Россияда коронавирусга қарши вакцина синовдан ўтказилаётгани ҳақида эшитмаган одам қолмади ҳисоб. Бу оламшумул кашфиёт инсониятни “Covid-19” номли офатдан қутқара оладими, йўқми, буниси ҳозирча қоронғу. Аммо бутун ер юзи аҳолиси шу нажотни интиқ бўлиб кутяпти.
Блумберг ахборот агентлиги ушбу мавзуни ўрганиш асосида қизиқ бир фактни айтди. Би-би-си ҳам ўша манбанинг хулосаси(эҳтимол иддаоси)ни ўз ўқувчиларга тақдим этди.
“Россиялик миллиардерлар ва амалдорлар апрель ойининг ўзидаёқ коронавирусга қарши эмлаш имкониятига эга бўлишган”, деб ёзади Блумберг. Бироқ Россия ҳукумати бу маълумотни кескин рад этиб келяпти.
Одатда бундай синовлар уч босқичда ўтказилади. Россиядаги вакцина синовининг иккинчи фазаси эса 3 августда якунланиши кўзда тутилган. Тадқиқотни Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТИФ) молиялаштирмоқда ва у ҳарбийлар билан биргаликда ўтказиляпти, деб ёзади Блумберг.
Манбага кўра, учинчи синов босқичи бошқа давлатлар, жумладан, Яқин Шарқда ўтказилиши ҳам мумкин. Синов жараёни билан таниш бўлган шахснинг агентликка айтган сўзларига кўра, бизнес ва сиёсий элита аъзолари экспрементал вакцинанинг дозаларини олган дастури қонунийдир. Бироқ дастур иштирокчиларини қайси асосларга кўра танлашгани мавҳум.
Нашр маълумотларига кўра, гап бир неча юзлаб кишилар ҳақида бормоқда. Агентлик ўнлаб ҳолатларни тасдиқлашга муваффақ бўлди, аммо ҳеч ким ўз фамилиясини кўрсатишга рухсат бермади. Улардан бир гуруҳида инъекциядан кейин тана ҳарорати кўтарилиб, мушакларда оғриқ кечган.
Сеченов трансляция тиббиёти университети ва фармацевтика институти директори Вадим Тарасов агентликка “Бу спекуляция. Ҳали ҳеч қандай клиникагача бўлган тадқиқотлар ўтказилмаган, бу миш-мишлар”, деб жавоб берган.
“Гамалеи номли миллий тадқиқот марказ ўтказаётган клиник синовлар ҳали якунлангани йўқ, ундан фойдаланиш имконсиз, шу жумладан, элита ва бизнес вакиллари учун ҳам, — дея ТАССга билдирди Россия соғлиқни сақлаш вазири ёрдамчиси Алексей Кузнецов.
Воқеалар ривожини кутамиз.