Толибон можароси: АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетса, нима бўлади? Қўрқувлар кучаймоқда

0
1166
Фото: TONY BROWN/BBC/ Афғон кучлари АҚШнинг ўзлари учун ниҳоятда муҳим бўлган ҳаводан дастагини йўқотишмоқда

Толибон можароси: АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетса, нима бўлади? Қўрқувлар кучаймоқда – бу хавотирлар қанчалик асосли?

Тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолган бир вақтда Tолибон илгарилаб бормоқда. АҚШ етакчилигидаги НАТО кучлари мамлакатдан чиқиб кетгач, тинчлик бўладими? Лиз Дюссет Афғонистон учун ўта муҳим паллага кўз ташлайди.

Шимолий Афғонистон тарихидаги муҳим даврни эслатиб турадиган, учли, ўткир қиррали, тарам тарам чизиқли қора мармар блокдан иборат ёдгорлик.

Америка ўзининг энг узоқ давом этган урушини якунлаш арафасида турган айни шу вақтда, Америка ва афғон юқори мартабали ҳарбий офицерларидан иборат делегация шу ерга келиб, 2001 йилда Tолибонни қулатиш учун бошланган урушда АҚШ берган илк қурбон – 32 ёшли МРБ офицерини ёдга олди.

Afg'oniston

2001 йили ноябрь ойидаги қақшатқич жангда ўлган Майк Спанн шарафига қўйилган ёдгорликда форсий ёзув ва инглиз тилида шундай сўзлар ўйиб ёзилган: «Афғонистон, Америка Қўшма штатлари ва озодлик учун ҳаётини қурбон қилган қаҳрамон.»

Орадан 19 йил ўтиб, 3.5 мингдан ортиқ коалиция кучлари аскарлари ва 110 минг афғон ўлгач, асосий хавотир ўртага чиқади – АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистондан аста-секин чиқиб кетар экан, яна бир фуқаролар уруши бошланишига яқин қолаётгандек.

«Барча томонлар» зўравонликни камайтиришлари керак

«Ҳозир биз уринаётган иш барча салбий оқибатлар олдини олиш, Афғонистонни фуқаролар уруши бошланмайдиган ҳолатга келтириш, ҳатто, ҳозиргидан беқарорроқ бўлишига йўл қўймасликдир,» дейди НАТОнинг «Қатъий дастак миссияси»ни бошқарган, АҚШнинг Афғонистондаги бош ҳарбийси генерал Скотт Миллер.

2001 йилдан бери энг кучайган ҳолатга келган толиблар, урушдан чарчаган ва барчаси янада баттарлашишидан хавотирда бўлган халққа дам бериш учун февралда АҚШ билан имзоланган битимга қарамай, Афғонистон бўйлаб турли ҳудудларга ҳужум қилиб, борган сари илгариламоқда.

«Зўравонлик камайиши керак,» деб таъкидлайди генерал Миллер ўзининг афғон ва Америка ҳарбий базаларига ташрифи чоғида Би-би-сига берган оз сонли интервьюларидан бирида.

У ўтиш жараёни кўнгилдагидек бўлиши учун масъул фуқаровий ва ҳарбий етакчилар билан учрашмоқда.

«Мен Толибондан зўравонликларни камайтиришни алоҳида сўрадим, бу бир томонлама бўлиши мумкин эмас. Ҳамма томонлар камайтириши керак.»

Бир йилдан ортиқ давом этган қизғин музокаралардан сўнг Қатарда имзоланган февралдаги битим шартларига кўра, 4500 АҚШ ва 6100 Нато аскари келаси йилнинг майига қадар мамлакатдан чиқиб кетиши керак.

Аммо битимнинг бу шарти бажарилиши Толибоннинг ўз мажбуриятларини қанчалик бажариши, жумладан, Ал-Қоида каби эктремист гуруҳлар билан алоқаларни узишига боғлиқ. Улар Афғонистон яна бир бор 2001 йил 11 сентябрдагидек ҳужумлар режаланадиган жойга айланиб қолмаслиги учун кафолат исташмоқда. Ўша ҳужум сабабли НАТО муҳим ва серчиқим амалиётларга киришган эди.

Afg'oniston
СУРАТ МАНБАСИ,REUTERS

Февралдан бери бирорта ҳам америкалик аскар Толибон ҳужумларида ўлмади. Аммо битимда кўрсатилган афғонларга зўравонликларни камайтириш талаби ижроси нотайин қолмоқда ва турли қарама-қарши талқинларга сабаб бўлмоқда.

Шу боис, генерал Миллер ва элчи Залмай Халилзод турли шаҳарлар – Доҳа ва Афғонистондаги ишларга борган сари кўпроқ ва хавотирли шаклда аралашаётган минтақадаги давлатлар пойтахтлари ўртасида қатнаб саргардон.

Хизмат қилаётган аскарлар эса уйларидаги – Америкадаги сайловлар билан боғлиқ нозик мавзулар ва кутилмаган твитлари билан сиёсатнинг оёғини осмондан қилиб юбораверадиган Oлий қўмондоннинг инжиқликлари ҳақида гап очишдан тийилади.

АҚШ қўшинлари «Мавлуд байрамигача уйда» бўладими?

Доналд Трампнинг ижтимоий тармоқларни гумбурлатган навбатдаги твити ўтган ой отилди ва Вашингтондан туриб уруш майдонларида жаранглади: «Афғонистонда хизмат қилаётган оз сонли бизнинг ЖАСУР эркак ва аёлларимизни Мавлуд байрамига қадар уйга қайтаришимиз керак.»

«Булар сиёсий қарорлар,» дейди Миллер майга қадар белгиланган муддат ҳозир ҳам ишонарли мақсадми, дея берилган саволга усталик билан жавоб қайтарар экан.

«Биз ҳарбий жиҳатдан таклифларимизни берамиз. Ва буни сиёсий раҳбариятга ҳамда тинчлик музокаралари қандай кетишига қолдираман.»

АҚШ битими ўтган ойда Толибон ва афғон ҳукумати вакиллари ўртасидаги тарихий тинчлик музокаралари бошланишига йўл очди.

Кўтаринки бошланган музокаралар урушдан кўра музокаралар столига диққат қаратиш кераклиги кўрсатди.

Исломий ҳуқуқ борасидаги нозик масалалар боис музокараларнинг боши берк кўчага кириб қолиши келишув муваффақиятсизликка учраши мумкинлигига эътиборни қаратди.

«Биз Толибон билан тинчликка эришиш учун ҳамма нарса қиляпмиз,» деб таъкидлайди Афғонистон Mиллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Моҳиб Кобулдаги қаттиқ қўриқланадиган президент сарой мажмуасида, ёрқин рангли атиргул буталари ёнидаги майса устида ўтирганимизда.

«Аммо тинчлик ва уруш ёнма-ён юради ва биз бошқа сценарийлар учун ҳам тайёргарлик кўряпмиз.»

Қадимий тош деворлар ва ҳозир бир-бирига боғланган темир халқалар билан мудофааланган 19- асрга оид бу муҳташам истеҳкомдан ташқарида Толибон жангарилари муҳим шаҳарча ва шаҳарларга, Кобулнинг ўзига ҳам аста кириб бораётгани ҳақидаги хабарлардан одамларнинг асаби таранг.

Генерал Миллернинг шу ҳафта Фараҳ вилоятига бўлган ташрифи унинг шимолий вилоят Балхдаги Қалъаи Жанги истеҳкомида жойлашган афғон армияси базасида тўхтаб ўтгани каби АҚШнинг афғон кучларини дастаклашни давом эттиришини билдиришга уриниш эди. Вақт ўтиб бормоқда, мамлакатдан чиқиб кетиш ҳақида Вашингтондан турли қарама-қарши хабарлар келиб турибди.

Генералнинг ҳар борган жойида, афғон ва Америка ҳарбий ва фуқаровий хизматчилари пандемия вақтида бир-биридан муайян масофада қўйилган курсиларда ўтирганча, афғонлар ҳаётига қайта кириб бораётган исёнчи Толибон қаршисида афғон хавфсизлик кучларининг қудратини баҳолаб, фикр алмашадилар.

Ҳар бир вилоятдаги хавфсизлик даражаси бир-биридан фарқли, аммо хавф ҳаммасига бирдек: Афғонистон хавфсизлик кучлари, шу жумладан, махсус кучлари баъзи урушларда йўқотишларга учрамоқда, мағлуб бўлмоқда, баъзи жойларда ҳудудни бериб қўймоқда. Фақат АҚШнинг ҳаводан қўллови фарқларни вужудга келтирмоқда, ҳар сафар Толибон жангариларининг вилоят марказларини эгаллашдек мукофотдан мосуво қилмоқда.

Фараҳ вилоятида харитадан қайси йўллар афғон кучлари учун ёпиқ ва қайси таъминот линияларига босим кучлилигини кўраётган генералдан «Биз қуршовдамиз», деб ёрдам сўрайди афғонлар.

Генерал Миллерга ҳамроҳлик қилаётган афғон генерали Айюб Саланги дадиллик қилади:

«Ҳозир оғир, аммо аввал бундан ҳам оғирроқ ҳолатларга дуч келганмиз. Афғон етакчилари шуни яна такрорлашмоқда,» дейди у 1980-йилларда Cовет қўшинларига қарши урушган Ғарб қўлловидаги мужоҳидларга ишора қилар экан.

Фуқаролар уруши «эҳтимоли баланд»

Afg'oniston
СУРАТ МАНБАСИ,EPA

1989 йилда Совет аскарлари чиқиб кетгач, қуролли гуруҳлар ўртасида бошланиб кетган бетартиб фуқаролар уруши афғонлар хотирасидан ўчмаган.

«Бизнинг ўз муваффақиятсизлигимиз – ана шу менинг хавотирим,» дейди Ҳамдуллоҳ Моҳиб, ундан ҳозир нимадан кўпроқ хавотирда экани ҳақидаги саволимга.

Қатъий бир огоҳлантириш оҳангида, фуқаролар уруши «эҳтимоли баланд», мамлакат раҳбарияти «буни камайтириш учун» қўлларидан келганини қилишаётганини таъкидлайди у.

Афғонистон қурол-аслаҳаларидаги энг кучли қуроллардан бири – АҚШ Ҳаво кучлари бу ой яна бир тошқинни қайтарди. Толибон жангарилари афғон ҳарбий кучлари ва АҚШ қатъиятини синовдан ўтказиб, стретегик муҳим жанубий вилоят Ҳелмандга ҳужум қилди. У ердаги асосий шаҳар – Лашкаргоҳга кираверишдаги ҳукумат текширув нуқтасидан ўтиб кетди.

«Ҳа, Ҳелмандда Американинг ёрдами муҳим роль ўйнади,» деб тан олади Моҳиб. Аммо АҚШ учоқлари учишдан тўхтагач, Толибон жангарилари вилоят марказларига ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақидаги тахминга жавобан у афғон хавфсизлик кучлари «барча жанговар ҳаракатларни олиб бормоқда», дейди ва бошқа бир жабҳада, Афғонистон ўз ҳарбий учоқлари учун ўз учувчиларини тайёрлаётганига урғу беради.

АҚШнинг Ҳелманддаги кескин ҳаво зарбаси толибларнинг Американинг битим шартларини бузаётгани ҳақидаги ғазабнок айбловларига туртки берган.

«Биз афғон хавфсизлик кучларини ҳимоя қиламиз,» деган генерал Миллер АҚШ бу ишни яна давом эттиришига ишора қилар экан.

«Биз тинчлик музокаралари муваффақиятли ишлаши учун ўзимизни қаттиқ тиймоқдамиз.»

Бироқ ўтаётган ҳар бир ой қудратли АҚШ армияси ниҳоят тўрва халтасини йиғиштиришини кўрсатмоқда.

АҚШнинг мамлакатдаги энг катта ҳарбий базаси билан ёнма-ён жойлашган, йиллар давомида катталашган сершовқин Баграмда АҚШ ўз техникасини олиб чиқиб кетар экан, вертолётлар ва ҳарбий транспорт учоқларининг товуши тинмайди. Бу улкан мажмуанинг келгуси тақдири номаълум, аммо унинг ўзгараётган чегараси аллақачон бир неча футбол майдонига тенг миқдорда торайган.

Afg'oniston

Шаҳарчадаги ҳаёт ҳам аста-секин сўнмоқда. АҚШ ҳарбийларидан ортиб қолган буюмлар, деярли янги ботинкалардан тортиб, компютеру югуриш тренажерларигача сотиб, яхшигина даромад кўрган дўконлар ҳам ёпилмоқда.

Кўчада олдимизга ҳарбий базада ишлаган минглаб баграмликлардан бири Малик келди.

«Ўз никоҳ узугимни сотдим. Чунки уйда ҳеч нарса қолмади, пул йўқ,» дейди 28 ёшли Малик аввал база ичида жойлашган, бетони ёрилиб кетган майдонда турганимизда. «Болаларимга егулик сотиб олиш учун сотдим.»

Унинг қўрқуви сезилиб турарди.

«Юз фоиз, Толибон шу ерда,» деб бақиради у. «Улар шу ерда, орамизда.»

Афғонистонда келажакнинг, АҚШ сайловлари натижаси номаълумлиги одамлар кайфиятида сезилади.

Вашингтоннинг асосий қизил чизиқлари Американинг ўз хавфсизлиги нуқтаи назаридан чизилади. Афғон тинчлик музокаралари чўзилса ҳам, улар шундай қилишади. Аммо вақт ўтиб борар экан, АҚШнинг ҳудуддаги бош ҳарбийсини ўйлантираётган нарса афғонистонликлар хаёлида ҳам айланмоқда.

«Мени асосий хавотирга соладиган нарса афғонлар тинчлик учун имкониятни бой бериши мумкинлигидир,» дейди генерал Миллер.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг