Литва мамлакатни тарк этишга рози бўлган ноқонуний муҳожирларга 300 евродан тўлайди

0
831
Фото:yandex.ru

Литва ҳукумати ўз ихтиёри билан мамлакатни тарк этишга рози бўлган ноқонуний муҳожирларга 300 евродан тўлашга ваъда бермоқда. Бу ҳақда Литва Ички ишлар вазирлиги миграция департаменти раҳбари Эвелина Гудзинскайте маълум қилди, деб ёзади Meduza.

Тўлов муҳожир Литвадан учиб кетадиган самолётга чиққанида нақд пул билан берилади.
300 евро ноқонуний муҳожирларга фақат бир марта тўланади, агар улар яна мамлакат ҳудудига келса, компенсацияга даъво қила олмайди.

Литва ОАВлари июль охирида суриштирув эълон қилганди, унда айтилишича, Беларусь-Литва чегарасини кесиб ўтиш учун ноқонуний муҳожирлар воситачиларга 5 мингдан 15 минг долларгача тўламоқда.

Литвада сўнгги бир неча ой ичида Беларусь билан чегара орқали мамлакатга кираётган ноқонуний муҳожирлар сони кескин ўсди, улар Литва ҳудуди орқали Евроиттифоқнинг бошқа мамлакатларига ўтишни кўзламоқда.

Йил бошидан буён Литва-Беларусь чегарасида 4 мингдан ортиқ ноқонуний муҳожир қўлга олинган. Литва ҳукумати фавқулодда вазият режимини эълон қилди ва чегарада тиканли симдан тўсиқ қуришга киришди.

Литва Беларусь ҳукуматини чегаранинг ноқонуний кесиб ўтилишига тўсқинлик қилмасликда айблади. Беларусь президенти Александр Лукашенко 5 август куни жанубдан ва ғарбдан «чегараларнинг ҳар бир метрини» ёпишни буюрди.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг