“Имрон Хон, кет!”: Покистонда ўн минглаб одамлар Бош Вазирнинг истеъфосини талаб қилиб намойиш уюштиришди

0
1194
Фото: Reuters

18 октябрь куни Покистоннинг Карачи шаҳрида ўн минглаб одамлар намойиш уюштириб, мамлакат Бош Вазири Имрон Хоннинг истеъфога чиқишини талаб қилишди. Мазкур ҳолат Покистонда сўнгги уч кунда иккинчи марта такрорланмоқда. Намойишчиларнинг даъволарига кўра, Имрон Хон 2018 йилги сайловда ғирромлик қилган ва армия уни ҳукумат тепасига олиб келган.

Ўтган ойда Покистон ҳукуматига мухолиф бўлган тўққиз нафар партия вакиллари “Покистон демократик ҳаракати” деб номланган ташкилот тузиб, Имрон Хонга қарши ташвиқот ишларини бошлашганди.

“Сиз одамлардан ишларини ва кунлик истеъмол қилинадиган овқатларини тортиб олдингиз. Фермерларимиз уйда оч-наҳор ўтиришибди. Ёшларимиз жуда хафа” дейди мухолифат раҳбари Марям Наваз Имрон Хонга мурожаат қилар экан. У Покистонда Бош Вазирликка уч марта сайланган Наваз Шарифнинг қизи ва сиёсий меросхўри ҳисобланади.

Айни пайтда Покистон иқтисодиёти қийин аҳволга тушиб қолган. Бу мамлакатнинг молиявий ҳолати коронавирус пандемиясидан олдин ҳам оғир аҳволда эди. Пандемия бошланганидан кейин эса инфлация икки баравар ўсди ва иқтисодий кўрсаткичлар пасайди. Мухолифлар бунинг учун ҳукуматни айбламоқдалар.

“Инфлация қашшоқ одамларнинг белини синдирди ва уларни гадойга айлантирди.Ҳозир ҳукуматнинг истеъфога чиқишининг айни вақтидир. Имрон Хон,кет!” дейди 63 ёшли намойишчи Фақир Баллоч.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг