Меҳнат мигрантлари хорижда қандай диний муаммоларга дуч келади?

0
1672
Фото: Собор масжиди, Москва/Ш.Эралиев олган сурат

Бугунги кунда кўплаб юртдошларимиз узоқ ёки яқин муддат давомида турли давлатларда ишлайди, таълим олади ва яшайди. Хориждаги ўзбекистонликларнинг аксариятини меҳнат мигрантлари ташкил этади. Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда 2,4 миллионга яқин юртдошларимиз хорижий мамлакатларда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда (Манба: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги).

Ушбу фуқароларнинг тахминан 50 фоизи Россия Федерацияси, 15 фоизи Туркия Республикаси, 10 фоизи Қозоғистон Республикаси, 8 фоизи Корея Республикаси, 4 фоизи Бирлашган Араб Амирликлари, қолганлари эса бошқа давлатлар улушига тўғри келади.

Табиийки, меҳнат мигрантлари иш ва яшаш давомида маҳаллий аҳолининг маданияти, урф-одатлари ва диний қадриятлари билан тўқнаш келади. Ушбу мақолада меҳнат мигрантлари хорижда қандай муаммоларга дуч келиши ва мазкур муаммоларни маҳаллий аҳоли маданияти, урф-одатлари ва диний қадриятларини ҳурмат қилган ҳолда ҳал этиш йўллари ҳақида Ҳелсинки университети илмий ходими, халқаро эксперт Шерзод Эралиевдан интервью олдик.

– Меҳнат мигрантлари хорижда диний муаммоларга дуч келадими?

– Бу саволга жавоб турли давлатлар учун турлича бўлади. Чунки маҳаллий аҳоли чет элликларни турли давлатларда турлича қабул қилади ва ҳар хил муносабатда бўлади. Лекин меҳнат мигрантлари диний эътиқодга оид муаммолар билан фақат хорижда эмас, балки ўз ватанларида ҳам дуч келиши мумкин. Кузатиладиган муаммоларнинг умумийроқ ҳолати ҳақида гапирадиган бўлсак, диний либосларни кийиш, намоз учун масжидларга бориш ёки иш жойида намоз ўқиш, масжидларга бориш учун ёш чегараси каби масалаларда муаммоларга дуч келиши мумкин.

Аҳолисининг кўпчилигини насронийлар ташкил этадиган давлатларда мусулмонлар учун муаммо масжидлар сонининг нисбатан камлиги бўлиши мумкин. Масалан, Россия Федерациясида масжидлар сони кам. Москвада 3 та расмий масжид бор. Бу каби ҳолатлар бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, яъни норасмий жойларда намоз ўқиш ҳолатлари каби. Бозорларда, мусулмонлар кўпроқ яшайдиган жойлардаги мустақил ташкил этилган яширинча жойларда ёки норасмий масжидларда ибодат қилиш ҳолатлари кузатилади.

Шунингдек, аҳоли сонига нисбатан Финляндия ва Швецияда ҳам масжидлар сони кам.

– Меҳнат мигрантларининг фарзандлари ҳам бундай муаммоларга дуч келиши мумкинми?

– Ҳа, муаммоларга дуч келиши мумкин. Лекин бу ҳал қилиш имконсиз бўлган муаммолар эмас. Мактаб болалари ва катталар учун ҳам ҳалол инфраструктураси айни рамазон ойи ёки бошқа вақтларда ҳам муаммо бўлиши мумкин. Аммо бу муаммонинг ечими бор, яъни ҳалол маҳсулотлар сотиладиган дўконлардан мхарид қилиш мумкин. Масалан, ўзим гувоҳи бўлган Финляндия, Швеция ва Япония давлатларида ота-оналар мактаб маъмуриятидан қайсидир маҳсулотни фарзандига бермасликни илтимос қилиш мумкин. Ёки мактаб овқати таркиби ҳақида ота-оналар огоҳлантирилади.

– Меҳнат мигрантларининг кўп вақти иш билан банд бўлади, иш жойида диний муаммоларга дуч келиши мумкинми?

– Меҳнат мигрантлари иш жойида намоз ўқиш ва жума намози учун дам олиш вақти берилиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши мумкин. Лекин бу ҳам давлатга ва кўп ҳолларда иш берувчиларга боғлиқ. Масалан, Туркияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эл фуқароларида бундай муаммо йўқ. Аксинча, давлат ва иш берувчилар бу борада ходимларни қўллаб-қувватлайди.

Европа давлатларида бу масалалар бир оз мураккабликларни юзага келитириши мумкин. Аммо аксарият ҳолатларда иш берувчилар диний масалаларда эркинроқ муносабатда бўлади.

Хулоса

“Бағрикенглик” рукнидаги аввалги мақолаларимиздан бирида ҳам меҳнат мигрантларини қабул қилувчи давлатларда чет эл фуқаролари учун диний ибодатларни бажаришдаги эркинлик ҳамда уларнинг маҳаллий аҳоли этник ёки диний қадриятларига нисбатан муносабати масаласи ҳақида фикр билдирилган эди.

Бир дин вакилининг иккинчи дин вакилига нисбатан радикал муносабатда бўлиши каби ҳолатлар ҳам учраб туради. Аммо бундай ҳолатларни оммавий, бутун жамиятнинг муносабати деб тушунмаслик керак.

Дарҳақиқат, замонавий давлатларда чет эл фуқароларининг диний ибодатларини бажариши учун имкон қадар шароитлар яратилган. Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли диний қадриятларига нисбатан ҳурматда бўлиш мажбурияти ҳам бор. Ушбу мувозанатга риоя қилиш энг тўғри йўл ҳисобланади, акс ҳолда баъзи ҳуқуқий оқибатларга сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Ортиқхўжа Норов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг