Ҳижрат ва сафар

0
3935
Фото: islam-risalyat.ru

Ҳижрат, муҳожир, ҳижрон, ҳажр… Мазмунан ўзаро боғланган. Бир ўзакдан ясалган сўзлар. Ва ҳар бирининг алоҳида маъноси, ўз таърифи бор.

Ҳижрат – дин ва иймонни, мол ва жонни, оила ва шарафни сақлаб қолмоқ мақсадида юртни, Ватанни тарк этмоқдир. Муҳожир ҳижрат қилган инсон. Ҳижрон ҳижратда қалбда пайдо бўлиб, изтироб берадиган соғинч ва қўмсаш ҳиссиёти. Ҳажр бу сўзларнинг илдизи, ўзаги.

Сафар илм олиш, савдо билан машғул бўлиш, тирикчилик учун пул топиш ёхуд бирор топшириқни адо қилиш мақсади билан юртни, шаҳарни тарк қилмоқдир. Унинг Ватандан чиқарган сабаб хатар эмас, балки ўзга диёрларга бориб, манфаат олиш истагидир. Бу истак ҳам вазиятнинг, умумий жараённинг бир қисми. Мусофир эса сафардаги инсондир.

Сафарнинг муддати маълум, мусофир юртга қачон қайтажагини билади. Ҳижратнинг муддати эса мавҳум, номаълум, муҳожир Ватан дийдорини қай замонда кўришини билмайди, балки муҳожирнинг умри ёт юртларда якун топиши ҳам мумкин.

Ҳижрат мажбуриятдир, иложсизликнинг иложидир. Ҳижрат талаб қилинган онда фарз. Сафар истакдир, юксалиш, ривожланиши ғарази билан тайёргарлик кўриб бошланади у. Сафар суннатдир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сафар қилинглар, саломат бўласизлар”, – деб айтдилар. Ҳижратга эса Аллоҳ амр қилди.

Халқимиз: “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас”, – дея сафарнинг аҳамиятига нозик ишора берган. Зотан, сафар инсонни чиниқтиради, дунёқарашини кенгайтиради, ҳаётни яқиндан танитади. Ўрта асрларда тараққиётнинг асосий омили сафар билан боғланган эди.

Бугун-чи? Бугун ҳижрат ва сафарга қандай қарамоқ лозим?

Ҳижрат ва сафарнинг энг тўғри ҳукмини олимлар берадилар. Биз бугунги суҳбатимизда масаланинг бошқа жиҳатларига тўхталмоқчимиз.

Биз тарихнинг шундай бир қисмида яшаяпмизки, ўзбек деб аталган халқ Ер юзининг турли чекаларига тариқдай сочилиб кетди. Россияда қора меҳнат қилаётган мардикор, ақлини АҚШ хизматига сафарбар этган олим, тирикчилик учун Жанубий Корея заводларида тер тўкаётган йигит, оиласига маблағ топаман деб Австралия ҳавосидан нафас олиб, бўёқчилик билан машғул бўлган олий маълумотли мутахассис, чегараларда кунлаб қолиб кетаётган чорасизлар, сиёсий қарашлари учун Ватандан бадарға бўлганларнинг ҳар бири Ўзбекистоннинг фарзандидир. Ўзбекларни Лондону Парижда, Қоҳираю Мадинада, Таиланду Деҳлида, умуман, ғарбдан шарққача, шимолдан жанубгача бўлган ҳудудларнинг барчасида топа оласиз. Уларнинг қайси бири муҳожир, қайси бири мусофир – ўзлари ҳам гоҳида тўла англамайдилар.

Албатта, дангаса инсон муҳожир тугул, мусофир ҳам бўлолмайди. Дангсаларнинг салбий сифатлари асосида ҳаракатсизлик, ишёқмаслик иллатлари ётади. Демак, мантиқ ҳам, мазмун ҳам муҳожир ва мусофирни дангасаликда айблашга ожизлик қилади.

Ҳижрат сўзини фақат бир тарафлама, ўз мақсадлари йўлида талқин қилиб, ташвиқоти учун фойдаланаётганлар инсофсизлардир. Инсофсизларга оқил мусулмонлар эргашмайдилар.

“Гастарбайтер” сўзини ҳақорат деб тушунмаслик керак. Бу ибора немисча “меҳмон-ишчи” ёки “Таклиф этилган ишчи” деган маънони англатади. Бу ибора муҳожир ва мусофирларимизнинг ҳалол меҳнати учун зарур бўладиган шижоатини сусайтиришга таъсир қилмаслиги керак.

Бир миллатдош ўлароқ, бир халқнинг фарзанди сифатида уларнинг тақдирига, қисматига, изтироб ва армонларига бефарқ бўлишнинг имкони йўқ. Чунки уларнинг ҳар бири, ҳатто, диндан мосуво бўлган корейсга эрга тегаётган қиз ҳам Ўзбек деган номни кўтариб юрибди. Бир сўз билан айтсак, қаерга ва қачон бормайлик, елкамизда Ўзбекистон сўзи туради.

Биз бир-биридан ҳадиксирайдиган миллатга айландик. Ватанимиз ичида оёқ учида юрадиган халққа айландик. Ҳар арқонга илон деб қарайдиган бўлдик. Оқибатда бир-биримизни пуллашдек хатоларга, гуноҳларга йўл қўйдик.

Сабаби ўтмишнинг 130 йиллик истибдоди ҳамда охирги чорак асрдаги мураккаб ва оғриқли жараёнлардир.

Минг афсуски, ёт юртларда юриб ҳам бирлашмадик – биримиз иккинчимизни алдаймиз, ғийбат қиламиз, ўзаро қўллов йўқ, оқибат етишмайди, гуруҳларга бўлиндик. Қайсимиз қайси манфаатни ҳимоя қилаётганимиздан бехабармиз. Биримиз ўзимизни энг адолатпарвар деб билиб, юртимиз шаънига, халқимиз шарафига мос келмайдиган нолойиқ сўзларни айтамиз. Бошқамиз кечиришни билмаймиз. Кимнидир қорасалак, жамики айбу нуқсонларни унинг устидан ағдардик. Мақтасак мутаассибларча, кўрларча мақтадик. Меъёрни унутдик. Ҳадларни ёддан чиқардик.

Баъзи сўзлар чўғга айланди. Ушласак, қўлни, сўзласак тилни куйдиради. Ҳушёрликни йўқотиб, карахт бўлган одамдекмиз. Оловдек аланга олиб, дарҳол ўчамиз. Шахсан танимаганимиз одамларни қўрқмай маломат қиламиз. Кишиларни жаннатдан олиб, жаҳаннамга, жаҳаннамдан чиқариб, жаннатга йўллаймиз. “Миллат” деган сўзнинг қийматини туширдик. Илму маърифатдан йироқлашдик. Бирикиш ҳақида ўйлай олмаймиз.

Ватанга қайтиш истаги кўксимизда бор. Бироқ икки қўрқув изн бермайди: 1) юртга қайтсак, мукаммал шароитли турмуш топа олмаймиз деб қўрқамиз; 2) юртга қайтсак, хотиржам яшай олмаймиз деб ҳадиксираймиз.

Ким билан суҳбатлашсак, албатта, у ҳақида ёмон гумонга борамиз.

Отни қозиққа боғлаб қўймасак, албатта, қочиб кетади. Устун билан кўтармасангиз, уйнинг томи қулаб тушади. Умуртқа суяги бўлмаса, инсон танаси тик турмайди. Бугун биз қозиғимизни йўқотдик. Бегоналар ушлаб боғлаш пайида. Устунсиз уйга айландик. Умуртқасиз жисмга ўхшаймиз. Нима хоҳлаётганимизни англай олмай, умидсизлик қўлида қолган уйсизлардек Ер кураси бўйлаб ҳар томонга дайдимоқдамиз.

Бир қалам эгаси ва бир очиқ кўз соҳиби ўлароқ мен барчамиз юртимизда эмин ва эркин яшашимизни истайман. Бир жойга икки ўзбек йиғилса, жон ва жигардек яқин бўлишини орзу қиламан. Иззатни, марҳаматни, адолатни, барокатни бегона ўлкалардан эмас, ўз Ватанимиздан излашни ва топиш энг улкан ниятимдир.

Бир Ватаннинг боласи бўла туриб, икки ёққа ажралиб, бошимизга тош отамиз. Бу худди бир ота-она фарзандларининг ўзаро қирпичоқ бўлиши кабидир. Кулсак, акамиз устидан куляпмиз. Озорласак, укамизни озорлаяпмиз.

Қанийди, ўзбек мутахассисларини илтимослар билан хорижга таклиф қилсалар.
Ўзбек йигитлари кир ва исқирт матрасларда эмас, муҳташам қасрларда яшаб, ишласа! Шартни иш берувчи эмас, у иш бажарувчи ўлароқ белгиласа!

Бугун бу сўзларни айтиш реал ҳаёт ичида яшаётган дўстларимиз учун туш каби туюлса, не ажаб. Эй Акром Малик, камроқ хаёл сур деб айтсалар ҳам, ҳайрон қоларли эмас.

Мен Ватаним хайр ишлар учун имкониятлар диёри бўлишини, инсон қадр-қиммати ҳар недан устун туришини, халқимизнинг шарафли ишларда бир тан ва жон бўлиб жипслашишини Аллоҳдан дуо қилиб сўрайман.

Аллоҳ юртимиз шарафини шундай юксалтирсаки, муҳожирлар паноҳ топса! Бу Ватан ўғлонлари сафарга чиқсалар, бошларини эгик, кўзлари сўник, овозлари бўғиқ эмас, баланд бош, чақноқ кўз, жаранглаган ҳайқириқ билан йўл олсалар!

Шу ўлкада туғилган ўзбекистонлик борки, у Ер курасининг қайси нуқтасида бўлмасин, шу Ватан ерларидан ҳақдордир. У шу юртда яшашга ҳуқуқлидир.

Модомики, айтганларимиз бугун тасаввуримиздан йироқ экан, ҳижрат ва сафарнинг айрим шартларига риоя қилиш мақсадга мувофиқдир:

1. Юртдан чиқар экансиз, албатта, Ватанга қайтишни ният қилиб олинг. Ният қилингки, юксалиб, кучга тўлиб, халққа хизмат қилгани келишимга ёрдам бер, Аллоҳим деб айтинг.

2. Қадрингизни билинг. Ўзингизни ҳеч қачон ерга урманг: шаънингизга нолойиқ ишларга ўзингизни урманг. Масалан, ўғрилик қилманг, тана сотманг, бировни алдаманг, тиланманг. Яшаётган жойингизни обод ва саришта тутинг. Ҳеч қачон нопокликка кўнманг.

3. Меҳр-оқибатни, мардликни унутманг. Қаерда миллатдошингизни кўрсангиз, уни қўллагани шошилинг. Мушкулларини осон қилишга урининг. Самимий бўлинг.

4. Болаларингизни ўқитинг. Албатта, илм ўрганишлари учун шароит ҳозирланг. Тўй қилманг. Дабдабали уй қурманг. Аммо болангизни кучли муаллимда ўқишига эришинг. Дунёқараши кенг, жасур ва фикрчан бўлиши учун ҳаракат қилинг.

5. Барча эзгу ниятларингизни юртга боғланг. Юртни, халқни ва ўлка бошида турганларни маломат қилманг. Уларнинг ёмон сифатларини изламанг. Қайтадиганингиз эшикни қаттиқ ёпманг. Биз ҳеч бир ўлкага сиғмаймиз. Гарчи, қанчалар қулай яшамайлик, сердаромад соҳаларда бўлмайлик, Ватан ҳавоси каби қадрли неъматни топа олмаймиз. Мақсад ислоҳ қилмоқ экан, хулқни гўзаллаштиринг. Маддоҳлик қилманг, бироқ жоҳилларча таҳқир йўлидан борманг. Ҳикмат ва тушунтиришни лозим тутинг.

6. Борганингиз ўлкада нимаики янгилик кўрсангиз, агар у Ватанда йўқ бўлса, манфаатли бўлса, олиб келиш ҳақида бош қотиринг. Сиз бу ишларни халқ учун, ўзим учун деманг, Аллоҳ учун қиляпман денг. Шунда учрайдигангиз озорларга сабр қилиш осонлашади.

Жон чекмаганга жонона насиб этмас. Ватанга хизмат қилмоқ осон эмас. Халқни сафар ва ҳижрат машаққатидан қутқариш ўз-ўзидан бўладиган иш эмас.

Ва яна муҳим бир гап.
Бугун халқимиз дарё оқими каби хорижга чиқиб кетаётгандек. Одамлар ўз бахтини фақат чет элда топадигандек. Нима учун биз хорижга кетишимиз керак? Нима учун ўз юртимизни тарк этишимиз лозим? Ахир, бу бизнинг Ватанимиз-ку!

Ташқарига кетишдан аввал шу ҳақда тафаккур қилиб кўришимиз лозим. Нима учун уйимиз бузилса, уни ташлаб кетиш керак? Курашиб, уни обод қилиш лозим эмасми?

Қочиш ҳақида эмас, муаммоларни ечиш ҳақида ўйласак бўлмайдими? Аслида, на кетишимизнинг, на келишимизнинг маъноси йўқ! Қилаётган ишимизнинг мақсади ва муддаоси йўқ. Қорин ва ошқозондан бошқа ташвишимиз мавжуд эмас.

Аллоҳим! Бизни хорлик ва қийноқларга солма! Бизга иззат ва шараф насиб эт! Халқимизни бало ва офатлардан Ўзинга асра! Халқимиз қадрини барча замон ва маконларда баланд қил. Халқимизни дининг билан яна азиз қил!
Амийн!

 

Акром МАЛИК

Ушбу мақола USAID ташкилотининг лойиҳаси асосидаги CASSS дастури ёрдамида ёзилган.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг