Усмонийлар империясининг ўнинчи султони бўлмиш Сулаймон салтанатини мисли кўрилмаган қудратга эга бўлишини та’минлади. Буюк саркарда шунингдек, оқилона қонунлар муаллифи, янги мактаблар асосчиси ва ме’морий обидалар қурилишининг ташаббускори сифатида ҳам танилган.
1494 йилда турк султони Салим ҳамда унинг хотини – қрим хонининг қизи Ойша Ҳафса фарзанд кўрдилар, унга Сулаймон, деб исм қўйдилар. Бу шаҳзоданинг тақдирига келажакдаярим дунёни забт этиш ҳамда мамлакатини қайта ислоҳ қилиш ёзилган эди.
Бўлажак султон Сулаймон Истамбулдаги сарой мактабида таҳсил олиб, ўша даврнинг энг мукаммал билимларини эгаллади, болалик ва ўсмирлик чоғларини китоб мутолааси ҳамда ма’навий ўсиш билан ўтказди. Эрта ўсмирлик чоғлариданоқ у учта вилоятга ҳокимлик қила бошлади. Сулаймон тахтга ўтиришидан аввал Усмонийлар салтанати аҳолисининг меҳрига ва ҳурматига сазовор бўлди.
Сулаймон 26 ёшида тахтни эгаллади. Венециялик элчи Бартоломео Контарини уни қуйидагича тасвирлаган:
“Баланд бўйли, истараси иссиқ. Унинг бўйни одаттагидан узун, юзи ингичка, қирра бурун, териси рангпар. Халқ уни доно ҳукмдор сифатида таърифлар ҳамда оқилона ҳукмдорлик қилишига ишонади”.
Сулаймон аввалига бу ишончни оқлади. Ҳукмдорлик даврини халқпарварлик ҳисси билан бошлади – отаси томонидан босиб олинган мамлакатларнинг юқори мартабали асирларини озод қилди. Бу ҳаракати билан чет эл мамлакатлари билан муносабатни яхшилаб, улар билан савдо-сотиқ алоқасини йўлга қўйди.
Сулаймон И ҳукмдорлиги даврида майда урушларни ҳисобга олмаганда 13 та йирик ҳарбий юриш қилди, улардан 10 тасини Европа ҳудудида амалга оширди. Бу пайтга келиб Усмонийлар империяси Жазоирдан то Эронгача бўлган ҳудудда ястаниб, мисли кўрилмаган даражадаги қудратга эга бўлди. У даврларда “Турклар дарвоза яқинида”, деган ибора европаликлар учун ваҳиманинг ўзи эди, ҳукмдорини эса дажжол билан тенглаштиришар эди.
Сулаймон тахтга ўтирганидан бир йил ўтиб Венгрия чегарасига қараб юриш қилди. Турк қўшинларининг ҳужуми натижасида Шабац қалъаси ишғол қилинди. Шундан кейин ғалаба кетидан ғалаба келаверди –мағлубият нималигини билмаган усмонийлар Қизил денгиз, Жазоир, Тунис, Родос ороли, Тебриз ва Ироқни забр этиб, у ерларни ўз назоратлари остига олдилар.
Қора денгиз билан Ўртаер денгизининг шарқий ҳудудлари ҳам жадаллик билан ўсиб бораётган Усмонийлар салтанатининг ҳаритасидан жой олди. Венгрия, Словения, Трансилвания, Босния ва Герцоговина каби давлатлар ҳам султонга бўйсинар эди. 1529 йилда турк султони катта кетиб, Австрияга қарши юруш бошлади ва 120 минг нафарли қўшини билан пойтахтга ҳужум уюштирди. Бироқ у ерда тарқалган эпидемия Венани ишғол қилинишдан асраб қолди ҳамда турк қўшинининг учдан бир қисмининг қирилиб кетишига сабаб бўлди. Шундан кейин шаҳар қамали бекор қилинди.
Султон Сулаймон фақатгина Российягагина жиддий юрушларни уюштирмади, чунки уни на бир ҳаракату ва на бир пул сарфлашга арзимайдиган хилват бир вилоят, деб ҳисоблар эди.
Султон Сулаймоннинг ҳукмдорлик даврининг охирига келиб Усмонийлар империяси мусулмон оламининг тарихдаги энг буюк ва қудратли салтанатига айланди. Бироқ ҳарбий ҳаракатлар давлат ҳазинасига жиддий зарар етказар эди – ҳисоб-китобларга қараганда, 200 минг ҳарбийлардан иборат бўлган қўшиннинг таъминоти тинч давр сарф-ҳаражатларининг учдан икки қисмини ташкил қилар эди.
Султон Сулаймонни Европада “Муҳташам”, мусулмон оламида эса “Қонуний” номи билан аташар эди. Унинг ҳаёт даври нафақат ҳарбий муваффақиятлардан иборат, балки мамлакатнинг ички ишларидаги фаолияти билан ҳам тўлган эди. Султоннинг топшириғи билан Иброҳим қози ХХ асргача тадбиқ қилиниб келинган қонунлар мажмуасини янгилади. Жазолаш ва ўлим ҳукми анча қисқартирилди, бироқ пул ва ҳужжатларни қалбакилаштириш, порахўрлик ва ёлғон гувоҳлик бериш каби жиноятлар устида қўлга олинганларнинг қўли аввалгидек кесилар эди.
Сулаймон шеърият шайдоси бўлган, шу билан бирга заргарлик, темирчилик ҳунарини ҳам чуқур эгаллаган, ҳаттоки ҳарбий юришлар учун шахсан ўзи замбараклар қуйган.
Султоннинг ҳарамида қанча канизаги бўлгани номаълум.Тарихчилар фақатгина султонга фарзанд туғиб берган маъшуқалари ҳақидагина маълумотларга эгадирлар. 1511 йилда 17 ёшли султоннинг биринчи маҳбубаси Фюлане исмли канизак бўлди. Унинг туғган фарзанди 10 ёшга етмаёқ чечак касалидан вафот этди. Ўғлининг вафотидан ҳеч қанча вақт ўтмай бу аёл сарой саҳнасида кўринмай қолди.
Султонга фарзанд туғиб берган икинчи канизакнинг исми Гюлфем хотун бўлиб, у ҳам ҳукмдорга ўғил тортиқ қилди. Бироқ бу бола ҳам чечак эпидемиясидан омон чиқа олмади. Шундан сўнг бу аёл ҳам султондан узоқлаштирилди, бироқ шунга қарамай ярим аср давомида унинг дўсти ва маслакдоши бўлиб келди. 1562 йилда Гюлфем Сулаймоннинг буйруғи билан бўғиб ўлдирилди.
Султоннинг расмий рафиқаси мақомини қўлга киритиш учун Моҳидаврон исмли канизак ҳам уриниб кўрди. Моҳидаврон 20 йил давомида ҳарам ҳамда саройда ўз та’сирини ўтказиб келди, аммо у ҳам султон билан қонуний никоҳ қура олмади. Ўғли Мустафо билан салтанат пойтахтидан ўғли ҳоким этиб тайинланган вилоятлардан бирига кўчиб кетишга мажбур бўлди. Кейинчалик тахт вориси ҳисобланмиш шаҳзода Мустафо отасига қарши исён кўтаришни режалаштиришда айбланиб, қатл қилинди.
Сулаймон Қонунийнинг аёллари рўйхатини шубҳасиз,ҳаммамизга таниш ва машҳур Хуррам хоним бошқаради. Келиб чиқиши словянлик бўлган бу канизак Галициядан асирга олиб келинган. Ҳарамда Роксолана исмини олди ҳамда ҳукмдорни мафтун этди: султон уни озод этиб, сўнгра қонуний никоҳига олди. Никоҳ маросими 1534 июлда расмийлаштирилди.
Роксалана қувноқ фе’л-атвори ва ҳамиша кулиб юргани учун Хуррам деб атала бошлади. Лекин Хуррам идеал кўринишга эга бўлмаган,атрофдагилар унинг ақли ва керакли жойда ишлата оладиган макр-ҳийласини қадрлашар эди. Тўпкапи саройида ҳарам ташкил қилган, кўпгина хайрия ташкилотларига асос солган Хуррам хоним рассом ва ёзувчиларга илҳом баҳш этиб турган.
улаймон Роксолананинг кўнглига қараган, унинг хоҳиш-истагини бажо келтирган. Бундан фойдаланган Роксолана эрига ўз сўзини ўтказган ва ҳаттоки султоннинг бошқа хотинларидан кўрган ўғилларини қатл қилишига ҳам эришган. Хуррам султонга Миҳримаҳ исмли қизни ва беш нафар ўғил туғиб берган.
Ўғиллари ичидан Салим отасидан кейин мамлакатни бошқарди, бироқ у ҳукмдорликни ўз ўрнига қўя олмади. Султон Салим кўпроқ ичкилик ва айш-ишратга ружу қўйган эди. Унинг ҳукмдорлик йилларида Усмонийлар империяси сўниб борди. Сулаймоннинг Хуррамга бўлган муҳаббати йиллар ўтган сайин камаймади, ҳаттоки хотинининг вафотидан кейин ҳам турк ҳукмдори бошқа никоҳ қурмади.
Кўпгина кучли мамлакатларни бўйсундира олган султон ўзи хоҳлагандек урушда омонатини топширди. Бу воқеа Венгриянинг Сигетавр қалъасини ишғол қилиш вақтида содир бўлди. 71 ёшли Сулаймон анча пайтдан бери подагра касаллигидан азоб чекиб келар эди. Касаллик борган сари кучайиб борди, султон ҳаттоки отда ҳам юришга қийналиб қолди. Табибларнинг қилган ҳатти-ҳаракатлари султонни асраб қола олмади.
Сулаймон султон 1566 йилнинг 6 сентябрида вафот этди.У қалъанинг асосий ҳужумига икки соат қолганда омонатини топширди. Султонидан айрилганини билган аскарлар тушкунликка тушишлари ва бунинг натижасида исё нкелиб чиқиши мумкин эди. Шунинг учун султоннинг ўлими ҳақидаги хабар қўшинга етиб бормаслик мақсадида сарой табиблари дарҳол ўлдирилди. Тахт вориси Салим Истамбулда ўз ҳокимиятини ўрнатгандан кейингина қўшинлар ҳукмдорнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитдилар.
Сулаймон нинг ҳаёти ҳақида бир неча ҳужжатли ва бадиий филмлар суратга олинган. Шулардан 2011 йилда экранга чиққан “Муҳташамюз йил” сериали айниқса диққатга сазовордир. Унда сарой ҳаёти, у ердаги фитналар томошабинга тўлақонли қилиб етказиб берилган. Сериалда султон Сулаймон ролини турк актёри Ҳалит Эргенч маромига етказиб талқин этган. Актёр томонидан яратилган бу образ султон ҳукмдорлиги талқинининг энг яхши намунаси, деб тан олинди.