Нега халқлар муваффақиятсизликка учрайдилар

0
1642
Фото: medium.com

Why Nations Fail, D. Acemoglu and J. A. Robinson

Нега айрим давлатлар аҳолисининг егани бир бурда нони йўқ, бироқ айримларнинг аҳолиси шахсий яхталардан тортиб, то самолётларгача сотиб олиш қобилиятига эга? Нега баъзи давлатлар ўз аҳолисининг эҳтиёжларини – озиқ-овқат, бошпана, тиббиёт, таълим – қондира олиш имкониятига эга, баъзилар эса йўқ? Нега маълум давлатларда оддий халқ қанча тер тўкмасин қорни тўқ уйқуга кета олмайди, айримларда эса бу камдан-кам учрайдиган ҳолат?

Бугунги review D. Acemoglu and J. A. Robinson‘ларнинг оламшумул Why Nations Fail асари ҳақида. Асар 2012 йил чоп этилган бўлиб, у ҳозирги кунга қадар дунё буйлаб ўзининг бестселлерлик «мақоми»ни йўқотгани йўқ. Уни энг кўп сотилган китоблар қаторига олиб чиққан сабаб бу китобда муаллифлар муҳокама ва таҳлил қилишга уринган мавзуларнинг (ёки мавзунинг) долзарблиги.

Acemoglu ва Robinson ўз асарларида давлатлар иқтисодиётнинг ривожлан(ма)ганлик даражаси, унинг ривожланиш/ривожланмаслик сабаблари ва шартлари, ривожланишга/ривожланмасликка туртки/тўсиқ бўлган ҳолатлар ва ҳкзларнинг таҳлилини беришга ҳаракат қилади. Қисқа қилиб айтганда, нима сабабдан маълум давлатлар «ғолиб» ва нима сабабдан «лузер» эканлигини аниқлашга уринишади.

Келинг, дастлаб икки мавтор олди сурган назариянинг бироз муҳокамасини қиламиз. Албатта, асарда таклиф қилинган назарияларга асос сифатида ҳизмат кила оладиган мисоллар келтирилган. Бироқ пост узундан-узун бўлиб кетмаслиги учун мисоллар ёзмасликка қарор қилдим. Қизиққанлар бўлса, албатта, комментларда буларни бирга муҳокама қилишимиз мумкин.

Муаллифларнинг назарияси кўриб чиқилгандан сўнг китобнинг менга ёққан/ёқмаган тарафларига қисқача тўхталиб ўтамиз.

Ҳўш, Аcemoglu ва Robinson’нинг назариясига кўра давлатлар (иқтисодиётининг) ривожлан(ма)ганлигининг асосий сабаби улардаги сиёсий тизимнинг нотўғри йўсинда кетишидир. Муаллифлар фикрига кўра, барча давлатлардаги сиёсий институтларни иккига бўлиш мумкин:

1. Inclusive (инклюзив)
2. Extractive (экстрактив)

Inclusive Political Institutions, яъни «ўз ичига қамраб олувчи сиёсий институтлар». Инклюзив сиёсий институтлар ҳукм сурган давлатларда:

– куч ҳеч качон бир инсоннинг, оиланинг, партиянинг ва ҳкзнинг қўлида тўпланган бўлмайди;
– у давлатда доимо плюрализм – бир-биридан фарқ килувчи сиёсий тушунчалар, принциплар ва шу кабилар, мавжуд;
– ҳамма вақт индивидуализм, инновация қўллаб-қувватланади;
– монополизм томир отиб кетишига йўл қўйилмайди;
– сўз эркинлиги, шахсий мулк даҳлсизлиги, сифатли таълим ва тиббиёт аҳоли учун таъминлаб берилади;
– демократия ва либерализм нормаларига фақатгина ҳужжатларда эмас, балки ҳаётда ҳам амал қилинади, яъни аҳоли (ҳақиқатдан ҳам) эркин ҳаёт кечира олиш имкониятига эга.

Аcemoglu ва Rohinson’ларнинг таъкидлашича, айнан инклюзив сиёсий институтлар давлатда инклюзив иқтисодиёт ривожланишини таъминлаб берувчи энг асосий шартдир. Инклюзив иқтисодиёт нима деб ҳайрон бўлаётган бўлсангиз, бу, қисқа қилиб айтганда, маблағни, ҳом-ашёни халқдан/давлатдан олиб халққа/давлатга қайтарувчи иқтисодиётдир.

Инклюзив иқтисодиёт пайдо бўлган давлатларда, мисол учун, ишбилармонлар ўз бизнесларини очишлари ва ривожлантиришлари учун тўлиқ имкониятлар яратилиб берилган, улар ҳеч қачон давлат томонидан «таланмайди»; ёки давлат бюджетидаги пуллар номаълум сабабларга кўра ҳукумат тепасида ўтирганларнинг чўнтакларида ғойиб бўлмайди; ёки кичик гуруҳ инсонлар бутун халқнинг «нонини» тортиб олиш эвазига қирол ва қироличалар каби бойиб кетмайди ва ҳкз.

Extractive Political Institutions, яъни «суғуриб олувчи сиёсий институтлар». Бундайлар халқ ва давлатнинг бошига битган балолар. Бундай тузум остида:

– аҳоли эркин яшай олмайди;
– унинг ҳуқуқлари доимий тарзда поймол қилинади;
– унинг бирламчи эхтиёжлари қондирилмайди;
– плюрализм сўниб, унинг ўрнини монополизм эгаллайди;
– коррупция одатий ҳолга айланади
– ҳукумат тепасидаги инсон(лар) қўлида чексиз куч йиғилади;
– сўз эркинлиги ва ҳолис масс медиа мавжуд бўлмайди;
– демократия ва либерализм шунчаки жарангдор тушунчаларга айланади.

Муаллифлар фикрига кўра экстрактив сиёсат йўлини танлаган давлатларда автоматик равишдан экстрактив иқтисодиёт юзага келади ва, натижада, давлат доимий регрессияга юз тутади. Экстрактив иқтисодиёт бозор иқтисодиётига ёпиқ бўлади; кичик бизнесларни қўллаб-қувватламайди, солиқ тизимини ислоҳ қилмайди ва шу кабилар.

Икки тушунчани осонроқ тушуниш учун кичик қиёслашдан фойдаланамиз. Инклюзив институтларни «она» ва экстрактив институтларни «ёш бола» деб олайлик.

Тушлик вақти бўлди. Уйда овқат кўп эмас. Дастурхон тузалди. Нон-чойлар стол устига қўйилди. Овқат тақсимланиши қолди холос.

Оила 5 кишидан ташкил топган: ота, она, катта ўғил, ўртанчи қиз ва кичик уғил. «Она» ошхонага кириб, «овқат»ни чинниларга қуйишни бошлади. Эркак кишига болалардан кўра кўпроқ энергия кераклиги учун «она» унга «овқатни» бироз кўпроқ солади, катта ўғлига ундан сал камроқ, ўртанчи қизига акасидан озроқ ва энг кичик фарзандига энг камини. Ўзига эса колганини олади (агар қолса). Қолмаса ҳам она, оиласини ўйлаб, ўзини қорни тўқдай кўрсатади.

Бироқ овқат тақсимланиши «ёш бола» қўлига ўтса, у энг кўп овқатни ўзига қуяди. Сўнгра акаси ёки опасига (қайси бири билан у кунги муносабатлари яхши бўлса) ўзидан сал камроқ овқат солиб беради. Натижада, қозон тагида ярим чўмич овқат қолди. «Ёш бола» уни дадаси, аяси, опаси/акасига бўлиб бериши керак.
Тушликдан сўнг ёш бола ва унинг хамтовоғидан ташқари ҳеч кимнинг қорни тўймайди. Ёш боланинг қорни ҳаттоки тарвуздай ишиб кетган ҳам.

Инклюзив ва экстрактив институтлар/иқтисодиёт таърифини ўқигандан сўнг ҳар кимда «демак, у ёки бу йўлни танлаган давлатда ўзгаришлар содир бўлиши имконсиз эканда» деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бироқ Acemoglu ва Robinson бир давлат экстрактив институтлар мавжуд дегани, абадий шундай бўлади ва шундай бўлиши керак дегани эмас деб таъкидлайди. Агарда давлат «кесин ўзгариш онини» (critical juncture) ушлаб қола олса, унинг сиёсий тузумида ижобий ўзгариш пайдо бўлиши мумкин (лекин аниқ эмас). Мисол учун, Британияда Glorious Revolution, Хитойда Маонинг ўлимидан кейинги ҳолат ёки Ботсванада Демократик Партиянинг шаклланиши.

Китобда менга ёққан фикрлардан бири бу давлат аҳолиси учун қанча имконият бера олса, аҳоли шунча ривожлана олади холос. Яъни (жумлани аниқ эслай олмаяпман) муаллифлар айтишича, оила боқаман деб янги Ньютонлар далаларда қўй боқиб юришга мажбур бўлиб қолишяпти. Бу гаплари билан улар ҳеч ҳам қўйбоқарларни камситишга ёки уларнинг ишларини паст дейишга уринмаган. Улар назарда тутган нарса – буюк астрономлар, физиклар, инноваторлар иқтисодий томондан кучсиз бўлган давлатларда яшаганликлари сабаб қориндан бошқасини ўйлашга на ҳоли, на имконияти қоляпти.

Шуни эсдан чикармаслигимиз керак-ки, инсоннинг қорни тўқ бўлмас экан, унга на сиёсатдаги, на таълимдаги, на иқтисодиётдаги муаммолар қизиқ. Унинг ягона дарди ва ғами – оиласи ва ўзининг қорнини боқиш. Лекин унинг ягона дарди қоринғами бўлиб колганлигида уни айблаш ҳам нотўғри. Қилган мехнатига яраша ҳақ ола олмай, у янада кўпроқ ишлашга мажбур холос. Яраша ҳақни таъминлаб бера олмаган эса аксар ҳолларда давлат.

Китобнинг менга ёқмаган тарафларидан бири бу унинг бир тарафли бўлиб қолиши. Acemoglu ва Robinson ўзлари ҳам давлат ривожланиши ҳеч қачон биргина факторга боғлиқ бўла олмаслигини бир неча бор таъкидлашсада, ўзлари тинмай давлатнинг ривожланиши фақат ва фақат уларнинг ё инклюзив, ё экстрактив бўлишига боғлиқ деб оёқ тираб олишади.

Менимча, давлат тўқилган матога ўхшайди. Матодаги ҳар бир тола муҳим. Бир тола нотўғри уланса, матонинг нақши бузилиши мумкин. Ёки бир тола сўкиб чиқариб юборилса, мато бутунлай сўкилиб кетиши мумкин.

Why Nations Fail’ни барчага, айниқса ёшларга, ўқишни маслаҳат берган бўлар эдим. Асарни ўқиб бўлиб, ҳар кимда ўз давлатида содир бўлаётган ҳодисаларга нисбатан критик ёндашув пайдо бўлиши 100% таъминланган.

Яхши китоблар ўқишда чарчаманг, дўстлар!

P.S. Шимолий Корея ва Ўзбекистон китобда бир ўринда келганлигини ўқиб уятдан қизариб кетдим. Бир неча миллионлаб одамлар олдида шарманда бўлганимизни ўйласам…

Муаллиф: Муштари Мамадалиева

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг