Туркиядаги вазият ўзбекистонлик муҳожирларга нима учун қийинроқ?

0
3575
Коллаж

Туркиядаги муҳбиримизнинг «Right Partmer» компанияси раҳбари Рустам Базаров билан ўзбекистонлик муҳожирлар ҳақида ўтказган блиц-интервьюсини эътиборингизга ҳавола этамиз.       

Фото: Х.Усманов/Tarjumon.uz
Рустам Базаров
Яшаш учун рухсатнома (ВНЖ), иш визасини олиш, чет эл фуқароларини ишга жойлаштириш, суғурта олиш бўйича маслаҳатлар, шунингдек, бизнес очиш ва бошқа хуқуқий хизматлар кўрсатадиган “Rıght Partner” консалтинг компанияси раҳбари.
Сакаря университетининг меҳнат иқтисодиёти ва ишлаб чиқариш муносабатлари мутахассислиги бўйича битирувчиси
Истанбул ва Анталияда туризм соҳасида ишлаган. Муҳожирлар билан ишлашда катта тажрибага эга

Муҳбир: Ҳар куни минглаб хорижликлар Aнталияга турли умид, турли мақсад ва албатта, «чўнтагида» турли миқдордаги пул билан келишади.

Айтингчи, кундан-кунга Анталияда муҳожирлар оқими кўпайиб бораётганлиги, бу бу ернинг ижтимоий-иқтисодий холатига қандай таъсир қилмоқда?

Рустам Базаров: Дарҳақиқат, сўнгги 5 ой давомида Aнталияга муҳожирларнинг кириб келиши кескин ошди. Ҳар йили Туркияга даромад топиш умидида келаётган меҳнат муҳожирларига нисбатан, ҳозирда Украинадаги можарога алоқадор мамлакатлардан “қочоқлар” сони анча кўпайган.

Ушбу вазият, энг аввало, уй-жойга бўлган талабни кучайтирди. Квартираларни ижарага бериш ёки сотиш нархлари бир-неча баробар ошиб кетди. Масалан, уй-жой ижарасининг нархи ўрта даражадаги квартира учун 150 АҚШ долларидан 750 АҚШ долларигача кўтарилди. Шу сабабли айрим уй эгалари (ев саҳиблари) илгари тузилган шартномаларни бекор қилиб, янги ижарачиларни олишмоқда. Шу билан бирга, меҳмонхона эгалари ҳам ўз хизматларини 50% дан 100% гача кўтардилар.

Озиқ-овқатлар бозорида нархлар 20-25%га ошди. Бугунги кунда Туркия иктисодиётидаги  инфляция  85,5% га (Трейдинг экономикснинг 07.12.2022 санада берган маълумотига кўра) етгани сабабли Туркия Президенти Реджап Эрдоган аҳолини қўллаб қувватлаб, газ тўловини қоплаш  учун ҳар бир оилага 1000 турк лираси (50 АҚШ доллари)дан ажратди.

Анталиядаги ижтимоий-иқтисодий холатнинг ўзгариши бир томонлама маҳаллий аҳолига, кўпчилик тадбиркорларга қўл келган бўлса, иккинчи тарафдан, кўчмас мулк бозоридаги нархларнинг кўтарилиши аҳолининг айрим  қисми томонидан муҳожирларга бўлган муносабатнинг салбийлашувига сабаб бўлмоқда. Улар томондан кўчмас мулкни муҳожирларга сотишни чеклаш, уларнинг кўчмас мулк олди-сотди операцияси билан шуғулланишини таъқиқлаш каби таклифларини кўтариб чиқиб, ҳукуматга мурожаат қилишмоқда.

Муҳожирлар орасидаги рақобатга энг кучли таъсир қилаётган омил – бу меҳнат бозоридаги рақобат. Ҳозирги кунда Россия, Беларусия ва Украина фуқаролари нафақат йирик турк компанияларида, балки ўрта ва кичик бизнес корхоналаридаги ишчи ўринларни ҳам эгаллашганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Муҳбир: Сизнингча, Ўзбекистонлик муҳожирлар Туркияда шаклланган бундай кучли рақобатга бардош бера оладими?

Рустам Базаров: Мен бир неча сабабларга кўра Белоруссия, Россия ёки Украина фуқароларидан кўра, ўзбекистонлик муҳожирлар учун вазият қийинроқ бўлади, деб айтган бўлардим. Биринчидан, можароларга бевосита алоқадар бўлган мамлакатлардан келган муҳожирларнинг кўпчилиги юқори касбий малакага эга. Иккинчидан, мен билан боғланганларнинг аксарияти – IТ мутахассиси ёки кўчмас мулк савдоси ёки қурилиш соҳаси каби талабгор касблар эгалари. Учинчидан, энг муҳими, уларнинг ўзлари билан олиб келган молиявий заҳираси Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирларникига нисбатан анча кўпроқ ва шу сабабли улар ижара нархининг, давлат тўловларининг ва ҳатто «истеъмол савати» қийматининг ошишига бардош бера олади.

Муҳбир: Марказий Осиёдан келган муҳожирларнинг аксарияти бизнинг ватандошлар каби ҳолатда дейиш мумкинми?

Рустам Базаров: Ҳа, чунки ушбу давлатлардан келган меҳнат муҳожирларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати жуда ўхшаш.

Муҳбир: Рустам, Марказий Осиёдан келган муҳожирларга, жумладан, ўзбекистонлик ватандошларимизга юқоридаги ресурсларни эгаллашида уларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун нима қилишни маслаҳат берган бўлардингиз?

Рустам Базаров: Aввало, ҳозирги ўзгарувчан вазиятдан фойдаланиб, Марказий Осиёдан келганларга визанинг тўхтатилиши ҳақидаги миш-мишларни тарқатаётган турли товламачилар тузоғига тушиб қолишдан огоҳлантирмоқчиман. Визаларни олиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш тартиб – қоидалари ўзгармаган.

Бундан ташқари: қозоқ, ўзбек, қирғиз, туркман туркий халқларнинг тиллари туркчага яқин бўлганлиги сабабли уни пухта ўзлаштириш йўлида кўп меҳнат қилишларини маслаҳат берган бўлардим. Бу Европа ва бошқа МДҲ мамлакатлари вакилларига нисбатан катта устунлик берувчи муҳим омил. Учинчидан, миграцияга оид тегишли қонун ва қоидалари билан олдиндан танишиб чиқиши ва янгиликлардан бохабар бўлишлари керак. Бу уларга ҳар қандай ўзгаришларга қараб тезкор мослашиш ва ўз ҳаракатларини олдиндан режалаштириш имконини беради.

Муҳбир: Рустам, мазмунли суҳбатингиз ва тавсияларингиз учун сиздан миннатдормиз. Умид қиламизки, ўқувчиларимиз улардан албатта фойдаланади.

Рустам Базаров: Суҳбатимиз ниҳоясида сизнинг ўқувчиларингизга яна бир тавсия  ва маслаҳат бериш билан мурожаат қилмоқчиман, яъни: ҳақиқий вазиятни билиш учун турли давлат ташкилотлари ва хусусий компанияларга мурожаат қилишдан тортинманг. Кўчадаги миш-мишларга ишонманг! Биз билан боғлалансангиз, сизга қўлимиздан келганча ёрдам беришга доим тайёрмиз!

Муҳбир: Ташаккур!

Анталия, Туркия, 19.12.2022 й.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг