Миллий матбуот кунига: “Садойи Туркистон” газетаси (1914 йил 1 апрель – 1915 йил 10 апрель)

0
3977
Мақола муаллифи томонидан тақдим этилган сурат

Жадидларнинг энг севимли газетаси “Садои Туркистон”нинг асосчиси ва муҳаррири Саратов шаҳрида ҳуқуқшунослик бўйича олий таълим олган илк ўзбек адвакати, тошкентлик жадид Убайдулло Асадуллахўжаев эди.

Убайдулло Асадуллахўжаев

“Садои Туркистон” газетаси ўлка ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, маданий ва ахлоқий маиший мавзуларни ёритар экан, биринчи навбатда маҳаллий халқлар манфаатидан, уларнинг истиқболидан келиб чиқди.

Дарҳақиқат, жадидлар матбуоти ичида миллат ва миллият масаласига энг кўп эътибор қаратган газета ҳам “Садои Туркистон”дир. Газета айниқса, маориф масаласига, мактаб ва мадрасаларда ислоҳотни амалга оширишга алоҳида аҳамият қаратди.

Газетанинг ўз олдига қўйган дастлабки вазифаси ўлкадаги маорифнинг ҳақиқий аҳволи юзасидан жамоатчиликда тўғри ва ёрқин тасаввур ҳосил қилиш эди. Туркистоннинг таълим масаласида аҳволи, ундаги ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ва уни ислоҳ этиш билан боғлиқ мақола ёки хабарлар газетанинг деярли барча сонларидан ўрин олган.

“Садои Туркистон”нинг 1-2 – сонларида “Мактаб дўсти” имзоси остида эълон қилинган “Туркистон мактаблари” сарлавҳали мақолада ўлкадаги мактабларнинг аҳволи, улар миллат ёшларининг истиқболи нуқтаи назаридан замона талабларига қай даражада жавоб бера олади, деган саволларга жавоб излайди.

Мақолада “Ҳар мамлакат халқининг тараққий ва таназзули, ҳаёт ва мамоти мактаб масаласига боғлидир”, дейилади.

“Қайси миллатнинг мактаби тартиб ва низомли бўлса, ул миллатнинг истиқболи умидли ва дунёда яшамакка истеъдод ва қобилиятли саналур. Агарда тартибсиз ва низомсиз бўлса, истиқболи ҳам қўрқунчли ва миллий қавмлар қошида эътиборсиз, хор залил ҳисоб ўлинур” – деб хулоса қилинади.

Муаллиф Туркистонда мавжуд тўрт хил бошланғич мактаблар ҳақида фикр билдириб ўтади. Улардан эски усул, усули савтия ва рус-тузем мактабларининг камчиликларини кўрсатиб, тўртинчи усули жадида мактабларини энг мақбул деб ҳисоблайди. Уларда имтихонларнинг очиқлиги ва таълимининг самарадорлиги ҳақида фикр билдиради.

Бироқ, бундай мактабларнинг сони ниҳоятта камлиги учун усули жадид мактабларини кўпроқ очишга чақиради. Газета маҳаллий халқ болалари ўқийдиган мактабларнинг муттасил ривожлантириб бориш мақсадида изчил фаолият кўрсатди.

Жадид мактабларида ўтказилаётган имтиҳонлар ҳақида ўқувчиларга муттасил ахборот бериб борилди. Жумладан, газетанинг 13 – сонда Намангандаги жадид мактабида ўтказилган имтиҳонлар ҳақида хабар берилган. Унда ўқувчилар қисқа муддатда ўзлаштирган илмларини муваффақиятли намойиш қила олгани ёзилган. Ўз фарзандларнинг олган билимларини кўрган кузатувчи ота-оналар хурсандлигидан йиғлаганларини ва бу усули жадидани ҳаром дегувчиларнинг нохолис эканлигига эътибор қаратади.

Кейинги сонида Тошкентдаги Раҳимия қизлар мактабида ўтказилган очиқ имтиҳон ва уни кузатишга келганларнинг хурсанд бўлганликлари, мудира хонимнинг бошқаларни ҳам ўз фарзандларини мактабга юборишга чақирганлиги ҳақидаги хабарга ўрин берилган.

“Садои Туркистон” ўз саҳифаларида Туркистоннинг келажагини маърифатли авлод қўлида деб ҳисоблади ва бу йўлда муаллимларнинг фидокорона меҳнатларига алоҳида ўрин ажратди. Жумладан, бухоролик Мирзозода “Илм ва маориф” номли мақоласида миллат келажаги мактабда ва маорифдадир, унга душманлик эса миллатга душманликдир деган қарорга келган.

Газетанинг 33-сонида тошкентлик Мўминжон Муҳаммаджонов “Бизда муаллимлар” мақоласида муаллимларга қарата ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, ўз эзгу ишингда давом эттиришларини сўрайди.

Ўзгандлик муаллим Р. Ҳалимбойзоданинг “Муаллимлар ила халқ орасидаги муносабат” (42-сон) сарлавҳали мақоласида халқ муаллимларга эътибор бериши, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаши лозимлиги ҳақида сўз боради ва “муаллимларнинг муддаоси миллатимизга дуруст ихлос ила хизмат қилиш ва ҳамма миллатдан орқада қолғон руҳсиз миллатни олдинга бостиришдир” – дейди.

Холид Саиднинг “Жим ўтир жувонмарг, гапурма ҳароми!” (1914 йил 5 май) сарлавҳали мақоласида болалар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш лозим дейди.

“Садои Туркистон” илк сонларидаёқ “Хўқандли жигар кабоб” имзоси билан ёзилган “Афсус бизим ҳолимизға” номли мақола эълон қилинди. Унда муаллиф миллат болаларининг ўқимаслиги оқибатлари ва уларнинг келажагидан умидсизланади. Усули жадид мактабларига қарши бўлганларга нисбатан “кўза синдирувчилар” дейди.

“Садои Туркистон”нинг 4-сонида “Мактаблар ёпилиши” номли хабар босилган. Унда: “Эски Марғилон шаҳридаги Усули савтия ила мактабдорлик қилғучи Қудратилла қори Шоҳакимов, Мулла Абдуқодир, Мулла Нишонбой исмлик муаллимларнинг мактабларина Искобилов (Фарғона) инспектори бориб ижозатнома сўрамиш. Муаллимлар: “Бизда ижозатлик ҳеч бир мактаб йўқ. Ижозат олинг деб бизга ҳеч ким буюрган ҳам йўқ. Агар буюрсангиз эмди ариза бериб, ижозат олурман” демишлар. Инспектор жаноблари: “Йўқ ҳозир мактабларингиз ёпдим. Аввал ижозат олиб, мактаб биносини янгилаб сўнгра очурман” деб болаларни мактабдан чиқариб юбормиш. Бу муносабат ила бир неча юз бола мактабсиз кўчаларда саргардон бўлиб қолмишлар”, дейилган.

Умуман, Чор мустамлакачилари бу даврга келиб янги мактаблар очишга деярли рухсат бермай қўйди. Олдин очилган усули жадид мактабларни ҳам имкон қадар йўқотиш учун барча чораларни ишга солаётган эди. Шуниси борки, газета биттагина материал (23-сон)да русча ўқишнинг ижтимоий ҳаётда амалий ёрдами катта бўлиши ҳақида ёзган. Бу факт газетанинг миллат фарзандларига миллий заминдаги ўқув юртларида таълим ва тарбия беришга мойил эканлигини кўрсатади.

Шунингдек, жадид мактабларига нисбатан туркистондаги “қадим”чиларнинг жиддий қаршиликлари мавжуд эди. 1909 йил Бухорода миллий таълимнинг инқирози очилиб қолгач, “жадид” мактабларига ҳужум бошладилар. “Таржимон” бу масалага аралашиб танқид қилди, аммо қушбеги уларни ёпишга фатво берди. 1908 йил очилган тожик жадид мактаби ёпилди.

Эски таълим тарафдорлари уйма-уй кириб одамларга фарзандларини жадид мактабларига юбормасликка чақирди. Зиддият йил сайин кучайиб борди. 1914 йил Улуғбек мадрасаси жомеъида муаллим Сидқийни “кофир” деб эълон қилдилар. Сўфизода ватани Чустдан қувилди, Себзор қозиси М. Шермуҳаммедовни тошбўронга буюрди.

“Садои Туркистон” газетасининг 8 – сонида эълон қилинган Маҳмуд Бедилийнинг “Мусулмонлар ҳаётидан бир лавҳа” мақоласида “Бир пайтлар илм қудратила оламни титратган эл, бугун жаҳолат комида забун”. “Оврўпа маданияти Японияга боши билан, бизга қуйруғи (орқаси) билан кириб келди” дейди муаллиф.

У ёшларни европа таълимининг фақат фойдали томонларини ўрганишга, уларнинг ахлоқсизлик, мода, ичкилик ва шунга ўхшаш номақбулликларига тақлид этмасликка чақиради.

Туркистонда бу йўлдаги камчиликларни бирма-бир санаб ўтади “…чунки, яхши тарбияли усули таълимдан хабардор муаллим ва муаллималар тайёрлайдиган “Дор ул-муаллимин ва Дор ул-муаллимот”ларимиз йўқ. Бошқа миллатлар мактабларида ўқуб тарбия кўргуси келгон, ўқушга ҳушли ёшларга иона ва ёрдам қилувчи жамиятлар ҳозирда йўқ ҳисобиндадир. Миллий тарбияда бўлмасдан махаз ёврўпа маданиятидан тарбиясида бўлган ёшларимиз ниҳоят миллатларини, миллиятларини унутиб аларни нисё минсиё қолдирадирлар ва ўз миллатларидан безадурлар… Бир оз русча ўқусалар аксарияти миллий тилида сўзлашмакдин орлана бошлайдилар… Энди бизда дунёда турмак учун махаз ўқимак ва миллий тарбия олуб сўнгра ёврўпа маданиятидин истеъфода қилмак лозим. Бўлмаса бизни дунё ўзида ёшарга салоҳиятсиз халқ ҳисоб қилиб ва ниҳоят йўқ қилса керак” – деб, миллат келажаги учун миллий таълим ўчоқларини яратиш лозимлигини уқтиради.

Шунингдек, Рауф Музаффарзоданинг “Тарбияга аҳамият бермаймиз” мақоласи (43-сон) инсоннинг руҳий тарбияси масалаларига бағишланган бўлса, Карим Норбек ўғлининг “Бизим ёшларга миллий тарбия” мақоласида (43-сон) таълим ва тарбия масалаларига миллат ва миллият нуқтаи назаридан қарайди.

“Садои Туркистон” газетаси қисқа вақт фаолият юритганига қарамай ўз номи билан том маънода бутун Туркистон халқлари учун фикр алмашиш минбари вазифасини ўтади. Айниқса, унда минтақада таълим ва маорифни ривожлантириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди.

Газетанинг 16 – сонида “Хўжандда чойхона ва мактаб” номли хабарда Хўжанддаги кўплаб сўлим чойхоналар ва уларнинг бойлиги безаклари, одам билан тўлалиги айтилади. Бироқ, буни мавжуд атиги иккита янги усул мактабининг ислоҳга мухтожлиги ва хароблиги билан солиштиради. Бу икки жойнинг миллат равнақида қандай роль ўйнашини фарқлаш зарурлигини айтиб, маишатдаги одамларнинг ўз фарзандлари тақдирига эътибор қаратишига ва уларни ўқиш ишларига ғамхўрлик кўрсатишларига чақиради. 19 – сонида эса “Қозоқ боласи” имзоси билан ёзилган хабарда Туркистондек улуғ шаҳарда усули жадид мактаби йўқлигини афсус билан маълум қилади.

Газета юқорида таъкидланганидек, бутун Туркистондаги маърифий жараёнларга алоҳида эътибор билан қараган. Жумладан, “Садои Туркистон”нинг 28 – сонида “Қирғизлар ичида тараққий асари” номли хабар берилган. Унда Ўш уъездининг Қуршоб деган қирғиз қишлоғида очилган жадид мактабига Тошкентдан Ғулом Зафарийни чақириб беш ой давомида янги усулда илм берганини ёзади.

Ўтган асрнинг бошларида Туркистон мадрасалари ўзининг аввалги мавқеини бутунлай йўқотиб борди. Бунга асосий сабаб ўлканинг мустамлакачилик зулми остига тушиб қолиши ва мадрасаларнинг азалий даромад манбалари бўлган вақф мулкларининг тортиб олиниши эди.

Натижада кўплаб мадрасалар оғир иқтисодий аҳволда қолди. Вақф мулклари мавжуд бўлган Бухоро мадрасалари ҳам узоқ йиллар давомида ислоҳ қилинмагани боис таълим усуллари эскирган замонавий талаблардан узоқ эди. Шунинг учун бу мадрасалар усули жадид мактаблари учун кадрлар етиштириб бера олмас ва янги ўқув курсларининг очилишини тақозо этар эди.

“Садои Туркистон”нинг 18 – сонида Нўширавон Ёвушевнинг “Мактаб ва муаллимларимиз” мақоласи чиқди. Унда Туркистонда ўқитувчилар тайёрлайдиган замонавий типдаги Дор ул-муаллиминлар, усули таълим ва тарбия курслари йўқлиги туфайли ҳеч бўлмаганда, “Усули таълим ва тарбия” рисоласини тайёрлаб нашр этиш юзасидан таклиф киритди. Бу тадбир ўқитувчиларга ўқитиш методикаси юзасидан муайян енгилликлар яратар эди.

“Садои Туркистон” 19 – сонида Н. Ёвушевнинг “Усули жадида мадрасаси” мақоласида Туркистон мадрасалари ва унда янги усулларни жорий этиш, жумладан, тарих, табиий фанлар, риёзиётларни киритиш, олий таълимда ислом ҳуқуқи каби янги китобларни жорий этишга чорлайди.

Шунингдек, Татаристондаги усули жадида мактабларининг таркиби юзасидан маълумотлар бериб, ички Россия мусулмонлари яшайдиган минтақаларда усули жадида мадрасалари ҳам мавжудлиги ҳақида фикр билдиради.

Муаллиф туркистонлик қардошларини ана шу ўқув масканлари билан танишишга, уларда мавжуд китоблардан фойдаланишга даъват этади. У газетанинг 20 – сонида босилган “Ҳозирги мадрасаларда ўқув” сарлавҳали мақоласида Туркистон мадрасаларида ўқитилаётган фанларнинг мундарижаси, уларнинг ҳозирги замон талабларига қай қадар жавоб бера олишлари, мазкур илм масканларида ўқитув тизимини ислоҳ этиш заруриятига тўхталади.

Бунга Бухоро, Самарқанд, Қўқон, Андижон ва Марғилон мударрислари қандай қараётганлиги ҳақида таҳлилий фикр юритади. Бу фактлар газетанинг ибтидоий мактаблардагина эмас, мадрасаларда ҳам ўқитиш тизимига ислоҳ киритилиши учун астойдил ҳаракат қилганлигини кўрсатади.

Бу мавзуга “Садои Туркистон” нинг 46-сонида бухоролик Муфтизода ҳам ўз мулоҳазаларини билдиради. Унинг “Уламоларимизга” мақоласи диний уламоларга қарата “… Уламоларимиз ишимизнинг истиқболига қарамасалар ва ҳаракат қилмасалар, биз қачон майдони тараққийга юзланамиз?” – дейди.

Газетанинг 47 – сонида “Бир муллабачча” имзоси остида “Мадрасаларимиз на ҳолда” сарлавҳали мақола чоп этилган. Унда мадраса таълимининг камчиликлари, мударрисларнинг дарс ўтишга рағбатсизлиги ва талабаларнинг ҳафтада уч кун дарс бўлмаслигини, уларнинг вақтини бекорчиликда ўтказишини қаламга олади.

Муаллиф Оренбургдаги “Ҳусайния” ва Уфадаги “Олия” мадрасаларининг дастурларини қабул қилиб, янги усулда ўқитиш керак, деб ҳисоблайди.

“Садои Туркистон”нинг 55-сонида “М.Ш.” имзоси остида “Муллаларимизда даражаи фикрия” сарлавҳали мақола босилган. Унда муаллиф ким миллатни залолатдан, жаҳолатдан қутқаради, деган масалани қўяди. Муллаларнинг фикр даражаси пастлиги, замона аҳволидан тамоман бегоналигини айтади. Бунинг чораси сифатида мадраса таълимини кенг қамровли ислоҳ қилишга чақиради.

Газетанинг 56-59 ва 62-сонларида босилган Рауф Музаффарнинг “Маориф манбаларимиз” сарлавҳали мақоласида ҳам мадрасалардаги таълим бериш ҳолати ва усули тадқиқ этилиб, Қозон, Оренбург ва Уфадаги мадрасалар тажрибасини ўзлаштириш керак, деган хулосага келади.

“Садои Туркистон”нинг 62- ва 65- сонларида Қозондаги “Муҳаммадия” мадрасаси ҳақида маълумотларга ўрин берилган. Унда мадраса неча қисмдан таркиб топган, қабул шартлари, мавжуд уч қисмни битирганлар ким бўлиб ишлай олишлари ҳамда ички тартиб қоидалари мухтасар баён қилинган.

Ушбу материаллар “Садои Туркистон”нинг “Низомли мадрасалар” рукни остида чоп қилинган. Газетада “Низомсиз мадрасалар” рукни ҳам бўлиб, унда Бухоро мадрасалари юзасидан маълумотлар ўрин олган эди.

“Садои Туркистон” бошқа жадид вақтли матбуотларига нисбатан ўз саҳифаларида сиёсий хабарларга кенг ўрин берилгани билан ҳам фарқ қилади. Жумладан, “Садои Туркистон”нинг 17 – сонида “Турк Юнон ихтилофи” ҳақида ўқувчиларга батафсил маълумот беради. Унга Туркияга нисбатан Юнонистоннинг таҳдиди, туркларнинг юнон халқига нисбатан “зулми” аслида сиёсий баҳона эканлигига эътибор қаратади.

Россия императорининг Руминия қироли билан учрашуви ҳақидаги маълумотни “Хабарлар” саҳифасининг энг сўнгида берилганлиги ҳам газетанинг маълум фикрини ифодалайди.

“Садои Туркистон”нинг 18 – сонида берилган “Болқон яна қон истаюр” мақоласида I ва II Болқон уруши воқеалари тафтиш этилади. Ўқувчига воқеликни уқтирар экан, муаллиф Оврўпа мамлакатларининг империалистик манфаатлари юзасидан курашларида кўплаб тинч аҳолининг қони бекорга тўкилаётганига, айниқса уларнинг Туркияга нисбатан нохолис даъволарига тўхталади.

Шунингдек, “Туркия-Руссия муносабати” номли махсус мақоланинг номидан ҳам маълум маъно яширин эканлигини англаш қийин эмас (Россия-Туркия эмас). Унда турк-рус ихтилофлари ҳақида ёзар экан, бунинг тарихига мурожаат этиб, Россиянинг Константинополга давоси ҳақида ўқувчиларга хабар беради. Бир пайтда ўзаро алоқаларнинг яхшиланаётганлиги билан қутлайди.

“Садои Туркистон”нинг 30 – сонида босилган “Оврўпа мажороси” номли мақолада бу урушнинг мавжуд ҳарбий иттифоқлар томонидан амалга оширилган узоқ тайёргарликдан сўнгги меваси эканлигига, аслида шаҳзода Фердинантнинг ўлими бир баҳона эканлигига тўхталади.

Умуман, жадид матбуотида атроф мусулмон мамлакатлари, уларнинг аҳволи ҳақида доимий маълумотлар бериб борилган. Жумладан, “Садои Туркистон” газетасининг 17 – сонида “Эрон мустақилми?” мақоласида Эроннинг аҳволи қаламга олиниб, шимолда руслар, жанубда инглизлар ва Марказда ожиз ва иқтидорсиз ярим мустамлака Эрон шоҳининг номигагина мустақил эканини ёзилади.

Газетанинг 59 – сонида “Қарс мусулмонларининг аҳволи” номли мақола чоп этилди. Унда уруш майдонига айланиб қолган Қарс мусулмонларининг оғир аҳволи ҳақида хабар бериб, барчани уларга ёрдамга чақиради.

“Садои Туркистон” газетаси саҳифаларида берилган ҳар бир материал, албатта чор цензураси томонидан синчиклаб ўрганилганидан сўнг нашр этилган. Шу боис, бу даврда чиққан айрим сонларида катта-катта ўринларнинг бўш ёки қорага бўялган ҳолда нашр этилганининг гувоҳи бўламиз.

Хулоса ўринида айтиш мумкинки, “Садои Туркистон” газетаси мактаб ва мадрасалар ислоҳи, муаллим ва мударрисларнинг савияси, касбий салоҳияти, таълим ва тарбия усуллари тўғрисидаги долзарб ва ўткир материалларни бериб борди. Ўша даврда муҳарририятга келган турли хабар ва мактублар ҳам мазкур мақолаларнинг катта таъсир кучига эга бўлганлигидан далолат беради. “Садои Туркистон” ҳам иқтисодий қийинчиликлар оқибатида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. 1915 йил 10 апрель санаси билан босилган 66-сони унинг сўнггиси бўлди.

Бироқ, газета XX аср бошларидаги ўзбек миллий матбуотининг энг ёрқин юлдузларидан бири сифатида тарихдан жой олди.

 

Баҳром Ирзаев,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг