“Одамларимизнинг ўзи ёмон” ёхуд консуллик хизматларининг нархлари нима учун қиммат?

0
4060
Youtube

Яқинда Москвада мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи migrant.mobi лойиҳаси асосчиси Ботиржон Шермуҳаммад билан пандемия шароитида Россия ҳудудидаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳақида суҳбат ўтказган эдик. Суҳбат давомида бир қанча муаммолар ҳақида ва уларнинг амалий ечими юзасидан суҳбатдошимиз фикр-мулоҳазаларини бериб ўтганди.

Шундай муаммолардан бири, Россиядаги Ўзбекистон элчихонасининг консуллик хизматлари учун тўловларнинг бошқаларникига нисбатан қимматлиги билан боғлиқ масаладир.

Бундай муаммо кўринишидан долзарб бўлмаган ва оддий маиший масаладек туюлиши мумкин. Агарда бу мамлакат ичида кўтарилаётган масала бўлса, балки аҳамият даражаси долзарблик касб этмаслиги мумкин.

Энди масала хорижда, Ўзбекистон муҳожирлари билан боғлиқ холатда кўтарилса, унинг миқёси долзарблик даражасига чиқиб қолади.

Нимага? Чунки, хорижда бошқалар билан қиёслаш учун имконият кенг, солиштириш учун мисоллар кўп бўлади. Қолаверса, мамлакатимизнинг халқаро даражадаги нуфузига ҳам таъсир бўлиши мумкин.

Ўзбекистонга яқин қўшни бўлган давлатлар ўз мигрантлари учун белгилаган консуллик хизматлари нархлари, ўзбекистонлик мигрантлар учун белгиланган нархлардан кескин фарқ қилиб турганидан кейин, албатта, табиий равишда мантиқий саволлар юзага келади.

Хусусан, Россиядаги мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи migrant.mobi лойиҳаси асосчиси Ботиржон Шермуҳаммад суҳбат давомида шу масалага алоҳида тўхталиб, шундай дейди:

«Биз таҳлил қилдик… Ўзбекистон элчихонаси консуллик бўлимларида амалга оширилаётган хизматларда консуллик божи бор. Ўша, консуллик тўлови бор. Уларни (Ўзбекистон элчихонаси назарда тутилмоқда. таҳр.) Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон республикалари билан солиштирдик. Жудаям катта фарқ бор. Оддий мисол, энг кўп амалга ошириладиган, расмийлаштириладиган -Ватанга қайтиш гувоҳномаси бор. Паспорти йўқолганда, муддати тугаганда, яроқсиз холга келиб қолганда қилинади. Ўтган, … 2019 йилда 16 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси шунақанги ҳужжат олган. Ўзбекистон элчихонасидан, яъни Россиянинг ўзида. Шу нарса 55 доллар… Давлат божи… Ўзбекистонда элчихонасида.

Биз солиштирганимизда Қозоғистонда 7,5 доллардан, Тожикистонда 10 доллардан … ва жудаям катта тафовут борлигини кўрдик.

Мана хорижга чиқиш паспортини олиш учун Ўзбекистонда 160 доллар тўланади. Яна устида 50 доллар -70 доллар жаримаси ҳам бор. Уларда (қўшни мамлакатлар назарда тутилмоқда .таҳр) энг қиммати 100 доллар, бўлмасам 50 долларгача… Қозоғистонда, Тожикистонда, шунақанги элчихонаси орқали паспорт олиш имконияти борлигини ва ҳаттоки, Тожикистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, олиш имконияти борлигини кўрдик. Нотариал ҳар-ҳил ҳаракатларни амалга ошириб кўрдик. Яъни, шуларни солиштириб, кўрсатиб бердик.

Ҳеч бўлмаганда, … майли Россиядаги муаммоларни (ҳал этиш) Ўзбекистоннинг қўлида эмас. Фақатгина илтимос қилишлари мумкин, яъни, бизни Ҳукумат вакиллари улардан… Лекин, ўзимизни қўлимизда бўлган, ўзимизни фуқароларимиз мурожаат қиладиган, шу нархларни пасайтирса бўладику!

Нимага энди икки варақ, варақча, А4 форматидаги қоғозни (иккига бўлинганида-бу), шу қоғоз нима сабабдан 55 доллар туриши керак? Нима сабабдан? Қанақа, нимаси борки шунақа нарх турса?

Агар 16 мингни 55 га кўпайтирадиган бўлсак, жудаям салмоқли сумма бўлади. Ҳаёлга келиб қолади баъзида, бу Ўзбекистон Ҳукумати ўзини мигрантларига шунақанги Давлат хизматларини кўрсатишдан, Давлат берадиган ҳужжатларни расмийлаштиришдан даромад олмоқчими деган гумон келади.

Чунки, Ўзбекистонда паспорт олиш неча пул? Ўзбекистонда паспорт олиш 250 минг сўм бўлса керак адашмасам. Агар долларга ўгирадиган бўлсангиз, 15- 20 доллар бўлади халос. Бутун бошли паспорт олиш Ўзбекистонда 15-20 доллар атрофида бўлса, Москвадаги элчихонада нимагадир консуллик бўлимида бу 55 доллар 1 ой муддатга бериладиган қоғозни нархи.

Бунга ўхшаган муаммолар жудаям кўп, яъни ҳеч бўлмаганда, майли Ҳукумат томонидан етарли иш ўринлари яратиб берилмаяпти, фуқароларимизни ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ҳам дўндирганимиз йўқ, жудаям кўп муаммоларимиз бор. Ҳеч бўлмаганда шу нархларни камайтириб қўяйлик?!

Бир нарсани айтиб ўтишим керак. Шу нарсаларни айтганимдан кейин, ҳаттоки ўша учрашувдан сўнг элчихона вакиллари олдимга келиб, мен билан бахс ҳам қилишди. “Эй, бу бекоргамас! Ўйлаб қилинган..” ва ҳ.к. дейишди (элчихона вакиллари). Яъни, агар элчихона вакилларини гапига қулоқ тутадиган бўлинса, фуқароларимиз ёмон, уларнинг ўзлари шунақанги бир фирибгар, ёлғончи. Ҳамма муаммо фуқароларимизда.

Яъни, мен айтаманки, бу одамлар қандай қилиб Ўзбекистон фуқароларини ҳуқуқларини, манфаатларини ҳимоя қилиш учун бу ташкилотда ўтирибди? Агар фуқароларини, халқини шунчалик ёмон кўрадиган бўлса, фуқароларимизни фақат, шу, фирибгар, ёлғончи деб биладиган бўлса, ишини алмаштирсин! Буларни юбориш керак- бошқа жойларга, яъни, булар фуқаролар билан бевосита ишлайдиган жойда ишламасликлари керак! Чунки, уларнинг ҳаёлидаги бор нарса, ичидаги фикри, амалдаги ҳаракатларига ҳам таъсир қилаяпти”, дейди Ботиржон Шермуҳаммад.

Хулоса

Ҳозирда Россия Федерацияси ҳудудида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлар сон жиҳатидан кўпчиликни ташкил этар экан, мутасаддиларни юқорида таъкидлаб ўтилган масала бефарқ қолдирмаслиги керак. Зеро, ўз халқига бундай эътибор ва муносабатда бўлиши, амалдаги Давлат тизими ва уни идора қилаётган тузулмаларга нисбатан омматан ишончсизлик кайфиятини юзага келишига сабаб бўлади.

Қолаверса, арзимасдай туюлган бу каби масалалар зиддиятли вазиятни юзага келтириб чиқариб, минтақамизда беқарорликни келтириб чиқаришдан манфаатдор бўлган кучлар, зўравон экстремистик гуруҳлар ва уларнинг ташвқотчилари учун қўл келиши мумкин.

 

 

USAIDнинг Марказий Осиёда барқарорликни қўллаб -қувватлаш лойиҳаси доирасида тайёрланди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг