Ниёз Ражабзода

0
1657
Фото: Баҳром Ирзаевнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди

Ниёз Ражабзода 1898 йил Бухоро шаҳрининг Усмонхўжа гузарида дунёга келган. Отаси Ражаб Абдураҳмон ўғли астраханлик узбеклардан бўлиб, Бухорога мадрасада ўқиш мақсадида келган эди. У Бухорода қолиб мударрислик қилган ва бухоролик қиз билан оила қурган. Мазкур оилада дунёга келган Ниёз ёшлигидан аввал жадид мактабида, сўнг рус-тузем мактабида ўқиди.

Мадраса таҳсилини олиб ўз даврининг етук инсонларидан бирига айланди. Ниёз Ражабзода мактаб ўқувчиси вақтидаёқ Бухородаги жадид газеталарида, Самарқанддаги Беҳбудийнинг “Ойина” журналига ўзининг турли мавзулардаги мақолалари, шеърлари билан иштирок этиб юрди. Жумладан, 1915 йил “Ойина”да босилган “Ибтидоий мактабларимизнинг тартибсизлиги ёҳуд тараққийнинг йўли” мақоласининг ўлкадаги бошланғич мактаблар ҳақида: “… хоҳ Бухоро, Самарқанд, Тошканд, хуллас, умум Туркистон шаҳарларинда бўлган мусулмон қариндошларимиз инсоф ила фикр қилсалар, мактабларимизни кўп паришон ва беинтизом ҳолатда кўрарлар.

Муддати таҳсил кўп узоқ бўлганлиги учун кўп кишилар болаларини 8 – 10 йил мактабга қўёлмайдурлар. Чунки қудрати истеъдодлари етмайдир. Шунинг учун мактабда юрган болаларимиздан 8 ё 10 нафардан 2 ё 3 нафар аҳли савод бўлуб чиқадурлар”. Унинг фикрича, диний билимларни чуқур ўрганиш зарур, лекин “ҳунарлик ва бой бўлмоқ учун албатта илму маърифат лозимдур.

Илму маърифат учун мактаб, мадрасалар ислоҳ қилинуб, низом ва тартибга киргизулмоғи лозимдур. Англия, Германия мамлакатлари”, дейди у, илм-фан тараққийси натижасида “ер юзининг бойликларини ўзларига қоратуб олибдурлар”. Илм-маърифатдан маҳрум бўлган миллат эса, “санъат ва ҳунар соҳиби бўлган миллатларнинг оёғи остида эзилурга мажбур бўладур” дейди.

Жадид мактабларида муаллим бўлган Ниёз Ражабзода Бухоро Халқ Жумҳурияти тузилганидан сўнг Фитратга шогирд тушиб, Бухоро миллий мусиқа мактабида иш бошлайди.

Ниёз Ражабзода 1922 йил Бухоро ҳукумати томонидан Туркияга ўқишга борадиган бўлди. Бироқ, ҳужжатларидаги камчилик туфайли қори Босит Муҳаммедов раҳбарлигида 20-25 нафар бухоролик ёшлар орасида Москвага илм олиш учун юборилади. Ниёз Ражабзода саккиз ой давомида педагоглар курсини тугатиб Бухорога қайтади.

Ниёз Ражабзода Бухорода мутафаккир Фитрат асос солган Шарқ мусиқа мактабида мудир вазифасида ишлади. У миллий мусиқамизнинг тарихи кейинги авлодларга уларни безарар етказиб бериш мақсадида жиддий кураш олиб борди.

Фото: Баҳром Ирзаевнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди

Ота Жалол, Ота Ғиёс, домла Ибодийлар билан бу борада кенг тадқиқот олиб борди. Ниёз Ражабзода 1925 йил “Маориф ва ўқитувчи” журналининг илк сонида ўзининг “Осиёда мусиқийли театрулар” мақоласи билан иштирок этди ва ҳинд драма мусиқаси тарихи, жанр турлари ҳақида ўзбек ўқувчиларига хабар беради.

Журналнинг 1926 йил 4 – сонида чоп этилган “Энг эски ўзбек куйлари” мақоласида ҳам Ражабзода ўзини миллий куйларимизнинг ҳақиқий билимдони, мусиқашунос сифатида кўрсатади.

Мазкур журналнинг 1925 йил 2-сонида босилган “Танбур” мақоласида миллий танбур созимизнинг тарихи Шарқ ва жаҳон мусиқасидаги ўрнига алоҳида тўхталади. Муаллиф фикрларининг ҳамон долзарблигини инобатга олган ҳолда шу ерда тўлиқ келтириб ўтсам:

“Гўзал санъатларимиз қаторида мусиқамизнинг тарихи ҳам текширилмаган. Жон озиғи бўлган мақомларимизнинг тузилиши ҳар вақт ўзига таъсир билан бизни тортиш каби, мусиқамизнинг шундай хусусиятларин сира ўйламаймиз.

Ҳолбуким, мусиқамизнинг тарихий бетлари қоронғу пучмоқларидан битиб кетмоқдадир. Бу кунги 15-20 турли мусиқа қуролларимизнинг, ўзига махсус анча тарихий бети бордир. Бир оз текширсак, гўзал санъатларимиз учун жуда ҳам муҳим парчалар юзага чиқорармиз. Ўзининг мунгли товуши билан мусиқа қуролларимиз орасида айирмали бўлган “танбур” куйларимизнинг таъсирини англатишда биринчи ўрин тутодир.

Тарих бетига кўз солсак танбурни чолғуларимиз орасида энг эски ва энг тугал, тўкис эканлигини кўрамиз. Мусиқа билан таниш кишиларга белгили ким, танбур бутун чолғуларимизнинг негизи ва қулоғувзидир. Бундан ўзга тарихимизда бармоқ билан санайтурган буюк мусиқийчиларимизнинг кўписи Шарқ мақомларининг негизи саналган Бузрук, Наво, Сегоҳ… каби нафис куйларимизнинг юзда саксонин шул танбур орқали янглишсиз оладирлар. Қолган чолғулар эса куйларни олишга танбур қадар қулайлик бера олмайдир.

Демак, бу қуролни “Шарқ пианоси” демак жуда ярашадир. Чинданда пиано Оврупонинг бутун мусиқачиларига бирдан бир қурол бўлиб, энг машҳур опералар, энг олдин пиано билан тузулганлари каби Шарқнингда энг донгли мақомлари танбур билан олингандир.

Танбур ёлғиз чолғуларимиз учун бўлмаган балким ҳар бир мусиқий севгучига қулоғуз (далил) бўлмиш, мусиқачиларимизнинг қандайда бўлса қийин масалага мурожаат қилатурғон ўринлари бўлган мусиқий қуроллар орасида Наво, Сегоҳ, Ироқ… каби, киши табиатига жуда кўп таъсир этадурғон куйларимизни истаганимизча чолишимиз учун мос қурол яна шул танбурнинг ўзгинасидир. Зотан танбурнинг ўзига махсус бўлган чолиш йўли (услуби тараннуми) мусиқамизнинг асосий услубига унча катта таъсир этгандир ким, юқоридаги куйларимизнинг барчасига танбур мусийқи десакда тўғридир.

Турли миллатларнинг мусиқага қараши кўнгил тортишларини текширган ҳукамоларнинг сўзига кўра, мусиқани тинглаганда ҳар миллатнинг тилаги бир турли эмасдир. Масалан, Оврупонинг ғарби ва шимолий ёқларида яшагувчи миллатлар бир вақтларда мусиқани, ёлғиз ўюн (рақс) ўлтиришларида қўллаганлар. Ўюндан бошқа яна бир талай ашулалар айтишса ҳам бироқ, бунинг аҳамияти бурунғидан паст бўлиб иккинчи ва учинчи қаторда турадир эди. Бу сўнгги чоқларда битган опералар ҳам шундан қолма нарсалардир.

Шарқ ўлкасида мусиқий билим негизида ёқимлик товушлар куйлар, ҳаволар қабул этилгани учун бунга жон озиғи деганлар. Шарқ мусиқийсида басталанган куйларнинг кўписи руҳ ва фикрга ёқадирган шоирона нукталардан, сўфиёна, зоҳидона ҳикматлик сўзлардан тузилган шеърлардан терилиб басталангани учун кишилик сезгиларининг ҳар турлисини, масалан қўрқув, хавф, ҳиддат, шиддат…ларни мусиқий орқали чолиш мусиқий чегарасидан чиқорилмиш. Шунга кўра, мусиқийчиларимиз бу йўлда тажрибаларга киришмакни керак топмағонлар.

Бу кунги қўлимиздаги Шарқ мусиқа битикларидан, ёқимли ҳаволардан сўз очиб, бундан ўзгасини кўздан ташлаб юборилмишдир. Мана энди Оврупода бўлса мусиқани театру саҳнасига татбиқи натижаси ўлароқ бу каби турли кишилик сезгиларини мусиқа орқали жонлантириб кўрсатишга мажбур бўлган. Оврупо мусиқийчилар ўшал куйларни ёқимлик товуш билан чолиб бўлмаганликдан Шарқ мусиқийсидан чиқорилмиш ҳалиги сургун мусиқанинг бир бўлаги санаб мусиқаларига киргизиб қўллашга мажбур бўлганлар.

Бир билимда ғоя, тилак, санъат, маҳорат қайси ёқда бўлса тараққий ва билимнинг ўшал ёғинда бўлиши белгилик. Шунга кўра Шарқ мусиқасида негиз тутилган ёқимлик куйлар кўп тараққий этган. Қай бир Шарқ мақомларини Оврупо куйлари билан чоғиштириб кўрилса, Шарқ куйларининг қанча бой, турли товушга эга эканлиги билинадир. Энди Шарқнинг шунча нозик, юрак ёндирғувчи куйларин бизга кўрсатгувчи бир из бўлса улда танбурдир.

Классик мусиқамизни шундай тасаввур этиб бўладир. Шарқ тарз меъморисинда ясалган муҳташам безанган катта бир уй юқорисинда мусиқийчилар учун махсус бир ўрин, бир танбур камонча ила икки танбур тирноқ ила бир қовуз. Булар ила бирликда уч гўзал товушлик ашулачи танбурнинг мунгли товушлари билан Ироқ, Наво каби донгли бир мақомдан бошлайдир. Буни тароналари билан уфорга етиб, шипоришига топширадир. Энди табиий бундаги тинглагувчилар сўз сўзламакка эмас, балким нафас олмоқни ҳам тўхтотиб туришни ўзларига лозим билиб қоладирлар.

Шарқ куйларининг мазасини, шундай асбоблари тугал ўриндан англамаса, бошқа бир ердан англаб бўлмайдир. Бунда кўрсатилмиш мусиқа қуролларимиз чиқиши товушлари бир бирига шундай қоришадир ким, буни эшитгувчи ўзини кўклам чоғининг энг гўзал кўнгилли бир кунида, тоғлар устида, булоқлар ёнида, гуллар орасида, сувнинг шилдир-шилдир қилиб оқиш товушини эшитиб тургандай бўладир”.

Ўзбекистон Республикаси ташкил этилгач, Ниёз Ражабзода Маориф Вазирлиги қошидаги “Давлат илмий кенгаши” ишга таклиф этилади. У етук педагог сифатида таълим самарадорлигини ошириш мақсадида ҳамкасбларига ўзининг тажрибаларини улашди.

Фото: Баҳром Ирзаевнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди

Тинимсиз меҳнат қилиб қатор дарслик ва қўлланмаларни ўзбек тилига таржима қилди. Айни пайтда “Маориф ва ўқитувчи” журналида ҳам қатор мақолалари билан қатнашди. Жумладан, 1925 йил журналнинг 5-6 – сонида “Деворий газеталар”, 11-12 – сонида “Экскурция тўғрисида”, 1927 йил 3-4 – сонида “Иш мактабларида виставка масаласи”, 7-8 – сонида “Усули таълим методлари”, 10-11 – сонида “Марксизм ва ГУС программаси”, 1929 йил 2-3 – сонида “Қишлоқ мактабларида ҳавони текшириш”, 6 – сонида “Русча туркча луғат”, 7-8 – сонида “Бошланғич мактабларда экскурция билан ишлаш” мақолаларини келтириб ўтиш мумкин.

Энг муҳими Ниёз Ражабзоданинг 1929 йил “Маориф ва ўқитувчи” журналининг биринчи сонида босилган “Педология” мақоласидир. Ундаги мулоҳазаларидан бугунда мавжуд анчагина муаммоларга ҳам жавоб топишимиз мумкин. Жумладан:

“Фанний тарбия – педагогия дунёсида энг муҳим бир фан педологиядир. Педология деб боланинг маълум бир муҳит ичида олган тарбиясидан келиб чиққан одат, хулқ, ўз-ўзини тута билиш ва айрим хусусиятларини ўрганишга ёрдам берадиган ва буларнинг томирини текширишга, ўрганишга ҳамда шу ўрганишлар натижасида маълум бир нуқтага тўхталиб бир фикрга келиб, унга қарши тегишли чоралар кўришга йўл очадиган фанга – педология фани деб аталади.

Педологиянинг кўрсатган йўллари ва программалари билан яхши таниш бўлганда ва ўшалар бўйинча ишлагандагина унумлик натижалар олишга, яъни болалардаги хусусиятларни ўрганишга мумкин бўлар деб бўладир. Масалан, боладаги тушуниш-ўзлаштириш, ўрганган нарсаларини хотирада сақлаш, ишга ҳам муҳитдаги тузулиш шартларига бўлган муносабатларини, шунингдек, ундаги одат, хулқ, хусусиятларин ўрганиб бўладир.

Болани ўрганиш – ўзини чин ўқитувчи, мураббий деб атаган ҳар бир кишининг биринчи вазифасидир. Негаким, ўқитувчи бўлган киши, педология билан яхши таниш бўлиб боладаги етишмасликларни сезиб, унга қарши чора кўриб, болани тузатиб, табиий бир ҳолга келтира оладир. Агар ўқитувчи шу нарсадан маҳрум бўлса, у паллада унга тегишлик чора ҳам кўра олмайди, болага керак бўладиган тарбияни ҳам бера олмайди.

Берган билими, тарбияси бола учун ё жуда оғир ёки жуда енгил бўлиб, боланинг мактабда ўтган умрини бўшға ўтказган бўлур. Бунинг билан ўқитувчи ўз вазифасини бажаролмаган бўлиб, боланинг бузулишига сабаб бўлган бўлади. Мана бу ҳол натижасида бола билим тарбия олиш ўрнига, нодон, ҳеч бир ишга яроқсиз бир йўсинда бўлиб қоладир. Шу аҳволнинг бўлмаслиги, болани керагича тарбиялаш учун бола тарбия этгувчининг педология билан таниш бўлиши лозим.

Физика билан риёзиёт – муҳандис ва техникка қандай фойда берса, педология фани ҳам педагогга ўшандоқ, балки ундан ҳам ортиқ фойда берадир. Физика муҳандисга таббиий қонунларни ўргатганидек, педология ҳам педогогга табиий қонунларни ўргатади. Бироқ, бу ўргатиладиган табиий қонунлар боланинг муҳитида бўлади. У ўзида материални боладан ҳам боланинг муҳитидаги нарсалардангина оладир…

Педология жуда ёш фан. Унга 1786 йилда немис олими Тедиман асос солган эди ва ўтган вақт мобайнида алоҳида фан сифатида жуда кўп олимлар томонидан ривожлантирилди.

Аксарият педагогларнинг тажриба ва текширишларига кўра боланинг ёши кўп вақт гувоҳномасида кўрсатилган ёшга тўғри келмайди. Масалан, боланинг туғилганига 9 йил бўлган бўлса, унинг бадани, ақлий томони ёлғиз 6-7 ёшлик бола қадар бўлиши мумкин. Бунинг аксинча туғилишига 9 йил бўлган бир боланинг ақли ҳам бадани етишганлиги билан 10 ёшлик қаторида бўлиши мумкин. Бу тўғрида машҳур педагог Блунский шу мисолни келтиради: инглиз олимларидан Берть 1916 йилда болаларнинг ёш ва ақлий томонларини текширган ва шундай натижаларни олганди.

Берть шу текшириш вақтида бир йилда туғилган болаларнинг ақлий ҳам жисмоний томондан ҳар хил бўлганларини, яъни турли ёшда бўлганларини кўргандир. Масалан, 11 ёшлик болалардан фақат 30,9% жисмоний ва ақлий тарафдан 11 ёшлик бўлган. Шулардан қолган 29% 10 ёшлик, 10,9% 9 ёшлик, 17,7 % 12 ёшлик, 6,2% эса 13 ёшлик бўлиб чиққандирлар. Бу текшириш бизга ёшлари бир бўлсада бироқ, жисмоний ҳам ақлий томондан бошқача ё катта ё кичик бўлганини кўрсатади.

Юқоридаги сифралардан хулоса: биз мактабларимизга қабул этган паллада ишни боланинг ёшига қараб синфларга бўламиз. Мисол, 7 ёшликларни тўплаб уларга бир хил вазифаларни бериб улардан талаб қиламиз. Ваҳоланки, улар 7 фақат қоғозда 7 ёш бўлади. Амалда 6 ёшлик ёки 8-9 ёшликлари ҳам бўлади. Демак, синфнинг бир қисмига ўқитувчи берган юк тўғри келади, қолганларига эса яроқсиз бўлади.

Табиий, бу аҳвол билан ишлаш ўқитувчининг ўзига ҳам оғирдир. Бири тушунади бошқаси ҳеч нарсани англамайди ҳам. Ёши тенг ақл даражалари турли бўлса бир қисми синфда қолдирилса бу давлатга зиён. Айнан педологияни тарғиб этиш ва йўналишда ўқитувчиларга керакли ахборот берадиган зарурий адабиётларни кўпайтириш вақти келди” дейди.

1932 йил Ниёз Ражабзоданинг отаси Ражаб Абдураҳмонов олтин савдоси билан шуғулланган деган айблов билан ҳибсга олинади ва беш ой давом этган қийноқли терговлар вақтида вафот этади. 1937 йил Бухоро шаҳридаги Файзулла Хўжаев артели қошидаги ФЗУ мактаби 2-педагогика билим юртида она тилидан дарс бераётган Ниёз Ражабзода бир неча маротаба сўроққа тортилди.

Бу вақтда унинг оила аъзолари турмуш ўртоғи Мастурахон (25 ёш), синглиси Саодатхон (14 ёш) ҳамда ўғиллари Маҳмуджон (10 ёш), Ҳакимжон (6 ёш)лардан иборат эди. У “Катта қирғин” қатағонидан қутилиб чиқишга муваффақ бўлади.

Бироқ, Ниёз Ражабзода 1941 йил декабрда Муҳаммедов қори Босит яна 4 нафар сафдоши билан қамоққа олинади. 1942 йил 11-17 ноябрда уларга нисбатан отув ҳукми эълон қилиниб, кейинроқ 10 йиллик меҳнат тузатиш лагери билан алмаштирилди. Шу тариқа ажойиб педагог олим, таржимон, пулицист, мусиқашунос Ниёз Ражабзода ҳам шўро тузумининг қатағон сиёсати қурбонлари қаторидан ўрин олди…

Баҳром Ирзаев,
тарих фанлари фалсафа доктори 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг