Қозоғистон йили очилиши муносабати билан тадбирда Фаррух Зокиров билан кўришиб қолдик-ку, анчадан бери ўйлаб юрганимиз икки мавзуни ўртага ташладик. Ўтган аср етмишинчи йилларининг ўрталарида “Муштум” журналидаги бир суратда икки чаккасига сочлари тушиб турган Фаррух ака оғзидан “М-а-а-а-ж-нун-тол” сўзи чиқиб келаётган ҳолат гавдалантирилганини кўриб юрагимиз алланечук бўлиб кетганди.
Барча болакайлар қатори биз ҳам жуда суйган, ўзимизча ўхшатишга интилиб келганимиз “Мажнунтол”, “Бойчечак”, “Торимнинг сири” каби қўшиқлари ёд бўлиб кетган “Ялла” ва унинг етакчиси калака қилиб турилса, қолаверса, ҳали эсимиз тўлиқ кирмаган бўлса-да, бироқ “Муштум” бир нимани уриб чиқадиган журналлигига ақлимиз етиб бўлгани учун ҳам алам қилади-да! (уйимизда тез-тез йиғилиб турадиган зиёлилар гурунгига чой ташиб юрганимизда, фалончини “Қизил Ўзбекистон”, “Муштум”, “Оқшом”да уриб чиқибди, кетди энди, охири яхшилик билан тугасин, бола-чақасига жабр бўлди-да, сингариларни эшитиб қулоғимиз пишиб қолган эди-да). Дарров олиб бориб, жонлари жаннатда бўлгур, отамизга кўрсатдик ва сўрадик: нега бунақа қиладилар? У киши кулиб қўйдилар-у, қўявер, бундай нарсаларга эътибор бераверма, яхшиси дарсингни қил, чалғима, дедилар.
Ёшимиз улғайди, билим ва тажрибамиз ошди. Қандай замонда яшаганимиз, қарам ва қул бўлганимиз, эркимизни қандай йўқотганимиз, мустамлака давр фожиалари ҳақида олдин раҳматли отамиз, сўнг турли манба ва адабиётлардан билиб олдик. Шунда “Муштум”даги калака расм тагидаги нимкосани ҳам топдик: ўз фаолиятини халқ ижоди – миллийликнинг ўқ илдизи негизида олиб бораётган, тутқинликдаги миллат, айниқса, унинг биз каби кўчатчалари – бўлажак дарахтларига таъсири ўта кучли “Ялла” босқинчи режим учун улкан хатар саналган.
Негаки, шароит қандай бўлишидан қатъи назар, нима қилганда ҳам ўзбекнинг катта-ю кичиги учун Ленин бобо, Павлик Морозов, Зоя Космодиянская, октябрят, пионер, комсомолдан кўра мажнунтол, бойчечак, бирини чертса, иккинчиси бор тор яқин, тотли, тушунарли эканини компартия ва КГБ да ўтирган назоратчи ҳамда таҳлилчилар жуда яхши билганлар.
Айнан шу важдан ҳам уни обрўсизлантириш, эл-юрт орасида ерга уришдек эскидан қўл келган усулларни қўллашлари табиий эди. Амир Темур, Бобур, Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулла Ориф, Рауф Парфи, Ҳабиб Абдулла, Иброҳим Мўмин, кейинчалик Шароф Рашид ҳақида турли туҳмат, бўҳтонларни тарқатиб, эл-юрт орасида чин шуҳрат ва ҳурмат қозонган, демак, миллатнинг кўзини очиб, ўзлигини танитиб, фурсат туғилса, етаклаб озодлик сари бошлаши муқаррар шахсларни ёмонотлиқ қилиш, улардан ҳазар эттириш, ҳатто номларини тилга олишдан чўчитишнинг ҳунарини қийиб юборган ғайриинсоний режим учун бу одатий ва зарурий иш, сиёсат бўлганди.
Хуллас, мазкурларни Фаррух акага қисқа қилиб айтган ҳам эдик, ўзлари ёрилиб қолдилар: “Рамазон” қўшиғини тайёрлагач ЦКга, яъни марказқўмга тасдиққа топширдик, биринчи қаватдан (биринчи қаватда жойлашган бўлимлардан демоқчилар) яхши ўтдик, иккинчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи қаватдагилар ҳам зўр дедилар, олтинчи қаватда эса, йўғон овозда, “вы что, с ума сошли (аслида қўпол сўзлар ишлатилган)…”. Шу чоғда қозоқ санъаткор ёки журналчилардан бири, ой, Фаррух Закирович дея келиб қолдию, суҳбатнинг белига тепди. Аммо олтинчи қаватдаги анави одам иккинчи котиб эканини англаш биз учун қийинчилик туғдирмади.
Мақолани айнан шу – ҳали совиб улгурмаган эсдаликдан бошлаганимиз бежиз эмас. Ўтган муродбахш куни яшиндек тарқаган хабар – рус тилига қандайдир мақом бериш бўйича чиқиш қилганлар сирасида “Фаррух Зокиров”га кўзимиз тушганда, алланечук бўлиб кетдик. Очиғи, ишонмадик, энди ҳам ишонмай турибмиз.
Энг оғир пайтларда миллий ўзликни англаш йўлида тенгсиз хизмат кўрсатиб қўйган инсон, “Ўзбекистон – Ватаним маним”и билан миллионларни сел қилиб, ўйнатиб келаётган санъаткоримизнинг ўша ерда “туриши” камина учун ақлга сиғмасдир. Бу ерда қандайдир англашилмовчилик бордек.
Кейинги кунларда Сайёра Хўжаева, Шавкат Миролимов сингари юртдошларимизнинг мазкур “мурожаат” остига қўл қўйиш у ёқда турсин, у ҳақида буткул хабарсиз эканликларига оид тан олишлари кишини анча юпатди. Фаррух акада ҳам шундай бўлса керак, ахир йиллаб йиғилган, йиғилганда ҳам миллатнинг миллионлаб ихлос ғунча-ю гулларидан асалари каби бирма-бирма териб олинган обрўни бир зумда йўқотиш ақлирасоликдан эмас, ўзлари бир нима деб қоларлар, деган илинжимиз бор.
Тўғридан-тўғри чақириқнинг ўзига келсак, рус тилида бир-икки гап бор: “нет худа без добра”, “не было бы счастья, да несчастье помогло”. Улар буюк Навоий тилида, бир ёмоннинг бир яхшилиги ҳам бор, деган маънони берадилар. Маълум бир тушунчада эса, “ойнинг ўн беш куни қоронғи, ўн беш куни ёруғ” мақолига тўғри келади.
Бир сўз билан айтганда эса, мазкур – жамиятимизни қаттиқ қалқитиб юборган, ҳеч бўлмаганда, ўз тили, шу баҳона ўзи борасида кўзини очиб қўйган чиқишни ўз фойдамизга ишлатиш, яъни шу чоққача тим қора саналиб келган айрим мавзуларни оқиллик билан ёруғлика олиб чиқиш иши сиз-у бизга боғлиқ. Лекин олдинига энг бош масалага диққатни қаратсак.
Мана шундай мазмун, мақсад ва таъсирчанликдаги чиқиш ўтган аср тўқсонинчи йиллари бошлари – миллий давлатчилигимиз эндигина тикланган, алғов-далғов, “ит эгасини таниб улгурмаган” пайтлар ёки бундан уч йилгина бурун мумкинмиди? Йўқ, деймиз кучли ишонч билан. Кимдир, ёзган ҳам, чиқарган ҳам, чиқиб кетганини билмай қолганлар ҳам энасини Учқўрғонда кўрарди, деса ҳақ бўлади.
Мана унинг чиққанига ҳам бир ҳафта тўлди: осмон узилиб ерга тушгани йўқ, тушмайди ҳам! Бу билан ит акиллайди, карвон ўтади, демоқчи эмасмиз. Асло! Етказмоқчи бўлганимиз тамомила бошқа: бугунги ўзбек жамияти чиндан ҳам эркиндир! Фикр, сўз, чиқиш эркинлиги оғизда эмас, амалда!
Агар қонунда белгиланган чекловларни кўзда тутмасак, ҳар ким ва кимлар ўзлигини намоён қилишлари мумкин! Кимдир бошқача фикр билдиргани учун оломон қилинаётгани ёки “авахта”га ташланаётгани, турли “элементлар” бўёғида тахқирланаётгани, “учлик”ларнинг ўзбошимчалиги билан пешонасидан отилаётгани, сургун қилинаётгани, яқинлари фалончининг эри, хотини, боласи тамғаси билан кўчага чиқолмай уйига қамалиб қолаётгани, “қора рўйхат”га тушаётгани йўқ.
Ҳолбуки, Россия империясини коммунистлар бошқарган етмиш тўрт йил ичида, айниқса, ўтган юз йилликнинг ўттизинчи-эллигинчи йилларида кундалик турмуш шундай эди.
Бугун биз бутунлай ўзгача замонда яшамоқдамиз. Бу “қора” халқ, оломонга эркинлик бериб бўлмайди, ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб юборади, уни тизгинда, қамчи остида ушлаш керак, аҳмоқона қарашлари ортда қолганига Яратганга чексиз шукр! Аслида эса, эркинликдек инсон ва жамият, демак, давлатни ҳам улкан кучга тўлдирадиган биронта омил йўқ!
Фақат битта шарти билан: эркинлик баробарида бандасига ўзини кўрсатиш, шахсий имконларини юзага чиқариш, бола-чақасини боқиш, орзуларини ушатиш, иш бериш, таълими, соғлиғи ҳақида амалда қайғуриш, адолат тарозусини қаттиқ ушлаш, хато қилса кечириш, эртанги кунга ишончни бугуни орқали кафолатлаш сингари ҳар кимнинг жигаридан бўлган қадриятлар учун тенг шароитлар яратилсагина, халқ эмас, давлат унинг хизматида бўлиши чиндан ҳам қоидага кўчсагина, эркинлик тинчлик, оқиллик ва яратувчиликка айланиши турган гап. Салкам уч йилдирки, бунинг исботини кўриб турибмиз. Жумладан, сўз кетаётган масалага муносабатда ҳам.
Эътибор берилган бўлса, давлат ва жамиятимиз пойдеворию биноси қилт этгани йўқ. Этмайди ҳам. Кимдир тескариси бўлишини истаган ёки истаётган бўлса, “чучварани хом санамоқда”. Бугунги ўзбек жамияти беш, йигирма, юз, минг йил бурунги эмас. Эркинлигимиз яшасин!
Эркинлик табиатида яна бир ўта қимматли омил бор: у авайлаб-асралиши, қўриқланиши лозим. Бу энди, аввало, унинг эгаси ва эгалари – ҳар биримиз ва барчамизнинг бурчимиздир. Бу юмушни туйғуга берилиб эмас, сезгирлик ва зукколик билан адо этмоқ даркор…Чунки ахборот тарқатишда, афсуски, найранглар ҳам йўқ эмас.
Улардан бири бирламчи манба ёрдамида мўлжалдаги воқеани туғдириб олиб, бу ёғига унинг чўғидан бошқа ўнлаб ахборот қозон-ўчоқларида олдиндан қалаб қўйилган ўтинларни ёндиришда фойдаланиш билан боғлиқдир. Бошқача айтганда, кўчирма манбаларнинг ўнинчисини ўқиган одам, асл манбада нима дейилгани билан эмас, унинг ўзига хос талқини билан танишади ва унга ишонади.
Масалан, “Вести.уз”да босилган чақириқнинг остида ўн саккиз кишининг оти бор. Қўйган қўли эса йўқ! Яъни унда кимнинг қўли борлигини аниқлаш амримаҳол. Бунга урғу бераётганимизнинг сабаби юқоридаги ҳолат – Сайёра Хўжаева, Шавкат Миролимовнинг бу “оламшумул манифест”дан буткул бехабарликларига бориб тақалиши ҳам тушунарлидир. Балки биз илғамай қолгандирмиз, лекин орадан шунча кун ўтса-да, улардан қолган биронтаси “мендирман ўша” деб омма олдига чиққанича йўқ. СССР халқ артисти Бернора Қориевани санамаганда, албатта. Кўпчиликка ёқмас, бироқ шу опага қойил қолдик: мен шу ишни қилдим, дея очиқчасига туриб бердилар. Мана буни, тўғрими-йўқми, ўз эътиқодига садоқат дейдилар. Эътиқод эса турлича бўлади, энг асосийси, у бошқаларга зиён етказмаса, эътиқодли кишидан қўрқмаслик керак.
Бироқ эътиқодли шахслардан қўрққанликка оид тарихий мисоллар ҳам бор. Масалан, тиш-тирноғигача қуролланган, уч фуқаросидан биттасини НКВД айғоқчиси қилган (улар, айниқса, “зиёлилар” орасида кўп бўлганлар), ташқи чегараларини темир қафас билан ўраб-чирмаб ташлаган, қарам миллатлар у ёқда турсин, ўз халқи – руслар, айниқса, не-не, жумладан, дунё маданиятининг гултожлари бўлмиш зиёлиларининг ҳам ёстиғини қуритган СССР аталмиш махлуқ ўзбекнинг биргина зиёлиси Чўлпондан ўлгудек қўрққан. Биласизми нега? Ўз тили, адабиёти, анъаналари, юртининг аянчли тақдирига чидаб туролмаган ва буни баралла айтгани, айтганлари эл онги ҳамда юрагида уя қургани учун! “Ол байроғингни, қалбинг уйғонсин, Қуллик, асорат – барчаси ёнсин. Қур янги давлат, ёвлар ўртансин” учун!
Дунё маданияти дурдоналаридан санламиш “Уруш ва тинчлик”да бир парча бор: рус мамлакатига қўшин тортиб келган газанда Наполеонга қарши олишувга кириб, ота-онаси, хотин-боласи, уйи, тили, адабиёти, гўзал юрти, жафокаш халқи, ўзи ва аждодлари шаънини қўриқлаш йўлида оғир яраланиб, қўлида рус давлати ва миллати туғининг сопи билан чалқанча ётган ҳолда қон йўқотаётган кенас Болконскийга кўзи тушган босқинчи фаранг “voilà une belle mort” (ўлимнинг гўзаллигини қаранг) дея Руснинг тиз чўкмас қаҳрамонига тан беради, тан бериб қолмасдан, унинг ҳали ўлмаганини сезиб, ғизиллатганча ҳарбий касалхонага жўнатади.
СССРчилар эса, Чўлпонни ими-жимида қамоққа олиб, тун оғушида қатл этганлар. Одамлар нафратидан чўчиганлари учун ҳам шундай ҳезланганлар. Ўз умрига нуқта қўйиши аниқ тўппонча отилмай қолганида “От! Ўлдир! Мен сенларнинг давлатингда яшашни истмамайман” дея бақирган барчамизнинг Чўлпонимиз – миллатимиз тонггида эрта чиқиб қўйган юлдузимиз бўлади. Ахир у ўзбек, турк, араб, форс тилларидан ташқари рус тилини ҳам бошқалардан кам билмасди, рус ва жаҳон адабиётидан баҳраманд эди, Пушкин тилида битилган “Мать” (Горький), “Дубровский”, “Борис Годунов” асарларини Навоий тилига ўгирганди. Нега шундай одам отилди?
Ўзбекнинг бошқа “зиёли”лари сингари СССРни улуғлаб, доҳийларига сиғиниб, инсонгарчиликнинг уруғини қуритиб келаётган таълимотига чўқиниб, кўкси ва чўнтагини қўша-қўша мукофотларга тўлдириб, ЦК ВКП (б), НКВД нинг салобатли ўтоғларида ясалиб “совет интеллигенцияси” номидан чиқарилган мурожаатномаларга қўл қўйиб, қурултою гурунгларнинг тўрида юришга кўнмаслиги аниқ бўлгани учун ҳам отилди!Негаки у Чўлпон бўлиб туғилган ва чўлпондек сўниши керак эди. Негаки “тушида, оққа кўмилганда, бир кўрганда, ўнгда кўрганда суйиб қолгани” – миллати ҳурлик кезлари туғилган гўзалликсиз кечадиган кундузлар унинг учун кечадек қоронғи туйиларди.
Мана буни зиёли дейдилар. Зеро зиё ёруғликдир. Чин зиёли ўзини эмас, ўзи мансуб элнинг онги ва юрагини ёритади, унга тўғри йўл кўрсатади, ўзи ибрат бўлади, керак бўлса, жонидан ҳам кечади. Шу маънода, чақириқ остидаги ўн саккиз кишининг ўзбек зиёлилари номидан дунёга жар солишлари қанчалар тўғри ва асосли?
Бир ҳовучгина фуқароларимизнинг мазкур шахсий истаги ҳақида кўчириб, баён этиб ахборот тарқатаётган бошқа манбаларда масала ўзбек зиёлиларининг ташаббусидек тақдим этилаётгани воқеликни бузиб кўрсатиш саналмайдими?
Бундай мурожаатдан мустамлака замони совет босқичининг ҳиди келмаяпдими?
Қанчадан-қанча қабиҳ ишлар шу каби ясама, гўёки минглаб, миллионлаб кишилар, бутун бир қатлам, халқ номидан уюштирилган ҳолда амалга оширилган пайтлар ўрта ва катта авлод эсидан ҳали чиққани йўқ! Қатағон йилларида ўзбек, рус, жуҳуд ва бошқа миллатларнинг қанчадан-қанча иқтидорли вакиллари, жумладан, зиёлилари шўро ишчи, деҳқон ва зиёлилари чақириғига кўра жувонмарг этиб юборилганлари тарихий ҳужжатларда тамғаланиб қолган.
Зиёли деб аслида кимни ва кимларни атаймиз, аташимиз керак? Унвони, илмий даражаси, олий маълумоти бўйича паттаси бор кишиними ёки болам-чақам, элим-юртим дея, нонини ҳаллоллаб топиб, ўз устида ишлайдиган, дунёқарашини кенгайтиришда тинмайдиган, ўқиган ва уқиганларидан яхшиларини атрофидагиларга етказиб юрадиган, эзгуликка чорлаб, ёмонликдан тийилиб, тийиб юрадиганларними?
Бизнингча, худди мана шулар зиёлилардир. Улар хоҳ ҳайдовчи, ўқитувчи, қоровул, уй бекаси, деҳқон, хоҳ ижодкор, давлат хизматчиси, ҳарбий, санъаткор, спортчи, мардикор бўлсин, бунинг аҳамияти йўқ! Муҳими, сўзи ва ишидан нур таралсин!
Шу ўринда, анчадан буён пишитиб юрганларимиздан бирини айтишнинг хонаси келиб қолганга ўхшайди.“Ўзбекистон халқ артисти” ва “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”нинг фарқи нимада?
Халқ артистининг хизмати йўқми ёки артист хизматни халқ олдида қилмайдими?
Халқ шоири, халқ ёзувчиси расмий унвонлари йўқ Чўлпон, Абдулла Қодирий эл-юрт учун ўзиники, демак, халқники эканлигини инкор қилиб бўлмайди-ку! Бир сўз билан айтганда, шу каби унвон ва даражаларни беришни илғор давлатлар, дунё маданияти тажрибасидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқиш пайти келмадимикан (ўзи, шундай тақдирлашлар керакми)! Шундай тартиб ёки анъана ўрнатайликки, ҳар ким ҳам бирон соҳа, тоифа номидан оммага, дунёга жар солмасин! Сўз кетаётган мавзу доирасида айтсак, Ўзбекистонда тилга олинган ўн саккиз кишидан ўзга яна зиёлилар борми?
Бор, лекин уларнинг саноғини ҳеч ким билмайди. Бизнинг тушунчада эса, улар миллионлабдирлар. Эртага улар бошқача чақириқ билан чиқсалар нима бўлади?
Шунинг учун ҳам илк Конституциямизнинг 10-моддасида Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Олий Мажлис ва Президент иш олиб бориши мумкинлиги маҳкамлаб қўйилган, бошқа биронта шахс, гуруҳ, тоифа, ташкилотнинг бунга ҳаққи йўқ!
Чақириқда келтирилган важларнинг биринчиси мамлакат аҳлининг анча каттагина бўлаги рус тилли экани билан боғлангани кишини ҳайрон қолдириб, бу биз ҳам туғилиб ўсиб яшаб келаётган Ўзбекистон ҳақидами, саволини туғдиради. Наҳот, ўз юртимизнинг паст-баландини шунчалар билмасак.
Бугун осмондан биз тушдикми ёки ўн саккиз киши?
Ўзи, “рус тиллилар” дегани нимани билдиради, унинг бирон ўлчови, тошу тарозуси, тушунчаси қонунлаштириб қўйилган атамаси борми? Йўқ, албатта! “Ўзбек тиллилар” деган тушунча ҳам йўқ. Тескари ҳолда, бу аҳмоқлик бўлар эди. Ҳолбуки, юртдошларимиздан ўзбек, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз, татар, туркман, корейс, озарбайжон миллатига мансубларнинг ўзбек тилида бемалол сўзлаша олишларидан келиб чиқилса, бу тўқсон олти фоиз деганидир. Уларнинг сафига ўзбек тилини яхши биладиган рус, украин, жуҳуд, арман, беларус ва бошқа миллатга тегишли ватандошларимизни ҳам қўшиб санасак, салкам юз фоизга етиб қолиши кундек ёруғ-ку!
Миллатлараро тил дегани нима ўзи? Икки миллатга мансуб киши ўртасида қўлланадиган тилми?. Яъни иккови учун ҳам тушунарли бўлган тил. Буни ким танлайди? Албатта, ўзлари! Шу маънода қизиқ савол: агар иккови ҳам бир миллатга мансуб бўлса-ю, аммо ўз тилини билмаса ёки бири ўз тилида тушунган ҳолда сўзлашишга қийналса?
Танишларимиз орасидаги ўзбекларнинг айримлари билан суҳбатда ўзимиз ҳам ўзбекча-русча, соф ўзбекча ёки соф русча гаплашиб туришимиз одатий ҳолга айлангани ҳам сир эмас. Форсчани билганимиз сабаб тожикчасига ҳам олиб кетаверамиз, кези келганда қозоқча ва қирғизчасига ҳам йўқ демаймиз, зарурат туғилганда, инглизчасини ҳам амаллаб юборган пайтлар ҳам бўлган (олтинчи синфгача немисчани астойдил ўқигандик, лекин туркчага ҳеч тил қовушмайди).
Ишхонамиздаги қорақалпоқ, рус, корейс миллатига мансуб ҳамкасбларимиз билан ўзбекча ёки аралашига айтишамиз. Ўша дамларда қанақадир қонун ёки чақириқ эсга келар эканми? Инсонийлик тили эгалланган бўлса, турмушнинг ўзи йўлга солади! Қисқаси, бундай хом-хатала ташаббусларга муккадан кетиш камида муаллифларни уялтириб қўйиши ҳеч гапмас. Олдин, озгина бўлса ҳам, дунё тажрибасини бир варақлаб кўрилса, ёмон бўлмасди.
Масалан, яқин ва ишончли, синовдан ўтган ҳамкоримиз, икки парда девор қўшнимизнинг “Россия Федерациясининг давлат тили ҳақида”ги қонунининг 1-моддаси 4-бандида мана бундай ақлли қоида бор: “Россия Федерациясининг давлат тили Россия Федерацияси халқларининг кўпмиллатли ягона давлатдаги миллатлараро алоқаларни мустаҳкамлашга, ҳамжиҳатликка хизмат қилувчи тилдир”. Бу бошқа гап, яъни миллатлараро тотувлик, бир-бировини тушунишга пойдевор бўлувчи тил чиндан ҳам аслида давлат тилидир!
Мурожаатчилар эса сссрчиларга хос тарзда иш тутганлар: одамлар биладигани ва истаётганини эмас, балки одатдагидек ўзлари хоҳлаганларини кишилар онгига сингдиришга ғулу кетганлар. Чунончи, ўттиз йилдан буён сийқаси чиқиб кетган ашулани айтиб юборганлар: Финландияда швед тили давлат тилига тенглаштирилган, атиги беш мингта бўлган карелларнинг тили эса миллий камчиликнинг расмий тили мақомига эга; Швецарияда тўрт, Ҳиндистонда икки тил давлат тили, ЖАРда эса ўн бир тил расмийдир. Мана шунақа нарсаларни ўқиган ёки эшитганда, биз жуда севган ёзувчилардан бири, улуғ рус зиёлиси М.Булгаковнинг “Собачье сердце” – “Итюрак”идаги Палиграф Палиграфович Шариковнинг Николай “ёғини еган” профессор Преображенскийга насиҳату ақл ўргатишлари эсга тушиб кетаверади.
Негаки оламда 193 та давлат бор. Боринг ана, яна беш-олтита давлатни тепадагилар сирасига қўшганда ҳам, қолган мутлақ кўпчилиги – камида бир юз саксонта давлатнинг ҳар бирида расман тан олинган тил биттадир!
Яна бир гап: кареллар, юқорида тилга олинганидек, фақат Финландияда яшамайдилар, 2010 йил маълумотларига кўра, ҳозирги Россия аҳолиси ичида олтмиш мингдан ортиқ карел бор. Аммо мазкур юртда уларнинг тили давлат мақомига эга эмас ва буни биз тўғри, деб санаймиз (тескари ҳолда, фуқаролари бир юз етмишдан ортиқ тилда гаплашадиган ушбу улкан мамлакатнинг бошига Бобил минорасининг куни тушади-ку, Ўзи асрасин).
Иккинчи важ – айнан рус тили орқали Ўрта Осиё аҳли учун Россия ва қўшни республикалар, Европа, Америка, ҳатто араб ва осиёлик мамлакатларнинг маданияти, маънавий бойлигидан баҳраманд бўлиш эшиклари очилганлигига оид таъкид ҳам тутруқсиздир, десак ҳафа бўлишмасин.
Агар мазкур чақириқ муаллифларини сохталаштирмасдан, уларнинг ҳар бирига бир сидра ўқитиб олганларида эди, масалан, тарихчи олим Шавкат Миролимов қуйидагилардан огоҳлантирган бўлардилар. Биринчидан, ўзбеклар, умуман минтақа халқлари Россия империяси домига, шу орқали рус тили доирасига ўз истакларига қарши ўлароқ, ботирларча ва узоқ қаршилик, қонли урушлардан сўнг тушиб қолганлар.
Оқ пошшо даври (масалан, “Русский вестник” журнали, М. Терентьевнинг “История завоевания Средней Азии, с картами и планами”, 1876) ёки ўзбек манбаларида (масалан, “Тарихи жадиди Тошканд”, мустақил давримиздаги нашрлар) мазкур ҳақиқатни тасдиқловчи далилларни худди чақириқ муаллифлари сингари “ўзи йўқнинг кўзи йўқ” қилиш мумкиндир, аммо 1947 йили чоп этилган “История народов Узбекистана”нинг иккинчи жилди иккинчи қисмидаги тан олишлардан қочиб бўлмайди.Уни ўз қўллари билан битган СССР ФА аъзолари Ю.Готье, В. Пичета, С. Бахрушин Ўзбекистоннинг чоризм томонидан босиб олиниши ва мустамлакачилик сиёсатини етарли даражада исботлаб қўйганлар.
Иккинчидан (барчага маълум бўлгани учун жуда қисқа қиламиз), ўрта асрлар Европаси ва унинг таъсирида Россия илм-фани пойдеворини Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино меросисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Амир Темурнинг Европа ва Рус давлати олдидаги кейинчалик ўзимизга “қимматга тушган” хизматлари ҳақида гапириб ҳам ўтирмаймиз.
Лутфий ва Алишер Навоий аруз вазнида ғазал ва достонлар битиб юрганларида, Россияда ҳатто бармоқ вазнида шеър ёзадиган шоирнинг ўзи ҳали йўқ эди. Ўзбекларнинг Осиё, хусусан, араб маънавий бойлиги билан рус тили орқали танишгани борасидаги алаҳсирашларни эса муаллифлар орасидаги шарқшунос ҳамкасбимизга ҳавола қиламиз.
Алифбо масаласига келсак, ўз вақтида, бошқа ҳал қилувчи омилларни сингдиришларда бўлганидек, ўзбек ёзуви ҳам кирилчага мажбурлаб ўтказилганини бугун ёш болагина билмаслиги мумкин (лекин ўз тарихига қизиқиши орқали кейинчалик барибир билиб олади). Фақат иккита саволимиз бор: чақириқда урғу берилганидек, ўтган аср қирқинчи йилларида кирил алифбосига “чин дилдан” ўтилаётганда, кимдир, нима қиляпмиз ўзи, бу билан ўзбекларни бир ярим минг йиллик илмий ва маданий меросидан маҳрум қилиб саводсизларга айлантирмаяпмизми ёки атайин шундай қиляпмизми, деёлганмикан?
Эллик йилда кирил алифбосида яратилган адабиёт деганда, СССР, коммунизм, илмий коммунизм, атеизм, пахта яккаҳокимлиги, колхоз, совхоз, мутелик, кичик оғалик – миллий биқиқлик ва қолоқликни улуғлаган нарсалар кўзда тутилмоқдами?
Учинчи важ бўйича ҳам гапни чўзиб ўтирмаймиз. У бўйича лўнда жавобни ҳозирда Москвада яшаб ижод қилаётган рус тилли ўзбек ёзувчиси Темур Пўлат айтиб бўлди. Битта ҳақиқатни қўшиб ўтамиз, холос. Рус тили, кирил алифбоси йўқ кўплаб асрлар давомида ҳам ўзбек илм-фани ва адабиёти бутун дунёга маълум эди. Юқорида номлари тилга олинган алломаларимиз билан боғлиқ мисолнинг ўзини тушунган одам тушунади, тушунмаганига ёрдам беролмаймиз.
Қўшимчасига, ўрта асрлар ўзбек олимларининг АҚШ, Европа, Россия, Яқин ва Ўрта Шарқ, Ҳинд ҳавзаси мамлакатларидаги музей, кутубхона, турли жамғармаларда сақланаётган асарларининг, ҳеч бўлмаса, рўйхатига кўз ташлаш, мустақиллик йилларида минглаб ўзбек ижодкорларининг катта-кичик илмий, адабий асарлари инглиз, немис, франсуз, араб, турк, япон, хитой, форс, корейс тилларида чоп этилгани ва бу жараён янада кучайишини билиб қўйиш фойдадан ҳоли эмас (эндигина инглиз тилига ўгирилиб АҚШда дунё юзини кўрган “Ўтган кунлар” ва унинг муаллифини илгариги замонларда ҳам олам билганми?).
Тўртинчи важни қуюшқондан чиқиш, деб санаймиз. Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит, қоидасини келиштириб терилган маънодор сўзлар шодаси чақириқ матнининг шу ергача бўлганлари кириш сўзи вазифасини адо этганини кўрсатади, деб ўйлаймиз. Ўзбекистонда рус тилига расмий мақом беришни Россияга бориб ишлаётган, ўқиётганлар, юртимизга сайёҳ бўлиб келаётганларнинг «ғамини еб» ҳам ясалган ушбу “мантиқ”ни, яқинда тарқалган хабар – келажакда БАА га бир миллионга яқин ўзбекистонлик бориб ишлаши мумкинлиги, бундан чиқди, араб тилига ҳам бир нималар тортиқ қилишга тўғри келиши орқали чил-парчин қилиш осон.
Ишлагани, ўқигани қаерга боришидан қатъи назар ҳар ким ўша ернинг тили ва бошқасини ҳам ўрганиб жўнаши тайин. Сайёҳларга келсак, ўзбек ишбилармонлари шундоқки, керак бўлса, чулчитнинг ҳам тилини ўрганади ҳам, топади ҳам (Истанбул бозорларида рус тилида бемалол сўзлашиш мумкин). Демак, мазкур асослар бўш қопга бақиришдек гаплар, албатта.
Бизга ёқмагани, ўз ўртоқларимиз бизга қандайдир шарт қўяётгандек, енгил пўписа қилаётгандек, нималаргадир шама қилаётгандек туюлди. Марказий Осиёнинг “туб” аҳолиси, туркий ва тожик тиллари ўртасидаги туб фарқлар, сингарилар 1920-1924 йилларда Лениннинг топшириғига кўра (буни исботловчи тарихий ҳужжатлар бор) минтақани учга бўлиш билан шуғулланган Турккомиссиянинг “майдалаб ют”, “сопини ўзидан чиқар” найрангларини эсга солворади. Ҳай, комиссарлар, у пайтларда биронтангиз ҳатто туғилмагандингиз, бу “маҳорат” сизларда қайдан, десанг шундай пайтларда.
Улуғ ва буюк рус тилида “медвежья услуга” деган доно ҳикмат бор. Ўзбекча-тожикчасига “дўсти нодоннинг ишини қилмоқ” дейилади (шу мақолнинг ўзиёқ ўзбек, тожик тилларининг қоришиб кетганига далиллиги энди бошқа масала). Маъноси ўзича яхшилик қиламан деб, хол қўйиб қўйганларни билдиради. Яхшиямки, Ўзбекистон-Россия ўртасидаги барча йўналишлардаги алоқалар сўнгги салкам уч йил ичида янги сифат босқичига кўтарилиб, янада ривожланиш арафасидадир.
Икки раҳбаримиз ўртасидаги мустаҳкам ишонч икки юрт халқлари аро энг аввало инсоний муносабатларни янада маҳкамлаётгани ҳам бор гап. Юқорида икки парда девор қўшни иборасини бекорга қўлламадик. Қозоқ, қирғиз, тожик, афғон, туркман қўшниларимиз билан бир парда чегарамиз бўлса, Россия, Хитой, Покистон, Эрон, Каспий орти билан икки парда қўшнимиз. Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши, дегани шу бўлади. Тилларимиз қанчалар турфа бўлмасин, энг асосий тил – яхши қўшничилик тилини топганимиз учун ҳам мана икки ярим йилдан ошмоқдаки,
Марказий Осиёда олам – гулистон! Россия билан ўзаро манфаатли алоқаларимиз олдингидан минг чандон зўр! Илойим кўз тегмасин, бу ёғига ҳам шундай кетаверсин. Шу билан бирга, ўзингдан чиққан балога, қайга борурсан даъвога, деганлари ҳам бор. Нима ҳам дердик, ёқадими-йўқми, ахир улар бизнинг юртдош ва қондошларимиз-ку! Ўттиз уч миллионнинг икки қўлидаги қайси бармоқни тишламанг, барибир ўзбек жамиятининг жони оғрийди. Узил-кесил қарор топган умумэркинлик шароитида яшашни чидаганга чиқарган ёки, шоир айтганидек, чидаймиз-да, бу заҳматлар ўткинчидир…
Фаррух ака билан юқоридаги суҳбатнинг иккинчи мавзуси “Ўзбекистон – Ватаним маним” билан боғлиқ эди. Сўзлашувимиз ҳам аслида шундан бошланганди. Санъаткоримизнинг бошида қора булутлар сузиб, дамлари чиқмай юрган пайтларга ишора қилиб, қўшиқ матнини ўзингиз ёзганмисиз, садоқатдан куйлайман, оқибатин ўйлайман, деган ери тасодифми ёки атайин едиртириб юборилганми, деб сўрадик. Гап нимадалигини дарров илғаган элдошимиз, йўқ, йўқ, шеър Нормурод Назруллаевники, жавобини бердилар. Лекин нима бўлганда ҳам, анчадан бери қизиқтириб юрган тахминимиз зое кетмади: мақолага сарлавҳа бўлди…