Сопол косада қатиқлаб, райҳонлаб мошхўрда ичишни яхши кўраман. Атай Риштондан сопол коса олганман. Аниқроғи совға қилишган.
Риштонда қаҳрамон излаб кулоллар билан танишаман. Ахири камтаргина хонадонга кираман. Бўлди, шу ҳовли керак эди менга!
Уч ўғли билан Ғанижон ака Элибоев пешвоз чиқади. Мана, қаҳрамонимиз айнан шу уста! Худди буюртма қилгандек ҳаммаси. Ҳатто устазодалар ҳам. Шукрки, менга ҳам ўзимнинг касбимдан юқтирган томонлари бор. Фильмми, кўрсатувми, роликми, мақолами тайёрласам, ният қилганимдек, керакли инсонларнинг худди ўзлари чиқиб келади. Қаерда, қачон бўлмасин! Образи, қиёфаси, кийиниши, овози, нимани гапириши… товба… уй-жойи, жиҳози ҳаттоки болалари ҳам! Чунки касбим ҳам мени роса севади, ўйлашимча! “Туф-туф! Ёмон кўздан асрасин”, деб қўяман ўзимча.
Шундай қилиб, тасвирчи билан ракурс танлаб, чироқлар ўрнатилиб, камера тайёрлана бошлайди. Негадир ҳунармандларга гап ўргатишнинг зарурати йўқ. Кўплари гапга уста. Улар сўзларни, туйғуларни тупроқ, лойданоқ ўрганиб бўлган бўлади. Кулолни лой гапиртиради. Кулол эса лойни.
Шундай тайёргарлик вақти устахонанинг тахта токчасида мен анчадан бери истаган сопол косаларни кўриб қолдим! Ранги энг оддий, ибтидоий қизғиш лойранг. Кўнглимдагидек – бўялмаган. Шакли жуда такомил – қўлларимга шундай лойиқ-ки, устаси худди мен учун ясаган! Шундоққина ишчи токчага, дуч келган жойга қўйиб қўйилган, 2-3 дона холос. Эътиборимни сезиб, Ғанижон ака косаларни олиб, ғуборини пуфлаб, тупроқ гардини артади. Иккитасини бир-бирига зарб билан уради! «Жаррааанг!!!»
Ишонинг, Хитойи чиннидан ҳам бундай тиниқ товуш чиқмаса керак!
Кулолчиликдан қанча даромад топиши ҳақидаги савол бнраман ва гап орасида:
«Масалан, мана шунақа косаларингизни қанчадан сотасизлар, хорижликларга неча пул?», дейман.
– «Ҳа, булар энг оддий косалар, қолдиқ… 6 минг сўм» дан кетган эди-ёв», дейди соддагина Ғанижон ака.
– Жуфт қолганмикан, шу косаларингизни мен олай, дейман.
Ғанижон ака ва кичик ўғли у ёқ, бу ёқни қараб ерларга қўйиб ташланган пишган, пишмаган идишлар орасидан яна битта косани топади.
«Ана, тўртта бўлди, етади», – дейман.
«Бундан яхшилари бор, буни қўяверинг», – дейди устазодалар.
-«Менга шу яхши», дейман.
Камера, бошладик!
Ғанижон ака тупроқдек камтар ҳаётини, касби-корини ўргатган, ердек бағри кенг биринчи устозини, ўзининг лойдек қайишқоқ шогирдлигини эслаб ҳикоя қилади.
Ғанижон Элибоев (кулол):
Ота-онамиз биз болаларни ҳунар ўргансин, деб усталарга ташлаб келишарди. Мактабдан кейин деярли ҳамма вақт устахонада бўлардик.
Менга лойни ушлашни биринчи бор ўргатган Иброҳимжон ака Исмоилов бўлади. Ҳарбийга армияга кетиб, қайтиб келганимда ҳам унинг қўлида ишлаганман.
Устозим: “Болам, бу ҳунардан биров кам бўлгани йўқ дерди. 2 та косага ҳам ишлаганман. Усталардан ҳақ талаб қилмаганмиз. Мактабдаги дарсларим тугаши билан устахонага борардим. Устоз нима иш айтса, қилардик.
У пайтда усталар оёқ тепиб, дастгоҳда кулолчилик қилишарди. Бирпасда 100 талаб буюм ясарди-ю, чарчашмасди. Мен ҳам шунақа ясолармиканман, дердик. Оёқ тепишниям ўз йўли бор. Ҳозир кўргазмаларда одамлар қизиқиб, мен ҳам тепай, деб дастгоҳга чиқволишади. Бир икки тепгач, “вой оёғим оғриб қолди”, дейишади. (кулади). Ҳозир техникалар чиқиб, одамни айёр қилиб қўйди-да…
Ғанижон ака жуда очиқ чеҳра, чеҳрасидан табассум аримайдиган инсон. Самимийлик ва камтарлик билан ҳикоясида давом этади. Шундай самимий-ки, беғаразлик юз-кўзидан барқ уради. Лойдан нима ясаса, ясагани санъатга айланади, лекин сўзлари, туйғулари ясама эмас!
Ғанижон Элибоев (кулол):
Мен ўзим 3 чи авлод кулол бўламан. Энам раҳматли мени устага олиб бориб берганлар, дедим-ку. Авваллари шундай эди, ота-оналар болаларни устага олиб бориб беришарди.
Менинг болаларим ҳам шу йўлни танлашди. 3 та ўғлим, ҳатто бир қизим ҳам кулол! Ҳозир қизимнинг бешта боласи бор, у келин бўлиб тушган жойига ҳам шу касбни олиб борди. Улар лойдан ўйинчоқлар, ҳайвонлар шаклини ясайди. Ҳозир уларнинг оиласи шу касб орқали рўзғорини таъминлайди.
Нодирбек Элибоев (устанинг ўртанча ўғли):
Риштондаги катта устанинг ўғли эканимдан фахрланаман. Отам ўзи уста бўлса-да, мени ўз шогирдига шогирдликка берган. “Битта мендан эмас, бошқа усталардан ҳам таълим олгин”,- деганлар. Мана, ўрганиб, шу кулоллар қатори кетяпмиз, кулолчилик билан тирикчилик қилиб юрибмиз.
Лой энди сеҳрли нарса-да… Лойнинг хомлигини, хумдондан пишиб чиққанини, ранглари ўзгаришини кўрсангиз… ажойиб!
Лой одамга ўхшайди. Болага ўхшайди, унга меҳр бериш керак. Ясаш жараёнида қаерга эгсангиз, ўша шаклга киради. Иссиққа қўйсангиз, қотиб қолади. Совуққа обчиқсангиз, музлаб қолади, йиғлагандек, эриб кетади. Печга тиқсангиз, жуда баланд даражага кўтарворсангиз ҳам бўлмайди. Секин аввал ўз ҳароратига, кейин 100, 200, 300 қилиб, мингггача аста олиб чиқамиз. Ясаш жараёнлари дадамни иши-ю нақшлари – меники. Оилавий ишлаймиз. Онамдан ташқари ҳаммамиз шу ишни қиламиз. Онам зиёли, ўқитувчи. Битта синглим бор, у турмушга чиқиб кетган. Унинг учта қизи миниатюра, рассмомчилик қилиб, сополни бўяйди. Шу касб билан бемалол ўз рўзғорини боқа олади.
Содир Элибоев (катта ўғил):
Шу кунларда Саудия Арабистонидан буюртма тушган. Уларга сут ичадиган идиш ясаяпмиз. Лой иши жуда камтарона касб. Кулолларга катта, гектар-гектар жой керакмас. Ҳовлимиз 4,5 сотих. Шу ерда яшаб, ишлаймиз. Кулолга 10 метрлик дўкон – устахона етади, битта дастгоҳ, битта печка бўлса бўлди. Қўл иши шу билан ажралиб туради. Ортиқча қолип йўқ. Қолип – ўзимизнинг қўлимиз. 100 товоқни 1-1,5 ойда чиқариб берамиз. 300 та ишчилик мини заводлар бор. Улар қолипда иш қилади.
Конвейермас, сифатли нарса олгиси келса, харидорлар мени кутади. Мен кўпроқ интернетдан, фейсбукдан буюртма оламан. 100 та деса, уни ҳам ясаб бера оламиз албатта. Фақат вақт керак-да бизга.
Ғанижон Элибоев (Ота):
Ишлаб топган даромадимизни 3 га бўламан. (кулади) фақат ўзимга олсам, булар оч қолади ку. Рўзғори, бола-чақасига етади. Касбим орқали дунё ҳам кўрдим. Жанубий Кореяга бордим, Америкада ўртоқларим бор. Москвада ҳам кулолчилик қилдим. Ҳунарим бор экан, ҳамма ерда ҳурматимни кўкларга кўтаришди. Мастер класс кўрсатадиган арт-кафеда ишладим. Ўша ресторанда қошиқдан бошқа ҳамма идиш товоғи сополдан ясалган эди. Барча келгувчилар қизиқиб, дастгоҳда буюм ясашни томоша қилишарди. Мусофирчиликда биринчи кулол устозимнинг расмини ён дафтарим бор эди, шу блокнотимга солиб олиб юрганман.
Барибир уста бўлиш яхши-да, деб қўяман. Қайга борсам, ҳурматда юраман. Фалончи “кўзагар”, деб ҳурмат қилишади.
Нодир Элибоев (ўртанча ўғил):
Кулолчиликда ўзимизнинг сиримиз бор. Сизларга айтаман, майли. Биз лойга жун қўшамиз, қамиш қўшиб, яхшилаб пишитамиз. Гапнинг тўғриси, бошқа касбда ҳам ишлаб кўрганман. Лекин ота касбимдан бошқасини эплаб бўлмаган. Мен нонвойчилик қилганимда нон ташишдан бошқасига ярамаганман. Энг қадрли касбим – шу ўз ота касбим экан.
Мен у ер бу ердан расм, видеодан кўриб иш қилмайман. Мен кўпроқ ўзимнинг хаёлимга келган нақшни чизаман. Қўлимга ишни олиб, хаёлга бериламан. Бир марта чизсам, уни бошқа қайтариб чизолмайман. Такрорланмайди, хоҳласам ҳам бошқа ўхшаб чиқмайди. Мана, бодомгул. Эски қадим гулларни қайтадан тўлдиришга ҳам ҳаракат қиламан. Тўғри-да, анъанани ҳам сақлаб қолиш керак.
Шоҳруҳ Бозорбоев (кичик ўғил):
Мен кўпроқ янгилик қилишни яхши кўраман. Ва ишда ҳам янгича ёндошишни, кенгайишни хоҳлайман. Менга дадам “Доимо яхши ният билан иш бошла”, -деб гапирадилар. “Яхши ниятинг бўлмаса, лой билиб қолади, ишинг ўхшамайди”, дейдилар.
Мен “Ташаббус -2021” конкурсида қатнашганимда жюри аъзолари олдида белимдаги чорси белбоғни ечиб, кўзимни боғлаб дастгоҳга ўтқазишди. Мен кўзим ёпиқ ҳолда оёқ тепки қадимги дастгоҳда ишлаб, нарсалар ясаб кўрсатдим. Конкурс ғолиби бўлганман ўшанда!
Охирги пайтларга катта-катта буюртмалар ола бошладим. Энди жойни катталаштиришга тўғри келяпти. Ишчи кучи олиб, ишлаб чиқаришни кўпайтириш керак энди. Контейнерлаб, фуралаб заказ тушяпти. Ясаб бериш керак-да энди буларни!
Ажойиб минтақада яшаймиз. Ўзига хос. Олтиариқнинг узуми бўлса, Риштоннинг тупроғи бор!
Нодир Элибоев (ўртанча ўғил):
Мўъжиза-да тупроғимиз. Уч-тўрт метр кавлаб қизил тупроқни олиб, ўрнига эски тупроқни, ҳазонни ташласангиз ҳам, беш-олти йилдан кейин яна қизил тупроққа айланиб қолаверади. шиша ташламасангиз бўлди, Буни кўп синаб кўрганмиз.
Содир Элибоев (катта ўғил):
Туризмнинг ривожланиши биз ҳунармандларнинг катта ютуғимиз бўлди. Туризм бизга кўп нарса олиб кирди. Аввалам бор, дунёқарашни ривожлантирди.
Менинг учта ўғлим бор. Катта ўғлимни гид қиламан, деб ният қилганман. Қанча кўп сайёҳ оқими кириб келса, ҳунармандга шунча фойда. Аввало, давлат бойийди. Ўзимизга ҳам албатта фойда. Маҳаллий харидор бир минг сўмга нарсамизни олса, хорижликларга битта идишимизни 4 мингга сотсак, олади. Шундай сотишга ҳақимиз бор-да. Айниқса, дастгоҳда иш жараёнини кўргач, ҳар қанча қиммат бўлса-да, “ишингиз пулига арзир экан”, дейишади. Хорижликлар ишимизни жуда қадрлашади.
Ғанижон Элибоев (уста):
Менга устозим “кулолчиликда пулга қарама, лойга қара, гап лойда”, дейишарди. Кейин тушунсам, бу ҳунарни яхши ўрган дегани экан. Ҳунарда гап кўп. Пулим қолмаса, битта косани сотсам ҳам қорним тўяди.
Мен торгина устахонани у томонидан буёғига ўтган бўлиб, бояги буюмлар тартибсиз терилган токчага яқинлашаман, бир пишмаган лой кўзачанинг тагига косанинг пулини қистираман. Лекин чиқиб кетаётиб, устанинг катта ўғли (кўриб қолганини-чи) пулларни минг хижолатда бир енгимга, бир қўлимга илинтиради. Уста ҳам қўшилгач, ортиқ гап қайтаролмайман…
Хуллас, сопол лаган, коса-товоқ ишлатиб туриш керак. Одам илдизларига яқинлашганини, ердан куч олаётганин ҳис қилади.
Хуллас, катта сопол лаганда шилпилдоқ, кичикроғида ош, айтганимдек мошхўрдани сопол косада ичишни яхши кўраман. Ҳар ишлатганимда Ғанижон кулолни эслаб, дуо қилиб қўяман.
Мавлуда Тошпўлатова