Икки ҳафтадан буён водий вилоятларидаги газ тўлдириш шохобчаларида турнақатор навбатлар кузатилмоқда

0
1966

Мана икки ҳафтададирки нафақат Андижон, балки Фарғона ва Наманган вилоятларидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида турнақатор навбатлар юзага келган. Автомобиль эгалари ўз машиналарига газ тўлдириш учун соатлаб навбат кутмоқда. 

Андижондаги қатор газ қуйиш шохобчаларида бўлиб, фуқароларнинг юзага келган ҳолатга муносабатини билишга қизиқдик.

– Андижон шаҳридаги аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи автоуюшмалардан бирининг аъзосиман, лицензия асосида белгиланган йўналишда ҳаракат қиламан, –дейди “Дамас” ҳайдовчиси Бекзод Раҳматуллаев. – Икки ҳафтадирки, машинамга газ тўлдириш учун қийналаман. Тонг саҳар соат 5:00 ларда газ қуйиш шохобчасига келиб навбат оламан. Тахминан 9-10 ларда газ тўлдириб чиқиб кетаман. Яна қанча навбатсиз газ тўлдириб кетувчиларга бақириб, асабларим таранглашади. 

Андижонда айни кунда автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари эрталаб соат 6.00 дан кеч 20.00 гача ишламоқда. 

Деярли барча ҳайдовчилар бундай ҳолатдан қийналаётганликларини билдирмоқда. Давлат ёки бошқа корхона ва ташкилотларда ишловчи автомобили бўлган фуқаролар эса газ тўлдиришдан умидини узиб, қиммат бўлса ҳам бензин қуйишга мажбур бўлмоқда. Яна айрим кишилар эса бундай кунларда автомобилидан фойдаланмасликни маъқул кўрмоқда. 

Ушбу ҳолат бўйича Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари Абдулатиф Исломов қуйидаги фикрларни билдирди:

– Етказиб берилаётган газ босимининг пастлиги, кунлар совиб кетганлиги туфайли шохобчалар иш вақти чекланиб, газ асосан аҳолига берилмоқда. Мақсадимиз, қишнинг аёзли кунларини беталофат, кўнгилдагидек ўтказиш, аҳоли хонадонларининг иссиқ бўлишини таъминлаш.

Газ тўлдириш шохобчалари мутасаддилари томонидан ҳам айнан мана шундай фикрлар айтилмоқда.

Бундан кунларнинг совиб кетиши ва “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти томонидан Фарғона водийси вилоятларига етказиб берилаётган газ босимининг пасайиб кетганлиги сабабли мана шундай ҳолат юзага келган, деган хулоса қилиш мумкин. 

Хўш, бу қачонгача давом этади? Газ қуйиш шохобчалари қачондан ортиқча зўриқишларсиз фаолият кўрсатади? Автомобиль эгалари қийналиб, қимматли вақтларини зое кетказиб соатлаб навбатда туришига қачон барҳам берилади?

Бу каби қатор саволларга “Ўзтрансгаз” АК ёки бошқа мутасадди идоралар вакиллари изоҳ беришини истар эдик.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг