Сўх можароси фақат маҳаллий характерга эгами ёки?..

0
1734
Женгиш Айдаров/RFE/RL

«Сўх» инциденти менда бир шубҳа уйғотди. Нега минтақадаги этник жанжаллар марказида асосан қирғизлар пайдо бўлаётир? Тожикистон —Қирғизистон чегарсида шу йил бошидан буён юз берган можаролар ва Сўх воқеаси айнан бир-бирига ўхшайди. Ер, яйлов ва сув талашиш оқибатлари…

Маҳаллий аҳоли минтақанинг тарихий мероси ёки умумқадриятлари устида талашмаётир, оддий, турмуш учун зарур масалаларда зиддиятга келишмоқда. Минг йиллардан буён қўшни бўлиб яшаб келган, маданияти, дини ва баъзи ҳолларда тили бир халқлар негадир бугунга келиб тез-тез жиққамушт бўлишяпти. Нега?

Нима учун Сардоба фожиаси оқибатида қозоқ қишлоқлари ва аҳолиси катта талафот кўради-ю, ҳар икки томон халқи буни тўғри тушуниб муросага келади, бир-бирини қўллайди?! Мусибатни бирга енгишга баҳамжиҳат киришади! Оқилона қарор қилишади…

Ва яна нега ўзбек-қирғиз ёки тожик-қирғиз чегараларида азалдан оға-ини, қавм-қариндош бўлиб яшаб келган халқлар бир-бирини ваҳшийларча тошбўрон қилишади? Нега? Нега муроса йўқ?

Ўзбек билан қозоқ муроса қилди-ку, ақл билан иш тутди-ку… Ғаламис кучларнинг «Сардоба» туфайли икки биродар халқ ришталари узилсин, деган баднияти чиппакка чиқди-ку! Сабаб нима? Сабаб шуки, бу фожеа фавқулодий фитна ва халқлар ўртасига қутқу солишга эса вақт йўқ эди…

«Сўх» можаросини юзага келтириш учун эса вақт ҳам, чегараларидан бошқа маиший сабаблар ҳам керагидан ортиқ эди. Афсуски, бу зиддиятларнинг сабаби қилиб (ҳатто баъзи ҳолларда писанда билан!) бугун минтақа давлатларининг Россия регионалистик сиёсатининг икки қутбида қолаётганини кўрсатишга уринилмоқда. Бу билан масаланинг сиёсий ечимига ишора қилинаётган, янада очиқроқ айтганда, «адашган» қўшнилар бир қутблиликка чорланаётгандай.

Масалан, Сўх — Риштон коридорининг очилиб, икки кунда қайта ёпилишига, қирғиз расмийларининг айтишича, Қирғизистоннинг ЕОИИга аъзолиги ва ўз навбатида, Ўзбекистоннинг бу иттифоққа аъзомаслиги монелик қилганмиш… Шу ўринда Никколо Макиавелли нинг бир неча юз йиллардан буён дунё диктаторларига дастак бўлиб келаётган «Бўлиб ташла ва бошқар» қоидаси эсга келади.

Ҳа, биз юз йиллар олдин бўлиб ташланганмиз ва ҳамон Макиавелли назарияси бўйича «бошқарилмоқдамиз». Йўқса, Қирғизистон ўша иттифоқнинг аъзоси ўлароқ аъзоликка кирмаган асрий қўшнилари — Ўзбекистон ва Тожикистонни турли этник можороларга тортишини ёки шубҳали тарзда иштирокчи бўлиб туришини қандай англаш мумкин? Бу «улуғ давлат»нинг «шу иттифоққа аъзо бўлсанг, тинч яшайсан» деган шаъмаси эмасмикин?!

Нима бўлганда ҳам, бугун дунё ўзгарди. Ҳатто ғоялар, қарашлар, қадриятлар ҳам! Энди истакни ҳам ўзгартириш керак! Орзу-ниятларни пок қилиш зарур! Минтақа халқлари фаровонлигини таъминлашда ЕОИИ ва ёки “Бир макон, бир йўл” каби контексти регионализм ғояси билан тўйинган лойиҳаларнинг фойда беришига ишониш қийин.

Марказий Осиёни бугун постколониал ва неоколониал хавфлардан халос этадиган ягона ғоя — унинг тезкор интеграциялашуви, назаримда. Яъни, Ўзбекистон Президенти бошлаб берган ғоят муҳим ташаббус —қўшниларнинг бир-бири билан аҳиллигини кусайтириш, ўзаро ҳамкорликни тиклаш ҳамда яқин қўшничиликни шакллантириш натижасида мустаҳкам асосли интеграция — бирликка эришишдир.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг