Журналист Христо Грозев «ФСБ заҳарловчилари» томонидан Навалнийдан ташқари бошқа жамоат арбобларига қилинган тажовузлар ҳақида материал тайёрламоқда (видео)

0
1298
Фото: www.newsru.com

Bellingcat журналисти Христо Грозев келгуси ҳафталарда ФСБ (Россия Федерал хавфсизлик хизмати) ходимларининг қўли борлиги эҳтимоли бўлган сирли ўлимлар ҳақидаги маълумотларни оммага эълон қилишга ваъда берди. «Эха Москвы» эфирида Грозев бу ҳақида тушунча бериб ўтар экан, гап унинг журналистик текширувида аниқланган, Алексей Навальнийни “Новичок” оиласига мансуб кимёвий қуроллари билан заҳарланишини уюштириш эҳтимоли бўлган шахслар ҳақида эканлигини таъкидлаб ўтди.

Пайшанба куни ХристоГрозев Алексей Навальнийни заҳарлаш операциясида иштирок этганликда гумонланаётганларнинг ҳаракатланишлари тўғрисидаги жадвални оммага эълон қилди. Унда уларнинг барча саёҳат саналари, жўнаш пунктлари ва борадиган жойлари кўрсатилган. Баъзи жойларида парвоз рейслари ҳам кўрсатилган.

Грозев, шунингдек, Интернет фойдаланувчилардан агарда уларда “қизиқарли тасодифлар” чиқиб қолса, булар ҳақида электрон жадвалларда шарҳлар қўшишга чақириб қолди. Грозевнинг сўзларига кўра, маълумотлар асосан русийзабон журналистлар ва терговчилар учун мўлжалланган.

ФСБнинг амалдаги «ўлим гуруҳи» бўйича янги шов-шувли тергов натижалари авиарейслар йўловчиларининг рўйхатлари таҳлилига ҳам асосланган бўлиши мумкин.

Хусусан, эътиборли томонларидан бири шундаки, аввалроқ фош қилинган ФСБ ходимлари бир вақтнинг ўзида ва бир жойга нафақат Алексей Навальний билан, балки муҳолифат қарашлари билан танилган ёзувчи Дмитрий Быков билан, шунингдек, Чеченистоннинг баъзи жамоат арбоблари билан ҳам бирга парвоз қилишган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил апрель ойида Дмитрий Быков сирли шароитда интенсив терапия касалхонасига ётқизилган эди. Кейинчалик у заҳарланишни бошдан кечирганини айтган эди. Аммо шифокорлар қандай турдаги заҳар эканлигини ва унинг танага қандай тушиб қолганлигини аниқлай олмаган эдилар.

Ўз навбатида, Быков суқасднинг ҳокимият томонидан уюштирилганлиги ҳақидаги версияни рад этганди. «Мен ҳеч қаерга шикоят билан мурожаат қилмайман”, – деди у вазиятни аниқлаштириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қиладими ёки йўқми деган саволга жавобан. “Менимча, агар улар мени заҳарламоқчи бўлишганда, мени заҳарлашган бўлардилар. Ҳар ҳолда самолёт билан Бурденко номидаги ҳарбий госпитальга жўнатишмаган бўлишарди».

Грозевнинг сўзларига кўра, аввалги текширувлар ва гумонланаётган ФСБ ходимларининг парвозлари ҳақидаги дастлабки маълумотлар нашр этилгандан сўнг, кўп одамлар унга хабар берувчи сифатида хат ёзишни бошлаганлар. Бундан ташқари, баъзилар мустақил равишда авиақатнов йўловчиларининг рўйхатларини таҳлил қилишни бошлаганлар ва тахминларини Грозев билан ўртоқлашганлар.

Журналист бундай тарзда тўпланган қўшимча маълумотлар ҳали яна қайта текшириб чиқишни талаб қилишини таъкидлаб ўтди. Аммо у Навальний билан содир бўлган воқеага ўхшаш бошқа эпизодлар пайдо бўлишига шубҳа қилмаслигини ҳам айтиб ўтди. Фақатгина бир кунни ичида Грозевга заҳарланиш эҳтимоли бўлган учта эпизоди ҳақида маълумот келиб тушган бўлиб, текширувчилар эътиборини тортаётган ўша ФСБ ходимларининг алоқаси бўлиши мумкин.

Грозев тушунтриши берар экан, исмлари аллақачон ошкор қилинган ФСБ ходимларини суиқасдларда алоқадорлигига ишончи комил. Аммо янги эпизодлар бўйича қўшимча текширув ўтказиш керак. Шунда текширилмаган маълумотларнинг омма эътиборига ҳавола этилиши Навальнийнинг заҳарланишига ўхшаш суиқасд натижасида ўлганларнинг қариндошларига қўшимча зарба бўлиб қолмайди. Унинг сўзларига кўра, гап ўтган йиллар давомида тўрт, беш ёки олти кишининг ўлими ҳақида кетмоқда.

Шу билан бирга журналистнинг таъкидлашича, текширувчилар ҳозирча фақатгина сиёсий суиқасдларда иштирок этган эҳтимолий ФСБ ходимларининг биттагина гуруҳи изига тушишга муваффақ бўлишган. Аммо аъзолари панада қолиб кетаётган бошқа гуруҳлар ҳам мавжуд бўлиши мумкин.

Христо Грозевнинг таъкидлашича, йиғилган маълумотларни текшириш билан боғлиқ ишлар «кўпи билан икки ҳафта ичида» якунланади.

Bellingcat, The Insider, CNN ва Der Spiegel томонидан ўтказилган текширувларга кўра, Алексей Навальнийни заҳарлаш бўйича операцияни ФСБ криминалистика институти номи остида фаолият юритаётган, идоранинг махфий бўлимидан камида саккиз нафар ФСБ ходимларидан иборат гуруҳ амалга оширган.

Гуруҳ таркибига ФСБдан кимёгар-олим Станислав Макшаков, собиқ шифокор ва гуруҳ координатори Олег Таякин («Тарасов»), асосий тезкор ходим дея таҳмин қилинаётган собиқ тез ёрдам шифокори ва ҳарбий врач Алексей Александров («Фролов»); Иван Осипов («Спиридонов»), Константин Кудрявцев («Соколов»), Алексей Кривошчеков, илгари Мудофаа Вазирлигида ишлаган, Балашихадаги ФСБ махсус операциялар марказида рўйхатдан ўтган Михаил Швец («Степанов») ва ФСБ чегара хизматининг собиқ офицери Владимир Паняев кирган.

Христо Грозевнинг 1 январь куни берган интервьюсида, ФСБ гуруҳига яна икки киши, шу жумладан Василий Калашников ҳам киритилганлигини қўшимча қилди. У ҳақида Константин Кудрявцев томонидан ҳам эслаб ўтилганди. Ўшанда у билан заҳарланганидан кейин Навальний Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев ёрдамчиси ниқоби остида суҳбатлашган эди.

Ушбу гуруҳ аъзоларининг аввалги саёҳатлари таҳлили шуни кўрсатадики, улар 2017 йилнинг январида камида, яъни 2018 йилда Россияда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этиш режаларини эълон қилганидан сўнг, муҳолифатчини таъқиб қилишни бошлаганлар ва Навальний учиб борган ёки автоуловда кетган йўналишлар бўйича жами 47 марта сафарда бўлганлар. Ушбу гуруҳ аъзолари, одатда, нафақат жамоаларини таркибини, балки ҳақиқий ва сохта исмларни ҳам алмаштириб, Навальний билан параллель парвозларда икки ёки уч киши бўлиб сафарда бўлишган.

МСК Навальнийни президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтказишдан бош тортганидан сўнг, кузатув вақтинча тўхтатилган, аммо ўтган 2020 йил у тўлиқ куч билан қайта тикланади. Оддий телефонлардан фойдаланган гуруҳ аъзоларининг қўнғироқлари тўғрисидаги маълумотларда икки марта фаоллик юқори бўлганлиги кузатилган, яъни, 16 август куни кечқурун ва 19 августга ўтар кечаси, Навальний заҳарланишидан олдинги кунлар кўрсатилган.

Тахминларга кўра, заҳарловчилар «Новичок»ни сиёсатчининг чойшабига жойлаштиришган ва бу ишни, Навальний кимёвий тозалаш хизматига чойшабини топширган пайтда бажаришган. Бу ҳақида Кудрявцев Навальний билан телефонда гаплашган пайтда айтган эди.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг