Ўзбекистонда гендер сиёсати, ютуқ ва камчиликлар

0
4660

Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш мавзуси тобора долзарб ва талабга эга бўлиб бормоқда. Динамик ўзгариб бораётган Ўзбекистон хотин-қизларни давлат ва жамият ҳаётининг барча жараёнларига янада кенгроқ жалб қилишни тақозо этмоқда.

Гендер тенглиги жинслар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлардир. Гендер тенглигининг мақсади турли жинс вакиллари учун тенг ижтимоий ва ҳуқуқий асосларни яратиш ва ҳақиқий тенглик ва ҳаётнинг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятларни таъминлаш асосида жамиятнинг уйғун ривожланишига кўмаклашишдан иборат.

Оммавий ахборот воситалари ушбу муаммони ҳуқуқий, статистик, баъзан эса жиноий нуқтаи назардан ёритиб боради. Биз Ўзбекистондаги гендер тенглиги муаммосига бироз бошқача нуқтадан қарашга ва уни амалиётчи психолог нуқтаи назаридан кўриб чиқишга қарор қилдик. Психология ҳаётнинг энг муҳим таркибий қисми бўлиб, унинг барча соҳаларини қамраб олади.

Бизнинг суҳбатдошимиз, психолог Екатерина Тимофеева йигирма йиллик тажрибага эга, шу жумладан халқаро. У бизнинг гендер тенглиги масалалари бўйича саволларимизга амалиётчи психолог нуқтаи назаридан жавоб беришга рози бўлди.

Ринат Сагитов: Психология нуқтаи назаридан гендер тенглигининг ривожланишига кўмаклашувчи учта омилни айтинг.

Екатерина Тимофеева: Ҳаммага маълумки, гендер тенглиги жамиятдаги турли жинс вакиллари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни билдиради. Қонун нуқтаи назаридан гендер тенглигини таъминловчи қонунларга қарамасдан, масаланинг психологик томони ҳам бор. Ҳар бир инсон индивидуал бўлиб, ривожланиш ва хулқ-атворнинг ўзига хос «дастурига» эга. Бу ҳар бир инсоннинг шахсий тарихи.

Ўйлайманки, аёлларнинг ўзларининг ушбу мавзуга қизиқишлари гендер тенглигининг ривожланишига ёрдам беради. Жамиятда аёлларнинг гендер тенглиги муаммосига қизиқиши ортиб бормоқда. Замонавий жамиятда аёллар жамиятдаги мавқеининг сабабларини тушунишга ҳаракат қилмоқдалар. Аёллар ўзларига савол беришади, нега мен, масалан, эркак синфдошим, эришган нарсага эриша олмадим? Бу биринчи сабаб. Иккинчи сабаб, эркаклар ҳам ўзгармоқда.

Замонавий жамиятда ўзини ўзи таъминлайдиган аёлларга талаб мавжуд. Маданиятли замонавий эркаклар аёлларни қизиқарли суҳбатдошлар ва тенг ҳуқуқли шериклар сифатида кўришади ва уларга индивидуал муносабатда бўлишади – бу аёлларни «ўсишига» туртки бўлади. Инсоният технология соҳасида улкан ривожланишга эришди ва ҳозирда гендер тенглигига эришиш жараёнини кузатмоқдамиз.

Гендер тенглигининг ривожланишига ҳисса қўшаётган учинчи сабаб – гендер тенглиги қонунчилик даражасида акс этишини талаб қилиб, аёллар ҳуқуқлари учун курашаётган ижтимоий фаолларнинг фаоллиги. Масалан, депутатлар Ўзбекистонда оилавий зўравонликни жиноий ҳатти-харакат деб ҳисоблашни маъқулладилар ва қонун ҳужжатларига гендер тенглигига эришишга хизмат қилувчи қатор ўзгартишларни қабул қилдилар.

Ринат Сагитов: Ўзбекистонда гендер тенглиги ривожланишига тўсқинлик қилувчи омилларни айтинг.

Екатерина Тимофеева: Афсуски, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган аёл учун белгиланган «ўрин» тарбиямизнинг ва қисман менталитетимизни бир қисми. Масалан, Золушка роли. Жамиятнинг баъзи аъзолари учун аёлнинг роли фақат бола туғишдан, эрини ва унинг оила аъзоларини рози қилишдан иборат. Бундай «дастур» билан аёллар ўзини ўзи англаш имкониятига эга эмас. Баъзи ота-оналар ўз қизларининг бахтини биринчи ўринга қўймайдилар, лекин биринчи навбатда «қўшнилар», «қариндошлар» ва ҳоказоларнинг фикрини ўйлашади. Бу эса Ўзбекистонда гендер тенглигининг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Мен кекса авлод вакилларини, урф-одатларимизни чуқур ҳурмат қиламан. Бироқ, кўпинча ёшларнинг тақдирини ўзлари замонавий жамиятга мослашмаган фуқаролар ҳал қилади. Уларда кўп саволларга ўзларида жавоб йўқ, бор бўлса ҳам замонавий ҳаётга тўғри келмайди. Биз оқсоқолларни ёши ва тажрибаси туфайли ҳурмат қиламиз, лекин уларнинг баъзи «маслаҳатлари» гендер тенглиги ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин.

Албатта, гендер тенглигини ривожлантириш муаммоси замонавий таълимнинг етишмаслигидир. Биз шахс сифатида ривожланишимиз ва технологик тараққиёт билан ҳамнафас бўлишимиз керак. Асосийси, инсоннинг ички бахти бўлиши керак. Бировнинг бахт ҳақидаги ғояларига мос келишга уриниш катта хатодир. Кўп аёллар ўзларини баъзи эскирган ижтимоий меъёрларга қурбон қиладилар, жамиятнинг айрим аъзолари уларни тўғри деб билишлари учун бахтларини қурбон қиладилар.

Ринат Сагитов: Анонимлик шартига риоя қилган ҳолда, амалиётингизда энг кўп учрайдиган гендер тенгсизлик ҳолатлари ҳақида гапириб берсангиз?

Екатерина Тимофеева: Шарқий оилаларда аёлнинг роли бутун ҳаётини оилага бағишлаши керак бўлган, ҳамманинг хизматида бўлган одам сифатида тушунилади. Кўпинча бу психологик муаммога айланади. Ажралиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Аёл баъзи ҳолларда никоҳ унга бахт келтирмаслигини тушунади ва аёл ажрашиш учун ариза беради. Ажралишдан кейин у «эркакка айланади», болаларнинг боқувчиси, тарбиячиси бўлади. Бундай вазиятга тушиб қолган аёллар ҳаётда ўз ўрнини йўқотиб, аёл бахтига оид “дастурларини” йўқотади. Улар бахт излаб таваккал қилишни ҳам хоҳламайдилар.

Аёллар бахтли аёл бўлиш нимани англатишини тушуна олмайди. Болалигидан қизларга бахтли бўлишга эмас, балки «ёқимли» бўлишга ўргатилади ва гўё бу унинг бахтини кафолатлайди. Яъни, бундай «дастур» қизларнинг онгига «юкланади». Аммо ҳаёт бундай афсоналарни йўқ қилмоқда. Менинг мақсадим, психолог сифатида, жинслараро алоқалар «дастурини» ўзгартириш.

Бу муаммо бир аёлники эмас, бундайлар кам эмас. Жамият турли одамлардан иборат.  Одамлар қанчалик бахтли бўлса, жамиятдаги психологик муҳит шунчалик яхши бўлади. Аёллар болаларни тарбиялайдилар ва уларга бахт ғояларини ўтказадилар. Бахтсиз аёл бахтсиз болаларни англатади. Шунинг учун, асосий нарса – бахт. Бахт тебранишлари жамиятда унинг барча аъзоларига узатилиши мумкин. Агар она тушкунликка тушган бўлса, унда оиладаги ҳамма ўзини ёмон ҳис қилади. Шунинг учун ички бахтнинг ҳолати аёллар учун муҳим мавзудир.

Ринат Сагитов: Ўзингизга ушбу мавзу бўйича энг муҳим саволни беринг.

Екатерина Тимофеева: Шуни таъкидлашни истардимки, гендер тенглиги мавзуси яқинда тасодифан кўтарилгани йўқ – бу унинг пишиб қолганини ва уни ҳал қилиш вақти келганини англатади. Жамиятимизда гендер тенглиги мавзусининг долзарблиги жамиятнинг у билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга тайёрлигини кўрсатади. Ўз навбатида, амалиётчи психолог сифатида мен аёлларга бахт излашда ва орзуларини рўёбга чиқаришда ёрдам бераман. Мен қўлимдан келганча гендер тенглиги ғоясини илгари суришда ёрдам беришга тайёрман.

Суҳбатдош РИНАТ Сагитов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг