Ўзбекистон келаси 20 йил ичида қарийб сувсиз қоладими?

0
2717

Дунё аҳолиси сони ўсиши, гўшт истеъмоли ошаётгани, суғорма деҳқончилик, иқлим исиши ва иқтисодий ривожланиш биргаликда дунёда сув захиралари камайишига олиб келмоқда дея маълумот бермоқда.

Жаҳондаги 400 минтақа ёки ҳудудда ҳозир сув ўта тақчил.

Бу борадаги тадқиқотларни эълон қилган WRI ёки Жаҳон Захиралари Институтига кўра, сув етишмаслиги сабаб миллионлаб одамлар бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлиши, урушлар ва сиёсий нотинчликлар юзага келиши мумкин.

Туркманистон аллақачон Марказий Осиёдаги энг сув тақчил мамлакат. Минтақанинг сув етмайдиган иккинчи мамлакати – Ўзбекистон.

Аммо келаси 20-25 йил ичида Ўзбекистон ҳам жаҳондаги энг сувсиз давлатларда бирига айланиши кутилади.

Сув – халқаро муаммо

Энг кўп чучук сув дунёда суғориш учун ишлатилади. Кейинги ўринда саноат келади.

Бугун Яқин Шарқ, Ҳиндистон, Покистон, Ботсвана, Эретрия ва Туркманистонда сув жуда тақчил. Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳам аллақачон муайян ҳудудларда сув тақчиллиги сезилади.

Чили ва Туркиянинг қатор минтақаларида ҳам сув етишмайди.

Хитой ва Россияда сув захиралари етарли, аммо бу икки мамлакат пойтахтлари – Пекин ҳамда Москвада сув етмайди.

Европада эса Италия ва Испания бугун сув тақчиллиги муаммоасига юз тутмоқда. Бир сабаби – туризм.

Сув қаерга кетмоқда?

Охирги ярим асрдан кўпроқ вақт ичида ёки 1961-2014 йиллари давомида дунёда сув истеъмоли 2 ярим баравар ошган.

Айниқса, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун чучук сувнинг 67% сарфланади.

Ўзбекистонда, масалан, пахтани суғориш учун ишлатилган сув туфайли Орол Денгизи қуриган. Бу нафақат сув тақчиллигини кучайтирди, балки Ўзбекистон экологиясини ҳалокат ёқасига келтириб, инсонлар саломатлигига жуда салбий таъсир кўрсатди.

Дейлик, Ўзбекистон ҳудудининг ярмидан кўпи шундоқ ҳам Қизилқум саҳроси ва унга ёндош чўл-дашт минтақаларидан иборат. Бироқ Орол денгизи ўрнида янги, Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Бу саҳро эса пахтадан чиққан пестицид ва бошқа заҳарли ўғитларга бой.

Шамол учирган айни захарли моддаларни юзлаб чақирим узоқда яшовчи миллионлаб одамлар ҳаво орқали ютишади.

Ўзбекистон ҳозир Орол ўрнида саксовул экиб, бу қумларнинг осмонга кўтарилишини жиловлаб, одамларнинг яшаши учун шароитларни яхшиламоқда.

Аммо шу суратда Орол тубини ўрмонга айлантириш учун 150 йил вақт керак.

Бутун дунёда чучук сувга эҳтиёж ошиб бормоқда.

Бир ечим – инсонлар мол гўшти ейишни камайтириши керак. Чунки қорамол учун кўп сув кетади.

Шунингдек, пахта каби экинлар ҳам сувталаб саналади.

Тожикистон ва Қирғизистон тоғларидаги музликлар ҳам иқлим исиётгани сабабли жадал эриётгани айтилади.

Расмийлар аллақачон қатор музликлар кичрайгани ё чекинганини айтишган. Келаси ярим аср давомида бу жараён тезлашиши мумкин.

Сув ва уруш

БМТнинг Саҳролашишга Қарши Конвенциясига кўра, чул ва ярим чўл минтақалардаги аҳвол ҳозиргидек давом этса, 2030 йилга бориб, 24 миллиондан токи 700 миллионга яқин одам ўз уй-жойларини ташлаб, бошқа яшайдиган жой излашга мажбур бўлишади.

Исроил, Ливия, Яман, Афғонистон, Сурия ва Ироқ каби давлатларнинг аксариси нотинч. Сув тақчиллиги эса бу мамлакатларда тинчлик ўрнатишни қийинлаштириб, янги низоларни келтириб чиқариши мумкин.

Миллионлаб қочқинлар келиб ўрнашган Иордания ва Туркияда ҳам қатор ҳудудларда сув етишмайди.

Сувни тежаб ишлатиш, қайта ишлаш ҳамда сув истеъмолида энг сўнгги технология ва инновацияларини қўллаш муаммога ечим сифатида кўрилади.

Сингапур «Тўрт жўмрак» номли сув йиғиш тизимини ишга туширган.

Исроил дунёдаги сувни энг кўп қайта ишловчи давлатлардан ва бу борада энг сўнгги технологияни ишга солади.

Айрим мамлакатларда денгиз сувини кичик миқёсда чучуклаштириш тажрибалари йўлга қўйилган.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг