Лавандакор

0
2264
Фото: Ҳаёт Ҳамроев

Ўзбекистон шароитида пахта монокультураси йиллар мобайнида давом этгани ҳаммамизга маълум. Шунинг учун ҳам “пахтакор”атамаси деҳқон тушунчаси билан айни юрган. Хўп, деҳқончилик билан боғлиқ яна бошқа боғбон, шоликор, ғаллакор, соҳибкор атамалари ҳам бор дейлик.

Атамалар бори шу-да, чунки, Ўзбекистон далаларида булардан бошқа нима ҳам экиларди, дейсиз? Ҳа, яқин йилларгача шундай эди.

Мамлакатда долзарб масалалардан бўлган қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича Давлат дастурлари бир неча тармоқларни кўриб чиқишни тақозо қилади. Шунингдек, Ўзбекистон шароитида экология масаласи бўлмиш  биохилма-хилликни ҳам таъминлаш керак.

Озиқ-овқат ҳажмини ошириш дастури эса маҳаллий ишлаб чиқаришни кучайтириш, ишчи ўринлари яратиш, турли мева боғларини кўпайтириш ва эскиларини қайта тиклаш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, интенсив боғлар, янги токзорлар барпо этиш ва эскиларини қайта тиклаш, иссиқхоналар қуриш каби йирик инвестицион лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутган.

Янги қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва селекция ишлари, қишлоқ хўжалигининг ноанъанавий соҳаларни ривожлантириш, сайёҳликнинг агротуризм, экотуризм, тиббиёт туризми каби янги йўналишларининг йўлга қўйилиши  Ўзбекистон вилоятларининг чекка туманларида маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш ва юқорида айтилган масалалар ечимини бериши мумкин.

Тўғри, Ўзбекистон иқлими кескин континентал: ёзи иссиқ, қиши анча совуқ, текис ҳудудлар субтропик хусусиятга эга. Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида табиий шароитда доривор ўсимликлар, тоғларда пистазорлар бор. Ўсимликлар, ажойиб ландшафт турлари , балиқчилик кўллари рекреацион ва туристик аҳамиятга эга.

Айнан  туризм ривожланиши орқали чекка туманларда аҳолининг рўзғор тебратишга имконияти ошиши борасида боягина санаб ўтган жабҳаларда бугунги кунда қайси креатив йўналишлар яратилди?

Охирги йилларни олиб, бизда аввал мавжуд бўлмаган ишларни айтсак. Масалан, токзорлар барпо этиш бўйича Тошкент вилояти Паркент, Заркент туманларида дунё туристларини қизиқтирувчи вино туризми йўлга қўйилди. Агротуризм деб ҳам аталадиган бу йўналиш токзорлардан бошланиб, шароб тайёрлаш жараёнлари, шаробсеварларга эса тайёр, ноёб виноларни татиб кўриш саёҳатини ҳам ўз ичига олади. Узум сайли, вино фестиваллари, кўргазмалари ўзига анча-мунча туристни йиғади.

Бўстонлиқда эса 76 гектар ерда буғулар ва холдор кийиклар фермаси вужудга келди. Яна Жиззахда дунёда қимматбаҳо, ноёб зиравор ҳисобланмиш заъфарон етиштиришнинг ўзи ҳам катта йўналиш ва алоҳида бир мавзу.

Тошкент атрофида ромашка, яъни мойчечакзор, Қўқондаги лавандазор ҳам экотуризм орқали маҳаллий аҳолига ажойиб ишларни топиб берди дейиш мумкин. Келинг, яхшиси ўша ажиб жойлардан бирига борамиз.

Қўқонда лаванда даласи борлигини эшитганмисиз?  Ўзбекистонда лаванда нима қилади, дерсиз?

Мен Қўқоннинг Учкўприк туманидаги лавандазорга бир неча марта борганман. Ҳар сафар бир дунё завқ ола туриб, шу ернинг ишчилари– таъбир жоиз бўлса “лавандакорлар” га ҳам қизиққанман. Деҳқон, ишчи деганда тупроқ, пайкал кечиб, жазирамада кетмон чопиқ қилаётган, пешонаси маржон тер бободеҳқонлар ва қўли қавариб пахта тераётган аёллар кўз ўнгимга келарди.

Лаванда ўсган сафсар далалари, хушбўй гуллар оралаб сайр қилиш, муаттар ҳидлар оғушида лаванда ўриш, гўзалдан-гўзал гулзорда атиргул териш эса фақат кинода ва эртакда бўлиши мумкиндек. Қандай ажойиб иш!

Бу боғда кимлар ишлайди? Ҳеч бўлмаса бир неча оддий хизматчи, ишчилар билан гаплашишим керак. Мен борган кун лаванда энди ўриб олинган, лекин “Доктор Али соғломлаштириш боғи” – лавандазорда сайёҳлар, аниқроғи мижозлар тинмаган эди. Чунки, йил бўйи клиникага келгувчилар қадами узилмайди. Демак, ҳамма корхоналар каби лавандакорлар учун ҳам йил бўйи иш тўхтамайди.

Абдулатиф, айтингчи, лавандазорда кимлар ишлайди, бунда қанча одам банд? Шароитлар қанақа?

Абдулатиф Хўжаназаров менеджер:

“Доктор Али клиникаси” соғломлаштириш боғи 28 гектар ерни ўз ичига олади. Ҳозирги кунда лаванда териб олинган мавсумда 25 та ишчи ишлаб турибди. Доктор Али клиникаси ҳам даланинг ўзида жойлашган.

Маҳаллий ишчилар учун яхши имконият бера оляпмиз. Клиника ва далада асосан ён-атрофда яшовчи одамлар ишлайди. Иш вақти эрталаб 8 дан кеч соат 17 гача. Шу офиснинг ўзида қўриқлаш, тозалов хизмати, мижозларни кутиб олиш –рецепшн, шифокорлар қабули, тиббий хизмат кўрсатиш, доривор дамлама, чойларни тайёрлаш, аптека ва касса жойлашган.

Узоқдан қатнаб, йўлкира сарфлаб юргандан, албатта шу маҳалла, туман одамлари ишлагани  яхши. Масалан, ишга одам керак бўлса, ишчиларимизнинг қўшниси, оилалардан аёли ё бошқа аъзосига иш керак бўладими, деб аввало уларга эълон қиламиз.

Даламизда ишловчилар кунлик даромад оладилар. Ишга чиқққан кунлариёқ хақини олиб, бемалол қўшимча даромад қилишлари мумкин. Оила эркаги ойлик маошини олгунича бошқа аъзлари  кунлик ҳаражатларни қоплаб туришлари учун қулай. Кунига камида 60 минг сўм берилади, тушликни тайёрлаб берамиз. Ҳаво иссиқлигида кундузи ишланмайди, эрталабки салқинда ва офтоб ботишига ишлашади холос.

Марҳамат, лаванда музқаймоғимиздан татиб кўринг. Лаванда тинчлантиради, асаб тизимига фойдаси бор.

Иш мавсумий бўлса, тўхтаб қолмайдими, қишки пайтлар ишсиз қолишмайдими?

Қишда иссиқхоналаримизда иш етарли бўлади. Ишчиларни 6 ой ишлатиб, мавсум тугагач, энди иш йўқ, дам олаверинг, дейилмайди бизда. Хизматчиларни доимо иш билан таъминлаймиз. Баҳорда ерларни юмшатиш, кўчатларни янгилаш, кўчириш ишлари бошланади. Кейин атиргуллар очилиб, теришга уланади.

Апрель ойидан лаванда гуллай бошлайди. У сентябрь, октябргача туради. Боғимизга мавсумда кунига 100 тадан ошиқ турист келади. Биринчи ўринда экотуризм, агротуризм сайёҳлар учун қизиқ. Паркимизда, лавандазорда фотосессия, доривор ўсимликлар харидлари бўлади, соғломлаштириш муолажалари учун турли вилоятларимиздан мижозлар келади. Мана буни ички туризм, медицина туризми деймиз.

Хориждан туристлар келишининг сизнинг “Меҳригиё” компанияси учун қандай фойдаси бор?

Аввалам бор, мақсад– ўзимизни танитиш. Соғломлаштириш гиёҳлари бор экан, томоша қиладиган жойлари бор экан, дейишса, бизга яхши. Ўзбекистоннинг ўзида 12 та вилоят бўлса, ҳаммасидан меҳмонлар томоша қилгани, соғломлашгани келиб туришса, Қўқонда маҳаллий сайёҳлик ривожланади.

Фақат презентация учун ишламаймиз-ку, биз аниқ даромад олишимиз керак туризмдан. Машҳур шаҳарларимизда ҳунармандлар ва хизмат кўрсатиш ходимлари бу орқали яхши пул топади. Бизга доллар кириб келиши керак. Ҳар қайси жабҳада ўз хизматларимизни сота олишимиз керак. Шундай эмасми?

Ҳа, шундай. Турист ҳеч қачон қуруқ кетмайди, барибир. Бу орқали, албатта даромад ҳам топа оламиз. Аввалам бор, маҳсулотларимизни кўрсатамиз. Паркка келган сайёҳлар шоу-румга олиб кирилади. Доривор экологик тоза маҳсулотларимизга, фитобарларимизда гиёҳлардан тайёрланган фиточойларимизга қизиқиш катта. Тайёрланган шифобаҳш чойлар, сироплар сотуви ташкил қилинган. Профессор шифокорларимиз доимий ишлайди. Соғлиғини текширтирмоқчи бўлганлар кўрикка киришлари мумкин.

Ахир Ибн Сино юртиданмиз, дунёга медицинани берган “Тиб қонунлари” га, анъанавий, ноанъанавий ва гиёҳлар билан соғломлаштиришга қизиқадиган меҳмонлар кўп. Уларга бир нечта тилда хизмат кўрсатилади. Хоҳ хорижий, хоҳ маҳаллий, қўшни МДҲ мамлакатларидан келгувчилар кети узилмайди. Бир нечта туристик фирмалар билан ишлаймиз. Клиникамиз доимо очиқ, лавандазор дала-паркимиз туристик маршрут сифатида киритилган. Иссиқхоналаримизда банан, киви, гинко-билоба, папайа, даламизда годжи буталари ўстирилади. Лавандадан ташқари қадимги тур ноёб атиргулларимиз ҳам бор. Барчаси шифобаҳш. Лавандамиз Туркия навидан. Аслида ҳам Ибн Сино китобларида лаванда “Рум (Туркия) райҳони” дейилган.

Лаванда гуллаганда кунига 100 дан ошиқ хорижлик турист келади. Кириш, томоша, паркимизни айлантириб сайр қилдириш, доривор гиёҳлар ҳақида гапириб бериш, видеосъёмка, фотосессиялардан пул олмаймиз. Меҳмондўстлик қоидамизда бу пулли хизмат эмас. Паркка кириш учун билет олиш керак деб ўйлашади.

Лавандазор ичига кириш бир муддат пулли бўлган эди. Сабаби, даланинг ичи тепаланиб, тартибсизликлар бўлган. Қўшимча парвариш хизмати ташкил қилган эдик. Ҳозир эса кириш яна бепул, бемалол бўлди, гид хизмати ҳам қўшилди. Боғча болалари, мактаб болалари ҳам келиб, айланиб, лаванда ифори тарқалган шифобаҳш ҳавосидан нафас олиб, доривор гиёҳ чойларидан ичиб кетишади. Табиатни, экологияни асраш, гулларга муҳаббатни шакллантира олсак, шундай дала борлигидан хурсанд бўлиб кетишса бўлди.

Лавандага қаров, гул ўриш учун 100 фоиз қўл меҳнати керак. Экспортга сифатли доривор гиёҳлар жўнатилади. Дунё бўйича бизнинг лаванда сифати яхши ҳисобланади. Ерларимиз Испания, Италия, Францияникидан қолишмайди. Лаванда далага химикат сепилмайди. Ҳосил табиий ишлов берилган ердан олинса, энг яхши маҳсулот ҳисобланади. Лекин лавандазор иши кўп эмас. Суғориш учун кўп сув ҳам керакмас.

Ишчиларимизга талаб– улар формада бўлиши, муомаласи албатта яхши бўлиши керак. Экинга қарайдиган лавандакор деҳқонимиздан тортиб, гидимизгача тайёргарлик кўрган, сайёҳнинг саволларига жавоб бера оладиган, хушмуомала бўлиши керак. Ҳар қайси, хатто экинзорда юрган ишчи деҳқонимизнинг ҳам меҳмонлар билан гаплашиб қолиш эҳтимоли бор. Туристлар гул навлари, лаванда йиғим-терими, муолажалар ҳақида савол беришади. Бизда бу ҳақда боғбонларимиз ҳам маълумот бериб, керакли бўлимга йўналтира олади.

Мана, паркимиз ичида 200 ўринли янги меҳмонхона қиляпмиз. Қадимги миллий усулда экологик тоза, анъанавий лойсувоқ қилинади. Кўриниши ўта чиройли бўлади ҳали. Бунақасини кўрмагансиз. Ёстиқ, кўрпаларигаям лаванда солинган бўлади.

Муҳаммаджон Расулов  исмли хушчеҳра, хушмуомала хизматчи йигит  2002 йилда оддий оилада Қўқон шаҳрида туғилган. Бир таниши орқали бу ердан иш топди, ҳозир  сервис ишчиси

Бир танишим лаванда даласида иш бошқарувчи эди. “Доктор Али” саломатлик боғига хизмат кўрсатиш бўйича ишчи керак деб қолди. Мана, мен ҳозир шу клиникада ишлаяпман. Ҳар куни қиладиган вазифам– мижозларга хизмат кўрсатиш. 5 нафар врач –доцент ва профессорларимиз бор. Мен келаётган одамларни навбатга ёздираман, керакли мутахассисга йўналтираман. Ҳозирги кунда кунига 80 та одамни кутиб олиб, кузатаман. Ислом академиясига ўқишг а топширгандим, бу йил киролмадим. Барибир яна уриниб, ўқишга кириш ниятим бор.

Қаерда ишлайсан, дейишса лавандазорда, саломатлик боғида, доктор Али клиникасида дейиш жуда яхши.

Бу ерда одамларга яна нима ишлар бор?

Ўзимизда ҳозир телефонда саволларга жавоб берадиган мутахассислик ишлари бор. Алоҳида Абдураззоқов Али номи билан аталувчи “Доктор Али саломатлик боғи” колл-марказида ҳам ёшлар кўп ишлайди. Ишга жойлашиш суҳбат билан ўтказилади. 1 ҳафта синовдан ўтилади. Ишчи кексалар ва беморлар билан муомала қила олиши керак.

Маҳсулотлар ўзимизда етиштирилади, шу ерда тайёрланади, саломатлик истаганлар ҳам шу ерда клиникамизда муолажалар қилинади. Шу ишлардан бирига жойлашиш мумкин.

Сиз бу ерда ишлаб қолаверасизми, бошқа даромадлироқ ишга ўтиб кетишни истамайсизми?

Муҳаммаджон Расулов:

Мени шу ишим қониқтиради, 2 ярим миллион сўм ойлик, бонуслар, мукофот пуллари оламан. Икки баравар ошиб кетади. Ҳар ой мунтазам уйимга пул олиб кираман. Бемалол оилани боқсам бўлади. Яхши ишлаган сари бонуслар кўпаяверади. Бу ердаги ҳамма ёшларимиз ҳам яхши ишлайди. Лекин яхшилардан ҳам яхши ходимга айланиш мумкин. Менга ҳавас қиладиганлар жуда кўп. Иш масаласини ҳам кўплар сўрайди.

Иш сўраганларга сиз нимадир ёрдам бера оласизми?

Ҳа, таклиф қилиб, ходимлар билан ишлаш бўлимимизга учратиб қўяман. Менеджерлар суҳбат қилади. Шу тариқа ишга олинади.

Ходимларни қандайдир қўшимча ишларга ҳам жалб қилишадими, масалан атиргул териш керак, офисдагилар, ҳамма далага чиқсин, деб қолишмайдими?

Муҳаммаджон Расулов:

Йўқ, ҳамманинг ўз вазифаси бор, ҳар бир ҳодим ўз ишини қилади. Лекин бир-биримизга ёрдам бераверамиз ҳам. Мен фиточойни яхши тайёрлайман! Годжи сиропидан қўшиб ичсангиз, яна келаверасиз.

Гиёҳли чой дамлаб берган бўйи баланд йигитни гапга соламан. Буғи чиқиб турган хушбўй лаванда дамламаси ича туриб у билан гаплашамиз

Ғафуров Фарруҳ:

 Бундан 6 км нарида “ Ўзбекистон” туманида яшайман. Мен ўзим талаба, Андижонда ўқийман. Аям уй бекаси, дадам оддий ишчи. Акам, опам ўқитувчилар, мактабда ишлашади. Яна бир акам аптекада ишлайди. Мен тарихга қизиқаман. Инглиз тилини репетиторга бориб тушунадиган даражада ўрганганман. Асаб тизимида муаммо бўлиб, соғлиғимни тиклашим керак бўлди. Бир йил ўқишда академик таътил олдим. Бу ишга шу сабаб келиб қолдим. Клиникада даволандим, ўзим ҳам табиий доривор воситаларга қизиқаман. Даволанишдан кейин менга мос иш борми, деб сўрадим. Мана, ишга ҳам кириб олдим.

Мен саломатлик боғида туристларни боғда айлантириб паркимизни кўрсатаман, Шарқ табобати, доривор гиёҳлар ҳақида маълумотлар бераман. Лаванда-ку, дунёда, Европада машҳур гиёҳ. Кенг қўлланилади. Лекин одамлар Ўзбекистон шароитида лавандазор борлигини эшитиб, ҳайрон қолишади. Мен ўзим кимёвий препаратлар қабул қилмасликка уринаман. Ишга велосипедда қатнайман– соғлиқ учун фойдали.

Бу иш имконияти чиқмаганда нима иш қилган бўлардиз?

Савдогарлик. Қўқон савдо ривожланган шаҳар. Аммо ўз ишим маъқулроқ. Сабаби, бунда одам асабийлашмайди. Бозорда ҳар хил ёлғонлар бор. Асабни емиради. Бу ерда эса маза қиламан. Яна бироз пул йиғиб, уйланиш ниятим бор. Унгача ўқишимни яна бир йилга суриб тураман.

Бу жойлар авваллари оддий дала эди. Қовун-тарвуз, пахтани билардик, бу ерга келишдан олдин лаванда нима эканини ҳам билмасдим. Фақат чет элда ўсади, дердик-да. Бу ўсимлик даласи ўз ерларимизда экани жуда қизиқ туюлган. Одамлар роса томошага келишган. Мана, айнан томоша, сайр қилиш учун ҳам имконият яратилгани қувонарли.

Бунақа ноёб ўсимликлар Ўзбекистонда кўпроқ бўлишини хоҳлардим. Апельсинзор, мандарин боғлари ҳам бизда бўлишини кўп ўйлайман. Балки, шу ишларга мен ҳам ҳисса қўшарман. Ниятим бор.

Мавлуда Тошпўлатова

(фотолар муаллифи Ҳаёт Ҳамроевники)

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг