери ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари таклифига кўра 2018 йилнинг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганлиги корхонанинг ривожланиб боришида улкан имкониятларни тақдим этмоқда.
2007 йилда фаолиятини бошлаган мазкур компания хизматидан бугунги кунда аграр соҳада фаолият юритаётган кўплаб маҳаллий корхоналар ҳамда фермерлар фойдаланиб келмоқда. Яқинда улар нафақат юртимизда, балки Марказий Осиё­да муқобили бўлмаган пахта ҳосилини териб-бунтловчи “John Deere CP690” ва “John Deere CS690” русумли пахта териш комбайнларини етказиб беришни бошлади. Ҳозирча ушбу терим машиналари Андижон, Наманган ва Хоразм вилоятларида синовдан ўтказилмоқда. 

Ушбу терим машиналарининг афзаллиги нимада?

Шу ўринда аввалги бир ҳолатни эсга олайлик: уч-тўрт тонна пахтани даладан териб олиш учун камида 50-60 та теримчи жалб этилар эди. Қўлда терилган хомашёни аввал дала бошида, кейин пахта қабул қилиш пунктларида тарозидан ўтказиб, заводларга етказишгача бўлган жараёнда вақт ҳам, нақд ҳам йўқотиларди. Бундан ташқари, ташиш жараёнида йўл четларига тўкилган пахталарни йиғиб-териб олиш учун ҳам алоҳида шахслар бириктириларди. Теримга жалб этилганларнинг саломатлиги эса… 

Аграр соҳага кенг тарғиб қилинаётган кластер тизимининг ажралмас бўлаги сифатида қаралаётган бу терим машинасининг юртимизга келтирилиши пахта теришда қўл меҳнатидан воз кечиш йўлида қўйилган катта қадамлардан бири бўлди. Бу эса инсон омили устуворлигини таъминлашга қаратилган ишларнинг узвий давомидир. 

Ўзбек пахта далаларида синовдан ўтказилаётган ушбу замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари тўхтовсиз 120 ўрам пахтани тойлаб, қадоқлаш қувватига эга. Таъкидлаш жоизки, терим жараёнининг ўзида хомашёнинг тойлаб борилиши исрофгарчиликнинг олдини олиши баробарида, ортиқча ишчи кучига эҳтиёж қолдирмайди. Бундан ташқари, ёнилғи сарфи ҳам кескин камайишига эришилади. 

“Ақлли машина” алоҳида тайёрланган дастур асосида ҳаракатланади. Пахтадаги намлик 12 фоизга етганда, шпинделлар ўз-ўзидан тўхтаб қолади. Терим машинасида териб олинган пахта бункернинг ўзида тойланади ва плёнка билан қоп­ланади. Сўнг юк машинасига ўтказилади. Териш жараёнида бошқа турдошларига нисбатан тезкорлиги унинг яна бир афзаллигидир. 

Қўрғонтепа туманидаги “Khantex group” кластери далаларида пахтазорга киритилган “John Deere CP690” русумли пахта териш машинаси 8 гектарлик далада ҳар дақиқада 70 килограммдан пахта терганлиги маълум бўлди. Америкалик мутахассислар кузатувида 10 гектарлик майдонда синов давом эттирилганда, машинистлар Ҳусанбой Сиддиқов ҳамда Асқарали Матҳолиқовлар ҳайдовчи кабинаси ўта қулай жиҳозланган бу терим машинаси билан тезда тил топишиб кетди. 

“Khantex group” ихтиёрида 8 минг гектардан зиёдроқ пахта майдони бор. Шундан 865 гектари машинабоп қилиб парваришланди. Экиш схемаси тубдан янгиланди ва хорижда кенг тарқалган 76 схемасига монанд сеялка, чопиқ трактори, ўсимликларни ҳимоя қилиш мосламалари олиб келинди. Ҳар икки терим машинаси ҳам янги усулга тўла мос тушади.

Келгуси йили Қўрғонтепада терим машиналари сони 20 тадан ортади ва барча ҳосилни йиғиб-териб олишга имконият яратади. Бунинг учун юқори унумли ҳайдов, чопиқ тракторлари ва сеялкалар келтириш бир маромда олиб борилмоқда. Фермерларни янги схема билан таништириш ва тайёргарлик кўриш тизимли равишда ташкил этилаётир. Аввалги схемада гектарида 90 минг туп атрофида кўчат парвариш қилинган. Янги усулда эса ушбу кўрсаткич 130 мингтани ташкил этади. Кўчат сони ҳисобига ҳосилдорлик ортади ва бу теримни бир марта ўтказишга тўлақонли имконият беради.

Бу каби инновацион техника ва технологияларнинг пахтачиликнинг келажаги сифатида қаралаётган кластер тизимига кенг татбиқ қилиниши юқори самарадорликка эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.
манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг