Иймонни кашф этиш

0
1013
Фото: https://t.me/Akrom_Malik_rasmiy

Рамазон кундалиги

Биринчи кун

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм.

Иймон энг муҳим масала. Инсоннинг жони ва ҳаётидан қадрли. Иймон инсоннинг ҳаётга келиб топиши мумкин бўлган энг қиммат бойлиги. Барча бойликлар дунёда қолиб йўқолиб кетади ва охиратда фойда бермаслиги мумкин. Иймон омон сақлаб қолинса, у инсонни охиратда қутқаради.

Пайғамбарлар олиб келган ҳақиқат ҳам иймон эди.

Олимлар иймоннинг икки тури борлигини айтишган. Биринчиси тақлидий иймон ҳисобланиб, у ўз эгасига етарли даражада фойда бермаслиги мумкин. Тақлидий иймон бошқаларга қараб, иймон ҳаловатини ҳис этмаган ҳолда яшашдир. Тақлид қилувчи муқаллид дейилади. Муқаллид ўзи тақлид қилаётган нарсадан осон кечиб юбориши ёки уни бошқасига алмаштириб олиши мумкин. Шунинг учун тақлидий иймон хавф остидадир.

Иймоннинг иккинчи тури кашфий бўлиб, унда инсон иймоннинг асл моҳиятига етиб боради. Бу иймон унинг нажоти эканлигини англаш, шу асосда ҳаёт кечирмоқдир.

Иймоннинг ҳаловати муҳаббат билан юзага чиқади. Биринчи босқичда инсон Аллоҳнинг Биру Борлиги ҳамда охиратга ва шарт бўлган барча нарсаларга иймон келтиради. У Исломда буюрилган барча нарсага ишонади. Шубҳа қилмайди. Бироқ бу инонч унга ҳаловат бериши, хотиржамлик бахш этиши учун муҳаббат зарур.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилганидек, Аллоҳ ва Унинг Расулига, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳамма нарсадан кўра кўпроқ муҳаббат қилиш, бирор кимни Алоҳ учун севиш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш ҳамда куфрга қайтмоқни оловда ёнмоқ сингари ёқтирмаслик иймон ҳаловатининг шартларидир.

Кўриниб турибдики, агар муҳаббат бўлмаса, қуруқ ишончнинг ўзи билан етарли натижага эришиш қийин. Иймон дарахтини муҳаббат суви билан суғормоқ лозим.

Иймон соҳиби муҳаббат аталмиш неъматга лойиқ кўрилса, Аллоҳдан бу муҳаббатни сўраб олса, унинг учун ҳаловат эшиклари очилади. Дунё масканида қўрқувсиз яшайди. Унга ҳикмат насиб этади. Қайғулар зимнидаги шодликни кўради. Ўзини, ишларини буткул Аллоҳга топшириб қўйиш малакасини эгаллайди. У риёкорликдан, ўзига катта баҳо беришдан сақланади. Нафсини мутассил маломат қилади. Нафсини Аллоҳнинг йўлига бўйсундиради. Шайтон ҳийлаларидан омонлик топади.

Иймон билан инсон Исломга мушарраф бўлади, яъни Аллоҳ ҳузурида омонлик ва саломатлик топади. Бироқ иймондан сўнг Аллоҳнинг амрларини бажариш лозим. Чунки Аллоҳим, сенга иймон келтирдим дея Унинг амрларини адо қилмаслик иймоннинг сидқидилдан бўлганини савол остига қўяди.

Бу тоифа инсонлар камида сўзи ва амали бир бўлмаганлар сафига кириб қолишлари мумкин. Чунки сўзда Аллоҳни илоҳ деб билиб, амалда Унинг амрларига юрмаслик қалб ва сўз, сўз ва иш орасида узилиш ҳосил қилади.

Хулоса қилиш мумкинки, иймоннинг макони қалбда, у тилнинг иқрори билан ўзини намоён қилади, амал билан исботини топади, муҳаббат билан ҳаловат манбаига айланади.

Инсон иймонни қачон ва қандай кашф қилиши мумкин?

Бунинг учун, биринчидан, буни жуда қаттиқ хоҳламоқ лозим. Кўнгилни барча кирлардан тозалаб, кашфий иймонга эҳтиёж изҳор этмоқ шарт.

Иккинчидан, Аллоҳга юзланиб, ундан тўғри йўлни, соф ақийда, ҳикмат сўрамоғи керак. Учинчидан, инсон, асосан, ўзи билан машғул бўлиши, ўз нафсини тергаши, сўзларини назорат қилиши, хаёлларини бузуқликдан ҳимоялаши, амалларини ҳаром ва макруҳдан четда тутмоғи даркор.

Агар бу уч шартга амал қилинса, Аллоҳ таоло инсонни кашфий иймон билан неъматлантиради, қалбини мусаффо муҳаббат билан тўлдиради.

Аллоҳим барчамизга кашфий иймон ва иймон ҳаловатини насиб этсин!

2021 йил, 12 апрел
Акром МАЛИК

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг