Сиёсатшунос сиёсий партияларга норозилик билдирди

0
2967
Фото: @platformauzb

Менимча, партияларга ҳокимиятга даъвогарлик қилмаслиги учун шунақа амбицияси йўқ, гапи оғзидан тушиб кетадиганлар атай танлаб олинади.

Бугун ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов иштирокидаги дебатнамо шоуни кўрдим — ёзувда бўлса керак. Илҳом ака — яхши мутахассис, ҳар бир гапини далиллаб гапиради. Бошқа ўринбосарлардан фарқли ўлароқ, ўзбекчани жуда яхши билади, халққа тушунарли тилда гапиради.

Фақат «Европа иқтисодий иттифоқи» деб чалкаш гапиришини айтмаса. Лекин унинг, босим йўқ, деган гапи — қўпол бўлса ҳам айтаман — ғирт ёлғон. Мен Ўзбекистоннинг миллий манфаати Россиянинг амбицияларига қурбон қилинмаслиги керак, деб ҳисоблайман.

Алам қиладигани шуки, бирорта партия вакили Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолик ҳақида жўяли савол бергани йўқ, вазир ўринбосари билан шу масалада мунозарага кириша олмаганини айтмаса ҳам бўлади.

У ёқда Россия босим ўтказиб ётибди, бу ёқда чиновниклар тинимсиз босим бўлаётганини айтади, лекин «халқнинг тинчлигини бузмаслик» учун ҳамма жим. Чунки Москвага ваъда бериб қўйган «сиёсий ирода»дан қўрқади. Беларусь мисолида Москвага ваъда беришнинг оқибати нима бўлишини кўряпмиз. Кунда-шунда бўлиб қолган делегациялардан ташқари попсаю киночиларию санъат вакилларидан иборат «юмшоқ куч»ни ишга солаётгани-чи. Ўрис тили расмий тил бўлсин бўлиб чинқирганларнинг куни туғди, шекилли.

Бунақа дебатлардан сўнг, сайловда қатнашишдан нима фойда, деган савол янада қатъийлашди. Кимга овоз берайлик? Каттаси ўзининг позициясини ҳимоя қила олмай, ўн марта турланадиган «Миллий тикланиш»гами? Каттаси нима учун ХДПга раҳбар эканини ҳам тушунмайдиган, эҳтиёжманд қатламлар — электоратимиз, деб истеъмол саватчаси нималиги ҳақида тасаввури ҳам бўлмаган ва ўша айтган 2,5 миллион сўм ҳақидаги аҳмоқона фикрини ҳали ҳам ҳимоя қилишга уринаётган партиягами ёки ўзининг иши қолиб, Тошкентга прописка билан «шуғулланадиган» экологларгами?

 

Фахриддин НИЗОМОВ, сиёсатшунос.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг