Индонезия мусулмонларининг сирлари

0
1631
twitter.com

Биздан минглаб километр узоқликда, сайёрамизнинг бошқа ярим шарида мусулмонлар қандай яшамоқдалар? Улар ўзларининг ихлос билан қилган дуоларида Қодир Аллоҳдан нима сўрашади? Улар ўз олдига қандай мақсадларни қўядилар? Уларнинг қалбини нима безовта қилади ва нима уларни қувонтиради? Икки океан ювиб турадиган, бошни айлантирадиган даражадаги гўзалликка эга бўлган ва чегарасида ўлим хавфи солиб турадиган ушбу оролларда яшовчи мусулмонлар ўзлари асли қандай? Булар ҳақида бизга Фаҳд ал-Антороҳ ҳикоя қилиб беради.

Фаҳд, Индонезияда туғилиб ўсган, у ҳозир Туркиядаги энг йирик хайрия ташкилотларидан бирида ишлайди. Фаҳд бир кун келиб бутун дунё мусулмонлари ўзаро бир-бирларини тушунишни ўрганишига чин дилдан умид қилади. Чунки биз бир-биримизга энг муҳими ҳақида, яъни Ягона Худога ишониш ҳақида қандай гапиришни биламиз. Бугун Фаҳд ал-Антороҳ мусулмонлар жаннатмакон ороллардан ва оловли вулқонлардан иборат бўлган мамлакатда қандай яшаётганлари ҳақида ҳикоя қилиб беради.

– Фаҳд, ассалому алайкум! Илтимос, Индонезияга яккахудолик дини – Ислом қандай кириб келгани ҳақида қисқача маълумот берсангиз.

– Ваалайкум ассалам! Олимларнинг фикрича, Индонезия аҳолисининг мусулмонлар дини билан илк танишуви 7-аср ўрталарида бошланган. Бу икки босқичда содир бўлди. 7—13-асрларда аждодларимиз мусулмон динини ўргана бошлашган. 13-асрдан бошлаб эса индонезияликлар исломни оммавий равишда қабул қила бошладилар.

Индонезияга яккахудолик динининг кириб келиши қирғоқбўйи минтақаларидан – Суматра ва Жава оролларидан бошланган. Шуни таъкидлаб ўтиш муҳимки, уни кириб келиши тинч йўл билан амалга ошган эди. Одамлар исломни араб давлатларидан келган муҳожирлар ва савдогарлар, шунингдек, диний вазифаларни бажариш учун бу ерга махсус келган воизлар орқали ўрганишган. Мусулмон дини маҳаллий аҳоли учун жуда жозибали бўлиб чиқди, порт шаҳарлари аҳолиси Исломни жуда яхши қабул қилишди.

Буларнинг барчаси XIII асрдан бошлаб, Малай архипелагида мусулмонлар давлати тузилмалари шакллана бошланишига олиб келди. Бу жараён Суматра оролининг шимоли-шарқий қирғоғидан (Самудра князлиги – Пасей, Педир, Перлак, Ару) бошланган.

-Ҳозир Индонезия бутун дунёдан сайёҳлар ва экстремаллар (доим ишкал излаб юрувчилар тах.тарж.) изловчиларни ўзига жалб қилади. Улар сизларнинг оролларингизда дам олиб, кўпинча Исломга зид бўлган қадриятларни тарғиб қилишади. Ёшларингиз уларнинг таъсирига тушиб қолишмайдими? Индонезия дунёга очиқ бўлиш билан бир пайтни ўзида, Аллоҳнинг қонунларига мувофиқ яшашни қандай уддалаяпти?

– Индонезия 244 миллионга яқин аҳолиси билан дунёдаги энг зич жойлашган мамлакатлардан бири саналади. Индонезия аҳолисининг 87% мусулмонлардан, қолганлари христианлар, ҳиндулар, католиклар, буддистлардан иборатдир. Мамлакатимизнинг маълум бир қисмида аҳолининг катта қисмини мусулмонлар ташкил этмайдиган ҳудудлар мавжуд бўлиб, масалан Бали (Индонезиядаги энг машҳур халқаро сайёҳлик маскани) каби аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлмаганлардан иборат бўлган ва  у ердаги одамлар мусулмон жамиятида ўрнатилган тартибга кўра яшамайдилар. Лекин у ерда шундай диндорлар ҳам борки, ҳеч нарсага қарамай, ислом нормалари асосида яшайдилар. Шундай эътиқодли ота-оналар фарзандларига ислом илмларини ўргатишга ҳаракат қилишади. Кейинчалик бу фарзданлари мактабларга, олий ўқув юртларига борадилар. Улар то ўзларини англаб, атрофидаги мавжуд ҳақиқатларга дуч келганларида, аллақачон етарли даражадаги маънавий билимга эга бўлишган ва бу дунёдаги мавжуд барча васвасаларга қарши туриш учун ахлоқий ядрога эга бўлишади.

– Индонезияда ҳудди бутун дунёда бўлгани каби ўсмирлар орасида долзарб саналган муаммолар қанчалик кескин тус олган, жумладан: ота-оналарга бўйсунмаслик, гиёҳвандлик, алкоголизм каби иллатлар? Ёки бу муаммолар Индонезияда умуман мавжуд эмасми?

– Индонезияда бундай ҳолатлар жуда кам учрайди. Оддий оилани мисол қилиб оладиган бўлсак, гўдакликданоқ болани атрофини яхши, художўй инсонлар ўраб олишади. Мадрасада дарс берувчи муаллимлар, уйдаги ота-оналарга тенглаштирилади. Боланинг  таълим олиш даври тугагач, одамларни ҳаром ичимликлар ичиши, чекиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишлари бола учун даҳшатли ва тушунарсиз нарса бўлиб туюлади. Албатта, ҳаммаси ҳам у қадар мукаммал эмас, истиснолар ҳам бўлиб туради, лекин бунга ўз вақтида ислом динининг пойдеворини қўймаган, болага муносиб шароит яратмаган ота-оналар айбдор бўлишади.

Индонезиянинг ёш катта аҳолиси орасида чекиш муаммоси жуда кескин туради. Спиртли ичимликларга келсак, бизни дўконларда ундай нарсалар сотилмайди. Лекин, одатда, спиртли ичимликларни излаганлар, барибир уни топиб ичадилар. Мамлакатда бунга қарши қонунлар амал қилишидан қатъи назар, ҳамма нарса ҳар бир инсоннинг ишончига (иймонига) боғлиқ.

– Илтимос, Ачеҳ провинцияси ҳақида гапириб берсангиз: бу ҳудуд Индонезиянинг қолган қисмидан нимаси билан фарқ қилади?

– Бу Индонезиядаги ўзига ҳос ҳудуддир. Бизнинг мамлакатимиз жуда ҳам демократик. Аммо бу ерда қонунларга жуда ҳам қатъий амал қилинади. Мен ҳеч қачон Ачеҳда яшамаганман, мен бу жойдан унчалик узоқ бўлмаган Суматра оролида яшаганман. Лекин шуни биламанки, бу вилоятда барча аёллар ҳижоб кийишлари шарт. Бундан ташқари, эркак ва аёл, агар қариндош бўлмаса, қарама-қарши жинсдаги одам билан ёлғиз кўчада юриши мумкин эмас. Тарихий жиҳатдан шундай холат юзга келган. Бу юртимизда ислом дини тарқала бошлаган биринчи жойдир. Аммо, таъкидлаганимдекк, Индонезия бўйлаб умуман юмшоқроқ қонунлар амал қилади.

– Халқ маданиятини ҳис қилиш қанчалик осон эканини биласизми? Одамларнинг қувонч ва ғам-ташвишларини англаш учун, улар бирга уни бошингиздан кечиришингиз, одамларнинг байрамлари ва дафн маросимларида қатнашишингиз керак. Келинг, бугун қувончлар ҳақида гаплашайлик. Индонезияда Ийд ал-Фитр каби мусулмон байрамлари қандай нишонланиши, қандай анъаналар мавжудлиги ҳақида айтиб беринг.

Одатда биз бу байрамни 4-5 кун давомида нишонлаймиз. Биринчи байрам куни эрталаб эркаклар жамоавий ибодатга борадилар. Кейин барча оила аъзолари ота-оналарнинг уйига йиғилиб, ўзларининг туғилган қишлоғига борадилар. Албатта, байрамона дастурхонга турли хил чиройли таомлар тайёрланади. Рамазон ҳайити олдидан одамлар янги кийим олишга интилиб, харид қилишади. Ота-оналар болаларга пул беришади. Умуман олганда, катта эҳтимол билан, ҳамма нарса ҳудди  бошқа мусулмонларникига ўхшайди.

– Ҳа, сизни тинглаб, мусулмон халқлари ўртасида қанчалик умумийлик борлигини тушуниш мумкин. Халқнинг маданият даражасини тушунишнинг яна бир усули – бу аёлларга бўлган муносабатдир. Индонезияда қиз болага таълим олиш осонми? Ота-оналар ўз қизларини билимли қилишга ҳаракат қилишадими?

-Индонезияда аёллар ўқиш ва ишлашни ёқтиришади. Баъзилар никоҳдан кейин уйда қоладилар, лекин кўпчилик ўз хоҳиши билан ишлашда давом этади. Бизда аёлларни камситиш билан боғлиқ муаммолар йўқ, бу аниқ. Индонезиядаги катта-катта шаҳарларда бемалол олий маълумотга эга бўлган кўплаб қизларни биламан, уларнинг кўпчилиги пойтахтимиз Жакартада ўқишади. Бунинг учун ота-оналар зарур шароитларни яратиб беришади. Мусулмон аёллар, агар хоҳласалар, масжидларга қатнайдилар, диний ва дунёвий билим оладилар.

– Халқингиз менталитетининг асосий хусусиятлари ҳақида гапириб берсангиз.

– Индонезиядаги одамларнинг менталитети Осиё халқлариникига ўхшайди, бизни ҳазил-мутойибали эканлигимиз ва кўплаб маданий жиҳатларимиз ўхшаш. Индонезияликлар жуда мулойим ва ниҳоятда хотиржам халқ. Бу нима билан боғлиқлигини билмайман, эҳтимол, балки шунинг учун ҳам бизнинг мамлакатимиз тарихида катта тўнтаришлар содир бўлмагандир. Ҳозир мен Истанбулда яшайман ва турклар орасидан Ҳажга борганларида Индонезиядан келган мусулмонларни кўришганда, улардан хурсанд бўлишларини тез-тез эшитаман. Халқимиз ҳамиша табассум ва дўстона муносабатда, бу маданиятнинг бир қисми. Индонезияда, бошқа мусулмон мамлакатларидаги каби, одамлар жуда меҳмондўст. Сизга яна нималарни ҳикоя қилишим мумкин? Индонезияда одамлар овқатланиш масаласига зоҳидлик билан ёндашадилар. Менимча, бу қисман бизда қишнинг йўқлиги билан боғлиқ бўлса керак. Мен бир жиҳатга эътибор бериб келаман, масалан совуқ бўлган мамлакатларда одамлар ҳар доимо нимадир тановул қилиб туришади.

— Ҳа, кўринишидан булар майда-чуйда нарсадай туюлса-да, аслида халқнинг маънавий даражасини ҳам кўрсатади. Зеро, таомланишда меъёрлий бўлиш суннат бўлса, табассум ва мулойим хулқли бўлишга Ислом дини даъват қилиб келади. Индонезиядаги мусулмонлар нимани орзу қиладилар? Балки одамлар ҳашаматга интилишар (қиммат автомобил, квартира) ёки таълимга сармоя киритадиларми?

-Менимча, бу жуда шахсий савол. Индонезияда миллионлаб мусулмонлар бор. Уларнинг ҳар бирининг бошида ва қалбида нима борлигини тушуниш қийин. Айрим мусулмонларнинг фикри ва орзулари фақат ўзларига қаратилган бўлса, бошқалари бутун умматимиз ҳақида қайғуради. Ягона режалари яхши маошли иш топиш, қимматбаҳо машина сотиб олиш ва муваффақиятли турмуш қуришдан иборат бўлганлар ҳам бор. Аммо орзу-мақсадлари доимо дин билан боғлиқ бўлган яна бир тоифа одамлар ҳам бор. Кўплаб дўстларим ва қариндошларим диний билим олишни доим орзу қилиб келганлар. Шунингдек мен, мусулмон жамиятидаги муаммолардан, глобал инқироздан ҳақиқатдан ҳам ташвишланаётганлар ҳам борлигини кўриб турибман. Бошқалар эса оила муаммоларидан бошқа ҳеч нарсага аҳамият бермайдилар. Буларни бари жуда индивидуалдир.

– Яна бир эътибордан четда қолдириш мушкул бўлган масала… Бир қарашда Индонезия ер юзидаги жаннатмакондек туюлади: ажойиб иқлим, мусулмонлар учун барча шарт-шароит. Аммо, янгиликлар, хабарларни кузатар экансан, баъзида сизнинг ерингизда табиий катаклизмлар қанчалик тез-тез содир бўлиши қўрқинчли бўлиб туюлдаи. Ахир Индонезия сайёрамизнинг энг сейсмик фаол нуқталаридан бирида жойлашган. Одамлар ҳар қандай вақтда уларнинг дунёси вайронага айланиши мумкин деган ўй-хаёл билан қандай яшайдилар?

– Индонезияда табиий офатлар содир бўлиб туради. Аммо айтинг-чи, сайёрамизда биз улардан тўлиқ суғурталанган жой борми? Дарҳақиқат, катта табиий офатлар камдан-кам учрайди. Индонезиядаги ҳаётим давомида мен ҳеч қачон жиддий табиий офатларга дуч келмаганман. Баъзан биз эрталаб уйғонамиз ва еркуррасини қаерларидадир нимадир содир бўлаётганини ҳис қиламиз. Аммо нисбатан кучли бўлган зилзилалар ҳар беш йилда бир марта содир бўлиши мумкин. Халқимиз нимадир содир бўлади, деб қўрқиб яшашмайди. Индонезияда мусулмонлар бутун дунёда бўлгани каби яшаб, ҳамма нарса яхши бўлишини сўраб, Аллоҳ таолонинг иродасига таяниб, дуо қилиб яшайдилар.

– Индонезия ҳақида ўйлаганингизда, қандай хотиралар хаёлингизга келади? Мусулмон сайёҳларга маслаҳат беринг. Индонезиянинг қайси жойларини албатта зиёрат қилиш керак ва қайси биридан, аксинча, қочиш керак?

– Индонезия, – бу турли маданиятлар ёнма-ён яшайдиган беқиёс гўзал мамлакат. Кўпчилик бизни мамлакатга табиат қўйнида ором олиш учун келишади. Ғарб давлатларидан кўплаб сайёҳлар дам олиб, кўнгилхушлик қилиш учун келадиган маълум бир жойлар бор. Аммо агар сиз табиатга мухаббатли бўлсангиз, унда сиз Калимантанга бемалол ташриф буюришингиз мумкин, у ерда сиз орангутанларни ва фаунанинг бошқа ноёб вакилларини ўз кўзингиз билан кўрасиз, у ерда сиз сирли ғорларни, ўтиб бўлмайдиган тропик ўрмонларни ва соҳили Тинч океанининг тиниқ жилоси билан ювилиб турадиган километрлаб чўл-оқ пляжларини топасиз. Агар сиз Комодо аждаҳоси билан учрашишни истасангиз, табиийки, Комода оролига ташриф буюришингиз керак бўлади. Агар сиз 2004 йилда энг кучли цунами содир бўлган жойни кўришни истасангиз, бу ер Ачеҳ бўлади.

– Фаҳд, Индонезияда бошқа дин вакилларига муносабат қандай? Улар Россия ҳақида нималарни билишади? Индонезиядагилар Россияда мусулмонлар кўплигини билишадими?

– Илгари мен Россия мусулмонлари ҳақида жуда кам билардим, бу мамлакатда Чеченистон, Татаристон, Доғистон каби мусулмонлар республикалари борлиги ҳақида билмас эдим. Маълум бўлишича, Россияда ислом тарихи юзлаб йилларга бориб тақалади. Мен учун бу ҳақиқий кашфиёт эди. Мен мамлакатингиздаги ислом динининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни ва бу ҳақда ўз ватанимдагиларга ҳам гапириб бермоқчиман.

Блиц- савол

– Фаҳд, билц -саволларга жавоб беришни бошлашдан олдин бизга айтинг: сиз диндор оилада туғилганмисиз? Ислом ҳақидаги илк билимингизни қандай олгансиз? Сизга намоз ўқишни онангиз ёки отангиз ўргатганми ёки балки мадрасага боргандирсиз? Онангиз сизга қандай қилиб исломий қадриятларни ўргатган (балки, у ҳикоялар, ҳадислар айтиб бергандир)? Болалар одатда қайси ёшда намоз билан таништирилади, Қуръон ўқишга ўргатилади?

— Мен жуда ҳам диндор оилада туғилганман, ота-онам Ислом динининг барча қоидаларига қатъий амал қиладилар. Болалигимдан отам тез-тез масжидга бориб, у ерда маъруза қилганларини эслайман. Онам менга 4 ёшлигимда Ислом асосларини ва Қуръон ўқишни ўргатган. Кўпинча, Индонезияда ота-оналар фарзандларини 11 ёшга тўлганда мадрасага ўқишга юборишади. Бу уларга нафақат болаликдан барча энг муҳим билимларни олишга, балки ҳақиқий дўстларни топишга ҳам ёрдам беради, чунки улар нафақат ўқишади, балки майиший турмуш ташвишини ҳам ўзаро баҳам кўришиб, биргаликда яшашади. Мадраса, шунингдек бадавлат оила фарзандлари учун ҳам яхши ҳаёт мактаби ҳисобланади, чунки улар у ерда ҳамма билан тенг шароитларда яшайдилар.

– Онангиз сизга ўргатган асосий нарсалар қайси?

– Онамнинг бутун ҳаёти- аёл ўз фарзандлари учун нима қилиши мумкин бўлган барча нарсалардир. Ростини айтсам, бунга ақл бовар қилмайдиган …

– Дунёдаги исломофобларга нима деб жавоб берган бўлардингиз?

– Исломофобия, – бузғунчи тенденция бўлиб, инсоннинг вазиятга ташқи томондан қарай олмаслигини акс эттиради. Бу ҳодиса террорчилар томонидан ҳужумлар уюштирилганидан сўнг кенг тарқала бошлади ва одамларда Ислом билан боғлиқ барча нарсаларга нисбатан тажовузкорлик кайфияти юзага чиқишига сабаб бўлди. Лекин мен адашган ҳар бир кишининг кўзи ҳақиқат олдида очилади, деб ишонаман… Ахир Исломнинг ўзи ҳақиқатдир!

Мусулмоннинг асосий фазилати нимада?

– Мен, Ислом шунчаки дин ва муайян қонунлар йиғиндиси эмас деб ҳисоблайман. Ислом – бу аслида бизнинг ҳаётимиздир. Бинобарин, биз мусулмонлар учун Худога итоат (ибодат)  шунчаки масжидга бориб намоз ўқиш эмас. Ҳатто уйимизда онамизга ёрдам бериб ҳам, биз Қодир Эгамизга ибодат қиламиз. Мўмин киши учун энг муҳими, ҳар бир яхши амални Худога итоат этиш (ибадот) сифатида бажаришдир. Бу эса, Худога яқин бўлишнинг энг яхши йўлидир.

– Ҳар доим ўз вақтида намоз ўқишимиз керак …

– Намозни ўз вақтидан кейинга қанчалик узоқроқ қолдирсангиз, бошлаш шунчалик қийин бўлади. Жамоат бўлиш ҳам жуда муҳим. Чунки, сизни ўз вақтида намоз ўқишга ундаб турадиган одамлар атрофингизни ўраб туради. Мусулмонларнинг асосий бурчини улар сизга ва сиз эса уларга эслатиб турасиз. Мана шу тўғри позиция.

– Ҳаётдаги энг асосий синов – бу…

– Севимли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай марҳамат қилганлар: «Жиҳоднинг энг яхшиси- бу нафсингизга қарши курашдир». Ҳарбий юришдан қайтган саҳобалар эса: “Биз кичик жиҳоддан, катта жиҳодга қайтдик”, деган эдилар. Менимча, бу энг қийин синов, яъни ўз эгоингизни мағлуб қилиш имкониятини қўлдан бой бермаслик. Бу ҳақиқатдан ҳам барча учун жуда қийин. Яъни, юрагингизни пул ҳукмронлик қиладиган дунёга бериб қўймаслик. Бу бизнинг синалишмиз ва бу дунёда у абадий давом этади. Лекин биз эгомизни (нафсимизни) енгишимиз керак. Ҳаётимизда юзага келадиган барча муаммолар бизнинг худбинлигимиз оқибатидир. Мен ўзим ҳам баъзида бошқаларнинг муаммоларига нисбатан бефарқ бўлиш дардига чалинганман, лекин Аллоҳнинг ёрдами билан унга қарши курашишга ҳаракат қилиб келаман.

– Фаҳд, самимий ва қизиқарли суҳбатингиз учун катта раҳмат. Хулоса қилиб, ўқувчиларимизга бирор бир тилак билдирсангиз.

– Мусулмонлар жамияти кўплаб муаммоларга дуч келмоқда – маданий, сиёсий ва интеллектуал. Лекин бизлар бу муаммоларга бефарқ қарамаслигимиз керак. Атрофимиздагиларга ёрдам беришга ҳаракат қилишимиз керак. Меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат кўрсатиш  – бу бир-биримизни англашимизнинг  ягона йўли. Шунингдек, биз илм излашга қўлимиздан келганича ҳаракат қилишга мажбурмиз, Қодир Аллоҳнинг Ўзи ҳам шунга чақиради. Аллоҳнинг жамолини, Аллоҳнинг ягоналигини, Аллоҳнинг қудратини, чексиз севгисини англамоқчи бўлсак, илмга интилишимиз керак. Бизнинг коинотимиз ва барча мавжудотлар Унинг барча исмларини намоён қилувчи ойнага ўхшайди. Россиядаги барча мусулмонлар асосий эътиборни ҳақиқий илм излашга қаратишларини, шу орқали динимизни таҳқирлашга уринаётганларга қарши курашишларини чин дилдан тилаб қоламан.

Аллоҳ таоло Россия ва Индонезия мусулмонларининг бир-бирларини яқинроқ  танишларини насиб этсин! Ва Раббимиз бизни ҳайирли ишларимизда ёрдам берсин!

Сафия Фокина суҳбатлашди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг