Муносабат рукни. Пул сочишдан мақсад нима? (видео)

0
1807

Ушбу рукн орқали ижтимоий тармоқларда тарқалган ва омма ўртасида шов-шувларга сабаб бўлган турли воқеа ва ходисларга имконият даражасида муносабат билдириб боришга харакат қиламиз. Рукнда сайтимиз фаоллари билан бирга, соҳа мутаҳассислари, блогерлар ва умуман оддий инсонлар томонидан билдирилган асосли ва қизиқарли деб топилган хулосалари тақдим этиб борилади.

Дастлабки муносабат, сарлавҳага чиқарилган саволга қаратилган бўлиб, миллий шоу-бизнесимиздаги мавжуд иллат билан боғлиқ. Очиқроқ айтганда, шу кунларда ижтимоий тармоқларимизда тарқалган хонанда Жаҳонгир Отажновнинг устидан сочилиган “пул ёмғири” баҳонасида, бу иллатнинг мақсадлари ва сабабларини ўрганишга ҳамда муаммога ечим топишга харакат қилинади.

Жаҳонгир Отажонов ва умуман машҳур хонандаларимиз билан боғлиқ бундай холатлар тез-тез учраб турадиган бўлиб қолди. Ҳатто бунқаларни кўравериб кўникиб кетганимиздан унчалик аҳамият ҳам бермай қўйдик.

Энди тасввур қилинг, минтақамизда яшовчи маҳаллий халқни ўрганиб юрган бир хорижлик этнограф олим Жаҳонгир Отажнов билан содир бўлган воқеадаги манашундай манзаранинг тирик гувоҳи бўлиб қолди.

Кўриб турган бундай маназара юзасидан олим кишида савол туғилиши табиий. Масалан, ўша олим агар европалик бўлса, унга бу каби ўхшаш маназара Руминия да яшовчи лўлилар (циганлар)нинг тўй ва бошқа тантана маросимларини эслатиши мумкин. Чунки, Европа минтақасидаги мамлакатларда яшовчи халқлар орасида кўпроқ лўли миллатига мансуб жамиятларда бундай манзара кузатилади. Уларнинг бу урф-одатларидан қандай мақсад кўзланганлигига батафсил тўхталиб ўтирмайлик ва тасаввуримиздаги ўша олим, балки уни тадқиқ қилгандир деб ҳисоблайлик.

Хўш, лўлиларнинг бундай урф-одатини кўрган ва тадқиқ қилган, тасаввуримиздаги олимда бизни келиб чиқишимизни ёки лўлиларга боғлиқлигимизни ўша Руминиядаги лўлилар билан солиштириши учун асос бўлиши мумкинми? Албатта мумкин. Чунки, лўлиларнинг тўй маросимларидаги пул сочиш амали билан бизни одамлар томонидан бажарилаётган амаллар бир-бирига ўхшаш.

Хақиқий олим одам кўргани билан қиёслаб, қатъий хулоса чиқариб кетавермайди. Тадқиқотларини пуҳта тайёрлаш учун уни асослашга харакат қилади. Шунинг учун маҳаллий халқ вакиллари ва ўзи каби шу соҳада фаолият олиб борувчи ҳамкасб олимларга оддий саволлар билан мурожаат қилади. Жумладан, шундай маназарани кўриб, унда “тўйларингизда пул сочишдан, пул қистиришдан кўзланган мақсад нима? Бунда қандай ҳикмат бор?” ва х.к., деган савол пайдо бўлади.

Хўш, шугина оддий саволларга ким қандай жавоб бера олади?

Очиғини айтганда, шу ерда туғилиб, улғайиб, ўқиб, ўрганиб, яшаб юрган соғлом фикрли кишиларимиз ҳам ўша тасаввуримиздаги этнограф олимга бирор- бир мантиқли ва асосли жавобни беришга қийналса керак. Аввало, очиқча жавоб беришга кўпчилигимизнинг ориятимиз йўл бермаслиги мумкин. Ҳар ҳолда миллий шаънимиз ўртада тўсиқ бўлиб туриб қолади. Андишасизликни четга суриб қўйиб, бундай саволларга кескинлик билан, очиқча жавоб берадиганлар, буни “ўзини кўз-кўз қилиш” дея таърифлаб бериши мумкин.

Аслида ҳам шундай. Отарчи ёки бирор машҳур санъаткорни устидан пул сочиш ёки пул қистириш амалини қилаётганлар буни ўша санъат аҳлига нисбатан кўрсатилган ҳурмат, иззат ва икром сифатида хаспўшлашсада, аслида эса бу очиқдан -очиқ риёкорликнинг яққол намунасидир!

Хулосамизни инкор этмоқчи бўлганлар ёки шу каби амалларни қилиб юрган пулдорлар ва корчалонларимизга ёқадими ёки йўқми, лекин хақиқат шу.

Агар ўша санъат аҳлига ҳурмат, иззат ва икром кўрсатиш керак бўлса, марҳамат, пулларини оммани кўз ўнгида ошкора равишда, устидан сочиб ёки қистириб намойиш этмасдан, тўғридан-тўғри ўзига бериб қўя қолса мантиқан тўғри бўлар. Йўқ, негадир бу ишни албатта омма олдида кўрсатиб бажариши шартдай!

Санъат аҳлини устидан пул сочиш саҳналари ягона холат бўлмаганидек, шу каби пул сочилаётган саҳналарни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб, дунёқараши савияси даражасида муносабат билдирилган шарҳлар ҳам дастлабкиси эмас. Ҳатто ўша муносабат билдирилган шарҳларнинг умумий мазмунлари ҳам деярли бир ҳил маъно атрофида бўлишини таҳмин қилиш мумкин. Жумладан, “…пул топиб, ақл топмаганлар”, “шунча пулинг бор экан, ана камбағал, фақирларга бермайсанми!”, “олифтагарчиликдан бошқа нарса эмас!”, “ҳаром йўл билан топган пули, харом йўлга кетади-да” ва х.к. мазмундаги танбеҳлар, танқидлар билан йўғирилгани фикр-мулоҳазалар кузатилади.

Ора- сирада саёз фикрловчи калтафаҳм кишиларнинг ёки ўша тўй эгасини тарафдорлари томонидан ўзига хос фикрлар билдирилиб қолинади. Масалан, “…бировнинг пулини санаб нима қиласанлар?! Ўзини пули, истаганича ишлатади”, “омадини берсин, қаддини урсин! Менда ҳам пулим бўлса шундай тўйлар қилардим ” ва х.к., деган мазмунда хавасмандлик билан муносабат билдирувчилар ҳам учраб туради.

Шу орада мавзу остида ўзаро бахс- мунозара, тортишув ва хақоратлар билан шарҳлар тўлиб кетади. Саёз фикрловчилар маломат қилинади, ўз навбатида улар бунга жавобан хақорат ва сўкиниш билан жавоб қайтаради ва х.к.

Албатта, орада кенг тафаккур соҳибларининг шарҳларига ҳам кўзимиз тушиб қолади. Уларнинг муносабатларидаги хулосада, бундай холатларга салбий иллат сифатида баҳо берилади. Сабабини эса жамият аъзоларининг онги пастлиги билан боғлаб кўрсатишларини таҳмин қилиш мумкин. Муаммонинг ечимига муносабат билдирганида эса барча маъсулиятни умумий тарзда бошқаларга юклаб қўйилади, яъни, “кўпроқ ўқиш керак”, “болалигидан ўргатиш керак”, “Хукумат чора кўриши керак”, “маҳалла назоратига олиши керак” ва х.к., … фақат ўзи эмас, айнан бирор объект ёки субъект қилиши керак, вассалом.

Оддий ечим

Аслида эса бу каби иллатлар жамиятдаги ҳар бир шахснинг ўзини ислоҳ қилиш билан бартараф қилинадиган, оддий муаммолар эканлигини нимагадир билиб туриб, ўзимиз шунга амал қилмаймиз.

Иллатларни бошқаларда кўришни яхши биламиз, муаммога тўғри ташхис қўйиб, баҳолай оламиз. Бироқ, ўша иллатларга қарши амалда курашишга келганда журъат тополмаймиз.

Айрим пулдор ёки бой-бадавлат кишиларда такаббурлик сифати жисмига чиқиб қолгани учун бўлса керак, ҳатто шундайлар ўзимизнинг энг яқин кишиларимиз бўлса ҳам, бундай ишни қилаётган пайтида қўлидан ушлаб, тўхтатиб қолишга қурбимиз етмай қолади. Ҳатто кейинчалик ҳам ундайларга насиҳат қилишга журъатсизлик қиламиз.

Ўз навбатида, пулдор ва бойваччаларимизнинг ўзлари ҳам бу амаллар бошқаларнинг ғашига тегишни англаб етишмайди ёки такаббурлик даражаси ўта кучли бўлгани боис, унча –мунча панду-насиҳатлар уларга кор қилмайди. Оддий зиёлий ва руҳоний кишилар орасида журъатлиси топилиб, улар томонидан бериладиган насиҳатларига шунчаки тупуришлари эҳтимолдан ҳоли эмас.

“Пул ўзимники! Уни қандай сарфлашни ўзим биламан! Менга пул бериб қўйган жойингиз йўқ! ”, “Менга насиҳат берадиган отам эмассиз!”, каби мазмундаги жавоблар, журъат топиб берилган насиҳатларга қараши айтилишини таҳмин қилиш қийин эмас.

Шахсий мулк, шахсий дахлсизлик каби Конститутцияда белгиланган инсон хуқуқлари билан боғлиқ бу каби қоидалар, афсуски шундай онг билан яшовчи бойвочча фуқароларга ҳам тегишли. Гарчи бундай фикрловчи бойвоччаларнинг аксариятида хуқуқий билим савия ҳаминқадар бўлсада, Конститутциядаги шу қоидаларни уларга нисбатан қўлламаслик адолат тамойилларига зид бўлади.

Хўш, унда нима қилиш мумкин?

Минимум даражада қуйидаги таклифларни кўриб чиқиш мумкин:

  1. Юқорида таъкидланганидек ҳар ким ўзини ислоҳ қилиш баробарида, ўзига яқин бўлган кишилар ва журъати етган инсонларга бундай урф –одатларда яхшилик йўқлиги, аксинча исроф билан боғлиқ ёмонлик, маъсиятлар борлигини уқтиришдан бошлаш керак.
  2. Санъат аҳли ҳам бироз нафсини жиловлаши ва тўй ёки тантана эгаларини пул қистириш ёки устидан пул сочиш амалини қилмасликлари хақида аввалдан огоҳлантириши керак бўлади. Янада осон ва ҳижолатсиз йўли, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали муҳлисларига пул қистирмасликни ва устиларидан пул сочмасликни сўраб мурожаатлар билан чиқишлари керак. Балки барча санъат аҳли шундай хештег билан оммага мурожаатлар йўллашса янада кўпроқ самара берар.
  3. Ижтимоий тармоқлардаги фаол блогерлар ва бу муамммога бефарқ бўлмган барча фаоллар иллатларни устидан кулиб чиқадиган, танқидий материалларни кўпроқ эълон қилиб бориши керак.
  4. Маҳаллий ОАВ ва телевидения вакиллари мавзуга оид турли ижтимоий видео роликлар тайёрлаб, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқатиши ҳам фойдадан ҳоли бўлмаса керак. Ҳар ҳолда бу ҳам маънавият тарғиботи ҳисобланди.

Максимум эса, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатиш билан боғлиқ хуқуқбузарлик учун белгиланган жарималар миқдорини кескин кўтариш масаласини халқ депутатлари томонидан кўриб чиқилиши керак.

Билдириб ўтилган фикрлардан ҳам теран, муаммони ечими қулай ва осон кўрсатилган ҳамда келажада самара берадиган яна кўплаб таклифлар бўлиши мумкин. Фақат уни омма ўртасида кўпроқ улашиш керак ҳалос.

Албатта юқоридагиларнинг бариси ИМХО.

Муаллиф: Илҳомиддин Алимов, tarjumon.uz

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг