Босма нашрларнинг аҳволини қандай яхшилаш мумкин?

0
2142

Оммавий ахборот воситалари  ҳамиша жамият ҳаётининг кўзгуси, кишилар онги, дунёқараши шаклланишида муҳим аҳамият касб этиб келган. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган демократик ислоҳотлар, юз бераётган ўзгаришлар оммавий ахборот воситаларининг ҳам нуфузини, ўрни ва аҳамиятини янада кўтарди, уларнинг том маънода тўртинчи ҳокимиятга айланишига замин яратди. Бунда босма нашрларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.

Замонавий ахборот коммуникациялари, айниқса, интернетнинг жадал ривожланиши босма нашрларнинг тақдирига соя ташлагани, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар газета ҳамда журналларда берилаётган материалларга эҳтиёж қолдирмаётгани ҳақидаги гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалинади. Бир пайтлар телевидение ва кино пайдо бўлганида, радио ва театрнинг инқирозга юз тутиши башорат қилингани каби интернетнинг пайдо бўлиши газета ва журналларнинг эртанги куни боши берк кўчага кириб қолиши ҳақидаги фикрлар айтилмоқда. Аммо босма нашрларнинг бугунги кундаги муаммоси аслида бошқа омилларга боғлиқ экани, улар бундан кейин ҳам яшаб қолиши учун замон талаблари асосида фаолият юритиши талаб этилаётгани бор гап.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агент¬лиги ҳамда Ўзбекистон мус¬тақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида икки ой мобайнида барча ҳудудларда ўтказилган семинар-тренингларда ана шу масалалар атрофлича муҳокама этилди. Соҳанинг етакчи мутахассислари билан биргаликда ҳудудий газета-журналлар фаолиятини яхшилаш борасида таклифлар, тавсиялар берилди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 1,6 мингдан ортиқ омма¬вий ахборот воситасининг аксарияти —  нодавлат омма¬вий ахборот воситалари. Улар орасида босма нашр¬ларнинг сони 500дан ошади. Бу — ана шунча газета ва журнал, энг муҳим, янгилик, ахборот ва таҳлилий мақолаларни хал¬қимиз ҳукмига ҳавола этиб келмоқда, дегани. Бугунги қайноқ медиамаконда кечаётган кескин рақобат шароитида улар қандай қилиб ўз ўрни ва мавқеини сақлаб қолиши мумкин?
 
— Дунё тажрибасига кўра, энг қизиқарли ОАВ — ҳудудий нашрлар ва маҳаллий телеканаллар ҳисобланади. Чунки одамлар учун ўз ҳудудида рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан қизиқроқ янгилик йўқ, — дейди семинарларда маъруза қилган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети катта ўқи¬тувчиси Беруний Алимов. — Ҳудудлардаги журналистларимиз ҳам айнан шу жиҳатни эътиборга олишлари, ўз ҳудудида рўй бераётган қизиқарли воқеа-ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиш орқалигина обуначилари сонини кўпайтиришлари мумкин. «Лос Анжелес таймс» газетасини кўп йиллар давомида бошқарган Остин Бутнернинг «ҳудудий нашрлар бундан кейин ҳам яшаб қолишлари мумкин, лекин улар бугунги ўқувчига зарур материалларни чоп этишлари шарт”, деган фикрлари бежиз эмас. Ҳудудий газеталаргина шаҳар, туман ҳаёти, маданияти ва спортига доир янгиликларни тезкор ёрита оладилар.

Шунинг учун улар жамият учун жуда зарур ва муҳимдир. Бироқ энди газеталар қайсидир давлат ташкилотидан нажот кутиб, “эски ҳаммом, эски тос” қабилида ишлай олмайди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтира олган нашрга обуна бўладилар. Шундай экан, фақат яхши, сифатли газета ва журналлар эртанги кундан умид қилишлари мумкин.

Семинар-тренингларда экс¬пертлар оммавий ахборот воситалари мазмун-моҳиятини бойитиш масаласини ҳал этиш билан бирга, нашрлар дизайни, адади ва уларни тарқатиш билан боғлиқ техник вазифалар ҳақида ҳам маълумот бердилар. Шунинг¬дек, кадрлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ўртага ташланди.

— Ҳудудий газеталардаги асосий муаммолардан бири — кадрлар масаласи билан боғлиқ. Газеталарда маҳорат мактаблари йўқ, Тошкентда ўқиган журналистлар эса вилоятга қайтишни исташмаяпти, — дейди “Сурхон тонги” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Сафар Омон¬қулов. — Бу ерда асосий масала маошлар билан боғлиқ эканини ҳам яширишга ҳожат йўқ. Чунки кўплаб газеталарнинг обунаси 1-2 минг атрофида, айримлари тайинли бинога эга эмас, маошлар эса ниҳоятда кам. Бундай шароитда ким ҳам ишга келишни истайди дейсиз? Агар ҳудудий нашрларни ривожлантирмоқчи бўлсак, энг биринчи навбатда, етарли шароит яратиб беришимиз керак. Таҳририятлар ва журналистика факультетлари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиб, газеталаримизни сифатли, ўқимишли чиқарсак, ўйлаймизки, уларнинг адади ҳам ошиб бораверади. Мана шундай семинарларнинг аҳамияти долзарб муаммоларимизни ўртага ташлаб, ҳал этиш чораларини муҳокама қилиш учун ҳам жуда зарур. Келгусида таҳририятларнинг саҳифаловчилари, дизайнерлари ва фотомухбирлари учун ҳам маҳорат сабоқлари ташкил этилса, нур устига нур бўлар эди.

Дарҳақиқат, биргина Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари муассислигидаги 208 нашрнинг атиги 82 таси ўз биносига эга. Агар ҳудудлар миқёсида оладиган бўлсак, энг ночор ҳолат — Қашқадарё, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида кузатилади. Бу ҳудудлардаги газеталарнинг бир нечтаси ўз биносига эга. Хусусий нашр-лардаги аҳвол эса бундан ҳам жиддий.
Айтиш керакки, ўқув-семинарлари иштирокчиларини энг қизиқтирган масалалардан бири — келгуси йил учун обуна масаласи билан боғлиқ бўлди. Бу борада ижтимоий тармоқлар ҳамда газеталарнинг веб-сайтлари имкониятидан самарали фойдаланиш борасида тавсиялар билдирилди. Чунки, айниқса, ҳудудий босма нашрлар интернет имкониятларидан етарлича фойдалана олмаяпти. Масалан, Андижон вилоятидаги нашрларнинг атиги бештаси ўз веб-сайтига эга бўлса, Тошкент вилоятидаги нашрларнинг ярмидан кўпи ҳали ҳамон сайт яратмаган. Ваҳоланки, босма нашрларни тарғиб этишда веб-сайтлар ҳамда ижтимоий тармоқлар чексиз имкониятга эга.
 
— Айни пайтда миллий медиамаконда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бу шубҳасиз — ҳудудий босма нашрларнинг келгусидаги фаолиятини қай йўсинда ташкил қилиш масаласидир. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки жуда катта босим билан кечаётган ҳозирги ахборот алмашинуви жараёнларида ҳар бир оммавий ахборот воситаси, шунингдек, босма нашр ўз ўрнини сақлаб қолишга интиляпти. Аммо бугунги ахборот рақобати муҳитида бу осон иш эмас, — дейди ЎзДЖТУ хал¬қаро журналистика назарияси ва амалиёти кафедраси мудири, доцент Назира Тошпўлатова. — Икки ой давомида биз республикамизнинг барча вилоятларида бўлиб, ҳудудий босма нашрлар фаолияти билан яқиндан танишиб, мавжуд ҳолатни реал ўргандик. Таҳлилларимиз шуни кўрсатдики, барча ҳудудларга тааллуқли муассис ва таҳририят ўртасидаги, таҳририят билан тарқатувчи ўртасидаги ташкилий-ҳуқуқий муносабатларда, шунингдек, обуна масаласи, моддий-техник таъминот, кадрлар масаласи, газета дизайни, шакл-мазмуни, маҳорат масалалари билан боғлиқ умумий муаммолар бор.

Вилоятлардаги аҳволни жуда ёмон ёки жуда яхши деб айтиш қийин. Чунки туман ва шаҳар газеталарининг аҳволи жуда оғир, унга муассиснинг кўмаги керак, деган талаб қатъий қўйилаётган бир пайтда, айрим газеталар ўзларини иқтисодий томондан ўнглаб фойда кўраётгани, бу муаммо юзасидан шу пайтгача бўлган стериотипларни парчалаб ташлаб, муассисларнинг обунани ташкил этиб бериши ёки иқтисодий қўл¬лаб-қувватлаши билан муаммо ҳал бўлиб қолмаслигини кўрсатади. Масалан, Навоий вилояти Қизилтепа туманининг “Қизилтепа тонги” газетаси салкам ўн икки минг тиражда чоп этилаётгани, унда тўқсонга яқин ходим борлигини эшитиб ҳайрон қолдик. Ёки Фарғона вилояти Учкўприк туманида “Янги Фар¬ғона” газетасининг тиражи бир йилда 1,5-2 мингдан — 6 минг¬га кўтарилиб, фойдага киргани, энди бош муҳаррир яна бир хусусий газета очиш тараддудидалигидан хурсанд бўлдик. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Демак, гап фақат муаммонинг ўзида эмас, балки унинг ечимини тўғри топишда. Бунинг учун ҳар бир муҳаррир фаолияти ва вазифасини замон талаблари асосида қайта кўриб чиқиши керак. Унда ижодий жараён билан билан бир қаторда, иқтисодий ва ташкилий-техник бошқарувга ҳам кўпроқ эътибор қаратиш, ишлаб чиқараётган ахборот маҳсулотининг сифати ва ҳажмини орттириш орқали даромад олиш йўллари ва технологиялардан хабардор бў¬лишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Буни уддалаётганлар эса, фойда кўраётганига гувоҳ бўлдик. Умуман, семинар жараёнида ҳамкасбларимизга берган янги манба ва маълумотларга уларда ҳам қизиқиш катта эканлигига амин бўл¬дик.

Семинарда муҳокамалар марказида бўлган мавзулардан яна бири — оммавий ахборот воситаларида йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этишга доир тавсиялар бўлди. Афсуски, айрим нашрларда ўта қўпол хатоларга йўл қўйиш ҳолатлари учрамоқда. Матбуот ва ахборот агентлиги ўтказган мониторинг натижаларига кўра, ОАВда бугунги кунда энг кўп — ҳужжатларнинг номланишини нотўғри ёзиш, имловий ва услубий хатолар кўзга ташланмоқда.

— Айрим оммавий ахборот воситалари ўз ишига нисбатан совуққонлик билан ёндашаётгани, “ким ҳам кўриб ўтирибди” деган саёз фикр билан хатоларга лоқайд муносабатда бўлаётгани кишини ажаблантиради, — дейди Матбуот ва ахборот агентлиги бош мутахассиси Муҳиддин Омон. — Аслида чоп этилган ҳар бир материал, эфирга узатилган ҳар бир эшиттириш ва кўрсатув тегишли тартибда мониторинг қилиб борилади. Чунки ОАВ — аҳоли саводхонлигида муҳим роль ўйнайди. Унга эътибор билан ёндашиш, ҳар бир журналистик материалнинг, у хоҳ кўрсатув бўлсин, хоҳ мақола, пухта ва пишиқ тайёрланишига эришиш лозим. Ана шундагина газеталар омма¬боплиги ошади, ўқувчилар меҳрини қозонади, томошабин ва тингловчилар ҳурматига сазовор бўлади.
Бир сўз билан айтганда, ҳудудлар бўйлаб ўтказилган семинар-тренинг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ҳар томонлама фойдали бўлди. Айниқса, газета ва журналларда фаолият юритаётган журналистлар янги билим ва кўникмаларга эга бўлишганини алоҳида эътироф этдилар. Келгусида бу каби ўқув-семинарлар, маҳорат сабоқларини ташкил этиш ҳудудлардаги журна¬листлар учун ғоят зарур экани қайд этилди.

— Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган ўқув-семинар барчамиз учун фойдали бўлди, — деди “Қоровулбозор тонги” туман газетаси муҳаррири Баҳром Солиев. — Чунки, унда бошқа масалалар қатори ҳудудий нашрларни ривожлантириш, бозор иқтисодиёти даврида ўзини ўзи таъминлаш мақсадида маркетинг ва менежмент йўналишларига кенг эътибор қаратиш, ўқувчини қизиқтирадиган ва долзарб мавзуларни ёритиш, бунда жонли ва адабий тил меъёрларига қатъий амал қилиш бўйича тавсия ҳамда таклифлар билдирилди.
 


Аҳмад ЮСУПОВ, 
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги етакчи мутахассиси

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг