Тошкентдаги турли динлар мозорлари

0
1087
Фото: М.Тошпулатова

“Қабристонлар – бу марҳумлар учун керак емас!

Бу тириклар учун зарур”.

 

2-қисм

“Неча минг оқиллар қолди Сибирда, жасадлар руҳсиз танда мозор ўлди”, дейди Абдулла Авлоний…

Сирожиддин Аҳмад тарихчи олим (санъатшунослик фанлари номзоди):

Мен ва Авлонийнинг аёли, катта қизи, ўғил набиралари бир неча бор кўришганмиз. Суҳбатда улар Авлоний вафотидан олдин ниҳоятда оғир ҳаёт кечирганлигини айтишган эди. У шундай давр эдики, бир неча оғиз гап билан шарҳлаб бўлмайди. Буюк ўзбек маърифатпарварининг коммунист мозорига қўйилиши эса буни ўзига шараф деб билганларидан эмас, ўзларини муҳофаза қилиш учун деб ўйлайман.

Авлонийга бўлган муносабатни у вафот этганидан кейин ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, 1934 йил ўлган бўлса, то мустақилликнинг арафасигача жадидчи ҳақида биров бир нарса деб гап гапиришга бировнинг ҳақи йўқ эди. Унинг номи Фанлар Академиянинг йиллик ҳисоботларида ҳам, илмий конференцияларда ҳам тилга олинмас эди. Авлонийни ўрганиш масаласи 1966 йилда бир кўтарилди. Кейин ўша йил, ўша ойнинг ўзидаёқ тинчитилди. Илмий томондан ёндошиш масаласини ҳеч ким кўтариб чиққани йўқ эди. Фақатгина Мустақиллик арафасида профессор Бегали Қосимов уни коммунист сифатида, совет давлатининг куйчиси сифатида “Тошкент тонги” деган асарини нашрга тайёрлаб эълон қилган эди. Мустақилликнинг илк йиллари даврида тайёрланган 2 жилдлигиниям ўша совет даврининг куйчиси сифатида берилган. Мустақилликни ўйлаган, орзу қилган одам сифатида эмас. Ўз даврида ўзининг замондошлари Авлонийнинг номи тўлиқ унутилмасданоқ уни буржуа шоири деб жадид шоирлари қаторида танқид қилиб чиқишди. У коммунист бўладими,  ҳарбий мактабда дарс берган профессор бўладими, алоқаси бўлган эмас. Ўша қолип, ўша муносабат  неча йиллар ўзгармасдан келди. Фақатгина айтганимдай, Бегали Қосимов  тайёрлаган асарида салгина лирик шоир, маърифатпарвар бўлгани томонларини ҳам кўрсатиб берган. Шу жиҳатдан раҳматли профессор, адабиётшунос Бегали Қосимов катта иш қилиб кетган. Аммо  Авлонийнинг ижтимоий позицияси, сиёсий қарашлари тўғрисида ишлар бўлгани йўқ. Ҳанузгача Авлонийнинг фақатгина театрга яратганлиги, мактабга жон куйдиргани, маърифатпарварлиги… шулар ҳақида мавзулар бўляпти, лекин яна бошқа кучли томонлари шу кунгачаям очиб берилгани йўқ.

“Неча минг оқиллар қолди Сибирда, жасадлар руҳсиз танда мозор ўлди”, дейди Абдулла Авлоний…

Дафн этилиши масаласига келсак. У вақтда партия аъзоси бўлгани учун коммунистлар қабристонига қўйилиши ўша давр учун одатий ҳол эди дейиш мумкин. Авлонийнинг “мени коммунистлар мозорига қўйинглар, мусулмон мозорига қўйинглар ёки қўйманглар” деган васияти бўлган эмас. Бу асоссиз гаплар. Агар бўлганида қизлари менга айтган бўларди. Чунки қизи Ҳакима опа ўша вақтда жуда маълумотли, оқ-қорани таниган, вазмин аёл эдилар. Ўғли политехника институтида дарс берадиган катта олим эди. Улар ҳам айтган бўлишарди, деб ўйлайман. 1937 йилларда одамлар қатағон қилиниб, отилаётган пайтларда қандайдир сиёсий чақириқлар, дафн ҳақидаги васиятлар бўлгандир. Бошқа пайтлар ундай бўлмаган. Васият қиладиган даврнинг ўзи бўлган эмас, Абдулла Авлоний даври. оқ-қорани ажрата олиш учун жуда оғир бўлган пайтлар эди у.

Нега айнан буюк маърифатпарвар Абдулла Авлонийга нисбатан бундай қилинган? Бу қандайдир бир сиёсий зарбами? Бошқа ҳамма коммунист арбоблар ҳам дейлик, рус мозорига кўмилган эмас-ку?

Тарихимизни билмаганимиздан кўп иллат келиб чиқади, дейман. Тарихнинг ўзи бу саволга жавобни бериб қўйибди-ку. Ўрта Осиё, Кавказорти, ички Россия тимсолида очиқ айтиш мумкин-ки, кўпгина таниқли, ўз замонининг намояндаси бўлган одамларнинг ҳатто қабрлариям йўқ. Қаерга қўйилганлигини ҳеч ким билмайди. Баъзи фактларга қараганда айрим намояндалар ҳатто крематорийда куйдириб юборилган. Тобутиям, қабриям йўқ. Кули қаерга совурилганини ҳам биров билмаган. Масалан Ўзбекистондан чиққан энг катта маърифатпарварларнинг бир қанчаси Москвада отилган, Бутово қабристонига кўмилган. Айримлариники тақдири эса шубҳали, мавҳум. Чунки буни ўша даврнинг “хўжайинлари” яшириб кетди. Ошкор қилинмади. Улар “Совет давлати абадий давлат, ҳеч қачон ағдарилмайди” деган ақидага асосан яшашди. Ҳолбуки, қатағон қурбонлари дафн қилинмаган. Қанча одам қаерга кўмилгани ҳам номаълум. СССР статистика бюросининг қатағон бўйича ташкилоти бу масалаларни ҳатто Хрущёвнинг 1920 йилда қилган докладида ҳам ошкор этмаган. Авлоний ўша даврда фаолият кўрсатиб турган коммунист бўлгани учун, ўлганида коммунист мозорига қўйилган. У мозор бузилгандан кейин Боткиндаги қабристонга обориб қўйилган. Шу.

Коммунист мозори аввал Тарас Шевченко кўчасида, Ўзбекистон санъат музейининг шундоқ ёнида эди. Кичкинагина ҳиёбонча эди. У бузилиб, йўл кенгайгандан кейин қабрларнинг ҳаммасини кўчириб Боткинга обориб қўйишди. Унда бу ўзбек экан-у, бу ўрис экан, ё бу татар, ё яҳудий экан, деган фикрга боришган эмас. Демак, Авлоний ҳам тўғридан-тўғри христиан мозорига қўйилмаган. Аввал коммунистлар мозорига дафн этилган.

Лекин Абдулла Авлонийни коммунист тузумига хизмат қилди деб ҳам айта олмаймиз. Агар шундай десак, бу тарихий хато бўлади. “Неча минг оқиллар қолди Сибирда, жасадлар руҳсиз танда мозор ўлди”, дейди Абдулла Авлоний. Бу 1919-20 йилда гапирилаётган гап. Қандай қилиб у Ватандан ташқарига қўйилади? Ўз Ватанининг мустақил, озод бўлишини истаган одамни-я? Ўша даврнинг мустабид сиёсати туфайли, тили қисиқ яшашга мажбур бўлди. Манга Авлонийнинг аёли ўз оғзи билан айтган эдилар-ки, (қизи Ҳакима опа ҳам) “Агар Абдулла Авлоний тишини олдириб келиб, ўлмаганида барибир, 36 йилдаёқ қатағон қиворишарди”…

Орадан бир-икки йил ўтгандан кейин у кишилар билан яна учрашдим. Шунда Ҳакима опанинг умр йўлдоши ҳам ўша гапни такрорлаган эдилар.  Шунинг учун Абдулла Авлоний деган тушунчани, шахсни у даврдан ажратиб  бўлмайди. Унинг коммунистлиги давр билан ҳисоблашиш эди. Ўзини муҳофаза қилишдан бошқа нарса эмас. 36-йилнинг иккинчи ярмига яшаб ўтганида ҳам, барибир қатл этишарди.  У кишининг аёли, қизи ҳақ гапни айтишди, “барибир отилиб кетарди”, деб. Сафдошлари бари отилиб кетган -ку ана!

Авлонийнинг ва ниҳоят мусулмон қабристонига олиниши давлатнинг ўз фуқароси олдидаги бурчни бажариши бўлди аввало, қолаверса, бу оддий инсоний муносабатдир. Бунга сиёсий, ёки диний тус бериш керак эмас. Кўчиришганда албатта жаноза ўқилган.  Ўзбек оддий одамларининг дунёқараши ва бағриям кенг эканлигини билдиради бу. Тушунчаси ҳам бой экан халқимизнинг. Ана шу гаплар, қизим…

Фото: М.Тошпулатова

Лутфулло Қаюмов  (Тошкент шаҳар ҳокимияти “Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси” мутахассиси):

1960-65 йилларда Боткинадаги қабристонда коммунистлар харитаси (ҳудуд бўлаги) ташкил қилинди. Ўша пайтларда катта тарихий аҳамиятга эга бўлиб, инсонларнинг тақдири ҳам шунга боғлиқ бўлиб қолганди. У ерга даҳрий арбоблар диний расм-русумлар қилинмай кўмиларди. Коммунистлар партияси тарқалиб кетгач, бора-бора коммунистлар бўлагининг ҳам аҳамияти қолмади. Абдулла Авлонийнинг таржимаи ҳолини ҳам ўқиганман. У киши давлат хукумат ишларида ишлаганлар, фирқа аъзоси бўлганлар.  Унга Меҳнат Қаҳрамони унвони ҳам берилган. Оила, фарзандларининг айтишича, доимо хавфда яшаган эканлар. “НКВД бугун обкетиб қоладими, эртага обкетиб қоладими”, дея таҳликада бўлган эканлар. Унинг содиқ коммунист эканини исботлаш учундир, вафот этгач, коммунистлар мозорига кўмиб қўйишган. Даврлар ўтиб мана набиралари, Ёзувчилар уюшмаси, арбоблар чиқиб, СЭС ташкилоти рухсати билан Абдулла Авлонийнинг ҳоки мана 2 йилча бўлди, Чиғатой қабристонига барча урф-одат амаллари қилиниб, қайтадан жаноза ўқилиб кўмилган. Ёдгорлик ҳам ўрнатилган. Шу билан ҳам оиланинг мусулмонлик ҳуқуқи таъминланди дейиш мумкин.

Ҳаёт, фаолият давомида ҳамма бир-бирга бир қаторда бўлар экан-у, лекин вафот этганда сўнгги борар манзили диний конфессиясига кўра мозорлар турлича экан. Ўзбекистонда 3 конфессиядаги қабристонлар бор. Мусулмон, насроний, яҳудий. Кичикроқ корейслар мозори ҳам бор. Шаҳар 1-чи қабристони Боткин кўчасида жойлашган. Ўзига яраша тарихи бор. Дўмбирабодда шаҳар 2-қабристони бор. Шаҳар 3- қабристони Ўртасаройда ишлаб турибди. Сирғали туманида рус-корейс аралаш қабристони бор. Шундайми?

Лутфулло Қаюмов  (Тошкент шаҳар ҳокимияти “Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси” мутахассиси):

Яшнобод туманида ҳам шундай мозор бор. Ёпиқ кичик қабристонлар ҳам бор. Яҳудий қабристонлари эса 2 хил – Бухоро яҳудийлари (дафн этиш урф-одатлари мусулмонларга яқинроқ, яъни кафанлаб, тўртбурчак чуқур қазиб қўйилади) ва Европа яҳудийлари – улар русларга ўхшаб, тобутда қўйилади. Ўртасарой ва Дўмбирабоддаги мозорларда яҳудий хариталари бор. Бухоро яҳудийлари қабристони эса Тошкентда иккита – Олмазор тумани Аллон кўчасида, яна бири – Текстиль комбинатига яқин Дилхирож кўчасида жойлашган. Бу мозорларда динига муносиб расм-русмини ўтказиш учун имкониятлар яратилган. Марҳумни ювиб, кафанлаш хизматлари ҳам мозорнинг ўзида амалга оширишлари учун жой қилиб берилган. “Ҳайрлашув зали” ҳам бюджетдан маблағ ажратилиб, қўшиб қуриб берилган. Бу қабристонлар азалдан, Чор подшоси давридан бор бўлган.

Мусулмон мозоримизда эса озарбайжонлар (харитаси) хилхонаси ҳам бор.

Боткинадаги 1-қабристонда Александр Невский храми, Дўмбираободда князь Владимир черкови –христиан ва католиклар илтимосига биноан бир бинони ажратиб берганмиз, ҳозирда ишлаб турибди. Насроний маросимлари, отпевание, диний расм-русум ўша ерда бемалол амалга оширилади. Ўртасаройдаги рус мозорида ҳам черков учун жой берилган, қуриляпти.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 101-қарорида ҳамма дин вакиллари дафн этилиши учун тенг шароитлар, бир хил тарифлар, ўз урф-одатларига биноан кўмиш маросимлари учун шароитлар яратиш  мавжудлиги ёзиб қўйилган. Шунингдек, аҳолидан, корхоналардан чиққан “Ихтиёрий хайр-эҳсонларни йиғиш ва улардан фойдаланиш” қоидаси ҳам ёзилган. Қабристонларга эҳсон қутилари қўйилган. 15 кунда бир жамоатчилик иштирокида очилади, йиғиб, рўйхатдан ўтказилади ва Тошкент шаҳар молия бошқармаси томонидан ажратилган ҳисоб рақамига тушади. Ва шу қабристонларнинг заруратлари учун ишлатилади. Бу маблағлар давлат бюджетидан ажратилган пул миқдоридан анча кам. Бу ташкилотимизда 800 га яқин ишчи учун маош, мозорларда ишлатилиб туриладиган техника, таъмир, қурилиш, ободонлаштириш учун сарфланади.

Фото: М.Тошпулатова

Ўзбекистон кўп миллатли диёр. Бизда лўлилар, яъни Европа циганлари ҳам кўп истиқомат қилишган, ҳали ҳам бор. Улар христиан динида бўлса-да, кўмиш маросимларида ўзига хосликни кузатиш мумкин. Циганлардан “Боткина қабристонидан жой олиш қиммат” деган гапларни ҳам эшитганмиз. Шундайми?

Лутфулла Қаюмов:

Айтганимдек, кўмиш учун қабр қазиш, жой ажратиш барча учун бир ҳил тариф белгиланган. Тўғрисини айтганда, циганларнинг одати бор экан-ки, уларнинг баронлари, оилалари ҳатто бошқа иқтисоди кўтарганлари  ҳам қабристондан жойни каттароқ олишга, авлоди, оиласи учун катта хилхоналар қилдиришга ҳаракат қилишади. Жуда катта ва қимматбаҳо қабр тошлари қўйдирадилар.

Фото: М.Тошпулатова

Ёдгорлик ҳайкаллари, мармардан стол-стул, ўриндиқлар ясатишади, катта портретлар, улкан гранит ва мармарга ўйиб суратлар чиздирадилар. Дўмбирабодда, Боткинадаги қабристонларда ҳам улар қаттиқ илтимос қилиб, одатларига кўра катта  даҳма қилишга жой оладилар. Шахсан ўзим уларнинг дафн маросимида иштирок этмаганман. Лекин марҳум учун катта хонадек чуқур қазиб, ғишт териб, ҳатто кафел терилганлари, уй жиҳозлари, кийимлари қўшиб кўмилганлари ҳақида эшитганман. Охирги пайтлар бу бир мунча камайди, йўқ десак ҳам бўлади. Балки циганларнинг қўчиб юришлари сабабдир, ҳозир Тошкентда фақат муқимлари қолган.

Фото: М.Тошпулатова

Боткина мозорида арман хилхоналари ҳам кўп. Арман миллати ҳам бутун дунёга тарқалиб кетган халқлардан. Ўзбекистонда кўплаб сонли арманлар бўлган ва бор. Улар ҳам сўнгги манзилда насроний қабристонларидан қўним топадилар.

Лўлилар ҳақида ҳам турли гаплар юради. Ҳақиқат шу-ки – уларнинг кўпчилиги  Ачаобод маҳалласида яшайди, улар Соғбон қабристонига кўмилади.

Турли дин вакиллари қабристонларда нимадандир норизолик борми? Зиддиятлар бўладими?

Баъзан,ўз яқинларининг қабрларини тополмай қолганларида мурожаат қилиб туришади. Ўз қариндошлари билан келишолмай қолиш ҳолатлари бўлиб туради. Яқинда бир воқеа шоҳиди бўлдик. Бир аёл отаси, онаси, акасига ёдгорлик тоши қўйган. Акасининг чет элда бўлган қизи етиб келгач, қабр тошларини ёқтирмай, буздириб ташлаб, бошқа қўйдирган. Орасида келишмовчилик чиқди. Зиддият катталашгач, бу оилавий можарога барҳам бериш учун биз ҳам аралашувга мажбур бўлдик. Бунақа пайтлар албатта имкон қадар яраштиришга, тўғри йўлга солишга  ҳаракат қиламиз.

Атеистлар қаерга кўмилади?

Уларда оилавий зиддият бўлиши мумкин. Масалан фарзанди атеист, лекин ота-онаси диндор. Ёки аксинча. Можаролар бўлиб туриши мумкин. Оиласи насроний, лекин кимдир мусулмон динини қабул қилган ҳолатлар бор. Қариндошлари мусулмон, ўзи католик бўлган, ҳар якшанба черковда мессага борадиган кишиларни биламиз. Ҳаёт тақозоси, сўнгги манзилга қаерга боришни қандай ҳал қилади улар?

Лутфулло Қаюмов  (Тошкент шаҳар ҳокимияти “Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси” мутахассиси):

Жуда кучли зиддият бўлмаса-да, кўпинча бўлиб туради. Масалан ўзбек маҳалласида яшаб ўтган, ўзбекларга қўшилиб кетган христианлар бор. Улардан тирик пайтида ўз хоҳиш-иродаси билан исломга кирганлари ҳам бор. Вақти келганда бунга маҳалла кафил бўлади, Диний идорадан кафолат берилади, ислом урф-одатларини қилиб, мусулмонлар қабристонига кўмамиз. Лекин кўпчилиги даҳрий бўлган бўлса ҳам, ўз миллатининг мозорига кўмилаверади. Черков амаллари, тобутига хоч ўрнатишлар қилинмайди холос. Марҳумнинг яқинлари “Отпевание” қилинмасдан кўмишади. Биров билиб, биров билмайди. Қабристон ҳам қабул қилаверади.

Биласизми, бир пайтлар “Нега Ўзбекистонда крематорий йўқ”, деган саволни ҳам ташлаганлар. Бу масалани ўргандик. Биринчидан, қиммат турадиган иш экан. Крематорийда мураккаб ва қиммат жиҳозлар бўлар экан. Иккинчидан Ўзбекистонда аксари мусулмон динида бўлгани учун, христиан, католиклардан сўрадик. Улар ҳам дини бўйича майит ерга кўмилиши керак, куйдириш биз учун ёт одат дейишди. Ўша “крематорий қилинса жой иқтисод бўларди” деган таклифлар қайта чиққани йўқ.

Яссавий ҳазратлари: “Аслинг, билсанг оби гил, яна гилга кетар-о”, деганлар.

Фото: М.Тошпулатова

Мен 35 йилдан бери шу ишда ишлайман. Менга таъсир қилган нарса – ўзи қийналиб яшаса-да, одамларнинг бутун топган бойлигини марҳум қабрига сарфлашига ҳайрон қоламан. Охират учун буларнинг марҳумга кераги бўлмайди. Мен ёшлигимда бидъат амаллар бўларди, ҳозир ҳайрият-ки, йўқолиб кетди. Кечаси қабристонга бориб, шағам ёқиб кетишлар бор эди. Булардан ҳам майитга фойда бўлмайди ахир.

Кейинги пайтлар мени ўйлантирадиган бир нарса – ўзбек халқимиз орасида қандайдир табақаланиш бўляптими дейман, бу қабрларни безаш, ёдгорликлар ўрнатишда кузатиляпти. Ўзбекларимиз орасида ҳам айримлар  худди боя айтган циган, арман хилхоналарига таҳаввул (бурилиш, ўзгариш, айланиш) қилгандек, қабртошларини жудаям катта, қиммат қиворишяпти. Қабристон иложи борича, оддий бўлиш керак. Яссавий ҳазратлари : “Аслинг, билсанг оби гил, яна гилга кетар-о”, деганлар.

Менга Мадинага бориш насиб қилганда Бақиъ ал-ғарқад қабристонини зиёрат қилганман. Ҳеч бир ёдгорлик йўқлиги, динимиз учун эҳтиромли инсонлар, пайғамбаримиз Муҳаммад С.А.В. оилалари, қариндошлари, саҳобалар дафн этилган. Жуда таъсирли хулосалар қилганман.

Халқимиз ҳам, ўзига “Тўхта!” дея олса эди. Баъзан шунчаликка боришади-ки, мозорда ҳам иложи бўлса, ҳовлидек жойни ўраб олиш пайидалар. Таниш-билишни ўртага солишади, бошқа қилишади. Гўрларни бетонлаб ташлашяпти. Бир негатив ҳолатни айтмасам бўлмайди. Қариндош-уруғлар қабристондан жой талашиб, судлашиб, порталга ёзиб юрганларни ҳам кўряпмиз. “Жойимни эгаллаб қўйибди, бувимни олдида ўтадиган жойни тўсиб қўйибди”, деган можаролар бўляпти.

Одамларга тушунтириш керак-ки, мозорларни ҳам шахсий ҳовлидек, хилхона қилиб олиш тўғри эмас.  Бетон қуйиб ўраб, худди қўрғон қилиб оляптилар. Халқимиз ҳам ота-боболаримиз одатини қилишса, юракни кенг қилсалар, яхши бўларди.

 

Мавлуда Тошпўлатова

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг