Пандемия даврида кимлар фойда олиб, бойиб кетмоқда?

0
1530
манба: Review.uz

2020 йилнинг бошида бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси жаҳон иқтисодиётини инқирозга юз тутишига олиб келди. Хитойдан бошланиб сайёрамизга тарқаб кетган эпидемия 2008 йилги инқироздан ҳам ошиб тушди. Иқтисодий қулашдан даставвал ўз ишларидан ва даромад манбаидан айрилган аҳолининг кам таъминланган ва ўрта қатламлари, кичик ва ўрта бизнес вакиллари зиён кўришди. Шу билан бирга сайёрамизнинг бадавлат инсонлари ҳам йирик молиявий йўқотишларга дуч келишди. Уларнинг молиявий ҳолати қисқа муддатлар ичида миллиардларни ташкил этди. Бироқ ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ. Курраи заминнинг асосий қисми ишсизлик натижасида уйда ўтириб, иқтисодиёт инқирозга юз тутишини кузатаётган бўлса, баъзилар бундан яхшигина даромад кўришмоқда.

2020 йил буткул йўқотилди

Халқаро Валюта Жамғармаси иқтисодий фаолиятнинг тезкор равишда сусайиши дунёни ретсессия томон етаклаганлигини қайд этди. JPMorgan Chase иқтисодчилари юзага келган инқироз Буюк турғунлик даврларидан буён энг кучлиси бўлиб, бу яқин икки йил ичида глобал ЯИМ 5,5 трлн. долларга пасайишига олиб келишини тахмин қилишди. Saxo Bank эса 2020 йилни буткул йўқотилган дея эътироф этди. Бироқ шунга қарамай баъзи соҳалар инқироз шароитида нафақат йўқотишларни бартараф этишди, балки молиявий бозорнинг янги талабларига мослашиб миллиардлаб фойда кўришди.

Қайси соҳага талаб рекорд даражада ошиб кетди

Коронавирус инқирози пайтида муваффақиятга эришганлар орасида видеоконференция хизматларини кўрсатувчи компаниялар ва улардан айниқса, Zoom’нинг борлиги эътиборли. Бу хизмат бир вақтнинг ўзида кўп кишига видео орқали мулоқот қилиш имконини беради, бу эса ўз навбатида масофадан туриб ишлашга оммавий ўтиш шароитида бизнес ва ўқув юртларида қўлланилади. Аксарият инсонларга карантин даврида бундай хизматлар кичик миқдорда бўлсада фойда олиш имконини беради. Мисол учун, микробизнес вакиллари ва ўз-ўзини банд этганлар – руҳшунослар, экскурциячилар, нотиқлар ва йога ўқитувчилари. Ошиб борган талаб Zoom’га Dow Jones индекси 1987 йилдан буён энг қуйи поғоналарга пасайган даврдаги рекордини янгилашга ҳам имкон берди.

Коронавирус авж олган кунларда бу дастурни юклаб олиш сони компания акциялари нархи сингари икки баробардан кўпроққа ошди. Январь ойида Zoom қимматбаҳо қоғозлари 68 доллар атрофида баҳоланган бўлса, 14 майга бўлган ҳолатига кўра у 167 доллардан юқорироқ қийматда савдолашяпти. Апрель ойида компания акциялари рекорд даража – 169 долларга етди. Zoom’га бўлган талаб унинг асосчиси Эрик Юаньни сайёрамизнинг энг бадавлат инсонлари қаторига қўшилишини таъминлади. 2020 йилда бизнесмен Forbes журнали томонидан тузиладиган жаҳоннинг энг бадавлат инсонлари анъанавий рейтингига киришига замин яратди. 15 май санасига кўра унинг умумий молиявий ҳолати 8 млрд. долларни ташкил этди, бу рейтингда 205-ўринни эгаллашини таъминлади.

Яна бир компания пандемия сабаб бойиб кетди

Zoom коронавирус сабаб мустаҳкам оёққа турган ягона хизмат эмас. Пандемия шароитида Slack корпоратив мессенжери ҳам оммавийлашиб бормоқда. Бу видеоалоқа хизматини омма эътиборига ҳавола этадиган мессенжер. Март ойи ўрталарида дунё молиявий бозорининг қулаши Slack акцияларини ҳам тушириб юборди, бироқ ой охирига келиб компания буни тўхтатишга эришди. Май ойида эса Slack қимматбаҳо қоғозлари йил давомида максимум ўсишга эришди ва 15 майга келиб 31,5 долларга етди, бу 1 январга нисбатан 30%га қимматлашганини англатди.

Пасайиб бораётган компанияга бўлган талаб карантинда ошиб кетди

Пандемия ижобий таъсир қилган яна бир соҳа онлайн ўйинлар саноати бўлди. Карантин чоралари эълон қилингач одамлар кино ва сериаллар кўриш, мусиқа эшитиш ва онлайн видеоўйинлар ўйнаш имкониятини берувчи хизматлардан фаолроқ фойдалана бошлашди. Уларнинг орасида айниқса Netflix ва YouTube янада юқори ўринларга кўтарилишди. Фойдаланувчилар оқими шу даражада юқори эдики, натижада ушбу компаниялар акциялари кескин кўтарилиб кетди. Neftflix март ойидаги пасайишдан тезда ўзига келди ва майнинг ўрталарига келиб йил бошига нисбатан 35%га тенг кўрсаткичларни қайд этди.

Карантин вақтида америкаликлар видеоўйинлар учун 11 млрд. доллар сарфлади

Шунингдек, видеохизматлар билан бирга компьютер ўйинлари ҳам ўзининг юксалаётган даврини ўтказмоқда. Verizon телекоммуникация компаниясининг маълумотлари бўйича, март ойида ўйин платформаларидаги трафик 75%га ошиб кетди. Таққослаш учун, ҳафталик фильм томошаси коронавирусгача бўлган даврга нисбатан 32%га, видео кўриш эса 36%га ошган. 2020 йилнинг дастлабки квартали якунлари бўйича америкаликларнинг видеоўйинларга пул сарфи деярли 11 млрд. долларга ёки 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 9%га ошган.

Хасталик деб тан олинган машғулот коронавирусга қарши самарали восита

Пандемия даврида компьютер ўйинлари нафақат кўнгилочар восита тури эканлиги маълум бўлди. Апрель ойи бошида Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти кутилмаганда видеоўйинлар карантин шароитида вирус тарқалишининг олдини олиш ва одамларнинг уйда қолишлари учун самарали восита эканлигини таъкидлади. Нега кутилмаганда деяпмиз, чунки бундан бир йил аввал ташкилот инсоннинг видеоўйинларга боғланиб қолишини хасталик дея тан олганди. Бироқ 2020 йилда БССТ видеоўйинлар саноатида етакчи ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда #PlayApartTogether (#Масофаданўйнанг) кампаниясини эълон қилди. Бу ҳаракатга қўшилган видеоўйинлар асосчилари ўртасида Activision Blizzard (Call of Duty, Guitar Hero, Warcraft, Diablo) ҳам бор. Март ойида компания талабнинг пасайиши натижасида бир неча миллиардларни йўқотган эди, бироқ унинг акциялари тезда ўсиш йўлига тушиб олди. Ҳозирги кунда унинг акциялари деярли 73,18 долларга баҳоланган, умумий капитал айланмаси эса 56,3 млрд долларни ташкил этмоқда.

Дори ишлаб чиқарувчи компания учун ҳам пандемия омадли келди

Фармацевтика компаниялари ҳам юксалиш пиллапояларига кўтарилаётганлар тоифасига киради. Ҳар қандай эпидемиялар даврида касалликдан дори воситаларини излаб топиш биринчи рақамли мавзуга айланади. Шу сабабли инқирозлар бу соҳадаги ишлаб чиқарувчилар тараққиётига чўт эмас. Мисол учун: коронавирусга қарши самарадорлигини аниқлаш мақсадида ремдесивир препаратини синовдан ўтказган Gilead Science фармацевтика компанияси акциялари январь ойидаги 65 доллардан 77 долларга кўтарилди. Апрель ойида мазкур препарат коронавирус билан курашда оғир хаста бўлганларга самарали таъсир кўрсатганлиги маълум бўлгач, компания қимматбаҳо қоғозлари қисқа давр ичида 84 долларгача кўтарилиб кетди.

Gilead Science рақобатчиларида ҳам йил кашфиёти бўлиш учун ўзига хос пойгада акциялари ўсишда давом этмоқда. Апрель ойи бошида ўз препарати синовларини бошлаган Inovio Pharmaceuticals компанияси қоғозлари ҳам 300%га ошди. COVID-19га қарши дори воситаси яратиш ишларини бошлаб юборган Moderna акциялари эса январь ойига нисбатан 250%га кўтарилиб кетди.

АҚШ ва Германияда коронавирусга вакциналарни инсонларда қўллашни бошлаган фармацевтик гигантлар Pfizer ва BioNTechда ҳам қоғозлар қиймати ўсишда давом этмоқда. Америка компаниясининг акциялари март ойидаги қулашдан сўнг тўлиқ тикланиш йўлида бораётган бўлса, германияликлар йил бошидагига қараганда 25% юқорироқ кўрсаткичда савдолашмоқда ва бу рақам 92 долларга етди.

Биотехнология компаниялари ва интернет-ритейлерлари ҳам яхши кўрсаткичга эришди

Коронавирус шароитида биотехнология компаниялари ва интернет-ритейлерлар ҳам плюсда қолишмоқда. Кундалик эҳтиёж маҳсулотларига юқори даражадаги талаб ошиши натижасида дезинфекция ва ҳимоя воситалари савдо бозори ҳам чаққонлашиб кетди. Бунда айниқса, Американинг дезинфекцияловчи салфеткалар ва тозалаш воситалари ишлаб чиқарувчи Clorox компанияси фаоллик кўрсатмоқда. Боз устига, коронавирус мазкур корхонани инқироздан сақлаб қолди дейиш мумкин: эпидемиядан бир неча йил олдин унинг молиявий аҳволи рақобатчиларнинг юқори босими натижасида жуда ачинарли кўринишга келган эди. Аммо пандемия даврида дезинфекция воситаларига талабнинг кескин ошиб бориши натижасида Clorox акциялари сўнгги 50 йил ичидаги максимал нуқтасига етди.

Шунингдек, интернет-ретейлерлари ҳам коронавирусдан келиб чиққан инқироз даврини ўз ҳисобларига ёзиб қўйишлари мумкин. Пандемия пайтида Американинг Amazon компаниясига омад кулиб боққан. Болалар ўйинчоқларидан тортиб кундалик эҳтиёж молларигача бўлган турли товарларни уйга етказиб бериш билан шуғулланувчи ретейлернинг савдо ҳажми юқори даражада ошиб кетди. Бизнеснинг бошқа кўриниши вакиллари чуқур инқирозни ўтказаётган, ходимларини ишдан бўшатаётган ёки иш ҳақи тўланмайдиган таътилга юбораётган бир даврда онлайн-савдонинг ушбу етакчиси интернет-буюртмалар ҳажми ошганлиги сабабли янги ходимларни ишга олишига тўғри келяпти. Компания март ойидаёқ 100 мингта янги ваканциялар очилганлигини эълон қилган – асосан омборхона ишчилари ва курьерларга эҳтиёж ошиб кетди. Қолаверса, юқори бандлик даражаси сабабли ходимларнинг алоҳида гуруҳларига иш ҳақларини кўтарилди.

Джефф Безоснинг умумий бойлиги 100 млрд доллардан ошиб кетди

Amazonнинг бу муваффақияти унинг асосчиси Джефф Безосга бу сафар ҳам сайёрамизнинг энг бадавлат инсони дея тан олинишига олиб келди. Безос инқирозни йўқотишларсиз ўтказиш баробарида янги муваффақиятларга ҳам эришди. Ҳозирги кунда у умумий бойлиги 100 млрд доллардан ошган саноқли ишбилармонлардан бири ҳисобланади. Forbes маълумоти бўйича, Безоснинг шахсий капитали 143,7 млрд долларга етди. Унинг яқин таъқибчилари — Microsoft асосчиси Билл Гейтс ва Европанинг энг бадавлат инсони ҳисобланадиган Louis Vuitton Moеt Hennessy (LVMH) эгаси Бернар Арно эндиликда Безосдан анча ортда қолишмоқда.

Коронавирус сайёрамизни ўзгартириб юборди

Технология компанияларининг равнақи жаҳон иқтисодиётининг реалдан виртуал тарзга ўтишига кучли туртки берди. 2020 йил боши бутун дунё бўйлаб истеъмолчилар одатлари ва бизнес амалиётини тўлиқ ўзгартириб юборганлиги аниқ. Сарҳадларнинг ёпилиши натижасида глобал етказиб бериш занжирларининг узилиши компанияларни қаердан сотиб олишлари ва кимларга сотаётганликлари борасида ўйлантиришга мажбур қилди. Масофавий ишлаш бўйича глобал тажриба барча ишчи ходимлар ва талабалар аҳлига ўзига хос синов бўлди ва бу коронавирусдан кейинги оламда бизнес ва илм-фан соҳасида янги амалиёт ва самарали фаолият олиб бориш имконини беради. Кенг кўламли бу силжиш қанчалик фойдалилиги ва инқироз даврида кўтарилган компаниялар узоқ муддатли истиқболда бозор юлдузига айланиши ҳозирча номаълум. Бироқ ишонч билан айтиш мумкинки, коронавирус сайёрамизнинг иқтисодий манзарасини бутунлай ўзгартириб юборди.

Манба: Forbes

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг