«НАВБАТДАГИ ҚУРБОН»

0
2272

Kun.uz сайтидаги янги хабарлар рекламасида «Мажбурий обунанинг навбатдаги қурбони» деб ёзишибди. Бу гапни ўқибоқ, «Бирорта раҳбар ўз ходимларига «фалон газета ёки журналга обуна бўласан» деган бўлса, ўша ходимлардан бирортаси ўзини осиб қўйибдимикин, ё томдан ташлаб ёки заҳар ичиб ҳалок бўлибдими» дея чўчиб кетдим.

Чунки, ўзбек тилида «қурбон» сўзи (бир неча маъноларни билдириш баробарида) «ҳалок бўлган», «ҳалок этилган» маъносини ҳам англатади. Бунинг устига «навбатдаги қурбони» дейилишини умуман мантиққа сиғдиролмадим, худдики, обуна масаласида ўзбек халқи тинимсиз қурбон бераётгандек ва яна навбатдаги биттаси ҳалок этилгандек! 

Кейин ўша хабарнинг ўзини очсам, «Ўқитувчиларни обунага мажбурлаган мактаб директори вазифасидан озод этилди» деган сарлавҳа турибди. Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги бир мактаб директори ўқитувчиларни обунага мажбурлаган экан, ишдан бўшатилибди.

Хабар сарлавҳасидан ҳам, тафсилотларидан ҳам «навбатдаги қурбон»нинг ким эканлиги умуман англашилмайди: воқеада тартиббузар раҳбар ва шикоятчи ўқитувчилар бор, холос. Худога шукр, ҳамма соғ-саломат, ҳеч ким қурбон бўлиб кетмаган… 

Айрим сайтларимиз обуна масаласини чайнашдан олдин, саҳифаларидаги хабар ва мақолаларга эътиборлироқ бўлиш кераклигини, бутун бошли сайтларда ғиж-ғиж хатоларга йўл қўйиш – журналистлар учун шармандали ҳол эканини англасалар, ўзларига яхши бўларди.

Мен бу мавзуда ва бунақа масалалар хусусида умуман ёзмоқчи эмасдим, чунки журналистларнинг бир-бирини айблаб, бир-бирига ёвқараш қилиб юришини ҳеч истамайман, ёқламайман. Ҳатто лўлилар бир-бирини қўллайдиган, бир-бирини ёлғизлатмайдиган юртда журналистларнинг бир-бирига душманлик қилишини ғирт аҳмоқлик деб ҳисоблайман. Ва бу фикрларни Kun.uz сайти мутасаддиларига шахсан эмас, омма олдида айтаётганимнинг ҳам ўз сабаби бор. 

Бундан бироз муддат илгари Kun.uzда (мажбурий обуна масаласидаги бир қанча хабар ва мақолалар қаторида) сайт журналисти Шуҳрат Шокиржоновнинг битта мақоласи берилган ва унда газеталар шаънига (умумий қилиб) хунук фикрлар билдирилган эди.

Мен шу мақолага муносабат юзасидан Kun.uzга қўнғироқ қилиб, сайт раҳбарларидан бири билан ёки муаллифнинг ўзи билан боғлаб беришларини илтимос қилганимда (ўзимни бир газетанинг бош муҳаррири эканимни айтиб турганимга қарамай), ўзларини таништирмаган сайт журналистлари менга ўта хунук ва беписанд муомала қилиб, раҳбарлар билан ҳам, муаллиф билан ҳам боғлаб беришга мажбур эмасликларини айтишган ва гўшакни кўтарган йигитга «Майли, фикрларимни сизга бўлса ҳам айтиб қўяй» дея муносабатимни билдирган вақтимда, у тарафдан «Нима, ҳамма бизнинг сайтни ўқиб, сизларнинг газетангизни ўқимай қўяётгани алам қиляптими?» деган мутлақо аҳмоқона ва мантиқсиз гап (тўғрироғи, ҳақорат) эшитгандим.

Нодонлар билан тортишиб ўтириш одатим йўқлиги учун, гапни кўпайтирмай, мақола муаллифининг қўл телефони рақамини бир дўстимиз орқали топиб, Шуҳрат Шокиржонов жанобларига қўнғироқ қилсам, у киши ховлиққанча: «Опа, ярим соатлардан кейин гаплашайлик» деган кўйи, қайтиб қўнғироқларимга жавоб ҳам бермаганлар. Шундан кейин муносабатимни Матбуот ва Ахборот агентлигидаги масъулларга билдиришга мажбур бўлгандим. 

Яна Kun.uzга қўнғироқ қилиб, шундай дилхиралик ва беписандликка дучор бўлмаслик учун, фикрларимни омма олдида айтяпман. Ва яна шуни таъкидлаб ўтишим керакки, мажбурий обуна машмашаларига мен раҳбарлик қиладиган «Маърифат саодати» газетасининг ҳеч қандай алоқаси йўқ, чунки бизнинг газетамиз мустақил ва ҳеч қандай обуна тақсимотларига ҳам киритилмайди; бирорта амалдор ёки ҳокимга обунада ёрдам беринг дея ялтоқланиб бормаймиз ҳам. Бу газетани халқ ўз танловига кўра ўқийди. Ва Kun.uz ходимининг бу газетани билмай, бизни танимай туриб «Сизларга алам қиляптими» дейиши (агар бу гапларни шанғиллаб айтгани ҳам ҳисобга олинса), маънавиятсизликдан бошқа нарса эмасди… 

Лекин бугун менга чиндан ҳам алам қилади. Нима алам қилади, айтайми? Ўқитувчиларнинг «ўқимаслик», «ўқишни рад этиш» касалига чалинаётгани; «мажбурий обунага йўл қўйилмайди» дегани бирорта ҳам газета-журнал ўқимайсан дегани эмаслигини англамаётгани; «Мен ҳеч қандай газета-журналга обуна бўлишга мажбур эмасман, мен ҳеч нарса ўқимайман» деяётган ўқитувчиларнинг қўлида бизнинг болаларимиз ўқиётгани алам қилади. Тўғри, ўзбек матбуоти анча муддат ўзини оқламади ва бунинг сабаблари масаласида ўзим кўп гапирганман, ёзганман. (Бу алоҳида мавзу). Лекин бу – Ўзбекистондаги ҳамма нашрларни ҳам Худо уриб қўйган, бирортасини ҳам ўқимаслик керак дегани эмас. 

Мен ўзим газета раҳбари сифатида «Маърифат саодати»нинг бирорта саҳифасида бефойда материал ёки мадҳу-мақтов берилишига йўл қўймайман; имло хатоларига йўл қўймаслик учун ўзим ҳар бир сатрни синчиклаб ўқийман; ҳар битта мақолани элакдан ўтказаман; ҳар битта мақола учун жавобгарликни ҳис қилиб тураман, бизда айрим сайтлардаги каби, этик тор келиб қолса, мақолани ёки хабарни шартта ўчириб юбориш сингари ғирром «имконият» йўқ ва бўлганда ҳам мен бу номардликка йўл қўймаган бўлардим. 

Ўз мисолимда айтадиган бўлсам, биз «Маърифат саодати»ни эскирмайдиган газета даражасига олиб чиқиш учун тинмай меҳнат қиляпмиз ва кимларнингдир газетамизга обуна бўлмаслиги биз учун катта ютқизиқ эмас. Энг катта ютқизиқ – маърифий нашрларни ўқимайдиганларда! Энг катта ютқизиқ – миллат газеталарини писанд қилмайдиганларда! 

Бизни-ку қўйинг, «Маърифат»ни ўқимайдиган ўқитувчидан; «Маърифат» газетасини ўқишларинг керак, шунга обуна бўласизлар деган раҳбарларнинг устидан додлаб шикоят ёзадиган ўқитувчидан; маърифатни писанд қилмайдиган ўқитувчидан ўқувчилар нимани ўрганади? 

Ишхонамиз яқинида тамаддихоналар кўп. У ерларда кабоб-у сомсага қаторлашиб навбатга турадиган ўқитувчиларни кўп кўраман, лекин ўша атрофдаги матбуот дўкончасидан газета сотиб олаётган ўқитувчини кўрганим йўқ. 

Ўқитувчиларнинг биттасидан сўрайман:
– Киосклардан ҳеч газета сотволасизларми?
– Э-э, қўйсангиз-чи, – дейди у, худди мен ўта ёмон нарсани «сотиб оласизларми» деяётгандек кўзларини олайтириб. – Газитга пул қайда?!

Лекин ҳар куни ҳамкасб дугоналари билан ҳали у тамаддихонада, ҳали бу кабобхонада тушлик қилишади. 

Одамларимиз қорин очлигини ҳис қилишяпти-ю, маънавий очликни ҳис қилмай ҳам қўйишган – бу жуда ёмон далолат. 

Шу ўринда айрим сайт ходимларига (узр, журналист деб атамайман, чунки мен кўзда тутаётган муаллифларда журналистга хос сифатларни кўрмаганман) айтмоқчиманки: ҳадеб обуна масаласида жар солаверишни тўхтатинглар, чунки сизларнинг (гарчи яхши ниятда қилаётган бўлсаларинг ҳам) бу ишларинг аксарият ҳолларда акс натижа беряпти: ўқитувчилар ҳатто «Мана шу газета (ёки журнал) жуда яхши экан, маънавиятимиз учун фойдали экан, шуни ўқишларинг керак, обуна бўлинглар ёки сотиб олинглар», деяётган раҳбарларнинг устидан ҳам дарров «Бизни обунага мажбурлаяпти» дея шикоят ёзворяпти (бунақа ҳолатларга ўзимиз гувоҳмиз). Жуда кўп раҳбарлар ўз ходимларига бу борада ҳатто оддийгина тавсия беришдан ҳам чўчиб қолган. 

Агар сизнинг ниятингиз фақат босма нашрларга ҳужум қилиш бўлмаса, у ҳолда ўқимасликнинг қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида ёзинг. Чунки, минг афсус, бу кетишда (яқин йилларда) бу иллат ўзининг аччиқ меваларини бера бошлайди. Ана ўшанда сайтларингда «Ўқимасликнинг навбатдаги қурбони» сарлавҳали мақолалар ёзишга мажбур бўлишингиз ҳеч гапмас…

Дилфуза КОМИЛОВА
«Маърифат саодати» газетаси бош муҳаррири

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг