Мажбурий обуна ва зараркунанда қўнғиз

0
2017

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг Телеграм канали орқали ЎзА сайтида «Йил бошида қайси газета қанча нусхада чоп этилмоқда?» деган мақоласига билдирилган қуйидаги муносабатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Кеча ЎзА сайтида «Йил бошида қайси газета қанча нусхада чоп этилмоқда? » деган мақола чиқди. Унда жуда кўплаб газеталарнинг тиражи янги йил бошида тушиб кетгани ҳақида маълумот берилган.

Масалан, адади энг кўп камайган нашрлар: “Халқ сўзи” (84 минг нусхага камайган), “Маърифат” (39 минг), “Народное слово” (20 минг), “Ёшлар овози” (19 минг) ҳамда “Қишлоқ ҳаёти” (15 минг), «Правда Востока» (15 минг). Тўлиқ рўйхат мана бу ерда.

Газеталарнинг тиражлари бу тахлит камайиши ўтган йилда мажбурий обунага қарши олиб борилган курашнинг акс-садоси эканлигини тахмин қилиш қийин эмас.

Йирик нашрларда шунча йўқотишлар бўлибди, мундайроқ газеталарнинг нечтаси ёпилиб ҳам кетгандир балки.

Мажбурий обунага қарши курашган инсонларни маърифатга қарши курашганлар сифатида қоралашга ҳаракат қилиш аллақачон бошлаб юборилган.

Аслида ҳам шундайми?

Кимга ёқади ёки йўқ, билмадиму, лекин менимча, мажбурий обунанинг иллат эканлигини таъкидлаганлар ва бунга қарши курашганлар аслида соғлом ва халқчил матбуот учун жон куйдираётган инсонлардир. Ёддан чиқарманг, биз «мажбурий обуна йўқолсин» деганмиз, газеталар эмас. Бу иккаласи синоним эканлиги – иш тўғри йўлга қўйилмаганидан далолат.

Асл матбуот дегани илдизи бақуват, пойдевори мустаҳкам, принципи қатъий бўлиши керак эмасми? Агар биз айбдор бўлсак, 3-4 блогерларнинг ёзганига ўн минглаб тиражини йўқотаверса, қандай матбуот бўлди бу?

Ҳоким бувалар мажбурлаб обуна қилдириб берган газета эртага шу ҳокимни тақид қила оладими? Халқ ва ҳоким қарама-қаршилигида «тили қисиқ» матбуот халқ томон бўла оладими?

Ҳозирги газеталар тиражидаги йўқотишлар эртанги матбуот ривожи учун дебоча бўлади, деган яхши умиддаман. 

Қўнғиз ҳикояси

Америкалик фермерлар узунтумшуқ зараркунанда қўнғизига ҳайкал ўрнатишган (пастдаги суратда). Сабаби ўтган асрнинг бошларида Алабама штатида узунтумшуқ кетма-кет 3 йил америкалик фермерларнинг пахта плантацияларини пайҳон қилади. Вазият шу даражада бўладики, фермерлар очликдан ўлишига оз қолади. Қўнғизни йўқотишга қарши ҳар бало қилиб кўришади: бефойда.

Ниҳоят 4-йилга келганда фермерлар пахта ўрнига қўнғизнинг тиши ўтмайдиган ер ёнғоқ экишади. Натижада улар ер ёнғоқдан пахтага қараганда кўпроқ даромад олишни бошлайди. Кейинчалик, фермерлар пахта экишни бутунлай йиғиштириб, бошқа фойдали экинларга ўтиб кетишади. Ва «юксак хизматлари» эвазига узунтумшуқ қўнғизига ҳайкал ўрнатишган.

Ренессанс даври

Бу билан нима демоқчиман?

Эндиликда нима ёзишидан қатъи назар мажбурий обуна ҳисобига яшаб юрадиган даврлар бўлмайди (ҳар ҳолда шунга умид қиламан). Демак, газеталар учун ренессанс – уйғониш даври бошланади. Ҳар бир муштарий учун кураш кетади. Халқ учун фойдали ва қизиқ материаллар учун изланиш кучаяди.

Бирлашинг! Мажбурий обуна (яъни бировнинг пулини ноқонуний тортиб олиш) эвазигагина тирик бўлган матбуотдан воз кечинг!

Энг аввало ўз муаммоларингизни катта давраларда янада баралла айтишни бошланг, қайси сабаблар Сизларга халқ меҳрини қозонишга халақит беряпти, шуларни очиб ташланг.

Қоғоз қимматми, почта расвоми, фирибгар фирмалар кўпми?

Цензурами?! Шу пайтгача газеталар олдига катта тўсиқ қўяётган ва уларни битта шаблонда ушлаб турганлар бормиди?

Агар шунақалар бўлса, энди уларга қарши ички кураш бошланиши керак. Бозорда яшаб қолиш осон дейсизми? Нашр ёпилиб кетмаслиги учун, энди журналистлар рамкадан чиқиши, кимларнингдир беъмани талабларини бажаришдан бош тортишни бошлаши ва ҳақиқий журналистикани ҳаётга қайтариши керак. Ахир қачондир шунақа қилишингиз керак эдику…

Йўқми? Бунга куч топа олмайсизми? Бутун матбуот бирлашиб, шу қобиқни ёриб ўтишга жазм эта олмайсизми? Унда марҳамат, бемалол ёпилиб кетаверинг… Ўз ҳаққини талаб қила олмаганлар, халқ дарди учун курашармиди?..

Фойдаси тегадими, йўқми билмадиму, лекин билингки, соғлом матбуотга ғов бўлаётган муаммоларингизни айтишда Сизга қўшилиб «ҳайқиришга» доим тайёрман.

Танланг, олдингизга 2 йўл турибди: мажбурий обунага асосланган қарам ва инқирозли матбуот ёки ўз аравасини ўзи тортадиган эркинлик. Иккинчиси осон бўлмайди лекин…

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг