Хусусий бандлик агентликлари бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш, иш берувчилар ва иш қидираётган шахсларга тегишли тартибда маслаҳат бериш фаолияти билан шуғулланувчи мустақил жисмоний ёки юридик шахслар ҳисобланади- деб ёзади ЎзА.
Маълумотларга кўра, бундай агентликлар ҳар йили дунё бўйича бир неча юз миллион кишининг иш билан таъминланишига кўмак кўрсатади.
– Мамлакатимизда ҳам эндиликда хусусий бандлик агентликлари пайдо бўлади, – дейди Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Гавҳар Алимова. – 2018 йил 16 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонуни бунга ҳуқуқий асос яратди.
Айтиб ўтиш керакки, мамлакатимиз аҳолиси 33 миллиондан ошган бир вақтда янги иш ўринларига бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда. Айни пайтда 13 миллиондан ортиқ киши иш билан банд бўлиб, шундан 6,5 миллиони иқтисодиётнинг хусусий секторида меҳнат қилади. 1 миллион 200 мингдан зиёд юртдошларимиз чет элларда ишламоқда. 1,5 миллионга яқин аҳоли иш билан таъминланишга муҳтож. Яъни ишсизлик даражаси қарийб 10 фоизни ташкил этмоқда.
Янги қонун иш излаётган шахсларга кўмаклашиш, ишсизлар сонини камайтиришга қаратилган янги фаолиятни ҳуқуқий тартибга солади.
Қонунда хусусий бандлик агентликлари хизматларининг асосий турлари белгиланган. Улар иш қидираётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мос келадиган ишларни топиш, иш берувчилар учун кадрларни танлаш, чет элда иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш, меҳнат бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатади.
Хусусий бандлик агентлиги фирма номида “Xususiy bandlik agentligi” деган сўзлар бўлиши керак. Бундай фирма номидан фақат “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун қоидаларига мувофиқ фойдаланилиши мумкин.
Хусусий бандлик агентлиги ўзининг давлат тилидаги тўлиқ фирма номи ва жойлашган ери кўрсатилган муҳрга эга бўлиши керак. Муҳрда фирма номи бир вақтнинг ўзида бошқа тилда ҳам кўрсатилиши мумкин. Хусусий бандлик агентлиги ўз номи бўлган штамплар, бланкаларга ва ўзининг эмблемасига эга бўлишга ҳақли.
Хусусий бандлик агентликлари юридик ёки жисмоний шахслар томонидан ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилиши мумкин. Уни фақат олий маълумотли раҳбар бошқариши, бундай агентликда кўпи билан уч киши ишлаши мумкин.
Қонуннинг 10-моддасида хусусий бандлик агентликлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлаш, иш берувчилар учун кадрлар танлаш, Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш, ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатиши мумкинлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштиришда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда лицензия олиш лозим.
Бироқ, қонун талабларига мувофиқ, хусусий бандлик агентликлари юқорида қайд этилган фаолият турларидан бошқа фаолият билан шуғулланмаслиги лозим. Демак, хусусий бандлик агентлиги ноширлик ёки бошқа фаолият тури билан шуғуллана олмайди.
Хусусий бандлик агентлиги ва иш қидираётган шахслар билан ўзаро муносабатлар хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида тартибга солинади. Шартномага мувофиқ, мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун тарафларнинг жавобгарлиги белгиланади.
Хусусий бандлик агентлиги шахсларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарида шартнома талабларига жавоб бермайдиган ишга жойлаштириб, мазкур шахс томонидан норозиликларга сабаб бўлган тақдирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захираланган эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағлардан хорижда оғир аҳволга тушиб қолган фуқароларни қайтариш мақсадида қўлланилади.
Хусусий бандлик агентликларининг қонуний фаолият юритаётганлиги тўғрисида маълумотларни аҳолига етказиш мақсадида хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги янгиланиб турадиган ёзувларни ўз ичига олган маълумотларнинг ягона ахборот базаси, яъни хусусий бандлик агентликларининг реестри ташкил этилмоқда.
Хусусий бандлик агентликларининг реестридаги ахборот Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Мазкур қонунни ишлаб чиқишда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Аҳоли бандлигига кўмаклашиш агентликлари тўғрисида”ги конвенциясининг халқаро стандартлари ва бу борадаги чет эл тажрибаси инобатга олинган.
Қабул қилинган қонуннинг энг муҳим жиҳати шундаки, аҳолини иш билан таъминлашда рақобат муҳити шаклланади. Иш берувчиларга ҳам, иш қидираётган шахсларга ҳам бандликни таъминлаш жараёнида кенг имкониятлар яратилади. Шунингдек, фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш билан боғлиқ муносабатларда жисмоний шахслар ноқонуний фаолиятларининг олдини олиш билан бирга, одам савдоси билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал қилинишида муносиб ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.
Шу билан бирга, фуқароларимиз бўш иш ўринлари тўғрисида очиқ ва ҳаққоний маълумотга эга бўладилар. Бу эса соҳада коррупция ҳолатларини бартараф этишда муҳим омил ҳисобланади. Яна бир муҳим масала – бу мазкур агентликлар фаолияти натижасида давлат бюджетига муайян солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг келиб тушиши таъминланади. Давлат бюджети ҳисобидан меҳнат органлари фаолиятини молиялаштириш билан боғлиқ харажатлар миқдори ҳам камаяди.
Бир сўз билан айтганда, қонун ижроси доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида кўрсатилаётган хизматлар сифати янада ошади. Меҳнат бозори инфратузилмаси яхшиланиши аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА