Жорий йилда Мисрнинг туризмдан келадиган даромади олдин режа қилинган 16 миллиард доллар эмас, балки 11 миллиард долларга етиши кутилмоқда, деди Режалаштириш вазири Хала Эл-Саид.
«Коронавируснинг глобал миқёсда тарқалиши Мисрда туризм ва авиация соҳаларининг тўхтаб қолишига олиб келди», деди Эл-Саид.
Вазирнинг қўшимча қилишича, йилнинг иккинчи ярмида ўсиш суръатлари тикланиши тахмин қилинмоқда.
Мисрнинг сайёҳлик сектори мамлакатнинг асосий валюта манбаларидан бири бўлиб, 2019 йилда бу соҳадан 13 миллиард долларга яқин даромад олинган.
Айни вақтда Мисрда CОVID-19 тарқалишининг олдини олиш учун тунги комендантлик соати жорий этилган, одамларнинг оммавий йиғилишлари тақиқланган, мактаб ва университетлар ёпилган ҳамда барча халқаро рейслар тўхтатилган. Мамлакатда 2,190 киши коронавирус билан касалланган бўлиб, уларнинг 164 нафари вафот этган ва 589 нафари касалликдан фориғ бўлган.