“Турон”нинг узоқ йўли

0
2632
Сурат Баҳром Ирзаев томонидан тақдим этилди

Бошкентимизнинг тарихий қиёфасини асраб қолиш, нафақат туризм эҳтиёжлари учун, балки миллий қадриятларимиз, ўзлигимизни англашимиз учун ҳам улкан заруратдир.

Бугун Тошкентнинг тарихий қисми сифатида Шайх Ҳованди Тоҳур мажмуаси, Абулқосим мадрасаси, Чорсу, Кўкалдош мадрасаси, Ҳожа Аҳрор Валий масжиди ва Эски шаҳардаги айрим кўчаларни келтириб ўтиш мумкин. Афсуски, кўплаб янги қурилишлар ва асосий йўлларга яқинлик уларнинг ҳам қадимийлик файзига ҳалал бериб туради.

Сурат Баҳром Ирзаев томонидан тақдим этилган

Тошкент яқин тарихимизнинг энг ёрқин саҳифаларидан бири жадид тараққийпарварлик ҳаракатининг маркази эди. Қуйида тараққийпарвар боболаримизнинг ғайрат-шижоати билан бунёд этилган ва келгуси йили 110 йиллик юбилей санаси кутилаётган “Турон” кутубхонаси ҳақида ҳикоя қиламан.

1911 йил Тошкентдаги жадид тараққийпарварлари “Турон” санои нафиса жамиятини ташкил этиб, унинг низом ва дастурларини қабул қилади. “Турон” жамияти фаолиятида Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Низомиддин Хўжаев, Саъдулла Турсунхўжаев каби кўплаб тараққийпарварлар фидокорона фаолият олиб бордилар.

Халқ маорифини ривожлантириш, жадид мактабларини очиш, миллий матбуот ҳамда театр санъатини дунёга келтириш, Ватан, миллат озодлиги учун кураш ғояларини ишлаб чиқиш жамият аъзоларининг асосий мақсадига айланди.

“Турон” жамияти дастуридаги энг муҳим масалалардан бири – кутубхона ва қироатхона очиш эди. Жамият аъзолари кутубхона учун дастлаб ўзларининг шахсий китоблари, совға ва айрим кишиларнинг вақф қилиб қолдирган китобларини жамлай бошлайди. Жамият маблағига турк, татар, озарбойжон матбуоти газета, журналларини келтиради. Янгиларига обуна бўлади.

Сурат Баҳром Ирзаев томонидан тақдим этилди

1913 йил Абдулла Авлоний бошчилигида “Турон” театр труппаси тузилганлиги эълон қилинди ва Тошкентнинг Эски шаҳар қисми Махсидўзлик кўчаси 25 бинода “Турон” кутубхонаси ва қироатхонаси ҳам иш бошлади.

Айниқса, 1917 йил “Турон” жамият аъзолари –Мунавварқори Абдурашидхонов, Шокиржон Раҳимий, Юсуф Алиев, Абдулла Қодирий, Fулом Зафарий, Чўлпон, Маннон Уйғур каби тараққийпарвар зиёлилар хизмати билан кутубхона фаолияти мислсиз кенгайтирилади. Натижада яхшигина китоб хазинасига эга кутубхона ва қироатхона пайдо бўлди.

Шўролар ҳокимиятга келгач “Турон” кутубхонаси мустақил оммавий кутубхона сифатида иш бошлади. 1918 йил Ориф Келиблиевнинг вафоти муносибати билан Туркистон Комиссарлар шўроси унинг номини абадийлаштириш мақсадида 10 минг сўм миқдорида сармоя ажратади. Бу пулнинг катта қисми “Турон” кутубхонаси учун сарфланади ва кутубхона бир муддат “Килиблиеф шарафига очилган “Турон кутубхонаси” деб номланади.

Кутубхона 1919 йилнинг 10 ноябридан яна “Турон” номи билан юритилган. “Турон” кутубхонаси 1920 йилдан Тошкентнинг Эски шаҳар маориф шўъбаси ҳамда вақф шўъбаси қарамоғида бўлиб, 1927 йилгача унинг деворларида Муҳаммад Абдуҳ, Исмоилбек Ғасприрали, Жамолиддин Афғоний, Ризоуддин ибн Фахриддин, Мусо Жорулло Бегиев каби Ислом оламининг буюк уламолари суратлари осилиб турарди. Жавонлар Шарқнинг энг нодир асарлари, дунёнинг турли шаҳарларидан келган китоблар, газета ва журналлар билан тўла эди.

Кутубхона шўроларнинг жадид тараққийпарварларига қарши кураш кампанияси ортидан аввал ўз номидан айрилди. “Турон” 1928 йилдан “Октябрь” номи билан аталади. Шундан сўнг эса секин секин аввалги мавқеини йўқота бошлади.

1929 йил “Маориф ва ўқитғувчи” журналининг 6-сонида Ниёз Ражабзоданинг “Н” имзоси билан ёзган “Турон” эмас – “Ўктабр” мақоласи босилган. Унда “Турон”нинг ўша вақтдаги аҳволи ҳақида қуйидагиларни ўқиймиз:

“… Ҳозир кутубхонада йигирма мингдан зиёда асари ва тарихи мавҳум китоблар бор. Булардан 13000 таси Шарқ тилларига оид бўлиб қолғон 700 таси русчадир. Тил жиҳатидан текширганимизда ўзбек тилида бўлғон китоблар 55%, рус тилида 25% ва озорбойжон, тотор ва бошқа тилларда 20%дир.

Кутубхонада мана шундай қийматлик нодир асарлар бор: Силсиланома, Бўстон Шайх Саъдий, Интиҳоб Навоий (бу учови ҳам расмлик, нақшлик бўлиб 5000 минг сўмлик эски қийматга эгадир), танбур нотаси, Девони Ҳусайн Байқаро, Бобур мажмуаси, Туҳфаи шохий, Гулшанул мулук, Навоий куллиёти (булар қўлда ёзилғон – қалами), Шажараи Турк (эски босмаси), Қиссаси Рабғузий, Девони луғотит турк, 15 жилддан иборат арабча қомус ва энг муҳимида мундан бир минг йил илгари ёзилғон энг нодир бир арабча китобдир. Даврий матбуотдан 17 йилгача мана бу газета ва журноллар тўпланғон: “Туркистон вилоятини газети”, “Хуршид”, “Шуҳрат”, “Осиё”, “Самарқанд”, “Нажот”, “Садойи Туркистон” газеталари ҳам “Ойина”, “Деҳқон”, “Ислом” журноллари каби жадид матбуотлари ва 1918 йилдан 1927 йилгача мана бу газета журноллар олиниб, мукаммал суратда муқова қилинғон: “Қизил Ўзбекистон”, “Янги Фарғона”, “Зарафшон”, “Озод Бухоро”, “Овози тожик”, “Қумунист” (Боку), “Қизил яшлар” (Қозон), “Крестиан газети” (Қозон), “Сабанчи” (Пинза), “Янги овул” (Уфа), “Қизил юлдуз” (Тошкент), “Қизил Қазоғистон”, “Татаристон”, “Инқилоб қуёши” (Хива), “Ишчи” (Маскав). Русчадан: “Известия”, “Правда”, “Учителская газета”, “Пионерская газета”, “Заря Восток”, “Камсомолский правда”, “Рабучий газета”, “Правда Восток”.

Туркча, русча журноллардан: “Қизил йўл”, “Қизил тикон”, “Маориф маданият”, “Ишчилар дунёси”, “Баёнул Ҳақ”, “Шарқ”, “Ходими Ислом фирқаси”, “Изҳор ул Ҳақ”, “Ҳақиқат”, “Жайхун”, “Меҳнат армуғони”, “Ер юзи”, “Учқун”, “Нашри маориф”, “Тонг юлдузи”, “Болалар йўлдоши”, “Маориф”, “Шулаи инқилоб”, “Муштум”, “Чаён”, “Чўл чаёни”, “Мулло Насриддин”, “Тўқмоқ”, “Пионер”, “Туркман эли”, “Темир қозиқ”, “Кичкина ебдошлар”, “Яш ишчи”, “Санак”, “Шарқ қодини”, “Қизил Шарқ”, “Мухторият”, “Қумсумул”, “Болшевик”, “Хос Қайрат”, “Бизнинг йўл”, “Билим”, “Жонга мактаб”, “Қизил Қозоғистон”, “Иқтисодий хабарлар”, “Маориф ишчиси”, “Чотқи”, “Ислом”, “Маориф ва ўқитғувчи”, “Машраб”, “Янги йўл”, “Янги мактаб”, “Тонг юлдузи”, “Қизил Шарқ”, “Маориф, Жетакчи”, “Озод хотин”, “Фан ҳам дин”, “Киристиан”, “Уқу ишлари”, “Қалам”. Русча журноллардан: “Красная Нива”, “Огунюк”, “Прожектир”, “Кракадил”, “Болшевик”, “Краснаянуф”, “Новий мир”, “Искра”, “Безбожник”, “Народний учител”, “Красний библотекар”, “Наука техника”, “Красний фонорама”.

Демак, шу 1917 йил билан 1918 йил орасида 39 хил газета ва 78 номда турли журнал олдирилғон. Инқилобдан сўнг бутун иттифоқ доирасида чиққон бутун газета ва журноллар тамом олиниб тўпланғон. Ижтимоий ўзгаришимизнинг турли даврида турли соҳада чиққан даврий матбуотимиз, кутубхонада тамоман тўпланғонким бу бизнинг келгусимиз катта бой бир материал бўлиб хусусан илмий-тарихий текшириш иши билан шуғулланувчи ўртоқларга жуда катта хизмат қилғувсидир…”.

Назаримда муаллифнинг булар ҳақида бунчалик муфассал тўхталишидан мақсади, биринчидан, оммага кутубхонанинг қанчалик бойлиги ҳақида ахборот бериш бўлса, иккинчидан мазкур жараёнда унинг айрим кимсалар томонидан ўғирланишининг ҳам олдини олиш эди.

Муаллиф фикрини давом эттириб, “…Машҳур академик Бортўлд кутубхонага арабча китобларни мутолаа қилмоқ учун тўрт мартабалаб келиб кетди. Яхшиғина истеъфода қилиб жуда мамнун бўлиб, хотира ёзиб қолдирди. Профессор Чўпонзода: “Кутубхонанинг келажаги порлоқ, унда илмий, тарихий қийматли нодир асарлар бор” деб таъкидлаб ўтди. Мана шундай буюк алломаларнинг кутубхона тўғрисида бўлғон яхши қарашлари, келгуси кунларда унинг мавҳум бир илмий мавқега эга бўлиши тўғрисида айткан сўзлари шубҳасиз тўғри чиқади,” дейди.

Яна бир қизиқ маълумот, мақолада ёзилишича “1928 йилғи ҳисобға қарағанда газета журнол ўқувчиларининг сони 49217 кишига борғон, китоб мутолаа қилувчилар 5682 га етган. Ўқулғон китоблар 6879 та мана бу рақамлар омманинг кутубхона ва қироатхонаға бўлғон қорошини ундан нақадар яхши фойдаланғонини очиқ кўрсатадир», дейилган. Бу эса ўша замон учун ниҳоятда катта кўрсаткич эди. Дарҳақиқат “Турон” 1928 – 1993 йиллар давомида “Октябрь” номи билан аталди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг “Турон”нинг номи қайтарилди-ю, аввалги мавқеи қайтарилмади. Хатто, 2008 йил Тошкентнинг Эски шаҳар қисмини қайта қуриш муносабати билан кутубхонанинг қадимги биноси бузилиб, кутубхона пойтахтнинг чекка бир ҳудудига кўчириб юборилди…

2019 йил 26 декабрь куни Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейи очилди. Адиб музейига кираверишда миллийлик анъаналари ва замонавий имкониятлар уйғунлиги асосида қурилган янги бинода “Турон” кутубхонаси ҳам иш бошлади. Ҳозирда “Турон” кутубхонаси фондида жами 400 000 га яқин китоб, газета ва журналлар мавжуд.

Шу ўринда айтиш керакки, бугун матбуотда эълон қилинган материалларда “Турон” кутубхонасининг ташкил этилган санаси ҳам турлича. Бир манба 1913 йил деса, бошқаси 1914 йил, яна бирида 1918 йил кўрсатилган. Албатта, кўрсатилган саналарнинг ҳар бирида ўзига хос ҳақиқатлар мавжуд.

Масалан, 1913 йил бу “Турон” театрининг ташкил этилиши ва “Турон” кутубхона ҳамда қироатхонасининг мазкур бинода иш бошлаши билан боғлиқ. Бизнингча, “Тўрон” кутубхонасининг ташкил этилган санасини 1911 йил “Турон” жамиятининг тузилиши билан бир деб ҳисоблаш керак.

Яна бир таклиф “Турон” кутубхонасига миллий кутубхона мақомини бериб, унда Туркистон жадид тараққийпарварларининг барча илмий-ижодий, педагогик (дарслик ва ўқув қўлланмалари), адабий меросини (улар томонидан ёзилган драмалар, тўпламлар, баёзлар) тўплаш, жадид матбуоти намуналарини жамлаш лозим.

Абдулла Қодирий музей мажмуаси ҳузурида Туркистон жадид тараққийпарварлари илмий адабий меросини ўрганиш Маркази таъсис этилса яна ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Баҳром Ирзаев
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг