Мустақиллик куни нишонланаётган Афғонистонда ракета ҳужуми уюштирилди

0
1824
Фото: AFP

18 август сешанба куни Афғонистон пойтахти Қобул шаҳрига бир неча ракеталар учирилди. Бугун Афғонистон ўз мустақиллигининг 101 йиллигини нишонлаётган эди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Ториқ Арианнинг хабар қилишича, ушбу ракеталар Қобулдаги иккита машинадан учирилган. Ҳозирда қурбонлар ҳақида маълумотлар берилмаган.

Мазкур ракета ҳужуми Афғонистон раҳбари Ашраф Ғанининг президент саройида мустақиллик тантаналарида иштирок этганидан кейин уюштирилди. Гувоҳларнинг айтишича, ракеталарнинг баъзиси қаттиқ қўриқланадиган ҳудудлар бўлган президент саройи ва Мудофаа вазирлиги биноси яқинига келиб тушган. Шунингдек, бу ҳудудда бир қанча элчихоналар ҳам жойлашган.

Шу йилнинг 10 мартида ҳам Ашраф Ғанининг президентлик қасамёди маросимида сарой яқинига ракеталар учирилганди. Лекин, бу ҳужумдан ҳеч ким жиддий жароҳат олмаганди.

Маълумот учун, Афғонистон расмий тарзда ҳеч қачон Британия империяси таркибида бўлмаган. Лекин, бу мамлакат 1919 йилда Британия таъсиридан батамом озод бўлган. Шунинг учун афғонлар ҳар йили мустақиллик кунини нишонлайдилар.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг