Яман уруши бошланишидан тўрт йил олдин Али Муҳаммад ўзининг камбағал ва тоғли ҳудудидан Саудия Арабистонига чегарани кесиб ўтиб ишлар эди.
Аммо чегара ҳудудларидаги жанжаллар уни узоқ вақт қишлоғида ишсиз қолиб кетишига ва натижада, икки яшар ўғли Муатнинг “қоқ суяк ва терига” айланишига сабаб бўлди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунёдаги энг ёмон гуманитар фалокат, деб таърифлаган Ямандаги можаро, энг қашшоқ араб давлатларидан бири бўлган мамлакатни очарчиликка маҳкум этди, дея хабар бермоқда Reuters агентлиги.
Уруш оқибатида ёрдам, ёқилғи ва озиқ-овқат келиб турган транспорт йўллари қисқарди, импорт камайди ва кучли инфляция бошланди. Давлат секторида иш ҳақи тўланмагани, можаролар одамларни уйларидан ва ишларидан маҳрум қилгани сабабли уй хўжаликлари ўз даромадларини йўқотдилар.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда минглаб яманликлар мамлакатни тарк этди. Аҳолининг қарийб 80 фоизи гуманитар ёрдамга муҳтож.
«Ҳеч қандай иш йўқ, мен фақат уйда ўтирибман, – деди Али Муҳаммад шимоли-ғарбдаги Ҳажжа вилоятидаги ўз қишлоғидан. – Ишлар яхши эди, Худога шукр, лекин урушдан кейин биз Саудия Арабистонига бора олмай қолдик… Бу вазият шундай давом этар экан, биз учун ҳеч қачон иш бўлмайди».
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Яманда очарчилик ҳолати ҳақида эълон қилмади, аммо 10 миллионга яқин одам очарчилик арафасида турганини айтди.