Толибон вакили ўзини портлатиши натижасида 8 нафар ҳарбий ҳалок бўлди

0
1874
Фото: Reuters

Афғонистон мудофаа вазирлигининг берган хабарларига кўра, Толибон вакили ўзини машина ичида портлатиб юборди, оқибатда ҳукумат ҳарбийларининг 8 нафари ҳалок бўлди. Толибон бу ҳужумни ўзи уйштирганини тан олган.

Мудофаа вазирлиги ўз баёнотида ушбу тўқнашув душанба куни Вардак провинсиясининг Саид Обод туманида содир бўлганини ва 8 киши ўлдирилиб, яна 9 киши жароҳатланганини маълум қилган.

Сўнгги ҳафталарда Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасида тўқнашувлар авж ола бошлади. Бунга сабаб шуки, ҳукумат келишувга биноан Толибоннинг ҳибсдаги бир неча юз нафар аъзосини қўйиб юборишдан бош тортган.

Шу йилнинг февраль ойида Доҳада АҚШ ва Толибон келишувга эришганди. Унга кўра, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан бутунлай олиб чиқиб кетиши, бунинг эвазига Толибон мамлакатда тинчлик ўрнатилиши ва АҚШга ҳужум қилмаслик кафолатини бериши керак эди.

Лекин, Толибон ва афғон ҳукуматининг мамлакатда 18 йилдан бери давом этаётган урушни тугатиш бўйича музокаралари маҳбуслар алмашинуви туфайли кечикмоқда. Афғонистон ҳукумати Толибоннинг ҳибсдаги 600 га яқин аъзосини катта ҳужумларда қатнашгани учун қўйиб юбормаяпти.

Маълумот учун, Доҳадаги битимнинг бир қисми сифатида афғон ҳукумати ҳозиргача 4000 дан зиёд Толибон вакилини қўйиб юборди. Бунга жавобан Толибон ҳам юзлаб ҳукумат аскарларини озод қилган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг