Индонезиядан Марокашгача бўлган кўплаб мамлакатлардаги масжидларда тарихда биринчи марта жума кунги жамоат намози адо этилмади. Сабаб яна ўша КОРОНАВИРУС!
Кеча Маккадаги Исломнинг энг муқаддас жойи ҳисобланувчи Каъба атрофида одамлар гавжум бўладиган ҳовли жим ва бўм-бўш эди. Ар-Риёддаги минглаб одамлар билан тўлиб-тошадиган ар-Ражҳи масжидида фақат имом, муаззин ва бошқа масжид ходимлари ибодат қилдилар.
«Бу туйғуни тасвирлаб бўлмайди… миноралар йиғлаяпти. Бир пайтлар масжидлар ибодат қилувчилар билан тўлган эди”, – деди муаззин Носир Муҳаммад йиғлаб.
Шунингдек, Истанбулнинг Мовий масжиди, Қуддусдаги ал-Ақсо ва Касабланкадаги улкан Хассан II масжидларининг ҳам эшиклари ёпилди.
Жума куни Индонезия пойтахти Жакартада кўплаб мусулмонлар уйда ибодат қилишди ва Жануби-Шарқий Осиёдаги энг катта масжид бўлган «Истиқлол» ҳам вақтинча ёпилди. Унинг имоми Насаруддин Умар мамлакатнинг уламолар кенгаши чиқарган қарорни айтиб ўтди.
«Бундай диний йиғилишларни тўхтатиш учун етарлича сабаблар бор», деди у матбуот анжуманида.
ХV асрда Истанбулни Византия империясидан тортиб олган Усмонли турклар султони “Фотиҳ” номи билан аталган масжид ташқарисида 85 ёшли Мустафо Эмин Озбакан умидсиз турарди. У бу ерда 1941 йилдан бери ибодат қилади.
“Мен коронавирусдан қочмайман. Агар сизнинг тақдирингизда ўлим бўлса, автоҳалокатга учрашингиз ёки бошқа йўл билан ўлишингиз мумкин”, деди у.
Аммо баъзи мамлакатларда мусулмонлар жума кунги ибодатни амалга оширдилар. Покистоннинг энг катта шаҳри бўлган Карачида масжидлар гавжум бўлди. Имомлардан бири жамоатга қарата шундай деди:
«Биз бу биргина вирус масжидларимизни бўшатиб юборадиган даражада кучсиз эмасмиз».
Қоҳирадан Могадишуга қадар бўлган шаҳарлардаги масжидларда мусулмонлар хавф-хатарга қарамасдан жума намозига йиғилишди.
«Мен сизларга профилактика чораларини рад этинг демайман, аммо коронавирус ҳақида керагидан кўп хавотир кўтаришмоқда», деди Могадишудаги шайх Абди Хайий ўз ваъзида.
Масжидлар очиқ бўлган Қоҳирада диний маъмурлар имомларни ваъз ва ибодатларни қисқартиришга чақирдилар ва диндорлар таҳоратни уйда қилиши кераклигини айтдилар.
Аммо Ал-Азҳар масжидида намоз ўқиган 31 ёшли Муҳаммад Муслиҳ вирусдан хавотирда эмаслигини айтди.
“Эҳтиёт чораларини кўрганим ва Ислом дини буюрган барча қоидаларга амал қилганимдан кейин нега кўчага чиқиш, савдо қилиш, ишлаш, ибодат қилиш ёки бошқа жойга боришдан қўрқишим керак?”, деди у.