Туркистонда нима бўлган эди… (VI-бўлим)

0
2956

Туркистонлик — шонимиз, туронлик — унвонимиз,

Ватан — бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!

 

ЗУЛМ

Туркистон мухторияти тор-мор келтирилгач, 1918 йил 28 февралида Туркистон Совнаркоми махсус декретига кўра ҳар қаердаги, ҳар қандай шаклдаги пахта мусодара қилиниб, Туркистон ўлкаси ишчи-крестьян ҳукумати мулки деб эълон қилина бошлади.

Декретни эълон қилган большевиклар эндиликда ўзлари тинч аҳолини талон-торож қила бошлади. Бир сўз билан айтганда, бу декрет большевикларни маҳаллий аҳоли кўзи олдида янада обрўсизлантирди.

Большевиклар озодлик улашувчилар ниқоби остида яна ўша мақсад – талончилик мақсадида келгани маълум бўлди. «Ҳарбий коммунизм» режимининг ўрнатилиши қишлоқ хўжалигини бутунлай яксон қилган вайронкор тенденцияларни келтириб чиқарди, бу эса, Россия каби, Туркистонни ҳам оммавий очарчилик қамраб олишига сабаб бўлди[1].

1919 йили Туркистонда нон тақчиллиги қарийб 100 миллион пудни ташкил қилди. Туркистон буғдойзорларининг шиддат билан қисқариши ҳамда Россиядан пахта эвазига келадиган дон ҳажмининг камайиб кетиши бунинг сабаби эди.

1916 йили Россия ички губернияларидан Туркистон пахтаси эвазига 22 миллон пуд дон етказилган бўлса, 1917 йили бу кўрсаткич 1,9 миллионни ташкил этди, 1919 йилда эса ҳеч нарса олиб келинмади.

Туркистоннинг ўзида ўша йили фақат 5,3 миллион пуд нон тайёрлаб қўйилган эди. Йил ҳисобида бир кишига бир неча килограмм нон тўғри келарди, холос[2]. Натижада Туркистонни мисли кўрилмаган очарчилик қамраб олди, 1,2 миллион киши унинг қурбони бўлди[3].

Қишлоқ аҳолиси бўйнига оғир юк бўлиб Қизил армияни боқиш мажбурияти тушди. Туркистоннинг ўзидагина 100 минг қизил армия аскари бор эди. Кўп ҳолларда қизил армия ва босмачилар ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар чоғида экинлар таг-туби билан йўқ қилинар эди.

ТуркЦИК фавқулодда комиссияси текшируви натижаларига кўра, 1921 йили сентябрь–октябрь ойларида 80029 хўжалик хонавайрон бўлди, оч қолаётган одамлар сони 227059 кишини ташкил этди, 64336 киши очликдан ҳалок бўлди, 159959 киши эса очарчилик таҳдиди остонасида турган эди. 1919 йил биринчи ярмида Каспийорти фронтининг ўзида 198 цистерна ўсимлик ёғи ёқилғи сифатида ишлатилди.

Туркистон темир йўллари паровозлари учун бундай ёғнинг 53 цистернаси ишлатилди. Аҳоли эҳтиёжларига эса 63 цистерна ёғ ажратилди. Умуман олганда, 1919 йил февралига келиб ёқилғи сифатида 600 минг пуд ўсимлик ёғи ишлатилди.

Ўтин ва кўмир етишмовчилиги туфайли ёқилғи сифатида бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам қўлланди. Масалан, Орол денгизи участкасида қуруқ балиқ ва кунжара ёқилғи вазифасини бажарди[4].

1919 йили Туркстон Компартиясининг 3-съездида Совнарком раиси K.Е. Сорокин шундай деди: «Фарғонада совет ҳокимияти йўқ, фақат рус аҳоли яшайдиган шаҳарлар бундан мустасно. Аммо мусулмон қишлоғида совет ҳокимияти мавжуд эмас». Съездда чиқиш қилган бошқа бир нотиқнинг шоҳидлик беришича, «партия ташкилотларида полициянинг собиқ амалдорлари, жандармалар ва кўплаб бошқа жиноий унсурлари ўрнашиб олгани ҳолатлари кузатилди. Бунинг натижасида кўплаб маъсул мансабларга безорилар, порахўрлар ва пиёнисталар, мансаб спекулянтлари ўрнашиб олиб, улар аҳолини талон-тарож қилган, уни қатағон қилиб, бу билан совет ҳокимиятига душман орттирган»[5].

Ўша йиллар ҳужжатларида қайд қилинишича, 1921 йил баҳоридан Россия ички губернияларидан келган оч-наҳор одамларнинг улкан тўлқини «Оренбург даштларини шиддат билан тўлдириб, Туркистон марказига етиб борди ва катта партиялар билан Тошкентда ўрнашди»[6].

1921-1922 йилларда, очарчилик зарбаси остида қолган Россия губернияларидан келган қочқинлардан ташқари, Туркистон 500 минг кишини боқимандаликка қабул қилди. Туркистонга келганларнинг асосий қисми қишлоқ туманларига юборилди[7].

Туркистонда «Волгабўйи ва Уралбўйида оч қолаётганларга ёрдам» жамғармасига маблағ ва озиқ-овқат тўплаш акциялари кенг кўлам касб этди. Июль ойининг охирида Оренбургга 10 вагон нон ва 6 вагон балиқ юборилди – бу маҳсулотлар Тошкент ва Тошкент уезди аҳолиси томонидан тўпланган эди.

Шу билан бир қаторда, 31 июлда Пом.Гол Марказқўми (ЦК Помощь голодающим) Еттисув вилоятидан 24 вагон озиқ-овқат юкланган йўналишли поезд йўллади. 1 август куни ўша ердан яна 25 вагон йўлланди.

Хуллас, 1921 йил кузининг бошига келиб Туркистон аҳолиси ёрдамида Россияда оч қолаётган одамларга 600 минг пуд нон юборилди. Бундан ташқари, Туркистон республикаси ҳукумати 1922 йил 1 январидан Пом.Гол Марказқўми ихтиёрига келиб тушувчи «очлик солиғи»ни жорий этди.

Натижада 1922 йил 1 январидан 1 декабрига қадар Пом.Гол Марказқўмига Туркистондан 24,5 миллион рубль пул ва хайрия, 69 минг пуд озиқ-овқат ва 14,4 минг кийим-кечак буюми келиб тушди[8].

1922 йили Туркистонда махсус вазифа бажараётган Серго Оржоникидзе вазиятга ичкаридан баҳо берди ва И.В. Джугашвилига (Сталин) 1922 йил 13 майида йўлланган мактубида қуйидагиларни хабар қилди: «Туркистон патриархал-қабилавий турмушини мажбурий табақалаштиришга уринишдан иборат муваффақиятсиз сиёсат, шариатга қарши уқувсиз ва маъсулиятсиз кураш, жазо отрядларининг худди шунақа феъл-атвори ва бошқа бир қатор сабаблар чинакам фожиага олиб келди. …Босмачилик гўёки аҳолидан узилиб қолган, унинг томонидан таъқиб этиладиган талончилик тўдаси эканлигига ишонмайман. Туркистондаги сиёсатимизни тубдан қайта кўриб чиқиш, ҳар қандай коммунистик экспериментлардан қатъиян воз кечиш зарур… Мусулмон зиёлиларини жалб қилиш, сўл коммунистларнинг ўйинларини йиғиштириш…»[9].

Григорий Константинович Оржоникидзе (Серго) 1937 йили қатағон қилинган ва отиб ташланган эди.

1926 йил сентябрида марказий матбуотда Россия коммунистик қизил армияси бошлиғи М.Н. Тухачевский чиқиш қилди (дарвоқе, у ҳам 1937 йили қатағонга учраб, отиб ташланган эди). Большевикларнинг Туркистондаги фаолияти ҳақида у қуйидагиларни ёзди: «Фарғонанинг деярли бутун аҳолиси пахта етиштиришга боғлиқ эди. Фарғонада нон етишмас эди, уни бошқа ердан етказиш талаб қилинар эди. Шу тариқа, Фарғонанинг туб аҳолиси мавжудлигининг ягона манбаи – пахта конфискацияси факти олдида лол қолди, ва шу билан бир қаторда ўша пайти бошланган ва секин-аста кучайиб бораётган очарчилик билан юзма-юз қолдирилди.

Бу сиёсатнинг натижаси шу бўлдики, аҳоли унга пахтачиликнинг тезкор ва қатъий қисқартирилиши билан жавоб берди. Очлик яна нон экинларига ўтишга мажбур қилди. Пахта нонга нисбатан кўпроқ ишчи кучи талаб қилиши муносабати билан шундан сўнг улкан ишсизлик келиб чиқди, у бир неча юз минг кишидан тез орада 700 минг кишига етди. Кучайиб бораётган очлик шундан кейин бошланиб кетган совет ҳокимиятига қарши курашда босмачи отрядлари учун тўйиниш манбаига айланиб қолди»[10].

Маълумки, 1920-йиллар ўртасида, Тошкент «нон шаҳри» шуҳратини қозонганида минтақа серҳосил ўлка рамзига айланди. 1921 йил давомида Туркистон дарҳақиқат Волгабўйидан очларни қабул қилди. Туркистондаги очарчилик, гувоҳларнинг билдиришича, «миқёсига кўра 1920-1921 йиллари Волгада рўй берган очарчиликдан қолишмас эди. Фақат бу ерда мамлакатнинг фаровон ҳудудларига ташкилий эвакуация ҳам, халқаро ташкилотлар ёрдами ҳам бўлмади»[11].

Большевиклар ҳукмронлигининг дастлабки йилларидан уларнинг ҳокимияти зўравонликка, маҳаллий аҳоли миллий ғурурини топташ ва уни қўрқитишга асосланди. Бу билан Туркистонни янгича шаклда мустамлакага айлантириш бошланди.

Бу ҳақда ўша даврнинг даврий матбуотида ҳам ёзилган эди: «Чор режими томонидан Туркистоннинг раҳбар ва имтиёзли синфида, яъни русларда шакллантирилган менталитет ҳали-ҳамон сақланмоқда. Ҳатто бугун ҳам ўзларини коммунист деб атаётган кимсаларнинг туб аҳолига нисбатан илтифотсизлиги, одамларга қуллардай муносабатда бўлиши ҳайрон қолдиради. Фарғона вилоятида совет ҳокимияти талончилик ва ўғриликка қарши ҳеч нарса қилмаганига яраша, унга йўл очиб ҳам беряпти»[12].

Совет тузуми тарафдорлари, Совнарком бошчилигидаги большевиклар ва дашноқлар Туркистонда ўлка туб аҳолисига нисбатан мустамлакачилик сиёсатини қайта ишга туширибгина қолмай, Россия мустамлакачилик тизимини такомиллаштирди ва Туркистонни янгича усулдаги мустамлакага айлантирди. Фақат номлар ўзгарди: Россия империяси Туркистон генерал-губернаторлигидан ўлка РСФСР даврида «Совет Социалистик Туркистон»га айланди, аммо унинг моҳияти, аввалгидай, мустамлакачилик бўлиб қолаверди.

Қўпол куч ва зўравонликка асосланган бундай тузум ҳам собиқ Россия империяси ҳукмдор тоифаларига, ҳам янги ҳокимиятни қабул қилмаётган ўлка маҳаллий аҳолисига бирдай таҳдид соларди.

Большевикларнинг миллий сиёсати ҳақида Туркистон мухторияти тадқиқотчиси П. Алексеенков қуйидагиларни хабар қилади: «Туркистонда ишчи кучининг рус сектори Туркистон инқилобида шубҳасиз етакчи ўрин тутади, лекин у инқилобга қадар ҳам маълум даражада имтиёзли вазиятда эди. Корхоналарда рус ишчилари бир қанча истиснолардан ташқари ҳолатларда асосан малакали ва шу боис юқори ҳақ тўланадиган ишчи ўрнини эгаллар эди. Чор ҳукумати ва рус буржуазияси бор кучи билан тарқатган миллатпарастлик оғуси маълум даражада ишчиларга ҳам тегишли таъсир ўтказар эди, шу боис улар секин-аста ўз биродари – ишчи ўзбек, туркман ёки қирғизга маълум даражада юқоридан қарай бошлади»[13].

Большевикларнинг бундай уқувсиз сиёсатидан нафақат Туркистон аҳолиси азият чекди. Россия империясининг барча халқларига мисли кўрилмаган талафот етказилди. Бу тарихий босқични Ўзбекистоннинг расмий тарихшунослиги «Совет мустамлакачилиги даври» сифатида баҳолайди[14].

Ўн йил ичида Туркистонда маҳаллий аҳоли вакилларидан миллионларча киши ўлдирилди. Ўзбекистонлик тарихчи Мансурхўжа Хўжаевнинг даракларига кўра, совет ҳокимияти Туркистон миллий озодлик ҳаракатини бостириш мақсадида Фарғона водийсида мунтазам армиянинг охирги стандартлар бўйича қуролланган 260-270 минг аскаридан фойдаланган.

Исён ҳаракатлари бостирилгач, 1935 йилдан 1939 йилга қадар ўн минглаб тинч аҳоли вакиллари отиб ташланди, зиёлиларнинг қолган-қутган қисми Сибирга, Узоқ Шарққа ҳамда Россиянинг бошқа шимолий минтақаларига бадарға қилинди.

Тарихчиларнинг фикрига кўра, Ўрта Осиёда совет ҳокимияти ўрнатилган йиллари қурбонларнинг умумий сони 5-6 миллион кишини ташкил қилди[15].

Большевиклар террори қурбонлари ҳақидаги тадқиқотларда ҳам деярли шунақа рақамлар келтирилади. Масалан, M.Буттинонинг синчиклаб ўтказилган статистик ҳисоб-китоблари Туркистон фожиасининг бутун миқёсини яққол кўрсатиб берди: «1915 йилдан 1920 йилгача бўлган даврда у ерда ишлов берилган ер майдони қисқариб кетди, уй чорваси миқдори 7,5 фоизга тушиб кетди, пахта етиштириш эса амалда тўхтади. Лекин турли ижтимоий гуруҳларнинг йўқотишлари ўзаро тенг эмас эди ва, агарда рус крестьянларида ишлов берилган ер ҳажми 28 фоизга, уй чорваси миқдори 6,5 фоизга қисқарган бўлса, ўтроқ маҳаллий аҳолида бу кўрсаткичлар тегишлича 39 ва 48 фоизни, кўчманчиларда эса 46 ва 63,4 фоизни ташкил этди. Ўлка аҳолиси сони ўша беш йиллик давр ичида 25 фоизга, қишлоқ аҳолиси 30 фоизга камайди»[16]

Большевикларнинг уқтиришича, совет тузуми даврида гўёки Туркистоннинг бутун аҳолиси, келиб чиқиши, миллати, диний мансубияти ва бошқа жиҳатларидан қатъий назар, ўзаро тенг ва эркин эди. Ўзаро тенглик ҳақидаги ушбу большевистик «хўжакўрсин»ни амалга ошириш йўлида ҳатто хўжакўрсинга «эркин» республикалар ҳам ташкил этилди.

Аслида эса маҳаллий аҳоли ҳам, улар мавжудлигининг янги сиёсий шакли ҳам асл мустақилликдан тамомила айрилган эди. Улар ҳеч қандай сиёсий эркинликларга эга эмасди, халқаро ҳуқуқ субъектлари ҳисобланмасди, шунчаки большевик лойиҳасининг ҳуқуқсиз парчалари бўлиб, янгича усулдаги мустамлакачилик концепциясининг янги ва даҳшатли ифодаси эди.

Петроградда 1917 йил октябридаги большевик тўнтариши, ундан кейин Туркистон ўлкаси, хусусан, Тошкентда ва Қўқонда октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтган воқеалар маҳаллий зиёлиларни ўз фаолиятини бошқа йўналишга қаратишга мажбур қилди.

Агар фаолиятининг бошида жадидлар газета саҳифалари ва зиёлилар йиғилишларида Россия империясининг мустамлакачилик сиёсатига қарши фаол чиқишлар қилиб келган бўлса, эндиликда улар қўлида қурол билан большевикларнинг даҳшатли ҳукмронлигига, дашноқларнинг талончилиги ва советларнинг мустамлакачилигига қарши муқаддас уруш эълон қила бошладилар.

Жадидлар – собиқ ўқитувчи ва зиёкорларнинг Россия империяси мустамлакачилик сиёсатига қарши илғор модернизм усули билан қарши курашиш фаолияти секин-аста дашноқлар ва большевикларга қарши ҳарбий конфронтация ва партизанлик урушига айланиб кетди. Жадидлар Туркистон зиёлиларининг асосини ташкил қилар эди. Улар большевиклар террорига қарши маҳаллий аҳолининг озодлик курашига бошчилик қилди.

Совет-большевик ва дашноқ отрядларининг қаттиққўллиги ва шафқатсизлиги интиқом ўтини алангалатди. Туркистон миллий озодлик ҳаракат отрядларининг ҳарбий дала командирлари – қўрбошилар халқни дашноқлар ва большевикларга қарши ғазотга чақирди.

Шиддатли уруш ва тўқнашувлар тинмади, майда кескинликлар, ҳужумлар ва актлар эса 40-йилларга қадар давом этди. Бу ҳаракат яққол аксилдашноқ, аксилбольшевик ва аксилсовет хусусиятларини намоён қилар эди. Бу Ватаннинг миллий мустақиллиги ва эркинлиги йўлидаги кураш эди.

1918 йилдан 1919 йилга қадар «инқилобий диктатура» ва Андижондаги большевистик ҳокимият дашноқлар назорати остида бўлди. Туркистонда очарчилик ҳукмронлик қилаётган иқтисодий инқироз шарт-шароитларида ҳокимлик ресурсидан фойдаланган ҳолда дашноқлардан тузилган қизил армия отрядлари босмачиларга қарши кураш баҳонасида мусулмон қишлоқларига ҳужумлар уюштирар, «инқилоб ҳаққи» уларни талон-тарож қилар ва мол-мулкларини ўзлаштирар эди[17].

Дашноқлар тарафидан большевиклар кўмагида Фарғона водийси тинч аҳолисининг қирғин қилиниши маҳаллий аҳолининг жавоб хатти-ҳаракатларини келтириб чиқарди.

Бунинг натижаси 1918 йил баҳорида дастлаб Фарғона водийсида бошланиб, сўнг Туркистоннинг барча минтақаларига тарқалган кенг миқёсли миллий озодлик уруши бўлди.

Дашноқлар ва большевикларнинг кенг миқёсли ва даҳшатли қўпорувчилик ҳаракатлари халқ норозилигининг портлашига олиб келди, эндиликда ушбу ҳаракат Туркистон миллий озодлик ҳаракатидан большевикларга қарши чинакам ғоявий сиёсий, ҳарбий курашга айланиб кетди. Яъни Туркистон мухториятининг йўқ қилиниши ва маҳаллий аҳолининг дашноқлар томонидан қирғин қилинишига жавобан маҳаллий аҳоли орасида миллий озодлик руҳидаги партизанлик ҳаракати кенг қулоч ёзди. Бу жараён совет тарихшунослигида босмачилик деб аталади. У совет ҳокимияти томонидан фақат 30-йиллар ўрталарида тугатилди[18].

Расман Россия империясининг колониал тузуми қулатилган бўлса-да, большевиклар ҳукмронлиги даврида мустамлакачилик сиёсати тўхтамади, балки такомиллашиб, янгича шаклда амалга оширилишда давом этди. Большевиклар мустамлакачиларнинг «муносиб» ворислари бўлди[19].

ХУЛОСА

Туркистон аҳли янги мустамлакачилик сиёсатига жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатди, большевиклар ва дашноқлар ёрдамида қишлоқларни вайрон қилаётган, оддий аҳоли қўлидаги барча нарсани ўзлаштириб, мусодара қилаётган ушбу ҳокимиятни ҳеч ким қабул қилмади.

Юқорида саналган даҳшатли воқеалардан сўнг Фарғона водийсидаги эркакларнинг кўпчилик қисми Туркистон миллий озодлик ҳаракати сафларига қўшилиб кетди. Бу ерда улар совет мафкурачилари ва партия ишчилари ёмонотлиқ қилиш мақсадида «бандит» ва «босмачи» деб атаган кўнгиллилар отрядларини тўлдириб бордилар.

Шухрат Барлос

(Давоми бор)

[1] Туркестан в начале XXв.: к истории истоков национальной независимости. Ташкент, 2000. Б.48

[2] История народного хозяйства Узбекистана. Ташкент, Т. 1. 1962. Б.50-51.

[3] Тилеукулов С. Туркестан на историческом повороте 1917-1920г. // Тилеукулов С., Голованов А.А., Оразымбетов Ш., Касанбаев С. Б.144.

[4] Народное хозяйство Туркестана. 1919. № 3. Б.20. № 6. Б.2.

[5] Труды 3-го съезда Коммунистической партии Туркестанской республики Российской Советской Федерации, 1-15 июня 1919г. Ташкент, 1919. Б.73, 104.

[6] Котюкова Т.В. канд. ист. наук учёного секретаря Всероссийского научно-исследовательского института документоведения и архивного дела. Гражданская война в разрезе региональной истории: голод в Туркестане 1918-1920-х г. со ссылкой на ЦГА РУз. Ф. 17. Оп. 1. Д. 1197а. Л. 19-21. ЦГА РУз. Ф. 41. Оп. 1. Д. 32. Л. 68. ЦГА РУз. Ф. 17. Оп. 1. Д. 296. Л. 536.

[7] Макарова Г.П. Нар.Ком. по делам национальностей РСФСР (1917-1923г.). Исторический очерк. М., 1987. Б.126.

[8] Туркестан в начале XXв. Б.491. Б.492., ЦГА РУз. Ф. 25. Оп. 1. Д. 483. Л. 567., ЦГА РУз. Ф. 22. Оп. 1. Д. 54. Л. 15-16.

[9] РГАСПИ. Ф. 2, оп. 1, д. 23181, л. 6.

[10] Тухачевский М.Н. Борьба с контрреволюционными восстаниями // Война и революция. 1926, кн. 9, Б.6-7.

[11] Семенюта В. Голод в Туркестане в 1917-1920гг. // Человек и политика. 1991. Декабрь.Б.72. См. также: Туркестан в начале ХХ века: к истории истоков национальной независимости. Ташкент, 2000. Б.269-284.

[12] Газета «Известия» 7 июн 1919 й.

[13] Алексеенков П. Кокандская автономия. Ташкент: Узгиз. 1931. 74 cтр.

[14] Туркестан в начале ХХ века: к истории истоков национальной независимости. Ташкент, 2000; Ўзбекистоннинг янги тарихи. Т. 2. Ўзбекистон совет мустамликачилиги даврида. Ташкент, 2000.

[15]Хўжаев М. Шермуҳаммадбек қўрбоши. Тошкент: «ШАРҚ», 2008. б.3.

[16] Buttino M. Study of the Economic Crisis and Depopulation in Turkestan, 1917-1920 // Central Asian Survey. 1990. Vol. 9/4. P.61-69.

[17] Революция и национальный вопрос. Документы и материалы по истории национального вопроса в России и СССР в XX веке. Под ред. Диманштейна С.М. Т.3. 1917. Февраль – Октябрь. М., 1930. Б.354-359.; Ходжаев Ф. К истории революции в Бухаре. Ташкент, 1926. Б.41-53; Гудович А. На помощь // Война в песках. Гражданская война в Средней Азии. Материалы по истории гражданской войны к ХII тому. Под редакцией Горького М., Иванова В., Минца И., Колесова Ф. М.: ОГИЗ, 1935. Б.276-289.

[18] Алексеенков П. Кокандская автономия. Ташкент: Узгиз. 1931. 74 cтр.

[19] Усманов К., Садиков М. История Узбекистана. (1917-1991гг.). Учебник для учащихся 1 курса академических лицеев и профессиональных колледжей. Ташкент: «Шарк», 2007.Б.20-25.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг