ЖССТ: 2021 йилнинг ўрталаригача CОVID-19 га қарши катта миқёсдаги вакцинациянинг амалга оширилиши кутилмаяпти

0
1564
Фото: AFP

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти CОVID-19 га қарши катта миқёсдаги эмлаш ишлари 2021 йилнинг ўрталаригача амалга оширилишини кутмаяпти. ЖССТ ҳозирда яратилаётган вакциналарнинг хавфсиз ва самарали эканлигини аниқлаш учун улар жиддий текширувлардан ўтиши кераклигига урғу бермоқда. Бу ҳақда ушбу ташкилотнинг матбуот котиби Маргарет Ҳаррис 4 сентябрь куни маълум қилган.

ЖССТнинг маълум қилишича, ҳозирги кунда дунёда ишлаб чиқилаётган ҳеч қайси вакцинанинг самарадорлиги камида 50 фоизни ташкил қилгани йўқ.

“Биз кейинги йилнинг ўрталаригача коронавирусга қарши оммавий эмлашни бошлашни режалаштирмаяпмиз. Биз CОVID-19 га қарши вакциналарнинг қанчалик даражада самара бериши ва бу касалликдан ҳимоя қила олишини кўришимиз учун синовларнинг учинчи босқичи узоқроқ давом этиши керак” дейди Ҳаррис.

Россия август ойида дунёдаги коронавирусга қарши илк вакцинани рўйхатдан ўтказди. Лекин, бу пайтда мазкур вакцина инсонларда синалаётганига ҳали икки ой ҳам бўлмаганди. Бу ҳолат Ғарблик баъзи экспертларнинг рус вакцинасининг хавфсизлиги ва самарасига шубҳа билан қарашларига сабаб бўлди.

3 сентябрь куни АҚШдаги оммавий соғлиқни сақлаш расмийлари ва Pfizer Inc компанияси ўзларининг коронавирусга қарши вакциналари октябрга келиб аҳолига тарқатишга тайёр бўлишини маълум қилди. Бу 3 ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Трамп ғолиб бўлишининг асосий омилларидан бири бўлиши мумкин.

Айни пайтда ЖССТ ва вакцина бўйича GAVI иттифоқи дунё мамлакатларига коронавирус вакцинасини тарқатиш бўйича COVAX номли режани олиб боришмоқда. Ушбу лойиҳа мамлакатлар орасида вакцинани адолатли тарзда тарқатишга ёрдам беради. Ҳозирда ҳар бир давлатдаги вирус юқтириб олиш хавфи энг юқори бўлган қатламни, масалан, шифокорларни биринчи навбатда эмлаш мақсад қилинмоқда.

COVAX га кўра, 2021 йилнинг охиригача маъқул кўрилган вакцинадан дунё аҳолисига 2 миллиард дозада етказиб бериш режалаштирилмоқда. Лекин, АҚШ каби ўзлари учун эҳтимолий вакциналарини сотиб олишга келишиб бўлган давлатлар COVAX га қўшилмасликларини маълум қилишди.

“Муҳими, бизнинг эшикларимиз очиқ. COVAX нинг мақсади Ер сайёрасидаги барча одамларга вакцина етиб боришини кафолатлашдир” дейди Ҳаррис.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг