Reuters: Ўзбекистон халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлардан пахтага қўйилган бойкотни бекор қилишни сўради

0
2175
Фото: REUTERS/Mukhtar Kholdorbekov

Reuters агентлигининг пайшанба куни берган хабарларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлардан ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига қўйилган бойкотни бекор қилишни сўради. Хукумат бу орқали ҳозирги глобал иқтисодий пасайиш даврида экспорт даромадларини кўпайтириш ва иш ўринлари яратишини маълум қилган.

Расмий Тошкентнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар мазкур бойкот бекор қилинса, мамлакат ғарб бозорларида пахта ва тўқимачилик маҳсулотларини сотиш орқали қўшимча 1 миллиард доллар даромад олиш имконига эга бўлади.

Пахта кампанияси раҳбариятига йўллаган очиқ хатида Ўзбекистон меҳнат вазири Нозим Хусанов ташкилотни мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида эришилган ютуқлар ва ҳозирги иқтисодий шароитларни ҳам инобатга олишни сўраган.

«Пахта бойкотининг бекор қилиниши – бу жуда зарур иш ўринларини яратиш ва CОVID-19 инқирози пайтида ўзбекларнинг иқтисодий фаровонлигини таъминлашга имкон берадиган чоралардан биридир. Ўзбекистонда биргина тўқимачилик саноатида 200 минг ишчи ишлайди. Уларнинг иш ҳақи 1 миллион одамнинг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлайди» дейилади ҳукумат баёнотида.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар 2006 йилда Ўзбекистонни талабалар хамда ўқитувчилар ва шифокорлар каби бюджет ташкилоти ходимларини кам маош эвазига пахта теришга юборишдан воз кечишга мажбурлаш мақсадида бойкот кампаниясини бошлагандилар.

Бугунги кунда Amazon,Calvin Klein, Adidas ва Inditex каби кампаниялар томонидан қўллаб-қувватланадиган бойкот туфайли Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик маҳсулотларини асосан Осиё бозорларида сотмоқда. Бу эса нархларнинг пасайиши ва ўсиш имкониятларининг чекланишига олиб келади.

Ўзбекистон ўтган йили тўқимачилик маҳсулотларининг экспортини 2 миллиард долларга етказганди. Ҳукумат бу йил мазкур суммани 3 миллиард долларга оширишни режалаштирганини маълум қилди. Аммо агар бойкот бекор қилинса, экспорт ҳажми йилига икки бараварга ошиши мумкин.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг