Нега Фаластиннинг Ҳамас гуруҳи Исроилга ҳужум қилди? Билиш керак бўлганларни ҳаммаси ҳақида.

0
1702

Ҳамас қуруқликдан, ҳаводан ва денгиздан кутилмаган ҳужум уюштирганидан кейин Исроилнинг Ғазони бомбалаши оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлди.

Фаластин гуруҳи Ғазо секторидан шанба кунги кутилмаган ҳаво, денгиз ва қуруқлик ҳужумидан сўнг Исроил ва ҲАМАС кучайиб бораётган зўравонликларнинг янги циклига киришмоқда. Исроил блокададаги қирғоқ анклавини ҳалокатли бомбардимон қилиш билан жавоб берди.

Ўзи нима содир бўлди ва қачон?

  • Шанба куни эрта тонгда Фаластиннинг ҲАМАС ҳарбийлашган гуруҳи Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” операциясини бошлади, бу эса улар ўртасидаги 2021 йилда бўлиб ўтган 11 кунлик урушидан кейин энг жиддий тўқнашуви бўлди.
  • ҲАМАС 5000 та ракета отганини айтди, Исроил эса гуруҳ жангчилари унинг ҳудудига кирганини тасдиқлади.
  • Исроил армияси вакили Даниель Ҳагарининг айтишича, гуруҳ қуруқликдан, денгиздан ва ҳаводан ҳужум қилган.
  • Ракеталарнинг биринчи зарбаси маҳаллий вақт билан эрталаб соат 6:30да (ГМТ 03:30) учирилди.
  • Исроил армияси ҳам Ғазо секторида ҲАМАСга қарши «Метин шамширлар» операциясини бошлагани ҳақида маълум қилди.
  • Ҳужумлар яҳудийларнинг бир ҳафталик Суккот байрами ёки Чодирлар байрами тугашини билдирувчи Симхат Таврот пайти эрта тонгда содир бўлди.

Ҳужумлар қаерда содир бўлди?

  • Ракеталар шимолдан Тель-Авивгача учирилди. Хамас Исроил жанубига ҳам жангчиларини юборган.
  • Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, қуролланган шахслар Сдерот шаҳрида ўткинчиларга қарата ўт очган, ижтимоий тармоқларда тарқалган тасвирларда эса шаҳар кўчаларида тўқнашувлар, шунингдек, жип миниб қишлоқлар бўйлаб ҳаракатланаётган қуролли шахслар акс этган. Бошқа бир хабарда айтилишича, Хамас жангчилари исроиллик бир неча тинч аҳоли пунктларини назорат остига олган, уларнинг аҳолиси ҳукуматдан ёрдам сўраган.
  • Исроил армиясининг билдиришича, ўнлаб қирувчи самолётлар Ғазо секторидаги ХАМАС объектларига зарба берган.
  • Кфар Аза, Сдерот, Суфа, Наҳал Оз, Маген, Бэри ва Реим ҳарбий базаси шаҳарлари ва унинг атрофида отишмалар давом этмоқда, дея хабар беради Times of Israel.

Исроил ва Фаластинда қанча қурбонлар бор?

  • Ғазодаги тиббиёт манбалари камида 232 фаластинлик ҳалок бўлгани ва 1000 дан ортиқ киши яраланганини маълум қилди.
  • Исроил Миллий шошилинч тиббий ёрдам хизмати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Хамас ҳужумларида камида 200 исроиллик ҳалок бўлган ва 750 киши яраланган.

 

Нега Хамас Исроилга ҳужум қилди?

  • Ҳамас матбуот котиби Холид Кадомийнинг Ал-Жазира телеканалига айтишича, гуруҳнинг ҳарбий амалиёти фаластинликлар ўнлаб йиллар давомида дуч келган барча ваҳшийликларга нисбатан берилган жавобдир.
  • “Биз халқаро ҳамжамиятдан Ғазода, Фаластин халқига, Ал-Ақсо каби муқаддас қадамжоларимизга қарши ваҳшийликларни тўхтатишини истаймиз. Буларнинг барчаси жангнинг бошланишига сабабдир”, – деди у.
  • «Бугун Ердаги сўнгги ишғолга барҳам бериш учун энг катта жанг бўладиган кун», – деди ХАМАС ҳарбий қўмондони Муҳаммад Деиф ва 5000 та ракета учирилганини қўшимча қилди.
  • “Ҳар кимнинг қуроли бўлса, уни чиқариб олиши керак. Вақти келди, – деди Дейф, хабарларга кўра.
  • Telegram’да эълон қилинган баёнотда Хамас “Ғарбий Соҳилдаги қаршилик кўрсатувчи жангчилар”га, шунингдек, “бизнинг араб ва ислом мамлакатларимиз”ни жангга қўшилишга чақирди.

Исроил ҳукумати нима демоқда? 

  • Исроил армияси Ғазо яқинида яшовчи исроилликларни уйларида қолиш ёки бомбадан қочиш панагоҳларига беркиниш ҳақида огоҳлантирди.
  • Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху, унинг мамлакати «ғалаба қозонадиган» урушда эканлигини айтди.
  • Исроил Мудофаа вазири Йоав Галлант Исроил «бу урушда ғалаба қозонади» деди. Унинг сўзларига кўра, Хамас «бугун эрталаб жиддий хатога йўл қўйиб, Исроил давлатига қарши уруш бошлади».

Жойларда қандай янгиликлар бор? 

  • Исроил матбуоти Исроил жанубидаги шаҳарларда Фаластин жангарилари тўдалари ва хавфсизлик кучлари ўртасида отишма бўлганини хабар қилди. Исроил полицияси раҳбарининг айтишича, Исроил жанубида «21 та фаол саҳна» мавжуд.
  • Ал-Жазира телекомпаниясининг Рамаллаҳдаги бюроси раҳбари Валид ал-Омарийнинг айтишича, Исроил кучлари Офаким посёлкасидаги уйни қуршаб олган ва асирларни гаровда ушлаб турган фаластинлик жангчилар билан музокаралар олиб борилмоқда.
  • Исроил Таълим вазирлиги мамлакат бўйлаб барча болалар боғчалари ва мактаблар якшанба куни ёпиқ бўлиб қолишини, аввалроқ эълон қилинган қарорга кўра узайтирилишини айтди
  • Исроил Энергетика вазири Исраэл Катц давлат электр компаниясига блокададаги анклавга электр энергияси етказиб беришни тўхтатишни буюрганини айтди.

Айни пайтдаги халқаро реакция қандай? 

  • Чехия ҳукумати ҲАМАСни Праганинг анъанавий иттифоқчиси Исроилга қарши «террор ҳужумлари» уюштирганликда қоралади.
  • Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазири Хосеп Боррел Исроил билан бирдамлигини билдирди.
  • Франция Ташқи ишлар вазирлиги Франция “Исроил ва унинг аҳолисига қарши террорчилик ҳужумларини” қоралаб, Исроил билан тўлиқ бирдамлигини билдирди.
  • Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверлининг маълум қилишича, шанба куни Фаластиннинг Ҳамас гуруҳи томонидан Исроилга қилинган кутилмаган ҳужумни Британия «аниқ қоралайди».
  • Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди “Исроилдаги терактлар ҳақидаги хабардан қаттиқ ҳайратда қолганини” айтди ва Ҳиндистон «ушбу оғир соатда Исроил билан бирдам» деди.
  • Миср ташқи ишлар вазирлигининг шанба куни давлат ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган баёнотида кескинлашувнинг «жиддий оқибатлари» ҳақида огоҳлантирди. У «максимал вазминликни сақлашга ва тинч аҳолини келгусида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарга дучор қилмасликка» чақирди.
  • Ливаннинг Ҳизбуллоҳ гуруҳи шанба куни баёнот чиқариб, Ғазо секторидаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётгани ва «Фаластин қаршилик ҳаракати раҳбарияти билан бевосита алоқада» экани ҳақида баёнот берди.
  • Олий раҳбар Али Ҳусайний Хоманаийнинг маслаҳатчиси Эрон Фаластин ҳужумини қўллаб-қувватлашини айтди, деб хабар беради ярим расмий ISNA янгликлар сайти.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг