14 ноябрь шанба куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Аҳал вилоятидаги янги қурилган вирусли касалликлар шифохонасини очиб берар экан ўз мамлакатида ҳозиргача коронавирус билан ҳеч ким касалланмаганини алоҳида таъкидлади ва буни “катта муваффақият” деб атади.
«Олиб борилган профилактика чоралари натижасида мамлакатимизда шу кунгача коронавирус инфекцияси қайд этилмади», – деди Бердимуҳамедов.
“Бердимуҳаммедов томонидан очилган янги шифохона 200 ўринли бўлиб, у вирусли гепатит, нафас йўлларининг юқумли касалликлари ва ҳаво томчилари орқали юқадиган касалликларни даволашга қодир», деб хабар берди Neutral Turkmenistan.
Бугунги кунда дунёда коронавирус етиб бормаган мамлакатлар сони жуда оз қолди. Жуда қаттиққўллик билан бошқариладиган Туркманистон ва Шимолий Корея мамлакатлари ҳам расман коронавирусдан ҳоли ҳудуд ҳисобланади. Бундан ташқари Тинч океанидаги бир нечта орол давлатларда ҳам CОVID-19 аниқланмаган.
Шу йилнинг июль ойида ЖССТ вакиллари эпидимиологик ҳолатни ўрганиш учун Туркманистонга ташриф буюришганди. ЖССТнинг Европадаги фавқулодда вазиятлар бўйича катта ходими Кетрин Смолвуд ушбу ташриф чоғида туркман ҳукуматига «мамлакатда CОVID-19 мавжуддек» ҳаракат қилиб, чоралар кўришни тавсия қилганди.
Туркманистон ҳукумати 2021 йилгача мамлакат чегараларини чет элликлар учун ёпиб қўйди, шу билан бирга, ибодатхоналар, барча ресторанлар ва аксарият дўконларнинг 1 декабрга қадар ишлашини тақиқлади. Шунингдек, 1 январга қадар маҳаллий йўловчи поездлари ва шаҳарлараро автобусларнинг қатнови чекланди. Туркманистон соғлиқни сақлаш вазирлиги июль ойида «чангнинг юқори концентрацияси» ва «патогенлар» туфайли фуқароларга ниқоб тақишни тавсия қилган.