Яманда юз берган сув тошқинларидан кейин минглаб одамлар уйсиз қолишди

0
1187
Фото: AFP

Яманда содир бўлган кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари туфайли минглаб одамлар уйларидан ажралишди.

Икки ҳафта давомида ёғган селлар аёвсиз сув тошқинларига сабаб бўлди. Сув тошқинлари Мариб, Дале, Абян, Ҳадрамоут, Ибб ва Ҳажжаҳ провинцияларида уйларни, йўлларни, фермаларни ювиб кетди ва электр тармоғининг узилишига сабаб бўлди. Шунингдек, ушбу табиий офат туфайли коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларининг касалхоналар, тест марказлари ва беморларнинг олдига боришларига тўсиқ бўлди.

Якшанба куни Яман президенти Абед Раббо Мансур Ҳади тошқинлардан жиддий зарар кўрган ҳудудларнинг ҳокимларига мол-мулкидан ажралган одамларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича кўрсатма берган. Шунингдек, Мансур Ҳади маҳаллий ва халқаро ёрдам ташкилотларига мурожаат қилиб, Яманга сув тошқинларининг зарарини кетказишга ёрдам беришни сўраган.

Яман ҳукуматининг маълум қилишича,Мариб,Ҳажжаҳ,Абян ва Дале провинсияларида ёмғирлар ва сув тошқинларидан кейин жами бўлиб 2600 дан ортиқ оила бошпанасиз қолди.

БМТнинг қочоқлар бўйича Бош Комиссиясининг Ямандаги офисининг сўзларига кўра, Ҳажжаҳ ва Ҳудайда провинцияларида сув тошқинлари минглаб оилаларнинг уйлари ва фермаларини вайрон қилган.

“Яқинда Ҳажжаҳ ва Ҳудайдада юз берган кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари 9000 дан зиёд оилаларга зарар етказди. Бошпаналар, йўллар ва экин майдонлари вайрон бўлди. Чорва ҳайвонлари ва шахсий мулклар йўқотилди. Бош Комиссия бу ҳолатга тезкорлик билан жавоб қайтариб, минглаб одамларни бошпана ва тўшаклар билан таъминлади” дейди Бош Комиссиянинг Ямандаги офиси якшанба куни.

Миллий метереология маркази бу ҳафтада ҳам Яманнинг кўплаб ҳудудларида кучли ёмғирлар ёғиши ва сув тошқинлари юзага келишини тахмин қилди ва одамларни тоғли ҳудудларга машинада бормаслик ва сув ҳавзаларини кесиб ўтмаслик бўйича огоҳлантирди.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг