Мубашшир Аҳмад: «Аёллар нозик шиша кабидирлар»

0
2166

Ҳар йили бутун дунё бўйлаб “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун” номи остида кампания ўтказилади. Ушбу кампания аёлларга нисбатан зўравонлик инсон ҳуқуқларига зид ҳаракат эканини ифодаловчи фикр билан рамзий боғланган икки воқеа 25 ноябрь – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш кунида бошланиб, 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида якунига етади.

Тошкентда аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича ҳар йили ўтказиладиган кампанияга старт берилди. Шу муносабат билан Хотин-қизлар қўмитаси ва БМТнинг Ўзбекистондги ваколатхонаси томонидан давра суҳбати ташкил этилди. Унда Azon.uz сайти муассиси Мубашшир Аҳмад ҳам қатнашди ва нутқ сўзлади. 

«Ассалому алайкум давра суҳбати иштирокчилари. Мен 22 йилдан бери Тошкент Ислом институтида фиқҳ фанидан дарс бераман. Бу давра суҳбатида айтилган фикрларни эшитиб, менда ҳам баъзи мулоҳазалар пайдо бўлди. Ушбу масалада диний омилни ҳам ҳисобга олишимиз керак бўлади. Чунки Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми мусулмон халқлар ҳисобланади. Истаймизми, йўқми, диний фактор ўз таъсирини ўтказади. Оддий мисол: ўзи диндор бўлмаса, намоз ўқимаса-да, уч талоқ билан ҳам оилалар бузилиб кетаётганлигини кўряпмиз. 

Бугунги мавзу аёлларга нисбатан зўравонликка қарши экан. Мажлис бошланганидан буён хаёлимдан Пайғамбаримиз айтган бир ҳадиси шариф кетмаяпти. Бу жуда қисқа ҳадиси шариф. Расулуллоҳ “Рифқон бил қаварир” деганлар. “Қаварир” дегани бу нозик, сал тегса синиб кетадиган шишачалар бўлиб, у зот аёлларни шишага ўхшатиб, аёлларга нисбатан жуда мулойим муносабатда бўлинг, сал тегиб кетса, синиб кетиши мумкин, деган маънода гўзал муомалада бўлишни Пайғамбар алайҳиссалом биз умматга тавсия қилганлар. Яна ҳаётларида охирги қилган ҳажларида ҳам аёлларга гўзал муомалада бўлишга буюрганлар. Асосан 3-4 та муаммо ҳақида гапирганлар. Уларнинг бири аёлларга гўзал муомалада бўлишга буюришдир. Демак динимизда аёлларга жуда катта эътибор қаратилади. 

Масалан, бизнинг диёримизда кенг тарқалган ҳанафийлик мазҳабини олиб қарасак, жуда қизиқ масалалар бор. Биз аёлларни тенг деётган жамиятларда ҳам аёлларга бу даражада ҳуқуқи кўп берилганини кўрмаймиз. Айтиладики, эркак киши аёлига 2 та хизматкор қилиб бериши керак (олдинги даврда бундай ҳолатлар бўлган). Биттаси уйда уни хизматини қилган, иккинчиси, кўчадаги нимаики бозор-ўчарлари бўлса, шуни қилиб берган. Бу мавзу шу пайтгача кўп гапирилмаган. Лекин китобларимизда мунтазам таъкидланади. Ёки аёл киши фарзанд кўрганидан кейин эмизиш масаласида гапирсак, бу унинг ҳуқуқи. Истаса, эмизади, истамаса йўқ. Боламни эмизадиган бўлсам, ёшлигимни, тароватимни йўқотаман деса ва эмизадиган бир аёлни ижарага олиб берасиз деса, эр буни қилишга мажбур бўлади. Аёлда эмизмаслик ҳуқуқи бор. Шу даражада эрки ўзига берилган. Ёки, масалан ўзи топган маблағлари: маҳрга олганми, бировдан ҳадяга олганми, уни рўзғор учун ишлатиш мажбурияти йўқ. Бизда эр-хотин қўш ҳўкиз деган мақол бор. Ислом ҳеч қачон аёлни ҳўкиз сифатида эрига қўшиб қўймайди. Балки уни осмонларга кўтаради. Бу сўзлар мавзуга мослаб айтиш маъносида айтилаётган сўзлар эмас. Балки Исломнинг асл ҳақиқатларидан. Энди динимизда муносабат шундоқ бўлганидан кейин муаммоларнинг мана шу томонларига ҳам эътибор берсак, анчагина самараларга эришган бўламиз.

Анчадан бери ўйлаб юрган битта конкрет таклифимни қисқагина қилиб айтаман: масалан, ҳозирги ёшлар оила қураётган пайтда ФҲДЁдан ўтишдан олдин тиббий кўрикдан ўтишади. Худди шунга ўхшаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари билан ҳамкорликда бир ҳафталик курслар ташкил қилинса. Шу курсда эр-хотиннинг оиладаги ҳуқуқлари, одоблари, талоқ масалалари ўргатилса. Талоқ шунақанги бир нозик нарсаки, ҳозирги ёшлар тушунмасдан уч талоқсан дейди, кейин яшаб бўлмас экан деб, мажбур ажрашиб кетишади. Мен мана шунга эътибор қилинса, 100 фоиз ажралиш йўқ бўлиб кетади демоқчимасман. Чунки жамият доим тарбия билан, ўзини камолотга етказишга ҳаракат билан қилиш керак. Аммо юқоридаги таклифнинг фойдаси жуда ҳам катта бўлади, деб ҳисоблайман. Худди тиббий кўрикдан ўтгандек шундай курсни ўқиб чиққанидан кейин ФҲДЁдан ўтишга рухсат беришса, менимча самараси катта бўларди».

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг